ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ЭКИНЛАРИНИНГ ЗАРАРКУНАНДАЛАРИ ВА УЛАРНИНГ АҲАМИЯТИ
Ўз МУ Қўчқоров А.Х.
Маълумки, ғўзага зараркунандалардан шира, трипс, ўргимчаккана ҳамда ғўза тунлами энг катта хавф яратади. Кейинги йилларда булар қаторига, ўсимликхўр қандалалар (дала, беда ва ғўза қандалари) ҳам қўшилди. Кейингилари санчиб – сўрувчи ҳашаротлар бўлиб, дунёда кенг тарқалган. Олдинги йилларда Ўзбекистонда, айниқса беда кўп экиладиган худудларда ғўзанинг зарарланиши ортиб борган. Кейинчалик, бу зарар нисбатан пасайган бўлиб, айрим пайкаллардагина зарари сезилар эди [1].
Умуман олганда, ўсимлик экилган далаларда 20 дан ортиқ қандала турлари аниқланган, шулардан 13 таси зарарли бўлиб, қолганлари фойдали (зоофаг) турларидир. Сурхондарё шароитида минтақамизда ханузгача учрамаган ўсимликхўр қандалаларнинг янги тури – ғўза қандаласи (Creontiadas pallidus) аниқланган. Зарарли қандалалар республикамизнинг барча минтақаларида учрайди.
Уларнинг ғўзага етказадиган зарари биринчи галда ҳашарот зичлигига боғлиқ. Лекин, шуниси ҳам маълумки, ғўза ўсимлиги тўкилган ҳосили ўрнини тиклаш (компенсациялаш) қобилиятига юқори даражада эга бўлганлиги сабабли бу зарарни объектив баҳолаш ўта мураккаб бўлиб, буни аниқлашда олиб борилган тадқиқотлар аниқ натижалар бермаган. Шу сабабли, бу кўрсаткичда аниқлик бўлмай, жойларда турли хил аниқ асосланмаган изоҳлар мавжуд [4].
Иккинчи тарафдан, агарда сўқир – қандалаларнинг ғўзага етказадиган зарари аниқ белгилаб берилса, унга қарши ишлатиш учун замонавий восита ва усуллар мажмуини ишлаб чиқиб тавсия қилиш мумкин бўлар эди. Шунинг учун ҳам, бугунги кунда пахтачиликда зарарли қандалалар томонидан етказилаётган зарарини ўрганиб, уларга қарши курашнинг энг самарали муддатлари ҳамда усул ва воситаларини аниқлаш масаласи ўта долзарб бўлиб ҳисобланади. Булардан ташқари, зарарли қандалаларнинг популяцион таркиби ва ривожланиш хусусиятларини ўрганиш, бунга қарши ғўза агротехникасини ижобий ёки салбий таъсирини аниқлаш, қандаланинг ўсимликка келтирадиган талофати орқали мамлакат иқтисодиётига келтираётган иқтисодий зарарлар кўламини аниқлаш ҳам ҳозирги куннинг долзарб масалаларидан ҳисобланади [2]..
Шубҳасиз, ғўза ҳосилдорлигини ошириш масаласининг биридан бир йўли, уни турли зарарли организмлардан (бегона ўт, касаллик ва зараркунандалар) ҳимоя қилиш туради.
Бу масалага олимлар ва қишлоқ хўжалик ходимларининг диққати доимо жалб қилинган. 1970–нчи йилларгача бу борада умумий ўсимликларни ҳимоя қилиш тизими мавжуд эди. Бу тизим ёрдамида барча усулларни ишлатган ҳолда, зарарли организмни батамом қириб ташлашга ҳаракат қилинар эди. Шунинг учун ҳам кўп марталаб (8 – 12 мартагача) кимёвий ишловлар ўтказилар эди. Кейинчалик бутун дунё олимлари янги йўлланма–уйғунлашган ҳимоя қилиш тизимини (УҲҚТ) яратиш устида иш олиб бордилар ва уни яратиб жорий этдилар. Бу истиқболли устивор тизим бўлиб, моҳияти тўғрисида адабиётларда турли маъно юритишади. Кўпинча, бу ўсимликларни ҳимоя қилишда турли усулларни ишлатиш маъносида тушинилади. Ундай бўлса, уйғунлашган ҳимоя қилиш тизимининг олдинги тизимдан фарқи қолмайди. Ҳақиқатда, бу тизимда ҳам олдинги тизимга ўхшаб барча самараси бор усулларни ишлатишга рухсат берилади. Фақат фарқи шу ердаки, уйғунлашган ҳимоя қилиш тизимининг охирги мақсади зараркунанданинг сонини (зичлигини) батамом йўқотиш (қириб ташлаш) эмас, балки уни хўжалик учун безарар даражага олиб келиб қўйишдир. Яъни иқтисодий безарар миқдор мезонини (ИБММ) таъминлаб, қолганини эса агробиоценоздаги энтомофаг ва акарифаглар учун озиқа сифатида қолдириш. Бошқача қилиб айтганда, иқтисодий безарар миқдор мезонини – бу зараркунанданинг сонини табиатдаги кушандалар енгиб олиши мумкин бўлган миқдордир[5].
Ғўзани тўлиқ ҳимоя қилишни ҳозирги кимёвий воситаларсиз тасаввур этиш қийин. Кимёвий усул эса ўз навбатида сифат жиҳатидан ўзгармоқда. Янги гуруҳ кимёвий бирикмаларга хос бўлган дорилар билан бойимоқда. Бу эса бир қанча изланишлар олиб боришни тақозо этади. Яъни бу пестицидларни синаб, уларга баҳо бериш ва талабга жавоб берадиганларини жорий этиш лозим бўлади. Тавсия этилган дорилар қаторидан у ёки бу камчилиги учун бир нечтаси бекор қилинди.
Айрим олдинги дориларнинг биологик самараси нисбатан пасайиб бораяпти. Мисол учун, кўсак қуртига қарши 1980 – 1985 йилларда дециснинг (0,7 л/га) самараси 100%га яқин бўлган бўлса, эндиликда у 60% дан ошмаяпти ва ҳакозо [6].
Адабиётлардан маълумки, экинларнинг ҳосилдорлигига зараркунан–даларнинг таъсири уларни қайси ривожланиш даврида зарарланганлигига боғлиқ. Вегетация даври бошида кучли зарарланиши ҳосилга кўпроқ путур етказади. Жумладан, ғўза ҳосилдорлигига унинг ниҳоллик даврида сўрувчи зараркунандалар билан зарарланишининг таъсирини эътиборга олиб, бу даврда уларга қарши уйғунлашган ҳимоя қилиш тизимини самарали ўтказилса юқори хўжалик ва иқтисодий самарадорликка эришилади [3].
© ООО «Знанио»
С вами с 2009 года.