АНДРАГОГИКА: КАТТА ЁШДАГИЛАР ТАЪЛИМИ ПРИНЦИПЛАРИ
Баҳрамова М.Р.
БухДУ педагогика мутахассислиги 1-курс магистри
Аннотация: мазкур мақолада катта ёшдагилар таълимининг ўзига хослиги, асосий хусусиятлари ва принциплари моҳияти ёритилган.
Калит сўзлар: андрогогика, ёш даври, таълим, шахс, принцип, ўзига хослик, ривожланиш, мустақил фаолият.
Аннотация: В данной статье показывается своеобразие и особенности принципов обучения взрослых.
Ключевые слова: андрогогика, образование, личность, принцип, своеобразие, развитие, самостоятельная работа.
Resume: Th is article shows the originality and features of the principles of adult education.
Keywords: androgogy, education, personality, principle, originality, development, independent work
Андрогогика принципларига асосан таълим олаётган катта ёшдаги кишилар таълим жараёнида етакчи сифатида намоён бўлади. Шахс сифатида шаклланган катта ёшдагилар ўз олдига аниқ мақсад қўйган ҳолда мустақил равишда ўз иқтидори, мустақиллиги ва ўз-ўзини бошқариш фаолиятини намоён қилишга ҳаракат қилади. Андрагогика қадимги таълим формуласи: “non scholae, sedvitae discimus — мактаб учун эмас, ҳаёт учун ўқиймиз” га амал қилади.
Инсоният ривожланиши ва тараққиётини белгиловчи таълим-тарбия жараёнининг мустақил соҳа сифатида юзага келиши унинг узлуксиз ва жамият қонуниятларига мослашувчанлигини талаб қилган. Шу нуқтаи назардан катталар таълими уларнинг физиологик, ижтимоий-психологик ҳамда индивидуал хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши лозим.
Андрагогика (юнонча aner, andros — катта ёшдаги, вояга етган эркак, + ago — етаклайман): педагогика фанининг мустақил соҳаси сифатида катта ёшдаги кишиларнинг бутун ҳаёти давомида таълим-тарбияси ҳамда уларни ўқитиш муаммоларини ўрганади. Кенг маънода андрогогикани инсоннинг бутун ҳаёти давомида шахс сифатида ўзлигини намоён қила олиш фани сифатида эътироф этиш мумкин.
Бизга маълумки, инсонларнинг аксарияти ўз иқтидори ва шахсий хусусиятларини ёшлик чоғидан бошлаб намоён қила бошлайди. Аммо кўпчилик инсонлар ҳаёти давомида эгалланган тажрибасига суянган ҳолда, аста-секинлик билан билим, кўникма ва малакаларга эга бўладилар.Андрогогика инсон шахсияти қирраларини намоён қилиш билан биргаликда уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишга кўмаклашади.
Фанга биринча марта андрогогика атамасини 1833 йилда уйғониш даври мутафаккири немис тарихчиси А.Кап киритган. 1970 йилда М.Ш.Ноулс андрогогика бўйича фундаментал “Катталар таълимининг замонавий амалиёти. Андрогогика педагогикага қарши” асарини ёзди. Бу асарда у андрогогика фанининг асосий қоидалари ва мазмунини ифодалаб берди. Бу қоидалар қуйидаги мазмунда талқин этилди:
- Таълим жараёнида етакчилик хусусияти таълим берувчига эмас, балки таҳсил олаётган катта ёшдаги кишиларга тегишлидир;
- У шаклланган шахс сифатида ўз олдига аниқ мақсад қўйган ҳолда мустақиллик ҳамда ўз-ўзини намоён қилишга интилади;
- Катта ёшдаги кишилар касбий ҳамда бой ҳаётий тажрибага эга бўлган ҳолда, таълим жараёнида фойдаланиладиган билим, кўникма ва малакларга эга бўлади.
- Катталар таълим жараёнида эгаллаган билимларини тез вақт ичида қўллаш имкониятларини излайди;
- катталар таълимида ўқитиш жараёни вақтинчалик, касбий, ижтимоий факторлар асосида ташкил этилади;
Таҳсил берувчининг асосий функцияси таълим олувчиларнинг олдиндан эгалланган тажрибасини тизимлаштириш, шакллантириш ва рўёбга чиқариш, коррекциялаш ҳамда тўлдиришдан иборатдир. Бу ҳолатда таълим методларини қўллаш кетма-кетлиги ва тизимида ўзгариш юз беради.
Анъанавий маърузалар ўрнига амалий, асосан тажриба-синов шаклидаги, баҳс-мунозара, ишчан ўйинлар, кейслар, муаммоли вазиятлар ечимига қаратилган машғулотлар етакчи ўринни эгаллайди. Шунингдек, турли фан соҳаларини ўзаро боғлайдиган, интеграция асосидаги маълумотларни етказиш йўналишида назарий билимлар берилади.
Ўз навбатида шуни таъкидлаш лозимки, катта ёшдаги кишиларда ҳис қилиш, хотирада сақлаш ва тафаккур қилиш жараёнлари ёшларникига қараганда секин кечади. Шу сабабли ўқитиш методологияси, методлари, усулларини йўналтирилган ҳолда, эслаш қобилиятини шакллантириш ва такомиллаштириш биринчи ўринга чиқади.
Замонавий фан андрогогиканинг қуйидаги асосий принципларини фарқлайди.
1. Мустақил таълимнинг етакчилик принципи. Бу принципни амалий жиҳатдан қўллаш учун дастлабки тайёргарлик кўриш талаб этилади. Бу тайёргарлик дастурлар тузиш, ўқув материалларини танлаш ва кўпайтириш, ўргатувчи дастурларни тайёрлашда намоён бўлади. Бу принцип катта ёшдаги кишилар учун ўқув материали билан бамайлихотир танишиш, атамалар, тушунчалар моҳиятини англаш, жараёнлар ва технологиялар мазмунини тушуниш ва уларни қўллаш имкониятини беради. Принципни қўллашда замонавий масофавий таълим кўмаклашади.
2. Таълим олувчининг гуруҳдошлари ва ўқитувчи билан таълим жараёнини ташкил этишдаги ҳамкорлик принципи.
3. Ижобий ҳаётий тажрибани қўллаш принципи.Ўрганувчи томониданамалий билимлар, ҳосил қилинган кўникма ва малакаларни қўллаш имкониятини беради. Бу принцип ўқитишнинг ижодий ишни рағбатлантирувчи фаол методларига асосланади. Иккинчи томондан индивидуал иш яъни реферат типидаги ишларни ёзиш, кейслар ва турли схемалар ҳамда жадваллар тузишга эътибор қаратилиши лозим. Индивидуал иш ўқитувчи ва ўрганувчи ўртасидаги ахборот ва билимларни бир-бирига етказиш шаклида намоён бўлади.
4. Янги билимларни эгаллашга тўсқинлик қилувчи эскирган тажрибани янгилаш принципи. Масалан юқори малакали мутахассис янги келажаги бор мутахассисларни “ўсиш”га қўймаслиги ҳолатлари кузатилади. Бундай ҳолларда улар билан ишонтиришга асосланган самимий суҳбатлар ўтказиш лозим.
5. Ўқитишнинг элективликпринципи.Бу таҳсил олувчига мақсад, мазмун, шакл ва воситалар, манбалар, ўқиш вақти, жойи ва таълим натижаларини баҳолаш имкониятини бериш маъносини билдиради.
6. Рефлективлик принципи. Бу принцип таҳсил олувчининг онгли равишда мотивация асосида таълим олиши ғоясини асослайди.
7. Ўқитишнинг тизимлилик принципи. Ўқитиш мақсади ва мазмунининг шакл, усул ва воситаларига мослигини англатади.
8. Таҳсил олувчини ривожлантириш принципи. Ўқитиш шахснинг такомиллашуви ва амалий фаолиятида янги чўққиларни забт этишига қаратилиши лозим.
Андрогогика самарали мақсадига эришиши учун катта ёшдаги кишиларни турли ёш даврлари 25 ёшгача, 25 ёшдан 45 ёшгача , 45 ёшдан катталарга бўлиш тавсия этилади.
Биринчи категория иккита гуруҳга бўлиниб, булар касбий маълумотга эга ва эга бўлмаганлар ҳисобланади. Шу сабабли биринчи гуруҳдагиларнинг касбий фаолиятга киришиб кетишлари учун таълим олишларига имконият яратиш талаб қилинади. Иккинчи гуруҳдагилар учун касбий маҳоратини такомиллаштириш талаб этилади.
Иккинчи категория вакиллари иш тажрибаси ва касбий маълумотга эга бўлиб, улар учун касбий етуклик ва ўз имконият даражаларини такомиллаштириш зарур ҳисобланади.
Учинчи категория вакиллари бой ҳаётий ҳамда иш тажрибасига эга бўлишлари билан бир қаторда ривожланиб бораётган замонавий шароитда ўз билимларини янада такомиллаштириш учун доимий янги ахборотларга эга бўлишлари талаб қилинади.
Учалла категория учун ҳам аниқ мақсадлар қўйилиши ўқитиш методлари, шаклларини танлаш ва ўзаро фаолиятни самарали йўлга қўйиш талаб қилинади.
Фойдаланилган адабиётлар руйхати
1. Основы андрагогики. Под ред. Колесниковой И. А.— М.: «Академия», 2003. — С. 5. — 240 с
2. Кукуев А.И. Андрагогический подход в педагогике. — Ростов-на-Дону.: ИПО ПИ ЮФУ, 2009. — С. 11. — 328 с.
3. Jost Reischmann: Andragogy. History, Meaning, Context, Function. Download at http://www.andragogy.net. Version Sept. 9, 2004.
Скачано с www.znanio.ru
© ООО «Знанио»
С вами с 2009 года.