КУЛЬТУРА В КОНТЕКСТЕ КОЛОНИАЛЬНО-АВТОРИЧЕСКОЙ СИСТЕМЫ
Оценка 4.9

КУЛЬТУРА В КОНТЕКСТЕ КОЛОНИАЛЬНО-АВТОРИЧЕСКОЙ СИСТЕМЫ

Оценка 4.9
docx
20.02.2021
КУЛЬТУРА В КОНТЕКСТЕ КОЛОНИАЛЬНО-АВТОРИЧЕСКОЙ СИСТЕМЫ
КУЛЬТУРА В КОНТЕКСТЕ КОЛОНИАЛЬНО-АВТОРИЧЕСКОЙ СИСТЕМЫ .docx

МУСТАМЛАКА ВА МУСТАБИД  ТУЗУМ ШАРОИТИДА  МАДАНИЯТ 

 

Ўрта Осиё хонликларининг сиёсий-иқтисодий, харбий жиҳатдан қолоқлиги, тарқоқлиги, ўзаро адоватидан унумли фойдаланган подшо Россияси Туркистонни босиб олишга киришган. 1868 й. Бухоро хонлиги, 1873 й. Хива хонлиги Россия вассалига айланиб, сиёсий мустақилликдан маҳрум бўлган. 1876 й. Қўқон хонлиги тугатилиб, 1867 йил ташкил этилган Туркистон генерал-губернаторлиги таркибидаги Фарғона областига айлантирилган. Шу тариқа ўлкада чоризмнинг мустамлакачилик режими ўрнатилган.

Туркистон ўлкаси халқлари оғир мустамлака шароитида яшашларига қарамай, уларнинг ижодкорлик фаолияти тўхтаб қолмаган. Буни Хива хонлиги мисолида ҳам кўришимиз мумкин, хусусан Муҳаммад Раҳимхон II (Феруз) (хонлик даври 1864-1910) даврида Хивада машҳур кутубхона ташкил этилади. Кутубхона дунёнинг турли бурчакларидан келтирилган нодир қўлёзмалар билан муттасил бойитиб борилган. Ўрта Осиёда биринчи марта Хивада литография ташкил қилиниб, ноширлик ишлари йўлга қўйилади. Бу ҳол маънавий-маърифий ишларни ривожлантиришда, ўлка миллий-маданий меросини бойитишда катта аҳамиятга эга бўлди. Шу ўринда, Муҳаммад Раҳимхоннинг ўзи ҳам шоир ва бастакор бўлиб, шеърларини “Феруз” тахаллуси билан нашр эттиргани, шулар қаторида замондош адибу олимлар асарларини ҳам чоп қилдирганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Унинг Хоразм  шоирлари ҳақидаги “Мажмуат уш шуаро” тазкираси жуда машҳур эди. 

Хивага келган шарқшунос олим А.Н.Самойлович хон кутубхонасини кўришга муяссар бўлган. Рус олимида кутубхонанинг бойлиги ва ундаги китобларнинг муайян тартиб ва табақалар билан  сақланиши жуда  катта таассурот қолдиради. У ўзининг  “Хива сарой кутубхонаси ва китоб чоп этиш” номли мақоласида бу кутубхонага катта баҳо беради1. 

Бу кутубхоналарда нафақат Ўрта Осиёда ёзилган, балки хорижий мамлакатларда  нашр этилган кўплаб китоблар ҳам сақланар эди. Бу ерда араб ва  форс тилларидан ўзбек тилига таржима қилинган асарлар ҳам мўл бўлган, хоннинг ўзи саройга шоир ва олимларни тўплаган. Кутубхона қошида хаттотлар ва мусаввирлардан иборат катта гуруҳ фаолият кўрсатган. 

Китоб, қўлёзмаларни йиғиб бориш, уларни маънавий-миллий бойлик сифатида эъзозлаш ва сақлаш, келажак авлодга бериш халқимиз орасида узоқ йиллар давомида  анъана ва одатга айланган эди.

Қўқон қадимдан ҳунармандчилик маркази бўлган. Қўқонда мисгарлик, заргарлик, ўймакорлик, қуролсозлик, кулолчилик, қоғозгарлик, бадиий тўқимачилик, дўппичилик, каштачилик, темирчилик, кўприксозлик кабилар ривож топган. Қўқон газмоллари Шарқда ва Россияда машҳур бўлган. Айниқса, Қўқон қоғози ҳунармандчиликнинг алоҳида тармоғи сифатида ном қозонган ва Ўрта Осиёда энг сифатли қоғоз ҳисобланган. 

XX аср бошига келиб Қўқонда 52 мадраса 120 та эски мактаб, ўндан ортиқ жадид мактаби,  3 та рус-тузем мактаби,  савдо-тижорат мактаблари бор эди. “Садои Фарғона”, “Янги Фарғона”, “Қўқон садоси” газеталари чоп этила бошлаган.

 Чоризмнинг Туркистонда маориф, фан ва маданият  сохасидаги сиёсати. Туркистон подшо Россияси томонидан босиб олингач, рус олимлари томонидан маҳаллий халқлар тарихи, этнографияси, археологиясини ўрганишга оид дастлабки илмий ишлар яратилди. Туркистонда музей очилди, кутубхона иш бошлади. Бу даврда Ўрта Осиё тарихи, этнографияси, иқтисоди, ботаникаси, археологияси ва маданиятига оид ноёб библиографик асар – “Туркистон тўплами” (594 ж.дан иборат) ҳамда «Туркистон альбоми» яратилди. Рус ва ўзбек тилларида газеталар (“Туркестанские ведомости”, “Туркистон вилоятининг газети” ва бошқалар) ҳамда журналлар чоп этилди. Маориф соҳаси ҳам ривожланди. Аммо бу соҳадаги ҳар қандай ўзгаришлар  Россия империяси мустамлакачилик манфаатларига  бўйсундирилган эди. 

Мустамлакачилар маданият соҳасида руслаштириш сиёсатини юргиздилар. Бу аввало маориф тизими-мактаб ва мадрасалардан  бошланди. Ўлкада «рус-тузем» мактаблари очила бошланди. Дастлабки «рус-тузем» мактаби 1884 йил 19 декабрда Тошкентда очилди. XIX аср охирида уларни сони юздан ошиб кетди. 1917 йилнинг бошларида эса 170 тага етган эди.  Бундай мактабларда  ўқув жараёни икки қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисмда 2 соатлик  машғулотни рус ўқитувчиси (ўқув, ёзув, ҳисоб бўйича), иккинчи қисмда эса сабоқни ўзбек муаллими олиб борган. Уни очишдан асосий мақсад – мустамлака  маъмурияти учун таржимон (тилмоч)лар тайёрлаш эди. Рус-тузем мактаблари учун С.М.Граменицкийнинг 3 қисмдан иборат русча китоблари, Саидрасул Саидазизовнинг «Устоди аввал» (1902), Али Асқар Калининнинг  «Муаллими соний» (1903) дарсликлари нашр этилди. 

Маҳаллий аҳоли турмушига маънавий – руҳий тазйиқ ўтказиш дастурида  ўлка хотин-қизларини ва оилаларни  русча ҳаёт  тарзига  ўргатиш алоҳида ўрин эгаллаган. Бунинг учун ўлкада хотин-қизлар амбулаториялари кўпайтирилади. 

XIX аср охирига келиб  жаҳоннинг бир қанча мамлакатларида ҳаёт тарзининг юксаклиги, ижтимоий тартиботларнинг инсон табиатига  мувофиқлиги, илм-фан тараққиётининг юқорилиги туркистонлик зиёлиларни  ҳам сергаклантирди. Таълим тизимини яхшилаш, унинг самарадорлигини кўтариш эҳтиёжи пайдо бўлди. Дастлаб, 1884 йилда Қримнинг Боқчасарой шаҳрида Исмоилбек Гаспирали томонидан биринчи жадид мактаби ташкил этилди. Мусулмонча таълим тизимининг моҳиятига даҳл қилмаган ҳолда таълимнинг мазмунини бойитиш, чуқурлаштириш ва уни дунёвий руҳ билан суғориш, ёшларни тезкор суръатлар билан ҳаётга  тайёрлаш, уларни замонавий илм-фанни  қийналмай ўзлаштира олиш даражасига  етказиш жадид мактабларининг  олдидаги асосий вазифа эди.

Туркистон ўлкасида ҳам жадид мактаблари очилди. Ушбу мактаблар учун Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдурауф Фитрат, Абдулла Авлоний, Хамза, Исоқжон Ибрат, Саидрасул Саидазизов, Саидаҳмад Сиддиқий ва бошқа жадидчилик намояндаларининг тузган дарслик ва ўқув қўлланмалари савияси жиҳатидан энг замонавий  педагогик асарлар даражасида эди. Подшо маъмурияти бундай мактаблар миллий маданиятнинг ўсишига  ёрдам  беришидан чўчиб, улар фаолиятини бўғиш учун турли тадбирлар  кўрди. 

Театр. Россия мустамлакачилиги даврида Туркистон  ўлкасига ўз ғоявий-эстетик хусусиятлари билан маҳаллий анъанавий  театрдан кескин фарқ қилувчи  рус, кейинроқ татар ва озарбайжон театр тўдалари  кириб кела бошлади. Ўзбек маданиятининг илғор намояндалари (Фурқат, Аҳмад Дониш, Беҳбудий, Абдулла Авлоний ва б.) маҳаллий аҳолини улардан ўрганишга чақирдилар. Шу тарзда миллий театр яратиш ҳаракати юзага келди, унга жадидлар бош бўлди. 1914 йил Самарқандда Беҳбудий бошчилигида ташкил этилган биринчи ўзбек ҳаваскорлик театр гуруҳи, унинг  «Падаркуш» драмасини  саҳналаштирди. Ўша йил Тошкентда Абдулла Авлоний тузган театр гуруҳи ҳам «Падаркуш» билан очилди. Тадқиқотчиларнинг маълумотига қараганда «Падаркуш» пьесасидан кейин 1917 йилгача ўзбек драмаларининг сони  40 га етган.

Китоб санъати. Туркистонда босмахоналар ташкил топиши ва уларда газеталар, журналлар ва китобларнинг чиқиши тасвирий санъат ривожига таъсир қилди, маҳаллий тилларда китоб, газета, илмий тўплам ва тақвимлар нашр этила бошлади. Бу нашрларда тасвирий санъатнинг илк намуналари юзага кела бошлади. Нашр қилинаётган китобларни безашга маҳаллий рассомлар ҳам жалб этила бошланди. 1908 йили Тошкентда  нашр қилинган «Шоҳнома», «Фарҳод ва Ширин» каби китоблар суратлар билан безатилди. XIX аср охири – XX аср бошларида бадиий ҳаёт бирмунча ривож  топиб санъат услублари Европа санъати  услублари билан уйғунлаша бошлади. Китоб санъатида XX аср Европа санъатида кенг тарқала бошлаган «модерн» услуби ўз аксини топа борган. «Ўрта Осиё альманахи» шундай нашрлардан бўлиб, унда геометрик шакл ва чизиқлар, уларнинг мураккаб бирлашма ва ҳосилалари яратилган. XIX аср охирида хаттотлик, қўлёзмалар тайёрлаш босмахоналар ёрдамида китоб яратиш жараёни жуда кенгайиб кетди. Бу сўзсиз хаттотлик санъатига бўлган талабни ҳам камайтириб юборди. Плакатнинг турли кўринишлари, афиша, реклама, амалий график асарлар бу даврдаги Туркистон  бадиий муҳитида етакчи ўринни эгаллаб, ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этди.

Тасвирий санъат. XIX аср охири – XX аср бошларидаги Туркистон  ўлкаси бадиий  ҳаётида қаламтасвир  ва айниқса рангтасвир санъати етакчи мавқени эгаллаб, бу санъат турларида рус ижодкорлари  пешқадам бўлдилар. Булардан В.Верешчагин, Н.Каразин, В.Вележе, О.Федченко ва бошқаларни кўриш мумкин. В.Верешчагин «Туркистон» асарлари туркумини яратди, унда рус қуроли, рус шуҳрати кўкларга  кўтарилди, жанг манзаралари, маҳаллий халқ вакилларини жазолаш мавзуи етакчилик қилди. С.Юдин манзара жанрида  санъат муҳлислари орасида шуҳрат қозонган эди. У 1889-1923 йилларда Туркистон ўлкаси бадиий мактабида  устозлик қилди. 

Анъанавий тасвирий санъат Самарқанд, Бухоро, Қўқон наққош –мусаввирлари (Абдулҳақ Махдум, А.Дониш, С.Сиддиқий ва б.) ижодида кўринади. Уй-жойлардаги (масковчи бойларнинг) деворий расмлари орасига дарёларда сузиб юрган пароход, темир йўл, ҳайвонлар тасвири каби янги тасвирий  кўринишлар киритила бошланди. Бу эса азалий анъаналарни ўзгаришига олиб келади.

Фан. XIX асрнинг иккинчи ярмида Ўрта Осиёни  Россия босиб олганидан сўнг ўлкани илмий жиҳатдан ҳар томонлама ўрганишга киришилди. 1867 йил Туркистон ҳарбий топография бўлими  ташкил қилинди. Бу бўлим ўлканинг топографик харитасини тузиш билан шуғулланди. 1867 йили Тошкентда метереология  станцияси очилди. Бирин-кетин табиат, антропология ва этнография ҳаваскорлари жамиятининг Туркистон бўлими (1870), Ўрта Осиё илмий жамияти (1870) ва бошқалар ташкил қилинди. 

Ўлкада ишлаётган археологлар 1895 йилда Туркистон  археология хаваскорлари тўгарагига бирлашдилар. XIX аср охири - XX аср бошларида География жамиятининг Туркистон бўлими (1895) аъзолари томонидан Орол  денгизи, музликлар, ўлканинг ўсимликлар ва ҳайвонот дунёси, сейсмик жараёнлари тадқиқ этилди, фойдали қазилма конлари очилди. Рус олимларининг махсус экспедициялари тупроқшунослик ва гидрология тадқиқотлари ўтказди. 1870 йилда Туркистон оммавий кутубхонаси, 1876 йилда Тошкент оммавий музейи рус шарқшуносларининг саъй-ҳаракати билан ташкил топди. Бу муассасалар аслида Туркистон маънавий  бойликларини чоризм манфаатлари йўлида  ўзлаштириш йўлида  хизмат қилиши керак эди. Музейлардаги  энг ноёб бойликлар марказга - Санкт Петербург  ва  Москвага олиб кетилган.

Самарқанд вилоятининг Хўжанд туманида Хожи Юсуф Мирфаёзовнинг илмий-маданий фаолияти ҳам диққатга сазовор. Унинг уйи Хўжанд маданий марказига айланган. Фалакиётшунос, математика, география, табобат, тарих бўйича билимдон Хожи Юсуф раҳбарлигида яратилган Ер шари глобуси XIX аср иккинчи ярмидаги илмий кашфиётлардан бири эди. Глобусда 1000 дан ортиқ географик  номлар жойлаштирилган. Умуман олганда, XIX аср охири - XX аср бошларида Сатторхон Абдуғаффоров, Саидрасул Саидазизов, Жўрабек  Қаландар қориўғли, Шоҳимардон Мирғиёс ўғли ва бошқа маърифатпарварлар  гуруҳи шаклланган.

Мусиқа санъати.  Анъанавий қўшиқчилик санъати. Маълумки ўтмишда  маҳаллий ҳукмдорлар мусиқа  санъати аҳлига ҳомийлик қилиб келган.

Туркистон Россия империяси томонидан босиб олингандан сўнг, бу анъаналар йўққа чиқарилди. Маҳаллий халқ орасидаги миллий мусиқа санъатига бўлган азалий қизиқиш европача мусиқа жанрлари, ижрочилиги ва таълим тизимини астойдил сингдириш йўли билан паймол қилинди. Тошкент, Қўқон, Фарғона, Бухоро, Самарқанд каби йирик шахарларда  рус императори мусиқа жамияти бўлимлари, унинг таркибида эса «Лира» хор жамияти (1898), Мусиқа ва драма (1907), Симфоник ва камер мусиқа (1908), Вокал мусиқа (1914) сингари европача мусиқа шаҳобчалари  кенг фаолият бошлади. 

Бундай шароитда  маҳаллий атоқли хонанда, бастакор, созандалар атрофида муайян «устоз-шогирд»тарзидаги мактабларгина маҳаллий анъаналарни давом эттириб келди. Хусусан, Бухорода – «Шашмақом” ижрочилик мактаби Ота Жалол (1845-1928), Ота Ғиёс (1859-1927) ва Леви Бобохон (1873-1926)лар, Самарқандда – мақомчилик ва бастакорлик Хожи Абдулазиз (1852-1936), Хоразмда – мақомчилик Паҳлавон Ниёз Мирзабоши (Комил Хоразмий, 1825-1897), Фарғонада - созандалик Рустам Меҳтор (1860-1933), катта ашулачилик Эркақори (1877-1954), Тошкентда – мақомчилик ва ашуллачилик Тўйчи Ҳофиз (1868-1943) сингари устозлар атрофида тараққий топди. 

Мустамлака шароитида бўлишига қарамасдан, Туркистон ўлкасида анъанавий қўшиқчилик санъати тараққий эта борди. Айниқса, Фарғона водийсида яратилган куйлар ва қўшиқлар ўша даврнинг оғир кунларини, эзилган меҳнаткаш халқ оммасининг орзу умидларини ифодалаганлиги билан характерланади.

XIX аср иккинчи ярми - XX аср бошларидаги мураккаб иқтисодий, сиёсий вазиятга қарамасдан ўзбек санъаткорларининг номи бошқа давлатларга ҳам тарқалган. Масалан, Самарқандлик машҳур ҳофиз Хожи Абдулазиз Расулов Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон, Ироқ ва Юнонистон мамлакатларида ўз санъатини намойиш қилган. Тошкентлик Мулла Тўйчи Тошмуҳаммедовнинг овозини Ёркент, Ғулжа, Чугучак аҳли севиб тинглаган. Тўйчи ҳофизнинг 25 га яқин қўшиғи Рига «Граммафон» жамияти томонидан 1905 йилда ёзиб олиниб, тарқатилган.

Анъанавий ўзбек қўшиқчилик маданиятининг ривожланишида Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг алоҳида ўрни бор. У ўз шеърларини халқ куйларига солиб, таниш ашула ёки қўшиқлар оҳангига мўлжаллаб ёзилишини  таъминлади ва бу билан ушбу асарлар тезроқ халқ  орасида ёйилди.

Меъморчилик. Халқ меъморчилиги. XIX  асрга келиб Ўрта Осиё хонликларида ўзига хос меъморлик мактаблари шаклланди. Хивада бино безагига олган уч хил ранг (кўк, оқ ва қора) қўлланилган. Масалан, Муҳаммад Аминхон мадрасаси (1851-52), калтаминор (1885) ва бошқалар. Бухоро меъморлик мактабига хос услублар Халифа Ниёзқул мадрасаси, Ситораи Моҳи хоса (XIX аср охири)да кўзга яққол ташланади. Бухоро Аркидаги уй-жой бинолари, атрофдаги гузарлар таркиби, синчкори уй-жой ва ҳовлилар меъморий услуби, безаклари юксак  санъати ва маҳорати билан ҳозиргача алоҳида эътиборни тортади. Хива шаҳрининг Ичан қалъасидаги Шерғозихон мадрасаси, Боғбонли масжиди, Паҳлавон Маҳмуд мақбараси мажмуоти, Тошҳовли саройи, Оллоқулихон карвонсаройи ва тими, Муҳаммад Аминхон мадрасаси, Калтаминор ва атрофидаги уй-жойлар Хоразм меъморий мактаби, маҳаллий анъаналари янгидан қад кўтариб, ривожланганидан дарак беради. Ичан қалъадаги энг баланд Исломхўжа минораси (1908) Хоразм меъморчилигининг энг сўнгги ёрқин нидоси десак бўлади. Қўқон мактабидаги меъморий услуб хусусиятларини Хўжа Амир мақбараси XVIII-XIX аср биринчи ярмида қурилган Норбўтабий мадрасаси, Даҳмаи Шоҳон ва Модарихон даҳмалари (1825), Норбўтабий ва унинг авлодлари мақбаралари ҳамда кейинги даврда бунёд этилган Худоёрхон  ўрдаси, Андижон, Марғилон ва Қўқондаги жоме масжид ва мадрасалар мисолида кузатиш мумкин.

Марғилондаги Саид Аҳмадхўжа мадрасаси, Шаҳрихондаги Понсод масжиди, Андижондаги Жоме мадраса масжидининг ички кўриниши Фарғона меъморлигининг юксак бадиий маҳорати ҳақида тасаввур берадиган нодир манзарали безакларга бой.

Халқ меъморчилигининг ўзига хос томонлари XX-аср бошларида қурилган Аюббой, Олимхон ҳожи, Абдураҳмон қози, Саъдихон қози, Аҳмадбек ҳожи ва бошқа уйларда ўз ифодасини топган. 

Аюббой уйи икки ҳовлили (ичкари ва ташқари), пойдевори баланд қилиб қурилган. Ташқари ҳовлида меҳмонхона, Г симон айвон бўлиб, айвонда қатор ўймакор устунлар ишланган. Меҳмонхона ички  деворларидаги токчалар атрофи ганчкор турли шакллар ҳамда арабий ёзувлар уйғунлашган нақшлар билан  безатилган. Шифт безагида қизил заминда босма ҳандасий нақшлар, ислимий безаклар, марказига эса муқарнасли ҳавзак ишланган. 

Олимхон ҳожи уйи бир қаватли ўзаро мутаносиб тарихга эга бўлиб, хом ғиштдан қурилган квадрат даҳлиз, иккита тўғри бурчак тарҳли хона ва П симон айвон, меҳмонхонадан иборат. Даҳлиз ва шарқий хона европача услубда  пардозланган, шифтлари ганчкор турунжлар билан безатилган ва оч яшил заминга нақшлар, дераза ва эшикларга шаклдор ҳошиялар ишланган. Харбий хона ва айвон маҳаллий айвонларга мувофиқ ҳолда пардозланган: қизил заминда  ҳандасий ва ислимий нақшлар билан безатилган.

Саъдихон қози уйи икки ҳовлили, ўзаро қўшилиб кетган ташқари ва ичкаридан иборат, бу икки қисмнинг кириладиган алоҳида-алоҳида эшиги бўлган. Кўча томон (ташқари) даҳлиздаги молхона ва унга тақаб қурилган айвондан иборат. Тўғри бурчакли ичкари ҳовлида эса иккита айвонли хона ва бир неча хўжалик бинолари қад кўтарган. Унинг пойдевори 2 м, унинг биринчи қавати (тагхона)да молхона ва омборхона жойлашган. Айвонга тошдан ишланган зина орқали чиқилган. Зина бўйлаб темир панжара, айвоннинг тўсинлари орасида тоқ ўрнатилган. Тўсинларни салобатли ёғоч устунлар кўтариб турган. Айвонлар тошўчоқлар билан иситилган. Хона деворлари токчали ганчкор нақшлар билан ишланган. Шифтига тўлдириб гул солинган.

Андижонлик савдогар Аҳмадбекҳожининг уйи П симон тарҳли, жанубга қаратиб қурилган. Уйнинг икки қаватли ғарбий қисми уй эгасининг идораси вазифасини ўтаган, қолган қисми турар жойи бўлган. Ҳовлининг теварак атрофи бўйлаб айвон қурилган. Иккинчи қават йўлаги қатор хоналарни бирлаштирган. Ҳамма дарвоза  ва эшиклар анъанавий ҳолда ҳовли томонга қараган. Уйнинг идора вазифасини  ўтайдиган қисми европача усулда пардозланган-шифти нақшинкор ганч билан безатилган, катта хоналарга нақшинкор сирланган печлар қурилган, деворлар токчасиз бўлиб, мойбўёқ билан пардозланган, айвон эшикларининг орасига Фарғона турар жойлари учун  анъанавий бўлган кўк рангда ислимий ва ҳандасий нақшлар ишланган. Ёғоч карниз жимжимадор қилиб ўйилган.

XIX - аср охири XX - аср бошларида Ўзбекистоннинг йирик шаҳарлари Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Қўқонда рус ҳарбий муҳандис ва меъморлари томонидан энг замонавий лойиҳалари асосида  маъмурий ва турар жой бинолари қурилган. 

Бу лойихалар модерн услубида Европа меъморларига тақлидан  яратилган эди. Булар Тошкентдаги Романов саройи (1880), Ўқитувчилар семинарияси  (1881), Эркаклар гимназияси (1883), Марғилонда Фарғона губернатори  қароргоҳи  (1885) ва бошқаларни мисол келтириш мумкин.

 “Немис ренессанс” меъморий услубида эса асосан меҳмонхоналар, савдо марказлари,  қурилган: XX - аср бошларида шахсий уйларни қуришда рус меъморлари маҳаллий меъморлик анъаналаридан ҳам кенг фойдаландилар – Тошкентдаги А.Л.Половцев уйи (1900, ҳозирги Халқ амалий санъат музейи)  қурилишига маҳаллий халқ меъморлари жалб этилгани учун архитектура  жиҳатидан кенг омма эътиборини қозонди.  

XIX асрнинг иккинчи ярми ўзбек амалий безак санъатида  ҳаётни чуқур ҳис этиш, санъат турларининг қадимги, фойдаланиладиган материалларнинг хилма-хиллиги, юксак маҳорат кўзга ташланади. XIX аср охири XX аср бошларида санъатда соддалаштиришга интилиш кузатилди иқтисодий ва техника тараққиётининг янги шароитларида  янги хусусиятлар юзага келди. Бу даврда амалий безак санъати секин  ва нотекис ривожланди, унга услубий бирликнинг йўқлиги хос бўлиб, қарама-қарши анъаналар ва хусусиятларни кузатиш мумкин. Мавжуд ижтимоий-иқтсодий шароитлар амалий безак санъати бадиий йўқотишларга олиб келди.

Қизиқчилик - ўзбек анъанавий театр тури. Қизиқчилик театри, асосан  Қўқон хонлиги ҳудудида (айниқса, Фарғона водийси ва Тошкентда) расм бўлган, ижрочиси қизиқчи (қизиқ), тўда бошлиғи ва иш юритувчиси корфармон деб аталган. 

*XIX асрда қизиқчиларнинг труппалари (мас. Бидиёршум, Зокир Эшон бошчилигидаги тўдалар) фаолият кўрсатган. Бидиёршум труппаси XVIII аср охири - XIX аср биринчи ярмида Қўқонда ижод қилган. Унинг репертуари, асосан, ҳажвия, аския, мусиқа, ашула ва рақслардан иборат бўлган. XIX аср иккинчи ярмида Зокиржон қизиқ тўдасига 20 дан зиёд қизиқчи уюшган бўлиб, юзга яқин танқид, муқаллид, кулки-ҳикоялар ва латифалар намойиш этишган

Даврий матбуот. Ўзбекистон ҳудудида матбуотнинг пайдо бўлиш жараёни XIX - асрнинг 70 - йилларига тўғри келди. Мустамлакачилар минтақада яшовчи ерли халқларга  ўзларининг сиёсатларини тарғиб ва ташвиқ этиш мақсадида 1870 йилда Тошкентда “Туркестанские ведомости” ва “Туркистон  вилоятининг газети”ни ташкил этган. Марказий Осиёда даврий матбуот шу тариқа пайдо бўлди. Мазкур газеталарнинг ҳар иккиси ҳам 1917 йилгача чоп эттирилгани боис Туркистон  матбуоти тарихида  узоқ муддат давомида  узлуксиз фаолият  кўрсатган даврий нашрлар саналади.

“Туркистон вилоятининг газети” ўзбек публицистикасининг шаклланишига йўл очди. Зокиржон Фурқат, Сатторхон Абдуғаффоров, Исҳоқхон Ибрат, Маҳмудхўжа Беҳбудий ва бошқа кўплаб зиёлиларнинг бу газета билан ижодий ҳамкорлиги натижасида Туркистон ўлкасида  жаҳолатга қарши кураш, оммани, айниқса, ёш авлодни ҳар томонлама илм-маърифатли қилиб тарбиялашга интилиш ҳаракатининг кучайишини таъминлади. Бошқача айтганда, мазкур нашр маърифатпарварларнинг фикр ва сўз айтиши учун илк минбар вазифасини  ўтади.

XIX асрнинг 90-йилларига келиб  Туркистонда матбуот соҳасида ўзига хос янгиланиш жараёнлари кузатилди. Рус тилидаги дастлабки хусусий газеталар нашр қилина бошланди. Дастлаб Самарқандда, кейинроқ Тошкентда нашр этилган “Окраина” (1890-1907), Тошкентда чиққан “Русский Туркестан” (1898-1907) газеталари  шулар жумласидандир. 

Айнан шу даврда “Среднеазиатский вестник” (1896), “Туркестанский скорпион” (1907, ҳажвий), “Средняя Азия” (1910-11), “Туркестанский каракурт” (1911, ҳажвий) журналлари Туркистон журналчилигининг илк намуналари эди. Ўзбек тилида эса “Ойна” (1913-15), “Ал-ислоҳ” (1915) каби журналлар ҳамда “Ал-изоҳ” (1917) ва бошқа альманахлар ҳам ўлканинг тарихини, ўша кездаги аҳволини ўрганишга, ўқувчиларнинг маданий-маърифий эҳтиёжларини қондиришга кўмаклашди. 

Чоризм маҳаллий халқлар онги ва билим савиясининг юксалишидан манфаатдор бўлмаган. Шу боис ҳукмрон сиёсат миллий онгнинг  юксалишига  хизмат қиладиган воситаларнинг, жумладан, миллий тилдаги даврий нашрларнинг юзага келишига имкон қадар йўл қўймади. 1906 йилга қадар бутун ўлкада ягона “Туркистон вилоятининг газети”дан бўлак маҳаллий тилда биронта газета нашр  қилинмагани  ҳам бунинг исботидир.

Туркистон жадидларининг етакчи намояндалари: Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Авлонийлар демократик йўналишдаги ўзбек матбуотини шакллантиришга  катта ҳисса қўшдилар. Жадидлар миллий даврий нашрлар фаолиятини ташкил этиш ва йўлга қўйишда маҳаллий рус матбуоти ҳамда Россиянинг турли ҳудудларида татар тилида нашр қилинган газеталарнинг, хусусан, маърифатчи Исмоилбек Гаспирали муҳаррирлигида чиққан “Таржумон” гезетасининг иш тажрибасига таяндилар. 

Ўзбекистонда  чинакам миллий матбуотнинг юзага келиши 1906 йил 27 июндан Тошкентда  чиқа бошлаган жадидларнинг “Тараққий” газетаси билан боғлиқ. Унинг саҳифаларида  подшо Россиясининг мустамлакачилик сиёсатини фош қилувчи мақола, хабарлар босилган. Газета материалларидаги танқидий руҳ мустамлакачи маъмурларга ёқмаган.  19 сони чиққач, газета ёпиб қўйилган. Газетанинг илк сони  чиққан 27 июнь 1993 йилдан буён мамлакатимизда «Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни» сифатида нишонланади.

“Садои Туркистон” (Тошкент, 1914-15), “Самарқанд” (1913), “Садои Фарғона” (1914) газеталари ҳамда “Ойна” (Самарқанд, 1913-15) журналларини савияси, омма онгига таъсири жиҳатидан ўзбек матбуоти тарихидаги энг ибратли  нашрлардан деб ҳисоблаш мумкин.

1917 йил Россиядаги февраль инқилоби Туркистондаги ижтимоий муносабатлар, шу жумладан, матбуот ривожига ҳам таъсир кўрсатмай қолмади. Миллий бирлик ҳаракатини авж олдиришга, ўзбек халқининг истиқлолга эришиш йўлидаги ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга 1917 йилда ташкил этилган “Нажот”, “Турк эли”, “Турон”, “Улуғ Туркистон”, “Ҳуррият” (Самарқанд), “Эл байроғи” (Қўқон) газеталари ва “Юрт” (Қўқон), “Чаён” журналлари ўзига хос ҳисса қўшди. 

Маданиятимизнинг дунёга сочилган дурдоналари. Тарихдан маълумки, Туркистон ҳудуди қадимдан турли мамлакатлар учун  ўлжа манбаи бўлиб келган. Ўрта Осиёга турли мақсадларни кўзлаб келиб-кетган илмий, ҳарбий экспедициялар, сайёҳлар, тижорат вакилларини энг аввало Ўрта Осиёнинг қимматбаҳо, бетакрор бойликлари қизиқтирган.

Россия империясининг Ўрта Осиёга босқини нафақат унинг ҳудудини эгаллаш, аҳолисини талаш билан чекланган, балки ўзбек халқининг маданий меросини талон-тарож қилиб, ташиб кетиш ва маданият ёдгорликларини ҳароб қилиш билан бирга содир этилган. 

Россия империяси  мустамлакачилиги даврида Самарқанд, Бухоро, Хива ва Қўқон каби кўҳна шаҳарлар хазинасида тўпланган бойликлар махфий режалар асосида баъзан очиқчасига талон-тарож этилди. 

Хива юриши вақтида ҳарбий маслаҳатчи бўлган шарқшунос А.Л.Кун  турли йўллар билан тўпланган 300 китобдан иборат шарқ қўлёзмаларини 1873 йил Император халқ кутубхонасига топширган. А.Л.Кун ва унинг гуруҳи Хивадан танга зарб қилишга  мўлжалланган  200 нусха қолип, муҳрлар боғлами, хон тахти, 172 нусха Жўжихон тангалари, Қўнғирот сулоласидан бўлган Хива хонларининг 3 нусха танга ва бир қатор этнографик ашёларини, хусусан, аёллар ва болалар кийим-бошлари, кўплаб тилла ва кумуш безакларини2 олиб кетган.

Қўқон босқини вақтида ҳам тарих, тиббиёт, ҳуқуқ ва илоҳиётга доир 130 қўлёзма китоб Россияга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган.  Демак, Қўқон архиви  ҳам, худди Хива хонлари архиви каби босқинчилар томонидан зўравонлик билан олиб кетилган. 

Туркистон генерал - губернаторларининг ўзлари Туркистондаги коллекцияларнинг тузувчилари эди. 

Хулоса қилиб айтганда, Туркистон халқларининг фан ва маданияти мустамлака тузумининг биқиқ таркибида ҳам, руслаштириш сиёсатининг барча зуғум ситамларига қарамай, ривожланишдан тўхтамади. Мустамлакачилар халқимизнинг илм-маърифатга интилиши, илғор ғоялар ва истиқлол истагини бўғиб ташлай олмадилар.

Чоризмнинг маданият соҳасидаги сиёсатининг асосий йўналишларини қуйидагича белгилаш мумкин:

-Чор ҳукумати Туркистонда турғунлик холатини сақлаш, ўзаро низо-адоватлар уруғини сепиб турган холда улардаги миллатпарварлик, юртсеварлик ва жанговарлик туйғуларини ўлдириш.

-Ўлка халқларини ўз тарихи ва маданиятидан узоқлаштириш. Бу соҳада чоризм жуда изчил иш юритди. Олимлар, илмий жамиятлар томонидан Туркистон тарихига доир моддий ва маънавий ёдгорликлар йиғиб олинди ва Москва ҳамда Санкт-Петербургга жўнатилди. Шундай қилиндики, эндиликда ўлка тарихини ўрганиш учун туркистонликлар ана шу марказларга боришга мажбур бўлишди.

-Мустамлака маъмурияти ўлкадаги тарихий адабиётларнинг қаровсиз қолиб вайрон бўлишига атайлаб йўл қўйди.

-Чоризм халқ маорифи соҳасидаги руслаштириш сиёсатини рус-тузем мактаблари тизимини вужудга келтириш ва рус тилига давлат мақоми бериш воситасида амалга оширди.

 


 

МУСТАМЛАКА ВА МУСТАБИД ТУЗУМ

МУСТАМЛАКА ВА МУСТАБИД ТУЗУМ

Мустамлакачилар маданият соҳасида руслаштириш сиёсатини юргиздилар

Мустамлакачилар маданият соҳасида руслаштириш сиёсатини юргиздилар

Бу сўзсиз хаттотлик санъатига бўлган талабни ҳам камайтириб юборди

Бу сўзсиз хаттотлик санъатига бўлган талабни ҳам камайтириб юборди

Хусусан, Бухорода – «Шашмақом” ижрочилик мактаби

Хусусан, Бухорода – «Шашмақом” ижрочилик мактаби

Олимхон ҳожи уйи бир қаватли ўзаро мутаносиб тарихга эга бўлиб, хом ғиштдан қурилган квадрат даҳлиз, иккита тўғри бурчак тарҳли хона ва

Олимхон ҳожи уйи бир қаватли ўзаро мутаносиб тарихга эга бўлиб, хом ғиштдан қурилган квадрат даҳлиз, иккита тўғри бурчак тарҳли хона ва

Унинг репертуари, асосан, ҳажвия, аския, мусиқа, ашула ва рақслардан иборат бўлган

Унинг репертуари, асосан, ҳажвия, аския, мусиқа, ашула ва рақслардан иборат бўлган

Россиядаги февраль инқилоби Туркистондаги ижтимоий муносабатлар, шу жумладан, матбуот ривожига ҳам таъсир кўрсатмай қолмади

Россиядаги февраль инқилоби Туркистондаги ижтимоий муносабатлар, шу жумладан, матбуот ривожига ҳам таъсир кўрсатмай қолмади
Материалы на данной страницы взяты из открытых истончиков либо размещены пользователем в соответствии с договором-офертой сайта. Вы можете сообщить о нарушении.
20.02.2021