РОССИЯ ИМПЕРИЯСИНИНГ ТУРКИСТОНДАГИ АГРАР СИЁСАТИНИНГ МОҲИЯТИ ВА АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ
Исакова Ф.Р.
Андижон давлат университети, Ўзбекистон
Аннотация. Ўрта Осиё иқтисодиётида қишлоқ хўжалиги етакчи ўрин тутган. Россия империяси аграр Туркистон ўлкасида сув ва ердан фойдаланишни тўлиқ назорат қилишдан, шунингдек, қишлоқ хўжалигидан олинадиган солиқларни ўз вақтида тўлашни кўпайтиришдан ниҳоятда манфаатдор эди. Ер эгалиги ва ердан фойдаланиш тизимига эътибор қаратилди. Aграр масалага нафақат иқтисодий, балки сиёсий жиҳатдан ҳам устувор вазифа сифатида қаралди. Ерлар маҳаллий аҳолини озиқ-овқат билан таъминлашнинг асосий манбаи эканлигини ҳисобга олиб, ерга эгалик қилиш тартибини назорат қилиш учун чор ҳукумати аҳолига ўз таъсирини ўрнатиши жуда муҳим эди.
Аннотация. В экономике Средней Азии сельское хозяйство играло ведущую роль. Российская империя была крайне заинтересована в полном контроле за водо и землепользованием в аграрном Туркестанском крае, а также в увеличении своевременной выплаты налогов с аграрного сектора. Внимание было обращено на систему землевладения и землепользования. Аграрный вопрос считался приоритетным не только в экономическом, но и в политическом плане. Очень важно было царскому правительству установить свое влияние над населением, в целях надзора за порядком землевладения, учитывая то, что земли являлись основным источником пропитания местного населения.
Annotation. Agriculture played a leading role in the economy of Central Asia. The Russian Empire was extremely interested in full control over water and land use in the agrarian Turkestan region, as well as in increasing the timely payment of taxes from the agricultural sector. Attention was drawn to the system of land tenure and land use. The agrarian issue was considered a priority not only in economic but also in political terms. It was very important for the tsarist government to establish its influence over the population, in order to oversee the order of land ownership, given that the lands were the main source of food for the local population.
Калит сўзлар. Мустамлакачилик, ҳукумат, озиқ-овқат, саноат, империя, сиёсат, шаҳар, маҳаллий, пахта, суғориш, ер, мулк, амлок, мулки-хур, мулки-ушр, мулки-харош, вақф, танҳо, техника, чорикор, мардикор, ипак, тери, жун, мева-сабзавот, тола.
Ключевые слова. Колониализм, правительство, еда, промышленность, империя, политика, город, местный, хлопок, ирригация, земля, имущество, амлак, мулки-хур, мулки-ушр, мулки-харош, вакф, танҳо, техника, чайрикер, мардикар, шелк, кожа, шерсть, фрукты, овощи, волокна.
Keywords. Colonialism, government, food, industry, empire, politics, city, local, cotton, irrigation, land, property, amlak, mulki-khur, mulki-ushr, mulki-kharosh, waqf, tanho, technique, chairiker, mardikar, silk, leather, wool, fruits, vegetables, fibres.
Туркистонда мустамлакачилик ҳукмронлигини ўрнатган Рус империяси ҳукуматнинг минтақа қишлоқ хўжалигининг имкониятлари ва салоҳиятини ҳукуматнинг енгил, озиқ-овқат ва бошқа саноат соҳаларининг пахта толаси, ипак, тери, жун, мева-сабзавот каби маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадига йўналтиришга ҳаракат қилди.
Мустамлака бошқарув идоралари маҳаллий аҳоли қуйи табақаларининг янги ҳокимият сиёсати, ер-сув муносабатларининг ўзгартирилиши, водийга русийзабон аҳолининг кўчирилиши, жорий этилиши режалаштирилган солиқ ва тўловларга қаршилигини синдириш ниятида маҳаллий йирик ер эгалари, бой савдогарлар, қозилар ва мусулмон пешволарни ўз томонига жалб эта бошлади. Шу мақсадда айнан улар орасидан волост бошқарувчилари, қозилар, қишлоқ оқсоқоллари, ҳарбийлар, рус-тузем мактаблари ўқитувчилари тайинланар эди.
Айни вақтда Россия империясининг аграр сиёсати негизида минтақада жойлаштирилган рус қўшинлари, мустамлакачилик бошқарув идораларини молиявийлаштириш ҳамда кўчириб келтирилаётган аҳолини моддий қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ харажатларни туб аҳолидан ундириладиган солиқлар, тўловлар билан қоплаш мақсади ётган эди. Бу ҳолат охир-оқибат нафақат қишлоқ ва овулларда, балки шаҳарлар ҳудудида ҳам маҳаллий аҳолининг моддий аҳволини оғирлаштирган омиллардан бири бўлган, ҳамда бошқа салбий оқибатларни ҳам келтириб чиқарган эди.
Шуни ўринда қайд этиш зарурки, Туркистон, шу жумладан, Фарғона водийсида ер-сув муносабатлари азалдан ривожланган бўлиб, XIX асрнинг биринчи ярмидаёқ бу ерда бевосита қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослаштирилган пахта тозалаш, ёғ-мой, кўнчилик заводлари, ипак, чит ва бошқа турли газламаларни ишлаб чиқарувчи корхоналар мавжуд эди. Масалан, Фарғона вилоятининг Андижон уездида аҳоли зичлиги юқори даражада бўлиб, бир оилага 2 десятина[1] ер, ҳар кв. верстга 250 киши тўғри келган. Закаспий вилоятининг Манғишлоқ уездида эса бир кв. верстга[2] 0,3 киши тўғри келган. Тадқиқотчилар ушбу маълумотларни қиёслаш асосида Фарғона вилоятининг ишлаб чиқаришдаги салоҳияти юқори эканлигини алоҳида таъкидлаганлар[3]. Мавжуд заводлар ва турли корхона эгаларининг аксарияти маҳаллий бўлмаган миллатларга мансуб бўлиб, улар катта ҳажмдаги экин майдонларига ҳам эга бўлган.
Россия империяси ўлкадаги аграр сиёсатининг асосий йўналишларини ишлаб чиқар экан, бош вазифа сифатида Фарғона водийсида ер-сув муносабатларини мустамлакачилик манфаатлари йўлида ўзгартиришни режалаштирилган[4]. Мустамлакачиликнинг туб моҳиятини давлат мулкари ва зироатчилик шундай ифодалаганди: “Бу марказий масалада уч уриниш мавжуд. Агар биринчисида ярқираб турган ёзув “пахта” бўлса, иккинчисида “суғориш” ва ниҳоят, учинчисида унча кўзга ташланиб турмаган бўлса ҳам, аслида ҳаммасидан муҳими – “русларни кўчириб келтириб, ўрнаштириш” ёзуви турибди”[5]. Демак, мустамлака сиёсатининг асосий йўналишлари аниқ тарзда “пахта”, “суғориш”, “русларни кўчириб келтириш” каби уч сўзда аниқ ифодаланган.
Илгари ўлкада ер мулкчилигининг учта шакли, яъни амлок (давлат, аниқроғи, хон), хусусий мулкчилик (мулки-хур, мулки-ушр, мулки-харош), вақф (масжид, мадраса, бошқа диний муассасаларнинг мулки) мавжуд бўлган. Амлок мулкчилигидаги ерлар танҳо қилиниши амалиёти натижасида зодагонлар, дин пешволари, лашкарбошилар, амалдорларга инъом қилинган ва аста-секин хусусий мулк мақомига ўтган. Фақат вақф ерлари сотилмас ва гаровга берилмас эди. Туркистоннинг бошқа вилоятларига қараганда Фарғона вилоятида вақф ерларнинг салмоғи 6-7 фоизга кўпроқ эди[6].
Фарғона водийсида деҳқончилик ерларининг аксарияти суғориладиган бўлгани сабабли турли сув иншоотларининг қурилиши, таъмирланиши ва улардан фойдаланиш жамоат иштирокида амалга оширилган. Лекин, қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришида оғир қўл меҳнати катта ўрин тутган, замонавий техника, асбоб-ускуналар деярли йўқ эди. Шунингдек, чорикорлар ва мардикорларнинг ер эгалари билан муносабатлари ҳамма вақт ҳам адолатли бўлмаган.
Айни шароитларда ер-сув муносабатлари Россия империяси саноати эҳтиёжларига ва кўчириб келтирилаётган аҳолини имтиёзли жойлаштиришга мослаштирилди. Биринчи навбатда, йирик ер эгаларининг ижтимоий ва сиёсий мавқеини пасайтириш мақсадида ҳамда мустамлакачилик режаларини амалга оширишни кўзлаб, ерлар давлат мулкига айлантирилди. Генерал-губернатор К.П. фон Кауфман қайд этганидек, катта вақф ерларида истиқомат этган деҳқон аҳолиси ўлпон қоидасига бўйсундирилди[7]. 1880 йилда “Ижтимоий ўлпон ва ер тузилиши тўғрисида” тўплам чиқарилди[8]. Кейинроқ, 1880-1890 йилларда, Россия империясининг мустамлакачи идоралари вақф мулкларини “тартибга солиш”, қайта рўйхатдан ўтказиш баҳонаси билан Фарғона водийси ва бутун Туркистонда жуда кўп вақфларни ноқонуний деб топди, шундай ерлар, иморатлар мустамлака маъмурияти ихтиёрига ўтди. Ушбу ерлар ижарачи деҳқонларга берилган ва давлат улардан ер солиғи олган. Бироқ, суғориладиган деҳқончиликни кўчириб келтирилган деҳқонлар ҳам, бошқарув хизматчилари ҳам мутлақо билмаганлар. Шундай бўлса-да, маҳаллий қишлоқ аҳолисига тегишли суғориладиган ерлар ва яйловлар тортиб олиниб, кўчириб келтирилган деҳқонлар ва казакларга бериш ишлари авж олиб борди.
Маҳаллий аҳоли орасидаги йирик ва ўрта ер эгаларидан маъмурий йўллар билан тортиб олинган ерлар маҳаллий деҳқонларга ижара сифатида уезд бошлиқлари, волост бошқарувчилари билан келишилган ҳолда берилган. Шунингдек, маҳаллий аҳоли тасарруфидаги ерларга махсус солиқлар жорий этилди. Шу билан бирга, империянинг бошқа ҳудудларидан келган аҳолининг аксарияти қишлоқ ҳудудларига жойлаштирилиши оқибатида унумдор ерлар танқис бўлиб борди. Бундай омиллар Фарғона вилояти ташкил этилган дастлабки йиллардаёқ ер-сув муносабатларининг мураккаблашуви олиб келди ва маҳаллий аҳолининг кучли норозилигига сабаб бўлди[9].
1876 йил 10 октябрда Андижон уезди аҳолисининг бир гуруҳ эътиборли вакиллари Туркистон генерал-губернаторига шикоят мактубини йўллаган. Унда, янги ҳукумат вакиллари маҳаллий аҳолига қўпол, ҳақоратли муносабатда бўлаётганлиги, мулкий ҳуқуқларни ва ислом шариатини ҳурмат қилмаётгани ҳақида ёзилди[10]. Табиийки, бундай муносабат Қўқон ва Марғилон уездларидаги маҳаллий аҳолининг ғазабига сабаб бўлган. Қўқон уезди бошлиғи майор Батишчев 1877 йил 22 августда Фарғона вилояти ҳарбий губернаторига хат ёзиб, унда: “Марғилонга бораётганимда Қўқон уездига қарашли Бардон қишлоғининг аҳолиси 18 августда Оренбург қўшинига мансуб казакларнинг ҳарбий бўлинма (сотня)си қишлоқдан ўтаётиб, турли ғайриқонуний ҳатти-ҳаракатлар қилганлиги ҳақида арз этди. Казаклар мазкур қишлоқ, шунингдек, Қўқондан Марғилонгача бўлган бошқа қишлоқларда эркаклар дала ёки бозорда бўлганидан фойдаланиб, уйларга бостириб кирганлар ҳамда ҳар хил буюмлар, ҳовлилардаги ашёларни ташиб чиқиб, кўпгина қовун полизларини вайрон этганлар. Сизга зўрлик билан олинган буюмлар ва жабрланган уй эгаларининг рўйхатини юбормоқдаман”, – деган маълумотларни қайд этган[11]. Бу каби воқеалар кўплаб архив ҳужжатларида ўз аксини топган.
Мустамлакачи ҳокимият идоралари ер-сув муносабатларини ўзгартириш жараёнида маҳаллий деҳқонлар ва шаҳарларда яшовчи ер эгаларига зарар етказмасликни ваъда қилган бўлса-да, аслида ер ва сув иншоотларини давлат мулкига айлантиришга интилган. К.Кауфман тақдим этган 1873 йилги лойиҳада амлок ерларининг уларда меҳнат қилаётган деҳқонларга фойдаланишга (мулк сифатида эмас, ижара шартлари асосида) берилиши назарда тутилган, шу билан бирга, ариқ, канал, дарё ва кўлларнинг суви давлат мулки эканлиги қайд этилган. 1875 йилда қабул қилинган ва фақат Фарғона вилоятида қўлланилган “Ижтимоий ўлпон ва ер масалалари бўйича қоидалар тўплами”га кўра[12], ҳокимият идоралари нафақат хусусий мулк, балки вақфга тегишли ерларга ҳам эгалик қилиши белгиланган. Уларни турли йўллар билан камайтиришга ҳаракат қилинган, ҳатто вақф ерларидан келадиган даромадларни тақсимлаш (мактаблар, масжид ва мадрасаларга сарфлаш) масалаларини ҳал қилиш ҳуқуқи ҳам мустамлакачи маҳаллий маъмурият ихтиёрига берилган. Мазкур ҳужжатда сувдан фойдаланиш масаласида ҳам бошқарув идораларининг аралашишга ҳақли эканлиги ва ҳал қилувчи мавқеи кўрсатилган эди.
Ўтроқ аҳолига доимий ва ворислик асосида ерлардан фойдаланиш ҳуқуқининг белгиланиши, илгаридан мустаҳкамланиб келган анъана ва тартибларга очиқдан-очиқ зид бўлмаганлиги сабабли тез орада адолатсиз хусусий ер мулкчилиги шаклланди. Оқибатда, жуда кўп деҳқонлар амалда фойдаланган ерларидан маҳрум бўлдилар ёки унинг катта қисмидан айрилди.
Айни вақтда, Туркистонни бошқариш ҳақидаги Низомнинг 261-моддаси бўйича, маҳаллий аҳоли орасида ерни бир эгасидан бошқасига ўтказиш тартиби, мерос қолдириш ёки бўлиш масалалари ҳар бир жойда, ҳудудда риоя қилинаётган одатдаги шартлар асосида амалга оширилиши лозим эди. Шунга қарамай, қишлоқ хўжалик ерларининг майдони мустамлакачилик ўрнатилганидан кейинги йигирма йил орасида бир неча баробарга камайди. Туркистонни бошқариш ҳақидаги Низомга 1900 йилда киритилган қўшимчалар ва 1903 йил 10 июлда қабул қилинган европа миллатига мансуб аҳолини кўчиришга оид қонун, айниқса, 1910 йилги маҳаллий аҳолидан “ортиқча ерларни тортиб олиш тўғрисидаги қонун”[13] ўлкада ер-сув муносабатларининг ниҳоятда мураккаблашишига, деҳқонлар, умуман, маҳаллий аҳоли иқтисодий, ижтимоий аҳволининг оғирлашишига олиб келди. Шуни айтиб ўтиш зарурки, империя маҳаллий маъмурияти ер ва сувга мулкчилик масаласини тўлалигича ўз ихтиёрига олмаган бўлса-да, бу борада ўта қўпол ва малакасиз ёндашувлар билан аралашиб турганлигини тасдиқловчи мисоллар жуда кўп учрайди.
Россия империясининг саноат эҳтиёжларини қондириш мақсадида водийда америка пахта навини иқлимлаштириш ҳаракати авж олди. Америка пахта навлари 1879 йили илк марта Наманган уездининг Чуст қишлоғи яқинида[14], 1890 йили Андижон “Афғон боғи” дала тажриба участкасида[15] экиб кўрилди. 1880 йил Чуст уездида кўргазмали тажриба участкаси ташкил этилиб, унда Кинг, Триумф, Упланд, Руссель ва бошқа 20 дан зиёд америка пахта навлари синаб кўрилди. Синов натижаларига кўра, Упланд ва Кинг навлари маҳаллий шароитларга мос келиши аниқланди[16]. Тажриба участкасида экилган америка пахта навларидан олинган ҳосил маҳаллий пахта навидан кўра деярли икки баробар ортиқлигини кўрсатди. Маҳаллий пахта навлари (ғўза, қизил пачоқ, малла ғўза, сўзана) ички бозор, маҳаллий шароитларга мос бўлса-да, лекин ундан анча кам (ҳар десятинадан – 35-40 пуд[17]) ҳосил олинар, саноат ишлаб чиқариши талабларига мос келмас эди. Шу вақтдан бошлаб империя маҳаллий маъмурияти томонидан америка пахта навларини кенг тарғиб қилиш, унинг афзалликларини ташвиқот қилиш ишига катта эътибор берилди. Дастлаб бу ҳолат маҳаллий, хусусан водий қишлоқ аҳолиси томонидан илиқ қабул қилинмаган. Шунга қарамай, 1880-1884 йиллар оралиғида, яъни янги пахта нави оммалашмагунига қадар унинг уруғлари аҳоли орасида бепул тарқатиб турилди[18]. Бу пайтда пахта экилган бир десятина ердан олинадиган даромад 100-200 рубльга тенг бўлиб, бир десятина ерга экилган маккажўхоридан – 36, лалмикор буғдойдан – 21, суғориладиган буғдойдан – 41, бедадан – 80 рубль даромад олинган. Солиқлар эса ҳамма экинлар учун деярли бир хилда белгиланган, америка пахтаси учун олинадиган солиқлар ҳажми нисбатан камроқ эди.
Натижада, водийда америка пахта нави экиладиган майдонлар ҳажми кўпайди. 1885 йилда минг десятина ерга америка пахта нави экилган бўлса, 1887 йилда бу кўрсаткич 13 200 десятинани ташкил қилди[19]. Кейинчалик ҳам бу жараён жадаллик билан давом этди. 1888 йил водийда ҳаммаси бўлиб 14 100 десятина майдонга америка пахта нави экилган бўлса, 1911 йилга келиб бу кўрсаткич 244 705 десятинага етган, яъни 17,5 бараварга ортган. Аксинча, маҳаллий пахта нави экиладиган майдонлар ҳажми 1888 йилдагиги 19 661 десятинадан 1911 йилда 12 840 десятинага камайган. Иккала нав ҳам етиштириладиган пахта майдонлари ҳажми 257 545 десятинани ташкил этган[20].
Пахта майдонларининг кенгайтирилиши, қўриқ ерларни ўзлаштирилиши каби тадбирлар суғориш тармоқларини кенгайтиришни тақозо этар эди. Империянинг марказий қисмларидан ўлкага юборилган инженер, ирригатор, геологлар Сирдарё дарёси атрофларида янги каналлар қуриш соҳасида қидирув-текширув ишларини олиб борганлар. Хусусан, 1888 йил май ойида “Улуғнаҳр” канали Жилин бошчилигидаги геолог-ирригаторлар томонидан ўрганилиб, унинг имкониятлари кенгайтирилди. Канал реконструкция қилиниши натижасида 220 десятина ер, яъни аввалгидан уч баравар ортиқ ҳудудни суғориш имконияти юзага келди. XIX асрнинг охирларида илк марта моторлар ёрдамида сув чиқариш ва шу асосда қўриқ ерларни ўзлаштириш борасида аҳамиятга молик ишлар амалга оширилди. Натижада қатор янги посёлкалар пайдо бўлди. Жумладан, Туркистон ўлкасида 99 та посёлкалар мавжуд бўлиб, улардан 78 таси Фарғона вилоятида жойлашган эди[21].
XIX асрнинг охирига келиб, пахта етиштириш водий иқтисодиётининг муҳим бўғинига айланди. Жумладан, “бир миллион олти юз йигирма минг аҳолига эга бўлган Фарғона водийси муҳим мавқега эга. Бу ўлканинг иқлим шароити пахта, нодир мевалар ва узум етиштиришга мосдир. Айниқса, пахта катта аҳамиятга эга бўлиб, ҳар йили 25-40 миллион рубльгача даромад беради. Ҳосил яхши бўлган 1900 йилда беш миллион пуд пахта толаси олинди ва Россия империяси саноати эҳтиёжининг учдан бир қисми таъминланди”[22], – деган фикрларни қайд этган. Фарғона вилоятининг жами пахта хомашёси ўн йил ичида Сирдарё ва Каспийорти вилоятларига нисбатан 52 марта, Самарқанд вилоятига нисбатан 21 марта ўсди[23].
Фарғона вилоятида 1901 йилда жами экин майдонларининг 24 фоизини пахта майдонлари ташкил этган бўлса, 1903 йили бу 27 фоизга етган[24]. 1903 йилда пахта етиштириш бўйича олдинги ўринда Марғилон, кейинги ўринларда Андижон ва Қўқон уездлари турган. 1906 йилга келиб, пахтачилик вилоят аҳолисининг асосий машғулотига айланди. Пахтачиликнинг энг ривожланган даври 1915 йилга тўғри келган эди. Барча яроқли ерларга пахта экилиб, бошқа экинлар, хусусан буғдой майдонлари қисқариб кетди.
Мустамлакачилик тизими ўрнатилганидан кейинги илк даврлардаёқ янги ҳукумат қадимдан деҳқончилик маданияти юксак бўлган Фарғона водийси ҳудудидаги ер-сув муносабатларига фаол аралаша бошлаган. Маҳаллий аҳолининг етакчи қатлами бўлган шаҳар ва қишлоқ зодагонлари, бойлар ҳамда зиёлиларнинг нуфузи ва таъсирини пасайтириш, имкон қадар чеклашга қаратилган чоралар қўлланилиб, энг аввало уларнинг моддий имкониятларини камайтиришга ҳаракат қилинди. Бу борада вақф эгалари ҳам четда қолмади. Уларнинг нафақат ерлари, балки иморатларининг аксарияти турли баҳоналар билан мусодара қилинди. Умуман, деҳқончилик ва чорвачилик, Россиядан кўчиб келаётган аҳолини жойлаштириш учун яроқли ерлар, кўчманчи аҳоли фойдаланётган катта яйловлар ғазна (давлат) мулки деб эълон қилинди. Маҳаллий зодагонлар, йирик бойлар ва уламоларнинг ерлари миқдори камайтирилди. Мусодара қилинган ерларнинг бир қисми шу ерларда меҳнат қилаётган деҳқонларга махсус шартлар асосида доимий фойдаланишга берилди. Бироқ, ер ҳақидаги қонунчиликда, шунингдек Туркистон ўлкасини бошқариш тўғрисидаги Низом (1886) ҳамда 1900 йилда унга киритилган қўшимчаларда ернинг маҳаллий деҳқонларга хусусий мулк сифатида берилиши қайд этилмаган. Бунинг оқибатида, меҳнат қуроллари, от-улов, пул маблағларига эга бўлмаган аҳоли қатламлари судхўрлар ҳамда ҳосилни олиб-сотувчиларга қарам бўлиб қола бошладилар. Ерсиз қолган деҳқонлар батраклик, чоракорлик, мардикорлик қилиб умр кечиришга мажбур бўлганлар. Сув масаласи бўйича эса мустамлакачилик даврида ҳал бўлмаган барча муаммолар маъмурий йўл билан ечишга ҳаракат қилинган.
Айни пайтда, ер-сув муносабатларининг мустамлакачилик мақсадларида ўзгартирилиши Туркистон иқтисодиётининг метрополия манфаатларига бўйсунишига олиб келди. Шу билан боғлиқ ҳолда ўлкада, айниқса Фарғона водийсида қишлоқ ҳўжалиги яроқли ерларнинг илгариги вақтларда етишмовчилиги, аҳолининг 85 фоиздан ортиғи қишлоқда яшаши, насроний аҳолининг кўчириб келтирилиши, солиқлар, турли йиғимлар ҳажми ва турларининг кўпайтирилиши каби омиллар таъсирида мустамлакачилик сиёсати маҳаллий деҳқонларнинг, миллий зиёлиларнинг норозилигига, турли шакллардаги қаршилигига учраган. Бундай вазиятда ҳукмрон империя ҳарбий кучлар ва водийдаги қуролланган кўчириб келтирилган аҳолининг мададига таянди ва тобора кучайиб борди. Чунки империянинг иқтисодий, ижтимоий ва ташқи сиёсий манфаатлари Туркистонни мерополиянинг хомашё базасига айлантирилишини тақозо қилар эди.
Скачано с www.znanio.ru
[1]1 десятина = 1.09 га (Ўзбек тилининг изоҳли луғати. Иккинчи жилд. – Тошкент: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2006. – Б. 319).
[2] Верста - бу 500 фатхом ёки 500 аршинга тенг бўлган масофани ўлчаш учун русча бирлик (бу ҳозирги 1066,9 метрга тўғри келади // Энциклопедический словарь Брокгауза и Ефрона: в 86 т. (82 т. и 4 доп.). – Санкт-Петербург, 1892. – Т. VI. - С. 51-52.
[3] Сельскохозяйственный обзор Туркестанского края. Составитель В.И.Юферев. – Ташкент: Типография Штаба Туркестанского воен. округа, 1911. – С.25.
[4] Қурбонова Н.Н. Чоризмнинг Туркистондаги аграр сиёсати ва унга қарши кураш (Фарғона вилояти мисолида). Тарих фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун ёзилган диссертация автореферати. – Тошкент, 2011. – Б.17-19.
[5] Шамсутдинов Р.Т. (А.Исоқов билан ҳаммуаллифликда). Андижон тарихидан лавҳалар. – Тошкент: Sharq, 2013. – Б.161.
[6] Кауфман К.П. Проект Всеподданнейшего отчета Генерал-Адъютанта К.П. фон-Кауфмана I по гражданскому управлению и устройству в областях Туркестанского генерал-губернаторства: 7 ноября 1867 – 25 марта 1881 г. – Санк-Петербург: Издание Военно-ученого комитета Главного штаба, 1885. – С.256.
[7] Кауфман К.П. Проект всеподданейшего отчета по гражданскому управлению и устройству в областях Туркестанского генерал-губернаторства. – Санкт-Петербург, Военная типография, 1885. – С.257.
[8] Тарих шоҳидлиги ва сабоқлари. Чоризм ва совет мустамлакачилиги даврида Ўзбекистон Миллий бойликларининг ўзлаштирилиши. – Тошкент: Шарқ, 2001. – Б.25.
[9] Қурбонова Н.Н. Чоризмнинг Туркистондаги аграр сиёсати ва унга қарши кураш (Фарғона вилояти мисолида). Тарих фанлари номз. ... дисс. – Тошкент, 2011. – Б.18-19.
[10] Ўз МА, И.19-жамғарма, 1-рўйхат, 10450-йиғма жилд, 1 ва орқаси.
[11]Ўз МА, И.19-жамғарма, 1-рўйхат, 10568-йиғма жилд, 1-2-варақлар.
[12] Кауфман К.П. Проект всеподданейшего отчета по гражданскому управлению и устройству в областях Туркестанского генерал-губернаторства. – Санкт-Петербург, Военная типография, 1885. – С.261.
[13] Ўз МА, И-19-жамғарма, 12-рўйхат, 186-йиғма жилд, 36-37-варақлар.
[14] Ўз МА, 10-жамғарма, 15-рўйхат, 690-иш, 19-20-варақлар.
[15] Шамсутдинов Р.Т. (А.Исоқов билан ҳаммуаллифликда). Андижон тарихидан лавҳалар. – Тошкент: Sharq, 2013. – Б.162.
[16] Исоқов З. Фарғона водийси анъанавий деҳқончилик маданияти. – Тошкент: Yangi nashr, 2011. – Б.48-49; Шарафиддинов А. Фарғона вилояти тарихидан лавҳалар (XIX аср охири – XX аср бошлари). I китоб. – Тошкент: Наврўз, 2013. – Б.17.
[17] 1 пуд = 16,3804964 кг (Ўзбек тилининг изоҳли луғати. Учинчи жилд. – Тошкент: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2007. – Б.319).
[18] Туркестанское сельское хозяйство. – Ташкент, 1906. №4. – С.287.
[19] Шарафиддинов А. Фарғона вилояти тарихидан лавҳалар (XIX аср охири – XX аср бошлари). I китоб. – Тошкент: Наврўз, 2013. – Б.18-19.
[20] Туркестанское сельское хозяйство. – 1903. – №12. – С.345-346; Туркестанское сельское хозяйство. – 1915. –№16. – С.854.
[21] Сборник сведений о Средней Азии и русском Туркестане. – Ташкент: Типо-лит. С.И. Лахтина, 1887. – С.164.
[22] Ежегодник Ферганской области. – Новый Маргилан: Типография Ферганского областного Правления, 1902. – С.2.
[23] Азиатская Россия. Т.2. – Санкт-Петербург: Изд. Переселенческого упр. Гл. упр. землеустройства и земледелия, 1914. – С. 314.
[24] Зиёев Х.З. Ўзбекистон мустамлака ва зулм исканжасида (XIX аср иккинчи ярми – XX аср бошлари). – Тошкент: Шарқ, 2006. – Б. 99.
© ООО «Знанио»
С вами с 2009 года.