Юсуф Хос Ҳожибнинг ҳаёти ва фаолияти
Юсуф Хос Ҳожибнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида маълумот берувчи ягона манба унинг «Қутадғу билиг» («Саодатга элтувчи билим») достонидир.
Бу достон ҳижрий йил ҳисоби билан 462 (мелодий 1069-70) йилда ёзилган. Муаллиф достоннинг муқаддимасида ёши элликдан ошганлигини таъкидлайди.
Атрофлича билим олган Юсуф Хос Ҳожиб ўз даврининг пешқадам донишмандларидан бўлиб етишди.
У форс-тожик ва араб тилларини, бадиий адабиётни, тарих, астрономия, геометрия, математика, табииёт ва бошқа фанларни ўрганди.
Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асари – дидактик асар
“Қутадғу билиг” достони туркий тилда яратилган 1-дидактик асар бўлиб, Юсуф Хос Ҳожибнинг ўзи достоннинг муқаддимасида:
Арабча,тожикча китоблар укуш,
Бизнинг тилимизга бу юмғи ўқуш.
(Арабча, тожикча китоблар кўп бўлиб, бизнинг тилимизда бу донишмандликнинг биринчи тўпламидир),-деган эди.
“Қутадғу билиг”нинг номланиши
(«Ҳукмдорлар одоби»,
«Мамлакатнинг тартиб усули»,
«Амирлар зийнати»,
«Ҳукмдорлар насиҳатномаси»)...
Бу номларнинг барчаси ҳам китобнинг давлат идора ишларига ва ахлоқ-одоб масалаларига доир эканини кўрсатади.
«Қутадғу билиг»нинг уч қўлёзма нусхалари маълум.
Бу нусхалар «Ҳирот»(ёки Вена), «Қоҳира» ва «Наманган» нусхалари деб юритилади.
«Қутадғу билиг»ни ўрганиш ва уни таҳлил этишда француз олими Жауберт Амадес (1823 йил «Осиё журнали»да бир қисмини чоп этган), венгер олими Херман Вамбери (1870 йили асли ва немисча таржимаси билан нашр эттиради), рус туркшуноси В.В. Радлов («Қутадғу билиг» билан 20 йил шуғулланди, 1890 йили тўлиқ нашр эттирди), Фитрат 1928 йили нашр этди, С.Е.Малов(«Қадимги турк ёзуви ёдгорликлари», 1951), Қаюм Каримов (1971 йили Наманган нусхаси асосида чоп эттирди), Е.Е. Бертельс, А. Валитова, С. Мутталибов ва бошқалар унумли хизмат қилдилар.
«Қутадғу билиг»нинг кўпчилик боблари ХI аср қорахонийлар давридаги ижтимоий-сиёсий масалаларга бағишланган.
Муаллиф бу бобларда давлат ва ҳокимият, ҳукмдор ва унинг сарой аҳллари, уларнинг бурч ва вазифалари, турли ижтимоий табақалар, уларнинг жамият ҳаётида тутган ўрни ва роли, сарой вакилларининг қўл остидагилари ва оддий инсонларга муносабати каби масалалар ҳақида фикр мулоҳаза юритади.
Шоир амалдорларнинг садоқатли, тадбирли ва ҳалол кишилар бўлиши кераклигига катта эътибор беради.
У вазирдан тортиб ошпазга қадар сарой аҳлларининг ҳар бирини алоҳида-алоҳида таърифлайди, уларнинг сифати, бурчи ва вазифаларини кўрсатади ҳамда бекка ўгит бериб, буларга нисбатан, бир томондан, қаттиқ талабчан, иккинчи томондан, оталарча ғамхўр бўлиш лозим дейди.
Шоир ҳукмдорга мурожаат қилиб, бундай дейди:
Эй ҳукмдор, халқнинг сенда уч хил ҳақи бор, сен бу ҳақни тўла ва ўз жонингга жабр қилма.
Бу ҳақнинг бири: пулнинг қадрини кўтариш, унда олтин ва кумушнинг софлигини ошириш ва буни кузатиб туришдан иборатдир.
Яна бири: эл учун ишончли, мустаҳкам ва тўғри қонунлар чиқар, буни эл сендан кутади.
Учинчи: йўлларни қароқчилардан, хароб қилувчилардан тинч ва осойишталикда сақла.
«Қутадғу билиг» ахлоқий-таълимий асардир.
Унинг ахлоқ ва одоб масалаларига бағишланган махсус бобларидагина эмас, ижтимоий-сиёсий масалаларга бағишланган бобларда ҳам ахлоқий-таълимий қарашларини ифодалайди, халқнинг турли табақаларига ўгит беради, уларга панд-насиҳат қилади.
«Қутадғу билиг»нинг бобларидан бири «Тил ардами» («Тил одоби») деб аталган 7-боб бўлиб,
унда шоир ўқиш ва билим олишда тилнинг аҳамияти,
қисқа ва мазмунли сўзлаш,
тилга ортиқча эрк бермаслик ва бошқалар ҳақида ибратли ўгитлар беради.
ўқишга, билимга таржимон тилдир; кишини рўшноликка чиқарувчи, эъзозловчи, бахтли қилувчи тилдир;
Тилингни авайла – омондир бошинг,
Сўзингни авайла – узаяр ёшинг.
Агар тилга эътибор берилмаса, уни ноўрин қўлласа, одам бошининг ёрилиши ҳеч гап эмас. Тилни қафасда ётган арслонга ўхшатади, агар беэътибор бўлса бошини ейиши ҳеч гап эмас:
Сўзингга эҳтиёт бўл, бошинг кетмасин,
Тилингга эҳтиёт бўл, тишинг синмасин.
Шу жумладан, у сўздан фойдаланиш, сўзнинг аҳамияти, сўзни қўллай билиш ҳақида фикр билдириб, Сўз туянинг бурнига ўхшайди унга жилов солса бўлади, ёки туянинг бўйни каби етакласанг юради, дейди.
Асарда ҳунар ўрганиш масаласига ҳам катта эътибор берилган. Жумладан, санъат-ҳунар кишига чирой. Ҳунар ўрганмаслик - тубанлик белгиси. Санъат-ҳунар хумоқушга ўхшайди, унинг сояси тушган одам давлат ва саодатга эришганидай, ҳунар ва санъат эгалари ҳам шундай бахтиёр бўладилар, каби фикрларни англашимиз мумкин.
Юсуф Хос Ҳожиб ўз даврининг ахлоқий-таълимий қарашларини илгари сурган атоқли маърифатпарвар ва мураббий эди.
Унинг номини абадийлаштириш мақсадида 1865 йилда Қашғарда адиб мақбараси бунёд этилади, лекин 1972 йилдаги «Хитой маданий инқилоби» натижасида мақбара бузиб ташланиб, ўрнига мактаб қурадилар.
Ўша даврдаги Хитой раҳбари Мао Цзе Дун вафотидан сўнг мақбара қайта тикланада, мактабни эса бошқа ерга кўчирадилар. Қашғардаги Юсуф Баласоғуний мақбарисини хитой, араб, форс ва туркий тилларда ёзилган мисралар безаб турибди.
Хулоса ўрнида
Тиламадим асло шараф-шону от,
Ўқиса дедим бас яқин ёки ёт.
Ўқувчи ўқиса замонлар ўтиб,
Дуо қилсамикан мени ёд этиб?!
Ўз даврининг илмли ва солиҳ кишиларидан бири бўлган Юсуф Ҳос Ҳожибнинг «Қутадғу билиг» асари яратилганлигига 950 йил бўлган бўлса ҳам бу асар нафақат илмий, адабий, балки педагогик қимматини ҳам йўқотмаган асарлардан бири эканлигига шубҳа йўқ.
Фойдаланилган адабиётлар:
К.Хошимов, С.Нишонова, Педагогика тарихи, Т-Истиқлол. 2005 йил
Н.М.Маллаев. Ўзбек адабиёга тарихи. 1-китоб. Т.: 1976 й.
Ўзбек адабиёти тарихи. Ак.нашр. 5 томлик. 1-том. Т.:1977 й.
Ҳошимов К., C.Очил Ўзбек педагогикаси антологияси, Тошкет -1990й.
Маънавият юлдузлари (Марказий Осиёлик машхур сиймолар, алломалар, адиблар). - Т., 1999.
www.тдпу.уз
© ООО «Знанио»
С вами с 2009 года.