Тил қадри.
Оценка 4.6

Тил қадри.

Оценка 4.6
docx
24.01.2021
Тил қадри.
Тил қадри..docx

Тил қадри.

 


 

“Миллий тилни йўқотмак- миллий ўзлигимизни йўқотмакдир.”       А.Авлоний.

        

 

Дунё тамаддунида ривожланишлар, сиёсий- иқтисодий, маънавий- маърифий ислоҳотлар, ўзгаришлар бўлаётган бир даврда, Мустақил Ўзбекистонимизда юз бераётган ижтимоий - сиёсий жараёнларнинг барчасида ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мавқеи тобора ошиб бормоқда. Жумладан, яқинда Ўзбекистон Республикаси президентининг 2019 йил 21 октябр № ПФ- 5850 сонли “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора- тадбирлари тўғрисида ”ги фармони давлат тилининг жамиятимиз ривожидаги ўрнини янада мустаҳкамлаб берди. Айниқса, бугунги глобаллашув даврида “Ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқиёсдаги обрў- эътиборини тубдан ошириш, униб- ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат, улуғ аждодларимизнинг бой меросига ворислик руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш мақсадида” Давлат тилини ривожлантириш департаментининг ташкил этилиши мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги энг катта ютуқ, муҳим истиқболли фармон бўлди десак муболаға бўлмайди.Ушбу фармоннинг ижросини таъминлаш нафақат белгиланган шахслар учун балки томирида ўзбек қони жўш ураётган ҳар бир миллатимиз фарзанди учун шарафли вазифадир.

Тарих саҳифаларида кўринадики, бизнинг ота- боболаримиз эрк ва озодлик йўлида курашар экан, биринчи галда, миллат тили ҳамда унинг жамиятдаги мавқеига алоҳида урғу берганлар.XX асрнинг бошларида “жадид адабиёти” номи билан тарихга кирган янгича қаламкашлар авлоди ҳам миллий тил масаласи- жамиятнинг тил имло қоидаларини ишлаб чиқиш “Чиғатой гурунги” каби адабий, маданий уюшманинг долзарб вазифасига айланган.

Шу даврда “Ойна” журналининг 1915 йил, 11,12 сонларида босилган Беҳбудийнинг “Тил масласи” мақоласида тилларнинг ўзаро муносабати ҳақида баҳс қилар экан, тилларнинг бир-биридан ўринли луғат олишини табиий жараён деб қарайди. “Энг бой тиллардан бўлган инглизчанинг ҳам ўн минглар ила бегона луғатларни далил қилиб олганлигини кўрсатади ва масаланинг бошқа жиҳатига – ягона адабий тил, тил бирлигига диққатни қаратди.”

Қолаверса, М. Беҳбудий каби жадидларимиз нафақат миллий тилни ўрганиш,шу билан бир қаторда чет тилларини ўрганишни ҳам долзарб билиб, ўзининг “Икки эмас, тўрт тил керак ” мақоласида миллий тилимиздан ташқари, форс, араб, рус тилларини ўрганишни ёшлар учун долзарб эканлигини исботлаб беради.Ҳозирда ҳам чет тилларини ўрганишга қизиқиш ортган, лекин аввало, ўзга тилни ўрганишдан олдин ўз миллий тилимиз грамматикасини, тарихини ўрганиш лозим. Ана шунда, биринчидан, ўзга тилларни ўзлаштириш осон кечади. Иккинчидан, миллий тилимизнинг қадри юксалади. Учинчидан, ёш авлодда аждодларимиздан мерос бўлган миллий тилимизга ҳурмат ва муҳаббат уйғонади.

 “Агарда тил ва адабиётимизни муҳофаза қилмай, анга ажнабий луғат ва сўзларни қўша берсак, бир оз замонда тил ва миллиятимизни йўқотурмиз. Миллиятимизни йўқотганда диёнатимиз ўз- ўзи ила албатта, йўқолур. Бас, бизға тилимизни ажнабий сўзлардан муҳофаза қилмоқлик энг биринчи муҳим вазифадир.”

Таъкидлаш жоизки, ҳар бир тил ривожида чет тилларининг ҳам алоҳида ўрни бўлади. Давлатлараро дипломатик алоқалар, иқтисодий – сиёсий дўстлик, илм- фан, техника ютуқлари билан биргаликда янги пайдо бўлган сўзлар, атамалар орқали ташқи манба асосида тиллар бойиб боради.Президент фармонида ҳам илмий асосланган янги сўз ва атамаларни истеъмолга киритиш, замонавий атамаларнинг ўзбекона муқобилларини яратиш ва бир хилда қўлланишини таъминлаш, географик ва бошқа топонимик объектларга қонун ҳужжатларига мувофиқ ном берилиши борасидаги фаолиятни мониторинг қилиш ва мувофиқлаштириш каби асосий вазифаларни янги ташкил этилган департаментга белгилаб берилди.

Бироқ тилимизга ижобий сўзлардан ташқари, ноадабий қатламга мансуб бўлган жаргонлар, вульгаризмларнинг кириб келишига йўл қўймаслик, айниқса, ёш авлоднинг нутқида ана шундай лафзларнинг қўлланишига эътиборсизлик қилмаслик зарур.Бугун арзимас бўлиб туюлган “кичик бир хато” “миллий тилимиз”га таҳдид солмоқда. Жадидларимиз айтиб ўтишганидек, тилимизга келган ҳар бир сўзнинг ўлчови тарозида диёнат билан таққосланмоқда.Диёнатлилик эса иймонимизни белгилайди. Эртага “кичик хато”ларимиз йиғилиб улкан фожиага айланиши мумкин. Касалликнинг илк белгиси кўринганидаёқ уни даволаш осон кечганидай, бугун нутқимизга кириб келаётган ёд ибора ва сўзларни ўрнини соф миллий шакллар орқали бойитишимиз шарт.

Базан мени бир нарса хавотирга солади. Ҳозирда оммавий ахборот воситаларида, экранларимизда берилаётган айрим кўрсатувлардаги журналист ва дикторларнинг нутқида адабий тилимизга беҳурматлик билан қўлланилган сўз ҳамда ибораларни эшитиб қоламиз. Эртага ёш авлод буни тинглаб, кўриб ўз нутқига бу сўз ва ибораларни олиб кириши, табиий. Авваллари сухандонларимиз нутқида ҳатто шевага оид “сан, ман” каби сўзларни ҳам эшитмаганмиз. Кўрсатувларни соф адабий тилда олиб боришар эди. Ўзбек адабий тилининг қадри- қийматини амалий жиҳатдан ижодкорлар ўз нутқида ифода этардилар.Ҳозир-чи...?Ахир, тилнинг қадри – элнинг қадри эмасми? Ўзини маданиятли, маърифатли ҳисобловчи ҳар бир киши адабий тилни билиши, миллий тилимизни сақламоғи шарт. Чунки тилимизга ҳурмат бизга мерос қилиб қолдирган буюк аждодларимизга ҳурматдир. Сўз мулкининг султони Алишер Навоий бобомиз ҳам “Кўнгил махзанининг қулфи тил ва ул махзаннингкалидин сўз бил,” дея тилга юқори баҳо беради. Тилни кўнгил хазинасининг қулфига, унинг калитини эса сўзга қиёслайди. Рус шоири Пушкин “Аждодларга ҳурматсизлик аҳлоқсизликнинг биринчи белгисидир,” дейди. Она тилимизга беэътибор, лоқайд бўлмайлик. Зеро, шоир Миртемир таъкидлаганидек:

Она тилим, онажоним тили бу,

Бешикданоқ сингган жон-у қулоққа.

Эл-у юртим, хонумоним тили бу,

Қадимликда ўхшар она тупроққа.

Буюк жадидимиз Абдулла Авлоний эътироф этганидек, “ Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурғон ойинайи ҳаёти тил ва адабиётидур...” Тил воситасида ижодкор ўз тушунчаларини ёритади. Бадиий асарлар дунёга келади. Бадиий адабиётда халқнинг орзу-армонлари,руҳий кечинмалари тил ёрдамида ифода қилинади.Адабиётимиз тарихида яратилган ҳар бир асар ўзбек халқининг миллий руҳини акс эттиради. Миллий тилнинг йўқотилиши эса айнан шунинг учун бутун миллатнинг ўзлигини йўқотишдек фожиага айланади.

Жадидшунос олим, профессор Б.Қосимов ўзининг “Тил ва эл” мақоласида тил ҳақида фикрлар экан, айрим жой номлари- топонимларга, айрим сўзларнинг қўлланилишига оид мулоҳазаларини билдириб, муқобил сўз- атамаларни кўплаб излаш ва қўллашдан ташқари, уларнинг аслиятга қай даражада яқин ва мувофиқлигини кенг, атрофлича асословчи мақолалар кераклигини таъкидлайди. Мухтарам юртбошимизнинг фармонларида белгилаб берилган долзарб вазифалардан бири ҳам айнан шу масалага бағишланган. Олим “Абдида” деган Косон йўлидаги айрилишлардан бирининг номига тўхталиб, бу жойлар машҳур шоиримиз А.Орипов униб- ўсган юрт Қашқадарё томонларда эканини, оддийгина номларга бефарқлик ҳам нотўғри (чунки собиқ СССР пайтида шундай хато ёзилиб қолган) тилга эътиборсизлик бўлаётганлигидан куюнади. “Ҳатто ҳадислардан бирида “Ҳуббул Ватан мин ал имон”- Ватанга муҳаббат иймоннинг белгиси, дейилган экан...Наҳот, биз унинг номига шу қадар бефарқ бўлиб қолган бўлсак, уни ғажиб, қовурғаларини синдириб, - айтилганда ҳам этимиз чатнамаса, юрагимиз ларзага тушмаса...

Аслида, боболаримиз қўллаган шоирона “Обидийда” – кўз ёши. Сувнинг бу ерлардаги қадр-у қимматига, оби ҳаётлигига ишорами? Номининг ўзини бутун бир достон дейсиз. Лекин йўл кўрсаткичидаги лоқайдлик кўнгилга соя ташлади...”

Гўё “Обидийда”ни “Абдийда” дейиш сўзларни шаклини бузиб “қовурғаларини синдириб ташланган” ҳолга қиёслайди. Бу каби камчиликлар, жой номларини бузиб талаффуз қилиш ёки русча шаклда ёзилган объектлар номи кўп учраб турар эди. Мустақиллик шарофати билан аллоҳга шукрки, бу каби масалалар бирин- кетин ҳал этилмоқда.

Ёҳуд “айрим қишлоқлар номи, улар билан боғлиқ афсоналар ва ҳикоялар ота- боболаримизнинг турмуши ва маишатидан, урф- удумлари, ташвиш- интилишларининг жонли лавҳаларидир... “Комилон”га асос солган Комил бобо, “Қозоқлик” Нурим қоровулбеги, Касбидан чиққан Қорахўжа ҳақидаги нақллар бунга далил. Айрим қишлоқлар (масалан, хитой, дўрмон, қатағон, месит, уйрот, қўнғирот, қозоқ каби) уруғлар номи билан аталган бўлади. Булар ҳаммаси - тарих...”

Демак, ҳар бир жой номининг этимологиясини кўриб чиқиш, уларнинг тарихий илдизларини топиш ва ҳозирги муқобилларини тўғри қўллаш каби масалалар ҳам тилимиз олдидаги долзарб муаммолардан экан. Профессор Б.Қосимов ўз мақоласида “Аллот” сўзига тўхталиб, бу универмагнинг номи аслида бир пайтлар қишлоқнинг номи бўлган ҳозирда бузиб қўлланилаётган “Арлот” сўзи эканлигини изоҳлайди. “Арлот ўзбекнинг энг машҳур уруғларидан бири бўлиб, у мартаба – мавқеига кўра А. Темур мансуб бўлган барлос билан тенг турган. Қадимда ҳам, ҳозирда ҳам ўзбек уруғи ҳақида сўз очилган жойда бу ном тилга олинмасдан илож йўқ. Навоий девонларида ҳам уни жуда кўп учратамиз. Ким кўнгул сайд этса, лўли бўлсаким, тут муғтанам, Айтмон арлот ё барлосдин мирзода топ, - деб ёзган эди шоир.”

Талаффуз қоидалари билан ўзгарган “арлот” сўзи Бухорода “олот”га, бизда “аллот” бўлди. Тадқиқотчини безовта қилган нарса бу сўзнинг маъносини инсонларнинг тушунмаслиги, маъноси йўқ деб ўйлаши бўлган. У жой номими, шахс номими аслида, унинг маъносини билишимиз зарур. Аждодларимиз етти пуштини билишни шарт ҳисоблаганлар. Ҳозирчи?! Масалани кўндаланг қўйган олимнинг айтмоқчи фикрлари бугун ҳам тўлақонли ўз ечимини топган эмас. Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан чиқарилган фармон шу каби масалаларга ҳам айни ечим бўлади. Ана шундай зарурий жараён бугун республикамизда амалга оширилмоқда. Чунончи, юртбошимиз фармонига мувофиқ, олий таълим муассасаларида Ўзбек тили ва адабиёти кафедраларининг ташкил этилиши ҳам, давлат тилини ўқитиш, миллий тилимизнинг равнақи, нутқ маданиятининг такомиллашувига хизмат қилади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, тил бу жамиятнинг буюк истиқболи, порлоқ келажаги ва ёрқин хотираларини тарихга мухрловчи асосий кучдир. Тилнинг тарихи бу бутун бир миллатнинг, халқнинг тарихидир. Шундай экан, миллий тилимизни давлат тили сифатида ҳурмат қилмоғимиз, асраб- авайламоғимиз, аждодларимизга муносиб ворис эканимизнинг далили бўлиш билан бирга, юрт келажаги ва миллат тақдири йўлида қилинган энг улуғ, энг юксак қадамларимиздан биридир.

 

 

Б. Қосимов.Уйғонган миллат маърифати.Маънавият, 2011

Миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти. “Маънавият”, 2004.


 

Тил қадри. “Миллий тилни йўқотмак- миллий ўзлигимизни йўқотмакдир

Тил қадри. “Миллий тилни йўқотмак- миллий ўзлигимизни йўқотмакдир

Президент фармонида ҳам илмий асосланган янги сўз ва атамаларни истеъмолга киритиш, замонавий атамаларнинг ўзбекона муқобилларини яратиш ва бир хилда қўлланишини таъминлаш, географик ва бошқа топонимик…

Президент фармонида ҳам илмий асосланган янги сўз ва атамаларни истеъмолга киритиш, замонавий атамаларнинг ўзбекона муқобилларини яратиш ва бир хилда қўлланишини таъминлаш, географик ва бошқа топонимик…

Ватан мин ал имон”- Ватанга муҳаббат иймоннинг белгиси, дейилган экан

Ватан мин ал имон”- Ватанга муҳаббат иймоннинг белгиси, дейилган экан
Материалы на данной страницы взяты из открытых истончиков либо размещены пользователем в соответствии с договором-офертой сайта. Вы можете сообщить о нарушении.
24.01.2021