Талаба-актёр ижодида мустақил ишларнинг аҳамияти.
Оценка 5

Талаба-актёр ижодида мустақил ишларнинг аҳамияти.

Оценка 5
docx
24.01.2021
Талаба-актёр ижодида мустақил ишларнинг аҳамияти.
Талаба-актёр ижодида мустақил ишларнинг аҳамияти. .docx

Талаба-актёр ижодида мустақил ишларнинг аҳамияти.

 

 

 

Аннотация: Театр санъати назариётчиларидан М. Кнебелнинг “Поэзия педагогики”, Б. Захава “Мастерство актёра и режиссёра”, Т. Кристи “Воспитание актёра школи Станиславского” асарларида ушбу мавзуга эътибор қаратган. “Драматик театр ва кино санъати” кафедраси профессор ўқитувчилари томонидан ёзилган, фалсафа фанлари доктори, профессор В. Сундукованинг “Поэтика искусства актёра”, доцент Ж. Махмудов “Актёрлик маҳорати”, доцент Ж. Махмудов ҳамда доцент Ҳ. Махмудоваларнинг  “Режиссура” дарсликларида ҳам ушбу мавзулар ёритилган.

Ушбу мақолада актёрлик маҳоратини ўзлаштиришда зарур бўлган машқлар устида мустақил ишлаш жараёнлари таҳлил қилинган Асосий таянч сифатида К. С. Станиславскийнинг  “Актёрнинг ўз устида ишлаши”, “Актёрнинг рол устида ишлаши” китобларидаги мавзуга оид жихатлар ўрганилди.

 

Калит сўзлар: Театр, санъат, мустақил иш, актёр, саҳна, ижод,бадиийлик, образ.

 

Аннотация: М. от теоретиков театрального искусства. Кнебеля «Педагогика поэзии» б. Захава «Мастерство актеров и режиссеров», Т. Кристи акцентирует внимание на этой теме в своей работе «Воспитание актерской школы Станиславского». Написано профессорами кафедры «Драматический театр и кинематография», доктором философских наук, профессором В. Сундукова «Поэтика актерского искусства», доцент Ю. Махмудов «Актерское мастерство», доцент Ж. Махмудов и доцент Х. Учебники Махмудовой «Режиссура» также освещают эти темы.

В статье анализируются процессы самостоятельной работы над упражнениями, необходимыми для овладения актерским мастерством. С. Изучались книги Станиславского «Актерская работа над собой», «Актерская работа над ролью».

 

Ключевые слова: театр, искусство, самостоятельная работа, актер, сцена, творчество, искусство, образ.

 

Abstract: M. from theatrical art theorists. Knebel’s “Pedagogy of Poetry,” b. Zaxava “Mastership of actors and directors”, T. Christie focuses on this topic in her work “Upbringing Stanislavskogo School of Actors”. Written by professors of the Department of "Dramatic Theater and Cinematography", Doctor of Philosophy, Professor V. Sundukova's "Poetics of the art of the actor", Associate Professor J. Mahmudov "Acting skills", associate professor J. Mahmudov and associate professor H. Mahmudova's textbooks "Directing" also cover these topics.

This article analyzes the processes of independent work on the exercises required for mastering acting skills. S. Stanislavsky's books "The actor's work on himself", "The actor's work on the role" were studied.

 

Keywords: Theater, art, independent work, actor, stage, creativity, art, image.

 

Театрнинг етакчи кучи актёр экани ҳаммага маълум. Ҳозирги  кунга келиб саҳна ва экранда бизга замондош бўлган қаҳрамонлар образларини яратиш долзарб масалага айланиб, саҳна санъати усталари зиммасига улкан маъсулиятлар юклаб келмоқда. Бундай маъсулиятли вазифани бажара оладиган саҳна ижодкорларини тарбиялаш театр санъати таълимининг долзарб масаласидир.

Устоз санъаткорлар томонидан яратилган саҳнавий образлар довруғини эшитиб, улар ижро қилган спектаклларни кўриб, радиоспектаклларни тинглаб, телевединия орқали узатиладиган фильм ва спектакллар таъсирида “актёр бўламан” деган, орзулар билан ижод оламига кириб келаётган ёшлар ижодини – “мустақил ишини” ўрганиш ҳам долзарб илмий масала деб ҳисоблаймиз.

Тадқиқот талаба-актёрларнинг маҳорати шаклланишида “мустақил ишлаш” жараёларининг аҳамиятини ўрганиш, илмий таҳлил қилиш ва актёрнинг ўзига хос хислатларини очишдаги ўрнини ёритишдан иборат.

“Ҳаёт саҳна, одамлар актёр” деган фикр Вильям Шекспир тилидан айтилди ва чексиз коинотда ер куррамиз кичкинагина бир саҳна эканлигини тан олдик. Бу ҳаёт саҳнаси тинимсиз ҳаракат қонунига асослангани натижасида, сайёрамиздаги воқеалар тартибли амалга ошгани учун, барча жонзотлар маълум мақсад сари интилиб, курашиб кун кечирадилар. “Кураш ҳаёт шартидир: кураш тугаса, ҳаёт ҳам маҳв бўлади” – деган эди В. Г. Белинский. Ҳаётнинг навбатдаги қонуни берилган шарт-шароитда мақсадга мувофиқ ҳаракат қилишдир. Баъзан ҳаётнинг аччиқ синовларига бардош беролмай таслим бўламиз. Бу жараён албатта билмасдан йўл қўйган хатомиз туфайли содир бўлади. Чунки, бу ҳам ҳаётнинг навбатдаги қонунидир. Хато қилиш ва уни англаш жараёнида ҳар бир шахснинг ўзига хослиги, интилиши намоён бўлади.

Ҳаёт қонунларига асосланган театр санъати – илғор ғояларни томошабинлар қалбига сингдириш учун, уларни эзгу ишларга чорлайдиган, маънавий озиқлантира оладиган, эстетик завқ берадиган, инсонларнинг ҳиссиётларига таъсир ўтказиб, уларнинг руҳиятини поклайдиган спектакллар яратади. Театр санъати ғояни бадиий ифодалашда актёрлар маҳоратига таянади. Актёрнинг маҳорати натижасида яратилган образ бадиий яхлит бўлса, у томошабинлар томонидан санъат даражасида тан олинади.

Демак, актёрлик санъати деганда биз, саҳнада маълум белгиланган вақт давомида, берилган шарт-шароитда, мақсадга мувофиқ бажарилган ҳаракат натижасида, томошабинларнинг қалбига йўл топиб, уларни эзгу мақсад сари чорлаш орқали ҳайратга ёки ларзага солиб, поклаш вазифасини бажарувчи ижодкорнинг юксак маҳоратини тушинамиз. Чунки, санъат – ноёб, такрорланмас, ҳайратлантирувчи бадиий қудрати билан поклайди. Томошабин олдидаги юксак маъсулиятини англаган, актёрлик маҳоратини пухта эгаллаган, профессионал саҳна ижодкорларини тарбиялаш театр санъати педагогикасининг муҳим, илмий вазифаларидан биридир.

“Актёрлик маҳорати” дарслари турларга қараб, якка тартибдаги ижро ва жамоа бўлиб ижро этиш кўникмаларини шакллантириш методига асосланади. Драма, мусиқали драма ва қўғирчоқ актёри гурухлари жамоа бўлиб ижро қилишни талаб қилади. Бунда пьесадаги персонажлар талабаларга тақсимланади. Талаба-актёрлар жамоаси танланган асарни, режиссёр ёрдамида спектаклга айлантиради. Эстрада актёрлари эса ўз номерларини якка тартибда ҳам ижро қилиши мумкин. Ҳар икки услуб ҳам талаба-актёрларнинг “мустақил иши”га асосланади.

 Актёрлик санъати устоз-шогирд анъанасига таянади. Театр санъати педагогикаси билимдонлари ўз шогирдларига, яъни талаба-актёрларга саҳна санъати сирларини эгаллашлари учун устоз-шогирд услубида, амалиётда тўғри йўл кўрсатишга ҳаракат қиладилар. Бу услубнинг асосий томойилларидан бири  олий таълим тизимида тасдиқланган ўқув режадаги “мустақил иш” тарзида актёрлик маҳорати мактабини ўзлаштиришдир.

Устоз назоратида актёрлик маҳоратини ошириш ва ривожлантириш талаба-актёр олдидаги  машаққатли вазифалардан биридир. Устоз берган вазифани ўзлаштириш ва уни талаб даражасида бажариш учун талаба-актёрдан ўз устида мустақил ишлаш талаб қилинади.

Бундай ижодкор ўз тасаввур тўқимаси ва хатти-ҳаракати орқали саҳнадаги воқеаларни ишонарли тарзда жонлантириб юборади. “(Шоир) ривоятни тартибга солиб (воқеалар кетма-кетлигини қураётганида) ва уни сўз билан ифодалаётганида, иложи борича, воқеаларни кўз ўнгида, жонли тасаввур қилиши керак: ана шунда шоир гўё воқеаларда ўзи қатнашгандай бўлади, барча зарур тасвирларни излаб топади ва ҳеч қандай мантиқсизликка йўл қўймайди” – дейди Арасту. Воқеани саҳнада жонлантира  олган артистни ўз касбининг яратувчиси десак, Арастунинг бу фикрлари ўз-ўзидан актёрлик маҳоратига ҳам талуқлидир.

Албатта бу муқаддас касбни ўз манфаатини ўйлаб, ҳунар қилиб олган – “ҳунармандлар” ҳам учраб туришини Станиславский таъкидлаган. Кўпчилик спектакллардаги ҳунармандларнинг, яъни ижод қилишдан тўхтаган “актёр”ларнинг ижросини кўрган оддий томошабинлар орасида “мен ҳам артист бўлсам бўларкан, сўзларини  ёдлаб олиб, саҳнада у ёқдан-бу ёққа ўтиб юравердим!”  дейдиганлари ҳам учраши мумкин. Ана шундай таналарни эшитмаслик учун талаба-актёрда ижодкорлик руҳини, ўз устида мустақил ишлаш кўникмасини шакллантириш театр санъати олий таълимининг долзарб вазифасидир.

“Ҳеч бир одам мукаммал, яъни тўла шаклланган ҳолда дунёга келмайди, аммо унинг бутун ҳаёти бетиним ҳаракатдаги ўсиш ва доимий шаклланишдан иборат” – дейди В. Г. Белениский. Шу нуқтаи назардан ҳам мустақил ишлар актёрлик маҳоратини эгаллашда жуда катта аҳамиятга эга.

Талабаларнинг мустақил ўз устида ишлаш кўникмаси актёрлик санъати таълимида машқлардан бошланиб, парчалар ҳамда рол устида ишлаш жараёнида – “ўз устида ишлаш” номли мураккаб амалий ва назарий босқични қамраб олади. Қуйида, оддий машқлар устида “мустақил ишлаш” жараёнини кўриб чиқамиз.

 “Машқсиз санъат бўлмаганидек, санъатсиз машқ ҳам бўлмайди” – деган эди, қадимги юнон файласуфи Пратогор. Дарвоқе, ҳар бир касбнинг устаси бўлиш учун, шу касбнинг талабларини тинимсиз машқлар орқали бажариш  ва уларни тўғри бажариш кўникмасини шакллантириш лозим. Талаба-актёрлар илк қадамидан саҳна санъати сирларини назарий ва амалий асосини ташкил қиладиган талабларни ўрганишдан ва амалий ўзлаштиришдан бошлайдилар. Дастур асосида ўтиладиган машқларни – диққат, мушакларни бўшатиш, темпо-ритм, тасаввур ва фантазияни ривожлантириш ҳамда импровизацияга асосланган вазифаларни амалий бажариш ташкил қилади. Чунки, саҳна санъати таълими – оддийдан мураккабликка, мураккабликдан мукаммаллик томон интилган амалиётдир. Шунинг учун, талаба-актёрлар дарс жадвалига асосан, педагог томонидан берилган машқларни якка тартибда, гурухли ва мустақил равишда ўзлаштиришдан бошлайдилар.

“Тарбия ишида ўз-ўзини такомиллаштириш жараёнига катта ўрин берилмоғи лозим. Инсоният фақат мустақил ўрганиш туфайлигина тараққий этган” – деб ёзади, Г. Спенсер. Машқлар педагог назорати остида, мунтазам ўтказилиб келинишига қарамасдан, талаба-актёрлар уйларида, ётоқхонада ёки дарсдан бўш вақтларида вазифани мустақил ўзлаштиришга ҳаракат қиладилар. Шунинг учун театр санъати таълимида “мустақил ишлаш” кўникмасини шакллантириш энг нозик жараёнлардан бири ҳисобланади. Мисол учун, педагог томонидан берилган “табуретка” машқини талаба-актёрлар гурух бўлиб бажарадилар. Бу машқ барчани бир ритмда, ҳаракатлар уйғунлигида вазифа бажаришни шарт қилиб қўяди. Бу вазифани бажариш учун, аввало, диққатини йиғиб, бутун эътиборини машқни биргаликда, жамоадан адашмасдан, бир-бирини ҳис қилишга қаратиши талаб қилинади.

“Томоша залидан диққатини ролга тортиш учун, актёр саҳнадаги ишга берилиши керак” – дейди К. С. Станиславский. Агарда бирорта талаба-актёрнинг диққати жамланмагани учун адашса, жамоа машқни бошидан бажаришига тўғри келади. Чунки, машқ барча гурух аъзоларини, ансамбль, яъни бир жону-тан бўлиб бажара олгандагина яхлит ҳисобланади. Демак, жамоа олдидаги жавобгарлик, бутун вужудни тўғри ишлашга ўргатади. Талаба-актёрлар бажараётган машқларига қизиқиш билан киришиб кетиши педагог томонидан ташкил қилинади. Адашганларни “ўйиндан” чиқариш ҳам ўзига хос педогогик йўл ҳисобланади. Қобилаятли талаба-актёрлар бу жараённи, яъни диққатни тўплаш ва вазифани адашмасдан бажаришни  тез ўзлаштириб оладилар. Уларни ташқаридан кузатганлар “мен ҳам эплай оламан” деган фикр билан машқларни мустақил тарзда, дарсдан бўш пайтда ўзлаштириб олишга ҳаракат қиладилар.

Диққатни жамлаш ва уни мақсадга мувофиқ ҳаракатга сарфлашни рефлексга айлангунча машқларни қайта-қайта такрорлаш эвазига ижобий натижага эришилади. Бу кўникма орқали ўзидан ўзиб кетган талаба-актёрларга “қалоқлар” етишиб олади. “Мустақил иш”нинг яна бир тури вазифани ўзлаштирган талаба-курсдоши билан бирганликда, машқни такрорлашидир. Бу жараёнда илғор талаба, ташқаридан кузатувчи, яъни маслаҳатчи вазифасини ўтайди. Ижрочи эса, унинг талабларини бажаради ва хатоларини тузатиб, машқни ўзлаштиради.

“Ўз-ўзини доимо текшириб туриш ва сиқиқликка қарши курашиш одати артистнинг саҳнадаги нормал ҳолатига айланиб қолиши лозим. Бунга кўп машқлар ва такрорлашлар ёрдами билан эришиши мумкин. Шу даражага эришмоқ керакки, ролдаги кўтаринки ўринларда мускулларни бўшатиш одати, сиқиқликка бўлган нормал ҳолатга айлансин” – дейди К. С. Станиславский. Демак, актёрлик маҳорати дарсларида мушакларни бўшатиш машқларига ҳам алоҳида эътибор бериш лозим. Талаба-актёрларни якка ёки кичик гурухларга ажратиб, мушакларини бўшатиш учун машқлар берилади. Уларга “фараз қилинг, сиз бир бўлак қандсиз” – дейилганда бу машқ тасаввурни ривожлантириш орқали мушакларни бўшатишга олиб келади. Машқни давом эттириб – энди сизни иссиқ чойга солишди, тасаввур қилинг секин эриб бораяпсиз – дейилади. Шунда улар секин аста мушакларини бўшатишни бошлайдилар. Қотиб турган, эриб кетишга халақит бераётган мушакларингизни бўшатсангиз, гўё ўзингизни эриб, чойга сингиб кетгандай ҳис қиласиз – дейилганда, тик турган талаба “эриб” ерга тушади. Эриб ётган талабанинг қайси мушаклари бўшаган-бўшамаганлиги педагог томонидан назорат қилинади. Шу тарзда талабалар ўзларининг мушакларини назорат қилишни ўрганиб борадилар.

Мушакларни бўшатиш машқларини талабалар уйларида мустақил тарзда бажариб юришади. Уйига ёки ётоқхонага дарс жараёнларидан чарчаб борган талаба, тик турган ҳолда мушакларни бўшатиб йиқилишни, ёки стулда ўтирганда йиқилишни, қоқилиб йиқилишни мустақил ишлаш жараёнида мускуллар бўшлигини назорат қилишга уринади. Менинг қайси мушагим қотиб қолган, мен уни топдим ва бўшатдим каби назорат билан баданини ўзига бўйсундиришга ҳаракат қилади. Бу машқни ўзлаштирган талаба баданидаги чарчоқни чиқариб юборишга ҳам эришади. Назоратга ўрганган мушаклар учун эрталабки бадан тарбия машқлари ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлиб қолади. Бу машқларни мунтазам равишда, ҳар куни бажариб борган талабалар, саҳнада ҳам баданини назоратда ушлаб, саҳнавий эркинликка эришадилар. Саҳнада гавданинг пластик ифодавийлиги нечоғлик муҳимлигини англаб етадилар.

Агар машқларни бажаришда талаба-актёрлар тасодифан нотўғри йўлга буриб юборилса, улар қолипга тушиб, (штамп) ижод қилишдан, мустақил ишлашдан тўхтайди. Шунинг учун, машқларни тўғри бажариш – назоратида педагогнинг роли жуда муҳим ҳисобланади. Мустақил ўзлаштириб келинган машқларни педагог тўғри ёки нотўғрилигини албатта таҳлил қилиши лозим. Таҳлилни тўғри бажариш учун педагогнинг ўзи ҳам театр санъатининг назарий асосларини билиши зарур.

Сезги органларимиз ҳис қилганлиги туфайли,  ички ва ташқи муносабат, яъни баҳолаш жараёни содир бўлади. Тўғри баҳолаш, яъни муносабат билдириш саҳнанинг навбатдаги талаби бўлиб, бу кўникма педагогнинг таҳлили жараёнида талабаларда  аста-секин шаклланади. Буларни ўзлаштириш талаба-актёрлар олдидаги маъсулиятли вазифалардан бирига айланади. “Ички муносабатни қадрланг ва саҳнада ҳамда ижодда у энг муҳим, актив хатти-ҳаракат эканини, ролдаги “инсоннинг руҳий ҳаётини” яратиш процессида ва уни кўрсатишда у жуда зарур ҳисобланишини унутманг” – дейди, кечинма санъати асосчиси. Демак, муносабат билдириш ёки баҳолаш нафақат талаба-актёрлар учун, балки барча саҳна ижодкорлари учун ҳам касбнинг асосий талаби эканлигини унутмаслигимиз керак. Чунки, ҳар дақиқада атрофимиздагилар у ёки бу воқеликни қабул қилаётганини ва уни баҳолаб, ўз муносабатини билдираётганига гувох бўламиз. Демак, уларни кузатишдаги ҳар қадам мустақил иш учун, касб учун хизмат қилиши мумкин. Юқоридаги машқларни такрорлаш асосида баҳолаш кўникмасини шакллантириш ҳам мустақил ишдир.

Хулоса қилиб айтганда, мустақил ишлаш кўникмаси шаклланган ижодкор-талабанинг ўзи учун ихтиро қилган қирралари актёрлик мактабининг “устоз-шогирд” анъанасига биноан янада такомиллаштирилади. Бу янгилик педагоглар олдидаги ижодий вазифаларни ва маъсулиятини янада оширади. Чунки, саҳна мактабини фақат ўқиб, ўрганиб бўлмайди. Балки мустақил равишда борлиқдаги воқеа-ҳодисалар, нарса ва буюмлар ҳамда характерларни кузатиш орқали касб сирлари амалий тарзда эгалланади. Устоз-шогирд биргаликда саҳнада “янги бадиий ҳаёт” яратади. Бундай “яратилиш” жараёнида устозлар томонидан доимий равишда ўрнатилган назорат  ижобий натижа беради.

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйҳати:

1.    Аристотель. Поэтика. –Т.: Ғ. Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат, 1980Станиславский

2.    К. С. Актёрнинг ўз устида ишлаши. –Т.: Бадиий адабиёт, 1965

3.    Станиславский К. С. Санъатдаги ҳаётим. –Т.: Бадиий адабиёт, 1965

4.    Усмонов Р. Режиссура. –Т.: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, “Фан” нашриёти, 1997

5.    Тафаккур гулшани. –Т.: Ғ. Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат, 1989

6.    В. Г. Белинский. Избранние философский сочинениЙ. –М.: Государственний издателство политической литератури, 1941

 


 

Талаба-актёр ижодида мустақил ишларнинг аҳамияти

Талаба-актёр ижодида мустақил ишларнинг аҳамияти

Тадқиқот талаба-актёрларнинг маҳорати шаклланишида “мустақил ишлаш” жараёларининг аҳамиятини ўрганиш, илмий таҳлил қилиш ва актёрнинг ўзига хос хислатларини очишдаги ўрнини ёритишдан иборат

Тадқиқот талаба-актёрларнинг маҳорати шаклланишида “мустақил ишлаш” жараёларининг аҳамиятини ўрганиш, илмий таҳлил қилиш ва актёрнинг ўзига хос хислатларини очишдаги ўрнини ёритишдан иборат

Арасту. Воқеани саҳнада жонлантира олган артистни ўз касбининг яратувчиси десак,

Арасту. Воқеани саҳнада жонлантира олган артистни ўз касбининг яратувчиси десак,

Диққатни жамлаш ва уни мақсадга мувофиқ ҳаракатга сарфлашни рефлексга айлангунча машқларни қайта-қайта такрорлаш эвазига ижобий натижага эришилади

Диққатни жамлаш ва уни мақсадга мувофиқ ҳаракатга сарфлашни рефлексга айлангунча машқларни қайта-қайта такрорлаш эвазига ижобий натижага эришилади

Демак, уларни кузатишдаги ҳар қадам мустақил иш учун, касб учун хизмат қилиши мумкин

Демак, уларни кузатишдаги ҳар қадам мустақил иш учун, касб учун хизмат қилиши мумкин
Материалы на данной страницы взяты из открытых истончиков либо размещены пользователем в соответствии с договором-офертой сайта. Вы можете сообщить о нарушении.
24.01.2021