ДРЕВНЯЯ КУЛЬТУРА НАРОДОВ ЦЕНТРАЛЬНОЙ АЗИИ
Оценка 4.7

ДРЕВНЯЯ КУЛЬТУРА НАРОДОВ ЦЕНТРАЛЬНОЙ АЗИИ

Оценка 4.7
docx
20.02.2021
ДРЕВНЯЯ КУЛЬТУРА НАРОДОВ ЦЕНТРАЛЬНОЙ АЗИИ
ДРЕВНЯЯ КУЛЬТУРА НАРОДОВ ЦЕНТРАЛЬНОЙ АЗИИ .docx

МАРКАЗИЙ ОСИЁ ХАЛҚЛАРИНИНГ ҚАДИМГИ МАДАНИЯТИ

 

Марказий Осиёнинг Олтой, Жанубий Сибирь, Мўғулистон, Ўрта Осиё ҳудудларидаги ибтидоий яшаш тарзи деярли умумийдир. Ибтидоий инсоннинг бу ҳудудлардаги умумийлигини кўрсатувчи далиллар биринчи навбатда ҳаёт тарзига-овчилик, деҳқончилик, ҳунармандчилик, чорвачиликка асосланганидир. Шунингдек, мазкур ҳудудлардаги қавмларнинг қайси ирқларга мансублиги ҳам масалага маълум даражада аниқлик киритишга ёрдам беради. Шуни эътиборга олиш керакки, мўғуллар истилосига қадар Ўрта Осиёдаги туркий халқлар қиёфаси мўғул ирқига мансуб эмас эди. Жумладан, милоддан олдинги учинчи минг йилликка ва иккинчи минг йилликнинг бошларига оид Жанубий Сибирдаги мўғул ирқига мансуб аҳоли Ғарбий Туркистон (Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон), Помир ўлкаларига келгунига қадар, бу ерларда Оқденгиз ирқига ўхшаш доликосефал1 ирқи борлиги аниқланган. 

Фарғонанинг тош даврига оид маданий ёдгорликларида ва Янгийўлдаги Қовунчи маданиятида ҳам бу ирқ учрайди. Ғарбий Туркистоннинг Анов маданиятига оид топилмаларда, Қуйи Волга бўйларида, Ўрта Волга ҳудудида, Проховок қўрғонида ҳам мазкур ирқларга мансуб одамлар суяклари топилган. Шунингдек, доликосефал ирқининг Тангри тоғ худудларига ҳам кириб боргани тўғрисида маълумотлар бор. Жанубий Қозоғистон билан Волга бўйларига мазкур ирқ бутунлай ёйилганини тасаввур қилиш мумкин. Биз ирққа оид мазкур қарашларни 40–50–йиллардаги археологик топилмалар асосида Туркистон ва Европа олимларининг асарларига таянган ҳолда айтяпмиз2. Қолаверса, Амударё билан Сирдарё - бугунги Ўзбекистон ҳудудидаги энг қадимий инсонни Туроний ирққа мансуб деган қарашлар ҳам бор3. Умуман олганда, Ўрта Осиёнинггина эмас, балки бутун дунё халқларининг ибтидоий даври ҳар жиҳатдан, жумладан, маданий тараққиёти жиҳатидан ҳам  энг кам ўрганилган давр ҳисобланади, Ўзбекистон ҳудуди эса янада кўпроқ ўрганишни талаб қилади. Чунки азалдан ўтроқлашган аҳоли маскани бўлган Фарғона водийси, Жанубий Ўзбекистон бизга кўп маданий ёдгорликларни қолдирдики, буларга таянган ҳолда кўп масалаларга, жумладан, этник тарихига ҳам аниқлик киритиш мумкин бўлади. 

Меъморчилик.Ўзбекистоннинг азалдан ўтроқлашган аҳолиси меъморчилик,  амалий ҳамда тасвирий санъат борасида кўп мерос қолдирди. Биз юқорида Хоразмдаги Тупроққалъанинг маданий босқичи тўғрисида қисқа тўхталган эдик.  Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудлари ҳам, худди Хоразмдаги Тупроққалъа сингари, қадимги давр меъморчилиги ва санъати тўғрисида тўлақонли маълумот беради. Жумладан, Термиздаги меъморчилик ёдгорликлари, тасвирий ва амалий санъат намуналари шундан далолат беради. Маданий жараённинг бу кўринишлари пайдо бўлишига, шубҳасиз, ижтимоий - сиёсий жараёнлар асосий сабаб бўлди. 

Милоддан олдинги II асрда Юнон - Бақтрия шоҳи Деметрий Амударё қирғоғида шаҳар барпо қилди. Чунки Амударёнинг кечуви азалдан айнан шу ерда жойлашган эди. Натижада шаҳар дастлаб Дермед номини олди ва аста - секин Термизга айланди (Дермед–Термед–Термез). Термиз шаҳри барпо бўлгандан буён икки минг йилдан кўпроқ вақт давомида мазкур ҳудуд ҳар жиҳатдан ривожланиб борди. Археологик тадқиқотлар бу шаҳарнинг Кушон империяси давридаги тузилишини тасаввур қилишга имкон беради. 

Термиз айнан Кушонлар даврида тезлик билан ривожланиб борди. Шаҳарнинг умумий майдони 500 гектарни ташкил қиларди. Шаҳарнинг маркази ҳарбий қўрғон бўлиб хизмат қилган. Шу қўрғондан бошлаб бир томонда савдо-ҳунармандчилик дўконлари, иккинчи томонда ибодатхоналар қурила бошлайди. Мил.ав. II асрдан бошлаб Ҳиндистондан кириб келган буддавийлик бу шаҳардаги диний маданий муҳитни белгилаб берди. Чингизтепа, Қоратепадаги будда ибодатхоналари шундан далолат беради. Шаҳар ўртасидан катта анҳор кесиб ўтган. Бу анҳор аҳолини сув билан таъминлаган. Термиз савдо йўли устида бўлиб, Сўғд, Хитой Помирга борадиган карвонлар шу ердан ўтган. Амударёнинг кечуви эса Бақтриянинг асосий шаҳри Балхга олиб борган.

Далварзин тепадаги Чағониён шаҳри ҳам меъморчилик жиҳатдан деярли кўҳна Термиз шаҳрининг меъморчилигига ўхшайди. Кўп қиррали ҳарбий қалъа тепалик устига қурилган. Жануб томондан шаҳар майдони туташади. Майдон мустаҳкам деворлар билан ўралган бўлиб, атрофи, худди ҳарбий қалъа атрофида бўлгани сингари, ҳандақ билан ўралган.

Милодий I-III асрларда қадимий Ўзбекистон ҳудудида шаҳарларнинг бунчалик тез ривож топгани ва савдо, ҳунармандчилик, ҳарбий - маъмурий тузилмага эътибор берилгани ҳарбий меъморчиликни юзага келтирди. Қадимий иншоотларнинг қолдиқлари шундан далолат беради.

Меъморчиликнинг ривож топиши натижасида қурилиш материаллари ҳам такомиллашди. Сўғд, Хоразм, Бақтриядаги иншоотларда фойдаланилган квадрат шаклдаги ғишт қурилиш материалларининг такомиллашувига хизмат қилди ва меъморчилик янги босқичга кўтарилди. Яна шуниси диққатга сазоворки, ғиштларнинг бир қисмида тамғалар босилган. Хоразм (Жонбос қалъа, Тупроқ қалъа), Бақтрия (Термиз, Айритом, Хоанақоҳтепа), Марғиёнадаги қурилиш ғиштларида шундай тамғалар учрайди. Олимларнинг тахмин қилишларича, бу тамғалар маълум бир қабилага тегишли бўлиб, қабилалар ҳисоб-китоб олиб боришлари учун ёки қайси ҳунармандчилик устахонасига тегишли эканини кўрсатиш учун ҳам фойдаланганлар.

Ўрта Осиёнинг турли ҳудудларидаги иншоотлар меъморчилиги ўзига хос. Айниқса, Хоразмдаги Қўйқирилган қалъадаги иншоотнинг (мил. ав. III аср) тузилиши диққатга сазовор. Бу иншоот думлоқ шаклда қурилган, 42 метрли  цилиндр шаклидаги бино ўртада. Бинонинг биринчи қавати бутун сақланган. Тахминларга кўра, Қўйқирилган қалъа дафн одатлари билан ё фазовий жисмлар культини ўзида намоён этади ёки Хоразм шоҳларининг сулолалари культи билан боғлиқ муҳим сиёсий марказни гавдалантиради. 

Умуман, Қўйқирилган қалъа бу ерда жуда қадимги вақтлардаёқ меъморчилик юксак ривожланганлигини кўрсатади, шунингдек, катта ибодатхона хўжалиги манзарасини акс эттиради. Ибодатхона билан бир қаторда устахоналар, яшаш уйлари, омборхоналар, ҳам бор. Ўзига хос кичик “шаҳарча” кўринишидаги бу қалъада ҳаёт  Ўрта Осиё аҳолисининг юксак турмуш тарзини кўрсатади.

Тасвирий ва амалий санъат.Бугунги Ўзбекистон ҳудуди, умуман, Ўрта Осиё қадимдан инсоният истиқомат қилган маскан бўлганини турли маданий қатламлар тасдиқлайди. Анов маданиятидаги амалий ва тасвирий санъат намуналари ўтроқ аҳолининг турмуш тарзини тасаввур қилишга имкон беради. Бу маданиятга мансуб ёдгорликлар Ашхобод яқинидан топилган ва атроф ҳудудларга, жумладан, Ўзбекистон ҳудудига ҳам тарқалган. Анов маданиятини 1904 йили америкалик олим Р. Пёмпелли кашф қилди. Анов маданиятини у неолит даврига мансуб деб қарайди ва милоддан олдинги IХ минг йилликка бориб тақалишини айтади. Бу маданиятга оид ашёлар уруғчилик жамиятига хос маънавий ва моддий ёдгорликлардан иборат. Бу даврдаги санъат ибтидоий санъат кўринишини ифода этади. Шунга қарамай,  сопол идишларнинг ўзига хос кўриниши диққатга сазовор. Сопол идишларнинг сирти нақш билан безитилган ва қандайдир учи ўткир асбоб билан чизилган. Анов маданиятига мансуб идишларнинг аксарияти ё геометрик шаклда ёки тўлқинсимон чизиқ билан учбурчак ва тўртбурчак шаклда безатилган. Баъзи идишларнинг четларида нақш бор. Бундай нақшли буюмлар Самарқанддаги Афросиёб шаҳарчасидан, қадимги Марвдан ва Ўрта Осиёнинг турли ҳудудларидан топилган. Бу топилмалар қадимги маданиятнинг ўчоқлари борлигидан гувоҳлик беради. Идишлардаги нақшлар ва шакллар шунчаки безак учун қилинмаган, балки буларда магик тасаввурлар ўз ифодасини топган: ё фазони қандай тасаввур қилганларини ифода этганлар ёки кундалик ҳаёт билан боғлиқ удумларни кўрсатганлар. Умуман, ибтидоий даврдаги бирон шакл ёки сурат фақат безак учун қилинмаган, балки унинг остида албатта бирон мифологик тасаввур ётади.

Анов маданиятига оид муҳим топималардан бири, идишлардан ташқари, аёллар ҳайкалчалари, одам ва қуш бошли қаноти бор шер тасвирланган тош муҳрдир. Бу маданий қатламни Анов маданиятига қадимги халдей ва юнон маданиятининг таъсири, деб қаровчилар ҳам бор. Афросиёб девор суратидаги отлар ҳам қанотли шаклда тасвирланган.

Македониялик Искандар қўшинлари - эллинлар Ўрта Осиёни истило қилгандан кейин, бу ўлкада юнон маданиятининг изларини кўрамиз. Ўрта Осиё Салавкийлар давлати қўл остига киргач, мил.ав. III асрда Ўрта Осиё, Шимолий Эрон ва Афғонистон ҳудудида  мустақил давлатлар-шарқда Бақтрия давлати, ғарбда Парфия давлати барпо бўлди. 

Айниқса, Бақтрия давлатида юнон маданияти кучли из қолдирди. Жумладан, будда ҳайкалларида юнон ҳайкалтарошлиги услубига хос унсурлар мавжуд. Парфия маданияти анча мураккаб. Рим империясига (мил. ав. I аср) рақобат қила оладиган қудратли давлат Парфия бўлиб, Ўрта Ер денгизи, Кичик Осиё, Туркманистон ва Ўзбекистон ҳудудлари шу давлатга қарашли эди. Бу ерда кўзга ташланадиган маданий қатлам - бу ўлкадаги меъморчилик ёдгорликларидир. Мустаҳкам қалъалар ва шаҳарлар барпо қилишга Парфия давлати алоҳида эътибор берди. Қолаверса, иқтисодий юксалиш ҳам бунга имкон берди. Юлий Цезар билан бир вақтда консул бўлган, Спартак қўзғолонини бостирган лашкарбоши Марк Красс Рим – Парфия урушида енгилиб, ҳалокатга учради. Нерон даврида ҳам Рим легионлари Парфиядан мағлубиятга учраган.

Қадимий ёзма манбалар Ўрта Осиёнинг турли ҳудудларида меъморчилик ёдгорликларидан ташқари, юксак бадиий ҳунармандчилик намуналари борлигини тасдиқлайди. Жумладан, милодий I асрга оид Хан йилномасида Хитой сайёҳи ўша пайтда ҳозирги Ўзбекистон ҳудудини ҳам ўз ичига олган Катта Юэчжи ва Гибин тўғрисида шундай ёзади: “Хунлар катта юэчжиларни тор–мор келтиргандан кейин, катта юэчжи ғарбда Дахия давлатини босиб олди (Бухоро ҳам Дахия давлати таркибига кирган - Н.Р.). Осмон ўғли (яъни Хитой императори - Н.Р.) олган маълумотларга кўра, Довон, Дахия ва Аньси катта давлатлардир. Бу давлатларда ноёб буюмлар бор. У ерда ўтроқ ҳаёт кечирадилар. Ҳунармандчилик буюмлари ўрта шоҳликлар ҳунармандчилик буюмлари билан ўхшашдир”4 Гибин - Кобулистон, катта юэчжи - массагетлар бўлиб, ҳозирги Ўзбекистон ҳудудини ўз ичига олган.

Фақат шугина эмас. Ер остидан археологлар тош ва сополдан ясалган ҳайкаллар, деворий суратларнинг қолдиқлари, бадиий безалган буюмларни кўп топганлар. Юнон истилосигача ҳам Ўзбекистон ҳудудида анъанавий тасвирий санъат амалда эди. “Амударё хазинаси” деб ном олган буюмлар амалий санъатнинг ўзига хослигини кўрсатувчи далилдир. Юнон муаррихларининг ёзишича, Македониялик Искандар юришлари пайтида Ўрта Осиёдаги ибодатхоналарда, саройларда, уйларда Зариадр ва Одатида ривояти сюжетларига ишланган тасвирларни учратганлар.

Юнон истилосидан кейин Ўзбекистон тупроғига эллинистик маданият таъсирлари кириб кела бошлади. Дастлаб ўзгаришсиз ҳолда кириб келди. Термиз, Самарқанд ва бошқа шаҳарларда топилган тароқларда дубулға кийган жангчи тасвирланган. Тароқ тошдан ясалган. Бу тасвирларнинг кўпчилигида Искандар тасвирланган. Бу топилмаларнинг санаси мил. ав. IV–III асрларга оид. Шунингдек, бу давр тангаларидаги юнон ҳукмдорларининг тасвирлари ҳам Юнон–Бақтрия маданиятининг қадимги Ўзбекистон ҳудудида равнақ топганидан далолат беради.

Буддавийлик даври маданияти. Милодий I асрда Бақтриянинг ўнг томонига буддавийлик кириб кела бошлади. Шу даврда  буддавийлик эътиқодига алоқадор иншоотлар асосий ўрин эгаллади. ғорлардаги Будда ибодатхоналари Кўҳна Термиздан, Қоратепадан ва Чингизтепадан топилган.

Буддавийликнинг Бақтрия давлатига кириб келиши Кушонлар империясининг давлати чегаралари жанубга томон кенгайиб боргани билан боғлиқдир. Хитой манбаларига кўра, Кушонлар империяси дастлаб ҳозирги Бекобод ва Хўжанд ўртасида барпо этилган. Бу давлат тезлик билан кенгайиб, милодий I аср охирларида (ташкил бўлгандан кейин тахминан эллик йиллар ўтгач), Ҳиндистонгача етиб борди. Шубҳасиз, ана шу тарихий даврда Ҳиндистон билан Кушонлар империясининг маданий алоқалари ривожланди. Ана шу маданий муносабатларнинг маҳсули сифатида буддавийлик кириб келди. Буддавийлик Ўрта Осиёда шунчалик мустаҳкам ўрнашдики, қадимги Ватанимизда кўплаб Будда будда ибодатхоналари барпо бўлди. Ёзма манбаларнинг хабар беришича, шу даврда эфталитлар пойтахти Бадахшонда сирти олтин билан қопланган Будда ҳайкали қўйилган ибодахоналар кўп қурилди. VII асрда Хитой сайёҳи Сюань - Цзян Термизда кўплаб Будда ибодатхоналарини, Будда ҳайкалчаларини кўрганини ёзади. Самарқандда ҳам бундай ибодатхоналар кўп бўлган эди.

Кўҳна Термиздан Будданинг ва бўлғуси Будда - Бўдисатванинг тошдан ясалган ҳайкалчалари топилган. Бу ҳайкалчаларнинг диққатга сазовор томони – юнон-бохтарий санъати услуби анъаналарини давом эттирганидир. 

Буддавийликни тарғиб қилиш, омма орасида ёйишнинг муҳим усулларидан бири сифатида ёзма матнлар, ривоятлар, афсоналар, шеърлар ҳам яратилди, санскрит тилидан қадимги туркий тилга асарлар таржима қилинди. Буддавийликни тарғиб қилишда бу усул амалий ва тасвирий санъат орқали ифодаланган ғояларни тўлдирди. “Олтин ёруқ” достони (IХ аср) шулардан биридир. Бу асарнинг асл матни санскрит тилида бўлиб, милодий I асрда - Кушонлар империяси даврида яратилган. Достонда илгари сурилган асосий ғоя – буддавийликдаги махаяна мазҳабини илгари суриш ва ёйиш бўлган. 

Буддавийликнинг учта мазҳаби мавжуд: хинаяна, махаяна, важряна. Булардан махяна мазҳаби Жанубий Ўзбекистонга Кушон империяси ҳукмдори Канишка даврида расмий диний оқим сифатида кириб келди. Махяна мазҳабининг моҳияти шундан иборатки, унда нажот топиш ғояси асосий ўрин эгаллайди, Будда ҳолатига етишиш имконияти жамики жонзотларга берилади. Махаяна мазҳабида асосий ўринни Бўдисатва тимсоли эгаллайди. Бўдисатва фақат ўзи нажот топиб қолмайди, балки жамики сансара (“турли ҳолатлар орқали ўтиш”) ҳолатларидан нажот топиши керак бўлади.

 “Олтин ёруқ”даги икки афсона – “Шаҳзода ва Барс” билан “Ку Тай” ҳақидаги афсоналарни кузатар эканмиз , одамзоднинг вужуди, хулқи, ким бўлишидан қатъий назар, эзгуликдан иборат бўлмоғи, вужуд кимгадир ёки нимагадир яхшилик учун хизмат қилмоғи лозим деган ғоя бор. Аксинча, одамларга хизмат қилмайдиган одам тирик жасад, чирик бир нарса билан баробар. Мағастви - Бўдисатва, айни махаяна мазҳабидаги жонзотларнинг нажот топиши учун курашиб, ўз танасини оч она йўлбарсга қурбон қилди. Аслида махаяна таълимоти Будданинг нажоткорлик ақидасини ифода этади. Будданинг асосий ғояси инсонларни ва хайвонларни қутқаришга мўлжалланган. “Океан суви битта таъмга-шўр таъмга эга бўлганидек, менинг таълимотим ҳам бир йўсинга - қутқаришга мўлжалланган, - дейди Будда. Одамзод бажариши керак бўлган энг муҳим вазифа – атроф-муҳитни нафс асирлигидан, гунохлардан қутқаришга эришишдир. Қўрқувнинг йўқолиши одамзодни озод қилади. У озод бўлгандагина  ўз озодлигини билади, қайта тирилишдан қутулганлигини тушунади, муқаддасликка тўлиқ эришилган ва бурчи бажарилган бўлади, одам бу дунёга қайтиб келмайди”. Фақат жасад қайтиб келмайди, борди–ю, қайтиб келадиган бўлса, қулликдан қутула олмайди. Умуман, буддавийликнинг асосий мақсади фақат одамзоднинг озод бўлишига йўл-йўриқ кўрсатишдангина иборат бўлмай, балки бутун жонли мавжудотларни қутқаришга мўлжалланган. Иродага эга бўла олиш ва иродани бирдан-бир мақсадга бўйсундира олиш буддавийликнинг идеалидир.

“Авесто”даври  маданияти. “Авесто“ Ўрта Осиё тарихидагина эмас, балки дунё маданияти тарихида муҳим воқеадир. “Авесто“ тўғрисида сўз кетганда, албатта, Зардушт шахси ва у яратган таълимот тўғрисида сўз кетади. Зардуштгача ҳам Авесто таълимоти бор эди. Лекин Зардуштнинг сайъ-харакати билан “Авесто” қудратли таълимотга айланади. 

“Авесто” Зардушт номи билан боғланар экан, бу ноёб асар бир даврнинг маҳсули эмаслигини ҳам таъкидламоқ даркор. “Авесто” бир неча асрлар давомида шаклланиб, яхлит асар ҳолига келган. Бу жараён дунё маданияти тарихида синовлардан ўтган тажриба бўлиб, “Авесто” ана шу тажрибанинг илк маҳсулларидан биридир. Шарқда бу жараённинг ноёб намуналари кузатилади. Қадимги Хитойдаги фалсафий рисолалар, Библия ҳам шаклланганда, ана шу йўлни - асрлар йўлини босиб ўтган. Айни пайтда бу жараён “Авесто”нинг асрлар оша маълум ва  машҳур бўлганини яна бир бор тасдиқлайди.  

“Авесто”нинг маълум ва машҳурлиги Берунийнинг “Ўтмиш асрлардан қолган ёдгорликлар“ (ХI аср), Табарийнинг “Тарихи Табарий” (Х аср) каби асарларида ҳам баён қилинган. Берунийнинг ёзишича, “Авесто”нинг қўлёзмаси ўн икки минг молнинг терисига олтин ҳарфлар билан ёзилган экан. Искандар Эронга бостириб келгач, бу асарнинг Эрон подшолари хазинасида сақланаётган энг нодир нусхаларини олиб, тиб ва астрономияга оид қисмларини хаттотларга кўчиртириб, қолган қисмини катта гулхан ёқиб, ёндириб юборган. Кўчиртирган қисмларини юнон тилига таржима қилдирган. Сосонийлар сулоласининг илк ҳукмдори Ардашер Бобак Хирбадан номли донишмандга “”Авесто”ни қайта тиклаш вазифасини топширади. Хирбадан бир қанча зардшутийликка эътиқод қилувчи уламолар билан бирга асарни қайта ёзиб олиб, қайтадан тартиб беради. Шопур II даврида Озарбод Мехросин “Авесто”нинг пароканда қисмларини тўплаб, асардаги кўплаб номлар, атамаларни шарҳлаб, “Занд Авесто” номли китоб яратади. “Занд Авесто”ни бу улкан асарнинг шарҳи деб айтиш мумкин. 

“Авесто”нинг энг қадимий қатлами  Гоҳларни Зардуштнинг ўзи ёзган, деб айтилади. Гоҳлар (оврупоча - гатлар) - диний қасида, муножот демакдир. Асарнинг энг қадимий қатламига кўра шундай хулоса чиқариш мумкинки, зардуштийлик уруғчилик жамиятида - ҳукмрон табақа пайдо бўлган даврда шакллана бошлаган. Жамиятнинг кейинги босқичларида яна ҳам ривож топди. Айниқса, Сосонийлар (мил. III–VI асрлар) сулоласи даврида янгича кўринишда пайдо бўлди. Лекин қандай бўлмасин, Зардуштнинг таълимоти ўз моҳиятини сақлаб, янада мукаммаллашди. Яна шуни таъкидлаш керакки, “Авесто”нинг энг қадимий қатлами Гоҳлар ва Яштлар нотиқлик санъати босқичининг илк даврида юзага келган. Нотиқлик санъати, айниқса, ғоявий курашлар маҳсули сифатида юқори чўққига кўтарилганини эътироф этсак, Зардушт ўз давридаги коҳинлар ҳаракатига ва эски культларга қарши чиққани, шу асосда ўз таълимотини яратгани янада ойдинлашади. Зотан, ғоявий кураш жамиятдаги икки қарама–қарши кучлар ўртасидаги курашнинг натижаси сифатида юзага чиқади.

Зардуштийлик таълимоти. Зардушт шахси тўғрисида турли қарашлар мавжуд. Баъзи овруполик олимларнинг айтишларича, Зардушт ўз даврида таъқибга учраган. Лекин у буюк пайғамбар, инсоният нажоткори деб эътироф этилган. Милоддан олдинги VII–VI асрлардаги сиёсий вазиятда Зардуштнинг муҳим рол ўйнаган фаолияти уни нажоткор сифатида талқин қилишга сабаб бўлган. Коҳинлар халққа қарашли яйловларни тортиб олиб, халқ жамоа бўлиб сиғинадиган ибодатхоналарни вайрон қилиб, ўзларининг сиёсатини юргизар эдилар. Бунинг устига эски культларга сиғиниш оқибати ҳам коҳинлар ва зодагонларнинг манфаати учун мос эди. Мана шундай таранг вазиятда Зардушт кенг омманинг манфаатларини ҳимоя қилиб, ўтроқ чорвадор қабилаларнинг вакили сифатида майдонга чиқди ва пайғамбар деб эътироф этилди.

Сосонийлардан беш - олти аср аввал ўтган Ахмонийлар даврига оид матнларда, гарчи Зардуштнинг номи эсланмаса–да, унинг ғоялари, жумладан, Хурмуздни шарафлаш ғояси бош ўрин тутади. Аксарият манбаларда Зардушт милоддан олдинги ХIII - VII асрлар оралиғида яшаган деб эътироф этилади. Зардушт таъқибга учрагани учун ҳам, онгли равишда унутилган бўлиши мумкин. Янгилик ва янги ғояларнинг тақдири ҳар доим ҳам осон кечавермаган.

Хўш, Зардушт яратган таълимот нимадан иборат? У қандай шакл ва мазмундаги таълимот эди? Унинг таълимоти - эзгулик ёвузлик, нур ва зулмат руҳий кучлари ўртасидаги курашдан иборат эди. Зардуштийлик жамиятдаги мутаносибликни бузадиган номутаносибликка қарши кураш эди. Зардуштийлик таълимоти дастлаб яратилган пайтда диний эмас, балки ижтимоий–сиёсий қарашларнинг маажмуи сифатида юзага келган. Зардушт ўз таълимотини яратган пайтда эзгулик ва ёвузликни ижтимоий муаммо сифатидагина илгари суриб қолмади, балки ахлоқий қарашларини фазо билан, хусусан, оламнинг яратилиши ва тузилиши билан боғлади. Оқибатда бу қараш аста–секин илоҳий тус олди. Унинг таълимоти фақат даврлар синовидан ўтиш билан бирга, жуғрофий жиҳатдан ҳам кенгая борди. Бизнинг заминимиздан тортиб Мидия, Форс, Арманистон, Кичик Осиё, Ҳиндистон (хусусан, Панжоб) каби қатор мамлакатларга ёйилди. Барча диний оқимларнинг вазифаси маълум бир ҳудудда маданий ва маънавий юксалишни юзага келтирганидай, зардуштийлик ҳам бу мамлакатларда маданият ўчоқларини барпо қилди.

Зардушт шахси асрлар оша шунчалик машҳур бўлганки, у афсонавий қаҳрамон каби донг таратган. Милоддан олдинги I асрда яшаган Рим тарихчиси Помпей Трог  “Филиппин тарихи” асарида Зардуштни Бақтрия подшоҳи деб ёзган. 

Зардушт Хўрмузддан муҳим қонун сўрар экан: “Ер юзида энг яхши жой қаерда?” дейди. Хўрмузднинг Зардуштга берган жавоби шу бўлди: “Қаерда солиҳ - Хўрмузднинг мухлиси ерга яхши ишлов берса, чорва туёқларини кўпайтирса, яхши жой ўша ердир.” Зотан, меҳнатнинг бу турлари инсоннинг фаровон яшаши учун кафолат. Айни пайтда Хўрмузднинг бу жавобидан агротехника қоидаларининг илк илдизлари тўғрисида хабардор бўламиз. Дарвоқе, Зардушт Хўрмузддан қонун сўраган эди, Хўрмузд қонуннинг ижроси сифатида меҳнатни берди. Гарчи қонун тушунчаси бугунги кунда ўз мазмуни ва моҳиятини ўзгартирган бўлса–да, “Авесто” қонуни ва ҳозирги қонун тушунчалари ўртасида фаолият жиҳатидан уйғунликни кўрамиз. Ҳамма даврда ҳам қонун инсон манфаатларига хизмат қилиб, инсониятни эзгуликка даъват қилишини, ёвузликнинг ҳар қандай кўринишига зарба беришини халқлар умид қилганига эътиборга олсак, Зардуштнинг саволига Хўрмузднинг берган жавоби ҳам ўз даврида муҳим қонун эканига амин бўламиз. Хўрмузднинг қуйидаги жавоби бу фикрларни яна бир бор тасдиқлайди: “Кимки чап қўли ва ўнг қўли билан, ўнг қўли ва чап қўли билан ерга ишлов берса, фойда келитиради. Шунда ер солиҳга айтади: “Эй инсон! Сен менга чап қўлинг ва ўнг қўлинг билан, ўнг қўлинг ва чап қўлинг билан ишлов беряпсан. Дарҳақиқат, мен толиқмасдан туғаман. Ҳар турли егуликни, мўл ҳосилни етиштираман.” Кимки чап қўли ва ўнг қўли билан, ўнг қўли ва чап қўли билан ерга ишлов бермаса, унга ер айтади: “Эй инсон! Сен менга ишлов бермаяпсан, сен шубҳасиз тиланчилар орасида бўласан, бегона эшиклар олдида мунғайиб турасан.” Узоқ вақт ишлов берилмасдан, экувсиз қолиб кетган ер - турмушга чиқолмай, бефарзанд ўтган қариқиз билан баравардир, деган ҳикматли фикр «Авесто» замонидан бизгача етиб келган. Бу эса турли даврлар маданиятнинг ворисийлигини ва узлуксизлигини кўрсатди.


 

МАРКАЗИЙ ОСИЁ ХАЛҚЛАРИНИНГ ҚАДИМГИ

МАРКАЗИЙ ОСИЁ ХАЛҚЛАРИНИНГ ҚАДИМГИ

Далварзин тепадаги Чағониён шаҳри ҳам меъморчилик жиҳатдан деярли кўҳна

Далварзин тепадаги Чағониён шаҳри ҳам меъморчилик жиҳатдан деярли кўҳна

Анов маданиятига қадимги халдей ва юнон маданиятининг таъсири, деб қаровчилар ҳам бор

Анов маданиятига қадимги халдей ва юнон маданиятининг таъсири, деб қаровчилар ҳам бор

Ана шу маданий муносабатларнинг маҳсули сифатида буддавийлик кириб келди

Ана шу маданий муносабатларнинг маҳсули сифатида буддавийлик кириб келди

Айни пайтда бу жараён “Авесто”нинг асрлар оша маълум ва машҳур бўлганини яна бир бор тасдиқлайди

Айни пайтда бу жараён “Авесто”нинг асрлар оша маълум ва машҳур бўлганини яна бир бор тасдиқлайди

Унинг таълимоти фақат даврлар синовидан ўтиш билан бирга, жуғрофий жиҳатдан ҳам кенгая борди

Унинг таълимоти фақат даврлар синовидан ўтиш билан бирга, жуғрофий жиҳатдан ҳам кенгая борди
Материалы на данной страницы взяты из открытых истончиков либо размещены пользователем в соответствии с договором-офертой сайта. Вы можете сообщить о нарушении.
20.02.2021