Конструксиялар монтажи деб бино ёки иншоотни тайёр конструксия ёки элементлардан тиклашнинг саноатлашган ва механизациялашган комплекс жараёнига айтилади.
Конструксиялар монтажининг комплекс жараёни қуйидаги оддий жараёнлардан ташкил топади:
Қурилиш конструкцияларини монтаж қилиш.
Конструксиялар монтажи транспорт, тайёргарлик ва монтаж жараёнларини юқори даражада механизациялаштириш асосида поток услубида олиб борилади. Тикланаётган бинони монтаж участкаларига бўлиб монтаж ишлари ва монтаждан кейинги ишларни кириштириб (қўшиб) олиб бориш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Конструксиялар монтажи монтаж ишларини бажариш лойиҳаси (МИБЛ) асосида амалга оширилади. МИБЛ таркибига қуйидагилар киради: монтаж услублари ва усуллари, асосий монтаж машиналарининг тури ва маркаси, бино ёки иншоотнинг монтаж участкаларига бўлиниши, монтаж жараёнининг технологик кетма-кетлиги, сўри ва ҳавозаларни ўрнатиш жойи, конструксияларни вақтинчалик ва узил-кесил маҳкамлаш усуллари, ишларни хавфсиз бажаришга оид чора-тадбирлар.
Бино ва иншоотлар монтажи қуйидаги услубларда олиб борилади:
-Кичик элементли монтаж - конструксияни алоҳида деталлардан йиғиб лойиҳа жойига ўрнатиш. Бу услуб чокларнинг кўплиги, сўри ва ҳавозаларни кўп марталаб қайта ўрнатишга тўғри келиши, монтаж ишларининг узоқ давом этиши сабабли кам қўлланилади.
-Элементлаб монтаж қилиш - конструктив элементларни маълум кетма-кетликда монтаж қилиш (устунлар, тўсинлар, плиталар ва ш.к.). Бу услуб темирбетон конструксиялардан тикланадиган саноат ва турар-жой биноларида кенг қўлланилади.
-Блоклаб монтаж қилиш - бу услубда алоҳида конструксиялар аввал текис ёки фазовий блок кўринишида йириклаштириб йиғиб олинади, сўнгра йиғилган блоклар лойиҳа жойига ўрнатилади. Текис блоклар асосан металл ва ёғоч конструксиялар монтажида қўлланилади.
Монтаж усулларини услублардан фарқи шундаки, улар кичикроқ технологик вазифани ҳал этади ёки алоҳида конструксия монтажига дахлдордир. Қуйидаги монтаж усулларидан фойдаланилади: устидан ўстириш, остидан ўстириш, фазода мураккаб ҳаракатлантириб кўтариш, айлантириш, сирпантириб айлантириш, ғилдиратиш, вертикал кўтариш.
Агар тўлиқ тайёр блокларни монтаж қилишдан аввал технологик, электротехник, вентиляцион, санитария-техникавий ва бошқа жиҳозлар ўрнатилса, бундай блоклар қурилиш- технологик блоклари деб номланади.
Конструксияларни монтаж зонасига узатишнинг ташкил этилишига кўра монтаж ишлари икки хил услубда олиб борилади:
-Конструксияларни монтаж кранининг ҳаракат зонасига аввалдан тахлаб олиб монтаж қилиш;
-Конструксияларни бевосита транспорт воситасидан олиб монтаж қилиш.
Монтаж жараёнининг йўналишига кўра бўйлама услуб (бинонинг бўйлама ўқлари бўйлаб) кўндаланг услуб (конструксиялар бинонинг кўндаланг ўқлари бўйлаб кетма-кет монтаж қилинади) қўлланилади.
Бино ёки иншоотнинг баландлик бўйича тикланишига қараб устидан ўстириш ва остидан ўстириш услублари мавжуд.
Конструксияларнинг ўрнатилиш кетма-кетлигига кўра монтаж услублари қуйидаги турларга бўлинади:
-Ажратилган услуб - бунда бино ёки участкада дастлаб барча бир турдаги конструксиялар (масалан, устунлар) монтаж қилинади, сўнгра навбатдаги тур конструксиялари (масалан тўсинлар, ундан сўнг плиталар ва ш.к.) монтаж қилинади.
-Комплекс услуб - бунда бинонинг бир ёки бир неча қисмида барча турдаги конструксиялар кетма-кет монтаж қилинади.
-Аралаш услуб - бунда монтаж ишлари юқоридаги икки услубни биргаликда қўллаш йўли билан бажарилади (масалан, устунлар ажратилган услубда, ферма ва том ёпма плиталари коплекс услубда монтаж қилинади).
Монтаж машиналаридан конструксияларни кўтариб лойиҳа жойига ўрнатишда фойдаланилса, ёрдамчи машина ва механизмлардан тайёргарлик ва ёрдамчи ишларда: конструксияларни юклаш, тушириш, йириклаштириб йиғиш, чокларни яхлитлаш ва ш.к. ишларда фойдаланилади.
Монтаж ишларини бажаришда қуйидаги монтаж кранлари ишлатилади:
-Қўзгалмас кранлар: монтаж мачтаси, портал, тортқили стрелали кранлар, бикр оёқли стрелали кранлар ва ш.к.;
-Ўзи юрар стрелали кранлар: автомобилга ўрнатилган кранлар, пневматик ғилдиракли кранлар, темир йўлда ҳаракатланадиган кранлар;
-Минорали кранлар - релс бўйича ҳаракатланадиган юк кўтарувчи машиналар бўлиб, минорасига юк кўтарувчи стрела ўрнатилган бўлади; минораси айланувчи ва минораси айланмайдиган турларга бўлинади;
-Чорпояли кранлар - релс бўйича ҳаракатланадиган чорпоя, яъни порталдан иборат бўлиб юк кўтариш қуввати ўзгармайди. Бу хилдаги кранлардан қурилиш-монтаж ишларида ҳамда омборларда юк кўтариш-тушириш мақсадларида фойдаланилади;
-Махсус кранлар ва кўтаргичлар;
-Ҳаво кранлари (вертолётлар) баланд иншоотлар монтажида бошқа турдаги кранларнинг имконияти етмаган ҳолларда ишлатилади.
Пойдеворлар монтажи:
Пойдеворлар монтажи бинонинг ер ости қисмини тиклаш даврида, алоҳида оқимда амалга оширилади.
Хандақ остининг белгилари нивелир ёрдамида текширилиб, пойдеворлар ўрни аниқланади ва жойда қозиқлар ёрдамида белгилаб қўйилади. Монтаж қилишдан аввал пойдеворларга режа белгиси чизиб чиқилади. Сўнгра пойдеворларни кран ёрдамида кўтариб лойиҳа жойига ўрнатилади. Бунда пойдеворга чизилган режа белгилари бинонинг тақсимловчи ўқларига мос тушиши керак. Монтаж қилинаётган пойдеворларнинг режадаги ўрни теодолит билан, пойдеворнинг баландлик белгиси нивелир билан текшириб борилади. Стакансимон пойдеворлар ўқларининг тақсимловчи ўқларга нисбатан четланиши кўпи билан ± 10 мм бўлиши, металл конструксиялар остидаги анкер болтли пойдеворларда эса ± 5 мм дан ошмаслиги керак.
Устунлар монтажи.
Устунлар монтажига киришишдан аввал пойдеворнинг режадаги ўрни ва баландлик белгилари геодезик текширувдан ўтказилиб, қабул қилинган бўлиши керак. Монтаж қилишдан аввал устунларнинг ўлчамлари текшириб чиқилади ва ҳар бир устунга режа белгиси чизилади. Оғирлиги 10 т гача бўлган устунлар фриксион тутқичлар, 10 т дан оғир бўлган устунлар эса тиқинли тутқичлар ёрдамида кўтарилади. Оғир устунларни кўтаришда айлантириш ёки сирпантириб айлантириш усулларидан фойдаланилади.
Устунлар ўқларининг бино ўқларига мос келиши устун ва пойдеворга чизилган режа белгиларини бир-бирига мос келтириш йўли билан таъминланади. Устун ўқини бинонинг тақсимловчи ўқларига мос келтирилгач, унинг тиклиги иккита теодолит ёрдамида текширилади.
Бино оралиги 12 м бўлса монтаж крани оралиқ ўртасидан ҳаракатланади ва бирданига икки қатордаги устунлар ўрнатиб кетилади. Бино оралиги 12 м дан ортиқ бўлганда монтаж крани оралиқ четидан ҳаракатланади ва ҳар бир ўтишда битта қатор устунлари ўрнатиб кетилади.
Ўрнатилган устунларни вақтинчалик маҳкамлашда пона, понасимон тиқин, тортқилардан фойдаланилади. Устун баландлиги 12 м дан 18 м гача бўлганда понага қўшимча равишда 2 та тортқи билан маҳкамланади. Устун баландлиги 18 м дан ортиқ бўлганда камида 4 та тортқи билан вақтинчалик маҳкамланиши керак. Устун ва пойдевор чокини бетон қоришмаси билан яхлитлаш икки босқичда бажарилади: дастлаб понанинг остки сатҳигача; сўнгра бетон лойиҳа мустаҳкамлиги-нинг 70% ини эгаллагач поналар чиқариб ташланади ва қолган қисми бетонланади. Темирбетон устунлар юқори қисмининг йўл қўйиладиган четланиши ± 10 мм ни, металл устунлар учун ± 5 мм ни ташкил этади.
Кран ости тўсинлари монтажи.
Кран ости тўсинларини алоҳида потокда бевосита транспорт воситасидан олиб монтаж қилиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Кран ости тўсинларини лойиҳа жойига ўрнатиш устун консолига ва тўсинга чизилган режа белгиларини мос келтириш йўли билан амалга оширилади.
Тўсинлар анкерли болтлар ёрдамида вақтинчалик маҳкамланади. Тўсинларнинг ўрнатилиш тўғрилиги геодезик текширувдан ўтказилгандан сўнг барча тўсинлардаги маҳкамлаш деталлари устунларга қўйилган деталларга пайвандлаб чиқилади.
Ферма ва тўсинлар ҳамда узунлиги 12 м дан ортиқ бўлган том ёпма плиталарини бевосита транспорт воситасидан олиб монтаж қилиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Узунлиги 6 м бўлган плиталар эса монтаж кранининг ҳаракат зонасига аввалдан тахлаб олиб монтаж қилинади.
Ферма ва тўсинларни лойиҳа жойига ўрнатиш уларнинг четига ва устуннинг юқори сатҳига чизилган режа белгиларини мос келтириш йўли билан амалга оширилади. Темирбетон фермалар ўқлари орасидаги масофадан четланиш ± 20 мм дан, металл фермалар учун эса ± 15 мм дан ортиб кетмаслиги керак.
Девор панеллари монтажи.
Девор панеллари юк кўтарувчи конструксиялар монтажи тугагандан сўнг алоҳида потокда монтаж қилинади. Девор панеллари ҳар бир оралиқда бинонинг бутун баландлиги бўйича ўрнатиб чиқилади. Устунлар қадами 6 м бўлганда монтаж кранининг битта тўхташ жойидан иккита оралиқдаги девор панеллари монтаж қилиниши мумкин.
Узунлиги 12 м бўлган девор панелларини бевосита транспорт воситасидан олиб монтаж қилиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Девор панеллари лойиҳа жойига ўрнатилгач пайвандлаш йўли билан маҳкамланади ва панел чоклари яхлитлаб чиқилади
© ООО «Знанио»
С вами с 2009 года.