Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси
Кадирова Замира Сайдираимовна, Фарғона ихтисослаштирилган олимпия заҳиралари мактаб-интернати тарих фани ўқитувчиси
Конституциянинг 13-моддасида: “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади”.
Инсон олий қадрият деган тушунча ахлоқий категория бўлиб, бу ғоя Конституция матнида ўз ўрнини топгач, ҳуқуқий категорияга айланади. Шу асосда ҳокимиятнинг барча тармоқлари ва давлат механизмининг барча бўғинлари инсонларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдек асосий вазифани бажаради. Давлатнинг бу борадаги асосий бурчи инсон ҳуқуқ ва эркинликларини эътироф этиш, таъминлаш ва ҳимоя қилиш ҳисобланади.
Конституциявий тузумнинг инсонпарварлиги шахснинг ҳуқуқий ҳолати, фуқаролик масалаларини белгилайдиган Конституция нормаларида янада яққолроқ кўринади. Бу ҳакдаги қоидалар ҳам инсонни олий қадрият даражасига кўтаришни назарда тутади.
Фуқароларнинг ҳуқуқий ҳолатининг белгиланишида Конституция асос ҳисобланади. Конституцияни қабул қилишдан асосий мақсад фуқароларнинг давлат ҳокимияти ва унинг органлари тазйиқидан ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг асосий ҳуқуклари, эркинликлари ва бурчларини давлат томонидан таъминлашдан иборат.
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳуқуқий тушунишда давлат ўз органлари сиймосида фуқаролар эркинликларининг чегарасини белгилаб бериши Конституцияда асосий мазмун касб этади. Демак, давлат фуқароларга ҳуқуқ ва эркинлик бермайди, балки уларнинг мавжуд ҳуқуқ ва эркинликларини давлат ва жамият манфаатларининг устуворлигини таъминлаш мақсадида чегаралаши мумкин. Давлатнинг бош мақсади ҳам инсонларнинг табиий ҳуқуқ ва эркинликларига иложи борича камроқ аралашувида намоён бўлади. Шунинг учун ҳам Конституция ва қонунларда инсонларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари аниқ мустаҳкамлаб қўйилиши анъанавий тус олган. Барча демократик давлатларнинг конституциялари қатори Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ҳам асосий вазифаси мамлакатдаги инсонларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда уларни ҳимоя қилишдан иборат. Конституциямизнинг муҳим хусусиятларидан бири алоҳида бўлим ва тегишли боблар ҳамда моддаларда инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари кенг, атрофлича белгилаб қўйилганлигидир. Бу эса ўз навбатида, давлат, унинг органлари ҳамда мансабдор шахсларга инсонларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш масъулиятини белгилаб беради. Конституциямиздаги асосий тамойиллар мазмунан шахс ва давлат муносабатини ойдинлаштириб берса, унинг нормалари ва қонунлар давлатнинг инсонлар олдидаги мажбуриятларини аниқ ифодалайди.
Ўзбекистон Республикасида шахсларнинг қонун олдида тенглиги Конституциянинг 18-моддасида асосий қоида сифатида белгилаб қўйилган. Бу асосий қоида халқаро ҳуқуқ ҳужжатларида эътироф этилган нормалар мазмунига тўла мос келиб, унга асосан республикамиз фуқаролари жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий мавқеидан қатъи назар қонун олдида тенгдирлар. Имтиёзлар фақат қонун билан белгилаб берилиши, бунда ижтимоий адолат тамойили устувор эканлигингнинг мустаҳкамлаб қўйилганлиги ҳам фуқароларнинг қонун олдида тенглигини таъминловчи қоида ҳисобланади.
Фуқаролик ҳуқуқига доир барча ҳуқуқ, эркинлик ва бурчларда фуқароларнинг ўзаро тенглиги, шахсий ҳуқуқ ва эркинликларда эса барча инсонларнинг тенглиги қоидаси мустаҳкамланган. Конституциямиз нормаларида фуқаро ва инсонларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари аниқ ёритиб берилган. Масалан, Конституция нормаларида “ҳар ким”, “барча”, “ҳар бир шахс”, “ҳар бир инсон”, “ҳеч ким” каби иборалар фуқаролигидан қатъи назар ҳар бир инсонга тегишли ҳуқуқ, эркинликлар ва бурчларга дахлдор бўлса, фуқаролик ҳолатини ҳисобга олиш зарурияти мавжуд ҳолларда “фуқаро” сўзи билан ҳуқуқ, эркинлик ва бурчлар соҳиби кўрсатилган. Масалан, “Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга” нормасидаги мазмундан бу ҳуқуқ фуқаролигидан қатъи назар, барча инсонларга тегишли эканлигини англаш мумкин.
Шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари ва эркинликларининг бош туркуми ҳисобланади. Фуқароларнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва эркинликларига бевосита шахсий ҳуқуқ ва эркинликларнинг узвий давоми сифатида қараш мумкин. Шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар қаторига инсонларнинг яшаш ҳуқуқи, эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқи, қонун томонидан тенг муҳофаза этилиш ҳуқуқи, суд ҳукмисиз айбдор ҳисобланмаслик ҳуқуқи, ўзига ва ўзининг яқин кишиларига қарши гувоҳлик бермаслик ҳуқуқи, одил судлов ва суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқи, ёзишма ва сўзлашувларнинг сир сақланиш ҳуқуқи, тураржой дахлсизлиги ҳуқуқи, эркин кўчиб юриш ва тураржой танлаш ҳуқуқи, ахборот олиш ҳуқуқи, фикрлаш эркинлиги, сўз эркинлиги ҳамда виждон эркинлигини киритиш мумкин.
Юқорида келтирилган шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар Ўзбекистон Конституциясининг VII бобида мустаҳкамлаб қўйилган.
Шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар муқаддас бўлиб, у инсоннинг мавжуд бўлишлиги учун хизмат қилувчи табиий ҳуқуқлар ҳисобланади. Бу ҳакда қатор халқ-аро ҳуқуқ ҳужжатларида ифодаланган ғоялар диқ-қатга сазовордир.
Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясининг 3-моддаси қуйидагича ифодаланган: “Хар бир инсон яшаш, эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эгадир”. Ушбу ғоя жаҳоннинг барча Бирлашган Мил-латлар Ташкилотига аъзо мамлакатларининг миллий қонунчилигида ўз ифодасини топганидек, Ўзбекистон Конституциясининг 24-моддасида ҳам мустаҳкамланган: “Яшаш ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир...”. Яшаш ҳуқуқининг ҳуқуқий таъминланиши “Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги Пакт”, “Фуқаролик ҳуқуқлари ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Пакт” ва сўнгги ҳужжатга илова қилинган “Факультатив протокол” каби халқаро ҳужжатларда ҳам ўз аксини топган.
Давлат ва унинг органлари, мансабдор шахслар инсонга ноқонуний таъсир ўтказиш, унинг ҳуқуқларини чеклаш ёки у томонидан бирор ҳаракатни қилиши учун мажбурлашга ҳақли эмас. Бундай қоидалар БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1966 йил декабрда қабул қилинган. “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро Пакт”нинг асосий мазмунидан келиб чиққан бўлиб, ушбу ҳужжат жаҳон мамлакатлари қонунчилигига андоза ҳисобланади. Фуқароларнинг ушбу ҳуқуқларини илк бора АҚШнинг 1776 йилги “Мустақиллик Декларацияси” мустаҳкамлаб берган эди.
Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари орасида фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқи аҳамияти жиҳатидан алоҳида ўрин тутади. Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясининг 19-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29 моддаси фикрлаш, сўз, эътиқод эркинлиги ҳуқуқини мустаҳкамлаш билан исталган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш, фикрни ифодалаш каби ҳуқуқларни ҳам белгилаб беради. Ушбу ҳуқуқлар амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган бўлиши мумкин эмас. Фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги фақат давлат сири ва бошқа сирларга тааллуқли бўлган такдирдагина қонун билан чекланиши мумкин. Фикрлаш, сўзлаш эркинлиги, ахборотларни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқи фуқароларга давлат ва жамият ишларини бошқаришда фаол қатнашиш имконини беради.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар туркумини ифодалаш билан бирга фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжат, қарор ва бошқа материаллар билан танишиш имкониятини яратиш мақсадида барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслар зиммасига маълум масъулият юклайди. Ушбу қоида Конституциямизнинг 30-моддасида ўз ифодасини топган.
Ҳар бир давлатда фуқароликка эга бўлган шахс сиёсий ҳуқуқлар субъекти ҳисобланади. Чунки сиёсий ҳуқуқлар мазмун ва моҳиятига кўра жамият ҳамда давлат ҳаётининг сиёсий томонларига дахлдор бўлиб, унинг таъсири ҳокимият масалалари ва муаммоларининг ечимига қаратилган. Жамият ва давлат ишларини бошқариш мамлакатимизнинг ҳар бир фуқаросига тегишли ҳуқуқ бўлиб, фуқаро ушбу жараёнда бевосита ёки билвосита қатнашади.
Фуқароларнинг давлат ва жамият ишларини бошқаришдаги иштироки ўзини ўзи бошқариш, референдум, сайлов, митинг, йиғилиш ва намойиш ўтказиш каби демократик шаклларда амалга оширилади. Ушбу ҳуқуқлар Конституциямизнинг 32-33-моддаларида мустаҳкамланган. Ҳокимият органлари митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказишни фақат жамият аъзоларининг хавфсизлиги нуқтаи назари-дангина тўхтатиш ёки тақиқлаш ҳуқуқига эга.
Фуқароларнинг ижтимоий фаолигидан, уларнинг сиёсий, ҳуқуқий онги ва маданиятининг юксак даражада бўлишидан, аввало давлатнинг ўзи манфаатдор ҳисобланади.
Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳисобланган иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар муҳим аҳамият касб этади. Булар инсон ҳаётининг энг муҳим томонларини ифодалайди ва жумладан, мулкдор бўлиш, меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш, ишсизликдан ҳимояланиш, дам олиш, ижтимоий таъминот олиш, малакали тиббий хизматдан фойдаланиш, билим олиш каби ҳуқуқларда намоён бўлади.
Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида, ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқларнинг асосий тамойиллари ўз ифодасини топган бўлиб, мустақилликнинг ҳуқуқий асоси бўлган Конституция ўтмишдаги ижтимоий тузумдан янги, бозор иқтисодиётига асосланган ижтимоий муносабатлар ўрнатиладиган конституциявий тузумни мустаҳкамлаб берди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг алоҳида IX боби бевосита иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар тизимини ўзида мужассам этган. Ушбу ҳуқуқлар ичида мулк ҳуқуқи инсон ҳаётининг асосий гарови бўлмиш мулкка эгалик қилиш, уни тасарруф этиш эркинлигани берди. Ҳар бир шахс мулкдор бўлиш ҳуқуқига эга, бу ҳуқук, давлат томонидан кафолатланади.
Конституциямизнинг 37-моддаси ҳар бир шахсга меҳнат қилиш, ўз эркига кўра касб танлаш, инсонга муносиб меҳнат шароитларида ишлаш ҳамда уни ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқини мустаҳкамлайди. “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонун, меҳнат таътилларини қонун билан белгиланиши Конституциянинг 38-моддасида кўрсатилган. Шу ўринда Меҳнат Кодексини ҳам мисол тариқасида келтирсак арзийди. Ўзбекистоннинг Меҳнат Кодекси конституциявий нормаларнинг узвий давомчиси сифатида меҳнатга доир муносабатларни тартибга солади. Меҳнат Кодексида иш вақти, дам олиш вақти, ҳақ тўланадиган меҳнат таътилининг муддати белгиланган.
Давлат олдидаги асосий вазифалардан бири жамият аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилишдир. Конституциянинг 39-моддаси ҳар кимни қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганида, боқувчисидан маҳрум бўлганда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқини инсонийлик нуқтаи назаридан белгилаб беради. Шу билан бирга, ушбу моддада пенсия ва нафақалар, ижтимоий ёрдам турлари тирикчилик учун зарур бўлган энг кам микдордан оз бўлиши мумкин эмаслиги белгиланган, бунда уларнинг микдори давлат томонидан ҳам расман белгилаб қўйилиши назарда тутилган.
Конституцияда инсонларга малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқининг белгиланиши давлатнинг жамият олдидаги катта масъулиятини билдиради. Бу ҳуқуқнинг амалга оширилиши давлат бюджетида ўз аксини топади. Самарали тиббий хизмат тизимини яратиш, малакали шифокорлар тайёрлаш каби масалаларни ижобий ҳал қилиш давлат зиммасига юклатилган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 41-моддасида: “Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга" деб қайд этилган. Ушбу қоида "Таълим тўғрисидаги” Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан мустаҳкамланган. Билим олиш ҳуқуқи орқали инсонлар ўз салоҳиятларини оширадилар, зарур касб-ҳунарни эгаллайдилар, жамиятда ўзларининг муносиб ўринларини топадилар. Давлат таълим соҳасида шахсларга етарли шарт-шароитлар яратиб беради. Масалан, давлат томонидан иқтидорли ёшларнинг қўллаб-қувватланиши, уларнинг ривожланган чет эл давлатларида ўқишига кўмаклашиш, етакчи таълим муассасаларида ўқишига ёрдамлашиш тахсинга сазовордир.
Давлатимиз томонидан умумий таълим олишнинг бепул амалга оширилиши кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратида эканлиги алоҳида аҳамият касб этади. Республикамизда ҳар кимга илмий ва техникавий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи берилган. Давлат жамият ривожи учун маданий, илмий ва техникавий соҳаларни ўрганишга кенг йул очиб берган. Шунингдек, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқининг кафолатланиши миллий ва инсоният маданиятини ўрганишга кенг имконият беради.
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳаётга тадбиқ этиш ҳамда уларни ҳимоя қилиш воситалари инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолати бўлиб хизмат қилади. Барча худудларда амалда бўлган кафолатлар асосан икки гуруҳга: халқаро ҳуқуқий ва давлатнинг ички кафолатларига бўлинади.
Ўзбекистон Республикасининг конституциявий кафолатларига Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқ ва эркинликларнинг таъминланиши (43-модда), ҳар бир шахс ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиши (44-модда), вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг давлат ҳимоясида эканлиги (45-модда), хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилиги (46-модда) каби нормалар киритилган.
Ҳуқуқ ва эркинликларнинг кафолати бўлиб суд органларининг хизмат килиши ҳуқуқий давлатнинг белгисидир. Суднинг асосий функцияларидан бири инсонни давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ноқонуний таъсиридан ҳимоя қилишдир. Вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида эканлиги алоҳида таъкидланиши давлатимизнинг ижтимоий адолат юзасидан фаолият юритишни бош мақсад қилиб олганлиги билан изоҳланади.
Шахснинг ҳуқуқий ҳолати нафақат унинг ҳуқуқ ва эркинликлари, балки бурчлари билан ҳам аниқланади. Бу бурчлар инсоннинг субъект сифатида қатнашаётган турли муносабатида ўз аксини топади. Бурчлар доираси шахснинг маълум ҳуқуқий ҳолати (ишчи, хизматчи, ўқувчи, мулк эгаси, айбланувчи, гувоҳ ва ҳоказо) билан боғлиқ ҳолда юзага келади. Ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш шахснинг бурчларини аниқлаш билан ҳам бевосита боғликдир. Қонунлар шахснинг сайловчи, депутат, турли давлат ҳокимияти органлари аъзоси каби конституциявий-ҳуқуқий муносабатлар субъекти сифатидаги бурчлари доирасини ҳам кўзда тутади.
Шундай қилиб, асосий бурчлар ҳар бир инсон ва фуқарога тааллуқли бўлиб, унинг давлат, жамият ва бошқа фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилишда қатнашиши зарурлиги билан боғлиқ бўлган, Конституцияда белгиланган ва ҳуқуқий жавобгарлик асосида муҳофаза қилинадиган ҳаракатдир.
Қонун талабидаги тартиб давлат ва жамиятдаги, ҳар бир инсон ҳаётидаги барқарорликнинг мустаҳкам омилидир. Конституция ва қонунларга амал қилиш бурчи ҳуқуқий муносабатлар субъекти учун тегишлидир.
Конституция ва қонунларга амал қилиш инсон ҳамда фуқаронинг намунали фаолияти, турмуш тарзи орқали Конституция ва қонун тамойилларини ҳаётга татбиқ этишга ёрдам бериши лозимлигини ҳам назарда тутади.
© ООО «Знанио»
С вами с 2009 года.