ИМЗОДА АКС ЭТГАН ХАРАКТЕР
Бир парча қоғоздаги ёзув нимани англатиши мумкин? Буни қарангки, псиxологлар шу йўл билан ҳам инсон характеридаги қирраларни топа олар эканлар. Ёзув эгаси қайси жинс вакили, шошиб ёзганми, ўйлаб ёзганми, ё мажбуранми, ўша онда нималарни ҳис қилган – буларни билиш қийин эмас. Бу илмдан унча-мунча ҳабардор сиёсатчилардан Гордан Браун ҳузурига келган канцлер Жорж Асборн билан бир столда ўтириб, ўрнатилажак алоқалар ҳақида суҳбатлашади. Керакли сўзларни қайд этиб ўтирган Жоржнинг қоғозларидан бири беҳосдан ерга тушиб, ўша ерда унут қолдирилади. Гордан Браун эса ўша 14 тагина сўздан иборат ёзув орқали шеригини партияларга қизиқиши паст ва бироз шубҳали шахс деб топган. Демак, бу фақат психологнинг иши эмас. Ёзув орқали илғашда матннинг мазмуни, стенографиясига эмас, фақатгина ҳамманинг ўзига ҳос бўлган ҳуснихатига, ёзиш услубига эътибор берасиз.
Графология фан
сифатида. “графология” (грекча, графа-ёзув, логос-фан) тарихи ХVII аср, Италия
билан боғлиқ. Бу сўз илк маротаба 1871-йил аббат Мишон ёзмаларида
учрайди. Инсоният тарихининг тошга, металга ёзадиган даврида мазкур илм
бўлмаган, инсонлар юмшоқ материалларга ёза бошлангандан сўнг унда
хуснихат шаклланган ва ёзув орқали характерни билишга уриниш хам
бошланган. Кейинчалик биринчилардан бўлиб Франция, Германия, Швейцария, Исроил
каби давлатларга тарқалди.
Аста-секин йирик компаниялар ишга олиш учун хужжатларни ёзма тўлдиришни жорий
қила бошладилар. Шу билан бирга докторлар ташхис олди турли йўллар билан
беморнинг ёзувини олишга ҳаракат қилдилар (дафтардаги
чизиқдан пастга тушиш, тўғри ёзилмаган ва тугалланмаган харфлар
киши соғлиғидаги нуқсонни англатади). Жиноятчиларни
аниқлашда ҳам бу усул қўл келди (жиноятчи аксарият холларда
бир матн ё сўзнинг ўзида бир харфнинг 2-3 хил ёзилиш вариантидан баравар
фойдаланади. Масалан, х, т, б харфларни 2 хил вариантда ёзиш мумкин
бўлганидек).
Графологиянинг ўрни асосан психология, тиббиёт, юридик сохаларда кўринади. У
орқали характерни аниқлаш энг содда усули.
Амалий
графология. Қўлингизда қандайдир ёзувлари бўлган қоғоз.
Диққат билан разм солинг. Сўзлар орасида бўш катаклар кўпми? Демак,
ёзув сохиб ёки сохибаси ўзини ёлғиз ҳис қиляпти. Тартибсиз
ёзган инсонни ҳаётда ҳам шундай деб ўйлайсизми? Йўқ, бу
турмушини назорат қила олмасликни англатади. Тартибсизликнинг белгиси –
катта ҳарфлар. Жуда кичик ҳарфли ёзувни “чумоли” деб атаймиз.
Бундан кўпроқ ўзига ишончи паст инсонлар фойдаланади. Яхши томони улар
эхтиёткор, реалист, техника билан тез тил топишадиган бўлишади. Узун харфлар
эстетика, мардлик, қобилият ва адабиётга мехр, семиз харфлар
очиқлик рамзи. Рақамларга ўҳшаш харфлар ёзув эгасининг
ўқимишли, сабрли ва бироз совуққонлигини билдиради.
Вараққа сиёх кўп томизилган, суркалган жойлар кўп бўлса, ёзув
эгасига ғашингиз келмасин. Айнан улар нозиктабиат бўлишади. Шунингдек
уларда кутилмаган, ажойиб ишларни бажаришга рағбат кучли. Баъзилар
харфдаги белгиларни ташлаб ёзади. Масалан, лотин ёзувидаги “и” тепасидаги
нуқтани. Бундай одамлар ёлғиз қолиб, ўзига ҳизмат
кўрсатолмайди, ўзига нисбатан беэътибор бўлади. Кирилл ёзувидаги кичик “д” ва
катта “т” ҳарфларидаги илмоқни орқага қайилтирадиганлар
ҳам шундай. Д харфини бошқача ёзишга уриниш касаллик, таъсирчанлик,
қариликни хам билдиради. Айримлар илгакларни ўзгача гажак билан ёзади.
Улар қарорни осон ва тез қабул қиладилар. Назоратни яхши
кўрадилар, қонунларга бажонидил амал қиладилар. Шунингдек оптимист
бўладилар. Йирик-йирик ёзадиганлар — ўта илтифотли, сахий, кўнгилчан ва
санъатни севувчилардир. Ҳаракатчан, лекин қуруқ, яъни
бировнинг дардини тушунмайдиган ва сезмайдиганларнинг ручкасидан ўткир ва
ингичка ёзувлар саф тортади. Агар ҳарфлар бир-бирига уланиб ва
ёпишиб ёзилган бўлса, демак, бундай одам фавқулодда қобилият
эгасидир.
Ҳарфлар
алоҳида-алоҳида жимжима тортган бўлса, уқувсизликда ва
оғзидагини олдириб қўювчи ношудликда «айбланади»лар. Ҳарф
ораларини катта-катта очиб ёзиш маблағни бесамар совуришдан дарак
бераркан.
Илгакни узун тушурадиганлар эса завқ-шавққа тўлган
инсонлардир. Тепага чиққан узун чизиқлар – хиссиёт.
Илмоқ учлари ўткир бўлса, бу хаққонийлик ва очиқлик
рамзидир. Баъзи ёзувлар бизга хаттотлар хатини эслатади. Бундан ўзингиз
хам сезиб турган бўлсангиз керак, фантазия кучлилиги, қобилият. Аммо шу
билан чекланмайди. Хаттотларга тақлидан ёзадиганлар қўрқоқ
ва беқарор ҳам бўлишади.
Хуснихат
безакларсиз, оддий, сўзлар орасида бўш катаклар хаммасида бир хил ташланган
бўлса, харфларнинг шакли хам деярли бир хил бўлса, бу хуснихат сохибида
ақл устуворлигини англатади. (Машхурлардан Гете, Виттелар шундай
ёзишган). Агар мазкур холат аксинча бўлса, демак у инсондаги хислат хам
юқоридаги таърифга тескари бўлади.
Харфлар бир-бири билан боғланган, қўлча хосил қилган бўлса,
уни ёзган одам ўз фикрини хурмат қиладиганлардан экан, деб ўйласак
адашмаган бўламиз.
Енгил, ортиқча куч ва харакатсиз ёзадиган инсоннинг характери
ҳам енгил, ҳаётдан рози, бировга қулоқ тутувчи ва
эргашувчи, мехрибон бўлади.
Керакмас пайтда, масалан сўз ўртасидаги харфларни хам каттада ёзиш,
кўп жой ташлаш ёзув соҳибининг қувноқ, ҳазилларни
ёқтирадиган, севги ва орзуга мойил, шунингдек математик қобилиятга
эгалигидан дарак беради.
Ўнг томонга оғиштириб ёзилган хатни кўрсангиз, билингки, унинг
эгаси фаол ва орзуларга бой инсон. Ўнг томонга жуда хам кўп эгилган, натижада
охирги харфлар деярли кўринмай қолган, бир қарашда титраб ёзилганга
ўхшаса, бу таъсирчанликни билдиради. (Достоевский). Титраб ёзадиганлар
талабчан, гўзалликка мехри баланд, дангал, айни вақтда
қўрқоқ бўлишади. Тўғри қилиб ёзадиганлар
характерида эса қўрқув бўлмайди.
Сезгирлик характери тўғри, яъни вертикал қилиб
ёзадиганларга хосдир.
Агар ҳарфлар ўнгга ёнбошлатиб ёзилган бўлса, билингки, ўша одамнинг юраги
тоза ва юмшоқ феъл-атворга эга. Аксинча характердагилар эса чапга ёнбош
қилиб ёзишармиш.
Ёзганда қаторлар юқорига ўрлаб кетса, бундай ҳуснихат эгаларида мағрурлик ва ўзига бино қўйишлик устун туради. Ва аксинча қаторлар пастга қараб кетиб қолса, ундайлар маъюс ва кутилмаган воқеалар олдида саросимага тез берилувчилардир.
Агарки,
қаторлар юқоригаям, пастгаям ўралмай тўғри ёзилган бўлса,
унинг эгаси тўғрисўз, дадил ва кескин, ўз орзулари йўлида
собитқадамдир.
Очиқ кўнгил ва ишонувчан одамларнинг ҳуснихати қандай
бўлишини биласизми? Уларники аввал ёзувни майда ҳарфлаб, сўнг
катталаштириб юбораркан.
Ёзув аниқ, ўқишга осон, харфлар бир-бирига боғланган
бўлса, бу мехнаткаш, ишларни чин дилдан қилиш, баъзида пессимистликни
билдиради. Бундай одамлар гохида очиқ гапириб, қўполлик хам
қилиб қўядилар. Чап томонга оғиштириб ёзиш эркин эмаслик,
доимий характери йўқ, аниқ қадамни қўя олмайдиганларга
хос.
Яна шундайлар
ҳам борки, кичик вараққа кўп нарса сиғдиришга
ҳаракат қилади. Буни кўриб, “тежамкор экан” дея ҳулоса
чиқарамиз. Йўқ, бунинг иқтисодга даҳли йўқ. Айнан
шундай ёзадиганларга ўзбошимчалик ёт бўлади. Кўп жой сарф қилиш кўпинча
чапақайларга хос холат.
Тез ва чиройга кам эътибор бериб ёзадиган одамдан шу маълумки, унинг иши ёзишни
кўп тақозо қилади ва у кўп вақтларда бирор жойдан кўчириб
эмас, ўзи ўйлаб, ичидан тўқиб ёзади.
Ёзув ва ген. Бу
соҳанинг мутаҳассислари кўпайган сари янги қирралари
ҳам кашф этилди. Улардан маълум бўлишича, инсоннинг қандай ёзиши ва
ҳаттоки қаламни қандай тутиши ҳам генга
боғлиқ экан. Шунингдек, ҳеч кимда бир ҳил ёзув бўлиши
мумкин эмас. Эгизаклар-да қайсидир жиҳатидан фарқ
қилганидек, ёзув ҳам шундай. Аммо бир ҳил вазиятга тушган
(масалан, қўрқув ёки ҳаяжон) икки инсон ёзувида элементлар
ўҳшаш кечади.
Инсоннинг хуснихати у қаригач маълум маънода ўзгаради. Титраб ёзиш,
чизиқдан чиқиб кетиш, харфларнинг эгилмаслиги ва бир-бирига
боғланмаслиги юзага келади. Чунки ёзув организм билан хам боғлиқ
ва унинг ўзгариши билан ёзувда хам бурилиш сезилади. Графологлар операциядан
сўнг ёзиш услубидаги элементлар ўзгаришини кузатишган.
Ёзув орқали жинсни ҳам аниқлайдилар. Масалан, кўпинча аёллар
бет ва қаторга амал қилиб ёзишади. Эркаклар эса аксинча. Аёлларда
камқонлик ва асаб касалликлари кўп учрагани сабабли уларнинг харфлари
кичкина, сиёхи оч бўлар экан. Ручкани босиб ва кўп сиёх билан ёзиш энергия
рамзи бўлиб, эркакларга хос.
Ёзув ва темперамент. Сангвиник темпераментига мансублар тез ва қатъий ёзади, уларнинг хати чиройли бўлади. (Пушкин, Лермонтов). Флегматиклар сиёхни кўп ишлатади, ботириб ва қорайтириб ёзади. Худди шундай кўп сиёх билан, баъзи элементларни узун ёзса, ёзув бир маромда бўлмаса, ундай одамларнинг кайфияти тез-тез ўзгарувчан бўлади, ўзи ҳақида кўп орзу қилади, ёши ва табақа-гурухлари билан хисоблашмай иш кўради. Қоғоз ва чизиққа бўйсунмаган холда тартибсиз ёзиш меланхоликка таалуқли. Холерик ёзувига эса тушуниш қийин, унинг хатида сўзлар орасидаги бўш катаклар хаммасида хар хил ва тартибсиз бўлади.
Ёзув ва
ташқи кўриниш. Баланд бўйли инсонлар деярли хеч вақт бўғин
кўчириб ўтказмайди. Уларнинг ёзувида чалкашлик бўлмайди, чизиқлар
тортилмаган қоғозга хам текис ёза олади. (Петр 1, Александр). Паст
бўйлилар аксинча, сўзни тўлиқ ёзишга жой етса ҳам бўғин
кўчиришни канда қилмайди. Харф ва сўзлари чўзиқ, илмоқлар
узун бўлади. Ўрта бўйлиларда харфларни қисқартириш, қатор
охиридаги сўз ё харфларни пастга тушиб кетиши кузатилади.
Оқ-сариқдан келган, малла сочли (блондин)ларнинг ёзуви
аниқ, дид билан ёзилган бўлади. Харф ва сўзлари майда, чўзилмаган.
Қатор чизилмаган вараққа ҳам текис ёзади. Блондинларнинг
кўпчилигининг хуснихати чиройли. Қора сочли (брюнет)лар улардан
фарқли равишда қатор чизилмаган жойда тепага чиқиб кетади.
Унинг хусниҳатида чиройли ёзишга уринишлар сезилиб туради. У бош
харфларни билинтириб ёзади, баъзан кераксиз жойда ҳам бош харфни
ишлатади.
Ёзув ва касб. Давлат ишида ишловчи кишилар, айниқса юристлар харфлар формасига эътиборсиз ёзишади. Аксинча ёзадиганлар эса кўпинча ишчи, хунарманд, хизматчиларга тегишли бўлади. Фаолиятида бевосита пул билан ишловчи, масалан, сотувчи, дорихона хизматчиси, тадбиркорлар кўп ўчиришади, бўяшади. Умуман олганда, уларнинг хуснихати камдан-кам чиройли бўлади. Қатор чизилмаган қоғозга ёзганда пастга тушиб кетиш шоирларга хос.
Графологияда кузатилган яна бир холат: Тикувчининг хуснихати чиройли бўлади.
Конверт устидаги
ёзувлар. Инглиз тилида “pen friend” деб юритиладиган фақатгина хат
орқали кўришадиган дўстингиз бўлса, унинг ички оламини қандай билиб
оласиз? Бу учун унинг сизга атаб ёзган сўзларидан ташқари атиги бир неча
маълумотлар қайд этилган конверт устига ҳам ахамият берсангиз,
мақсадга мувофиқ бўлади.
Конвертнинг хат юборувчи ва олувчи хақида маълумотлар қисмига
биринчи қаергалиги, ундан сўнг кимгалиги ёзилса, у ақлли, аммо
хаётий тажриба ва амалий сабоқлари кам, қарор қабул
қилиши қийин одам бўлади. Биринчи шахар, кейин кўча ва хонадон
ёзилса, бу хат юборувчининг индивидуал хусусиятлари ва эркинлиги кам, бировга
қулоқ солувчи эканлигини кўрсатади.
Фақат ажратилган чизиқларга ёзган, хамма сўзлар бир хил
қолипда бўлса, у одам эътиборли, юмшоқ табиат ва эхтиёткор бўлади.
Уй рақами учун алохида қатор ажратса, пунктуал ва дангаллигидан
дарак беради. Шунингдек, баъзи маълумотларни эътибор тортишга ундаб алохида
ёзса, эътиқодли, хушмуомала инсон бўлади. Айрим сўзларни (масалан, шахар)
тагига чизиб қўйса, хат юборувчи жўшқин, серхавотир,
қизиққон экан деб ўйлайверинг. Жой номларини
қисқартириш жиддийлик, тартиб ва ақлий қобилиятнинг
юқорилигини англатади.
Конверда хат боши(абзац) ташкил қилиш ўша одамда маълум ҳарактернинг шаклланмагани, ўзини ақлли кўрсатишга уриниш деб тахмин қилинади. Маълумотларни сиғдириш учун жойни аяб ёзса, камтар ва меҳнаткаш инсон бўлади.
Имзо. Имзо ўлчами катта бўлса, фикрлаш доираси кенг; кичик бўлса, бир сўзли. Узун имзо – синчков, баъзан мижғов.
Калта имзо – гапнинг мағзини тезда чақади, бир хилликни ёқтирмайди.
Думалоқ – ювош, меҳрибон, вазмин
Бурчаксимон – бетоқат, жиззаки, инжиқ
Ҳарфлар
орасидаги оралиқ катта бўлса сахий, пул кетқизишни яхши кўради.
Харфлар зич ва майда бўлса тежамкорликни билдиради.
Ҳар-хил элементларга бой имзо, масалан, айлана - бир қатор
муаммолари бор, илмоқчалар – эҳтиёткор ва қатъиятли, расмлар
– ҳар бир ишга ижодкорона ёндошади, мураккаб элементлар – катта
лавозимларни кўзлайди.
Имзодаги якуний элемент юқорига бўлса, ҳаётдан рози;
пастга – тушкунликка мойил; тўғрига – феъл атвори ўртачаликни
билдиради.
Имзодаги “дум”лар узун бўлса, демак, бировнинг фикрини эшитишга тоқати
йўқ, калта бўлса юраги тор.
Оддий имзо эгаси “муаммо йўқ” қабилида яшайди, бачкана имзо қўйувчилар пашшадан фил ясайдиган бўлишади, оригинал имзога эгалар катта ижодий салохиятга эга бўлади.
Имзо
қанчалик тушунарли бўлса, эгаси ҳам шу қадар очиқкўнгил
бўлади.
Графология қонуниятлари. Аввало психолог мижозининг қўлига
қалам-қоғоз тутиб, ундан ниманидир ёздириб олиши ярамайди.
Чунки бунда киши миясига ўзгача буйруқ беради ва доимий ёзувини
кўрсатолмаслиги мумкин. Ёзув орқали характерни аниқлашда аввалдан,
бирор мақсад ёки эҳтиёж учун ёзилган хатлардан фойдаланиш лозим.
Аммо шуни ҳам ҳисобга олиш керакки, инсон характеридаги баъзи
жиҳатлар ўзгарувчан. Узоқ ўтмишда битилган хатни ўқиб, ўша
инсоннинг хозирги ички оламини тасаввур қилишга тушиб кетманг. Графология
даврга бўйсунади. 1983-йил Германиядаги “Stern” газетаси Гитлернинг кундалигидан
бир варақ топиб олиб, графология орқали Гитлер ва тарихга оид янги
маъумотларни кашф этган.
Демак, хуснихатнинг шаклланишига давр, жамиятдаги умумий ахвол хам
бевосита таъсир кўрсатади. (уруш, очлик, ривожланишда қолоқлик)
Яна бир қонуният – бирор чет тилини энди ўрганаётган инсоннинг ёзувидан
унинг характерини очиб бўлмайди. Чунки унда ҳали ўша тилда эркин ёзиш
шаклланмаган.
Шунингдек, ёш болаларда ҳам графиологияни тажриба
қилолмаймиз. Сабаби улар анча вақтгача ўз
ҳусниҳатларига эга бўлмайдилар. Мактабда болаларга маълум
қоида асосида ёзиш ўргатилади, кейинчалик қоида билан ёзиш шарт
эмас бўлиб қолади. Аммо баъзи болакайлар ўша даврларданоқ
қоидадан чиқишга, гўё ўз хуснихатини яратишга уринади. Тахмин
қилишимиз мумкинки, у болада ўзига хос айёрлик бор, катталарнинг гапига
қулоқ солмайди-ю, уларнинг гапини пойлашни яхши кўради.
Психологлар ёзув хақида. Лангбрух, Громанн, Бридье, Иоган каби
графолог олимларнинг назарияларига кўра, ёзувда инсоннинг бўйи,
қад-қомати,соч ё кўз ранги, овоз охангини хам билиш мумкин. Лафатернинг
айтишича, нутқ, ёзув, юриш(паходка) – бу уччаласида бир уйғунлик
бор. Антрополог олим Тард “Менга инсоннинг расмини эмас, ёзувини беринглар”
деган экан.
“Психографология” асари муаллифи Моргенштерн инсонлар унга қуйидаги ажойиб муаммолар билан мурожаат этишганини қайд этган
• турмуш қуришдан олдин
• бирга ишлайдиган одамига ишониши тўғрими деб
• фарзандларининг муносабатини билиш учун
• ўзини ўлдириш учун иродаси етадими-йўқми, билиш учун
• ўзидаги касаллик ё стресс даражасини аниқлаш учун
• турмуш ўртоғи ичишни ташлай оладими деб
• уни ташлаб кетган одам яна қайтиб келадими деб
• хат ёзиб турган одам
нега хозир ёзишни тўхтатгани сабабини билиш мақсадида
Бу қисқача мисоллар холос. Аслида муаллиф бундай кулгули
мурожаатлардан 73 тасини келтирган. Бошлиғининг комьютерда ишланган
ташриф қоғозини олиб келиб, “У қандай инсон?” деганлар
ҳам бўлган экан.
Ҳиндистоннинг таниқли хатшуноси Сурендра Шарма инсон
психологиясини, турли хил характерлар сарчашмасини, бу характерлар қандай
ҳаракатларда намоён бўлишини сув қилиб ичиб юборган олимлардан бири
ҳисобланади. У, ҳатто ҳуснихатга қараб инсон
характерини айтиб беролади. Кунларнинг бирида унинг қўлига мактуб
тутқазишди. У ҳуснихатни кўриб мактуб эгаси ҳақида
шундай деди: «бу зот фақат ўзини ўйлайди, таърифланиши қийин
характерга эга, инсонни ҳар кўйга солишни ёқтиради, ўта
қизғанчиқ, айёр, лекин ақлли эмас, қасоскор, ўз
орзулари йўлида муваффақиятга эриша олади — фақат эгри йўллар
билан, жуда ўжар, ўртача қобилиятли, аммо тунд, шу билан бирга кучли
ҳирс эгаси». Во, ажабо, анча вақт ўтгач, мактуб соҳиби
жамоатчилик кўзи ўнгида Шарма баён этган характерларни намоён қила
бошлади. Охири жанжал чиқди ва иш шу даражага бориб етдики, Президент
билан судлашиб, унинг обрўсига путур етказди. Гап ким ҳақида
кетаётганини сездингизми, ё? Бу ҳуснихат эгаси ўша пайтда президентлик
курсисида ўтирган Билл Клинтон билан «дон олишиб» судлашган Моника Левински
эди.
Хўш, графология ҳар доим оқланадими? Йўқ. Баъзи
руҳшунос олимлар буни майнавозчиликдан бошқа нарса эмас деб
ҳисоблайдилар. Юқорида кўплаб ташкилотлар ишчи ва мижозларидан ёзма
(яна “қўлда” ёзилгани) мурожаатномалар сўраб қолганини айтган эдик.
Шунингдек, яна бирқанча нуфузли идоралар, масалан, Британия психологлар
жамияти, юридик судлар хужжатлардаги ёзувларга бу мақсадда қарашмас
экан. Биргина инглиз психолог олимларининг мавзу борасидаги фикрлари турлича.
Блинҳорннинг айтишича, бу баъзи “психолог”ларнинг найранги холос. Муней
ҳам шундай ўйлайди. “Айримлар шу йўл билан осонгина пул топишяпти” дейди
у. Профессор Крис Френч мазкур фан борлигини тасдиқлайди-ю, аммо жуда
суст ва нотўғри кетаётганини айтади.
Инсон мураккаб бўлганидек унинг руҳиятини айтиб бериш ҳам мушкул. Балки шунинг учун графология ҳукмлари баъзан нотўғри чиқар. Аммо уни ўрганиш тўхтаб қолмаган бўлиб, фан юзасидан турли китоблар нашр этилган, ўзининг маҳсус мактабларига эга. Интернет орқали ҳам графиологиядан on-line маъруза йўлга қўйилган. Нима бўлганда ҳам ўзликни англаш ҳамма қизиқиши керак бўлган нарса бўлиб қолаверади. Балки энди сиз ҳам оддийгина қайдларга бефарқ қарамассиз.
Фойдаланилган манбалар:
1. И.Моргенштерн. “Психографология”
2. Д.Зуев-Инсаров. “Почерк и личност”
3. Айк Надж. “Как узнать характер человека по его подписи или практическая графология”
4. “Focus” журнали, ноябр ойи, 183-сон
5. “Кафтдаги олам” газетаси.
6. collegeofgraphology.co.uk
7. tinyurl.com
8. documentofevidence.co.uk
© ООО «Знанио»
С вами с 2009 года.