МАСЪУЛИЯТ – ШАХС ПСИХОЛОГИК ЕТУКЛИГИНИНГ МЕЗОНИ СИФАТИДА
Одилова Наира Гулямовна
Низомий номли ТДПУ
“Масофавий таълим” кафедраси доценти в.б.
Бугунги кун ёш авлодини тарбиялашда аввало уни психологик томондан соғлом қилиб тарбиялаш зарур, чунки психологик соғлом инсонгина етарли билим ва кўникмаларни ўзида шакллантира олади ва олдига қўйган мақсадини тўғри ҳал қила олади. Инсон ҳаётда олдинга интилган сари бу жараёнда ундаги индивидуал хусусиятлар намоён бўлади. Ҳар томонлама етук ва мустақил фикрлайдиган шахснинг шаклланишида масъулият ҳисси катта аҳамиятга эга.
Масъулият шахс хусусияти сифатида ижтимоий қадриятларни, меъёр
ва қоидаларни англаш натижаси сифатида биргаликдаги фаолият давомида шаклланади. Масъулият ижтимоий муҳим шахсий сифат ҳисобланади.
Масъулият сўзининг маъноси ниҳоятда кўп қиррали бўлиб, одатда, у кўпинча масъулият характери ёки унинг қандайдир масъулият субъектига –шахс ёки гуруҳга - тегишли эканлигини аниқловчи тушунчалар билан мувофиқликда қўлланилади. Одатда ички ва ташқи масъулият, индивидуал ва гуруҳий, ретроспектив ва перспектив, маъмурий ва фуқоролик, интизомий, жиноий, моддий жавобгарлик тушунчалари ишлатилади.
Масъулият инсон фаолиятининг ҳамма соҳаларида ва умуман жамиятда шахснинг муваффаққиятга эришишида катта аҳамиятга эга. У инсон ҳаётининг ва аҳлоқининг бирламчи, фундаментал тамойилларидан бири ҳисобланади. Шу билан бирга, масъулиятнинг ҳозиргача ишлаб чиқилган умумий назариясининг йўқлиги уни ўрганишни мураккаблаштиради. Инсонлар ўз мажбуриятлари, шахсий масъулиятлари ва айблари бўлган ҳолатларга нисбатан ўта таъсирчан бўладилар. Масъулиятни ҳис этишга ундаш жазодан қочиб қутилишнинг имкони йўқлиги туфайли инсонларда хавф-хатар сифатида қабул қилинадики, бу нарса ноқулайликни юзага келтиради. Шу билан бирга, масъулият ҳисси инсонни ривожлантириш, шакллантириш, тарбиялаш керак бўлган ижтимоий жихатлардан, деб қаралади. Ҳар бир инсоннинг шахс сифатида шаклланиши учунгина эмас, балки яшаш учун ҳам зарур бўлган жиҳат сифатида ўрганилади.
Масъулият – бўлажак мутахассисларнинг керакли ва муҳим касбий сифатларидан бири. Жамиятда мутахассисларга керак бўладиган хислатлар: мустақил қарор қабул қилиш ва эркин ҳаракат қила олиш, хоҳлаган касбий вазиятларда ўз бўйнига масъулиятни олишга тайёр бўлиш, жамоада мақсад қўя олиш, фаолиятда муваффақиятга эришишда оптимал йўлни танлай олиши керак. Ҳар бир касбнинг ўз мутахассисига қўйиладиган талаблари бор, уларни бир моделга солиш керак бўлса, уларнинг энг асосий марказида масъулият муҳим ўрин эгаллайди.
Масъулият муаммосининг ўрганилишида тарихга назар соладиган бўлсак, масъулиятнинг биринчи тушунчаси - шахсий масъулият деб юритилган, илмий изланишларда эса, “ижтимоий масъулият” деб келтирилган. Ижтимоий масъулият муаммоси бўйича олимлардан Р.И.Косолапов, В.С.Марков, Ж.Е.Завадский, А.Плохотний, Л.В.Шевченко, Т.Н.Сидорова, К.Муздибаевлар изланишлар олиб борганлар. Р.И.Косолапов ва В.С.Марков ишларида, масъулият шахс тузилишининг асосий элементларидан бири, инсон ҳулқининг асосий йўналишлари ва эркинлик аниқлаш даражасини англатади [2].
К.Муздибаевнинг фикрича, масъулият шахс ижтимоий типларининг бирини характерлайди. Ролли мажбуриятларни бажаришида ва ўзининг ишларига унга ҳисоб беришда, ўзининг ҳулқидаги жамоадаги умумқабул қилинган ижтимоий нормаларни сақлашни кўрсатиб беради [3, 5-б.]. Умуман олганда, К.Муздибаев масъулиятни шахс характери сифатида таъкидлайди.
Л.С.Рубинштейннинг фикрича масъулият рўй берган ҳар бир иш билан боғлиқ бўлади [4]. Инсон шахсий ҳаётида мантиқий воқеаларда ўзининг ички имкониятларини аниқлаш қобилиятига эга бўлади. Бу билан автор масъулиятни инсоннинг ҳаётий хулосаларини аниқлашдагина эмас, уни режалаштириш жараёнида ҳам ҳосил бўлади, деб кўрсатади. Инсон бир-бирига зид бўлган икки йўлни танлашдан ташқари ҳулқни бошқаришда эмас, борларини бекор қилишда ҳам масъулиятни ўз бўйнига олади:
1 - масъулият шахсий муҳтожлик, ҳақиқат талабларига боғлиқликни талаб этади;
2 - масъулият кенг қамровли даража.
К.А.Абульханова-Славскаянинг фикрича, “Масъулият-субъектнинг аниқланган эркинлик иродавий чегараси ва шакли[1]”.
Абульханова-Славская К.А. ишлари қуйидаги ғояларни бериши мумкин:
· шахснинг ўзи масъулият объектлари чегараларини аниқлайди;
· масъулият турли хил типларга ажратилиши мумкин;
· соф масъулият олдида турган ҳаракатларни, унинг қийинчилик даражасини ва чегарасини онгли моделлаштиришга ундайди.
Ижтимоий жараёнда нафақат талаба ёшлар балки, ёшидан қатьий назар ҳамма инсонлар иштирок этади. Фақат у ҳар бир ўз даври, ёши учун аҳмиятлилигига қараб танланади. Талабаларда эса, ўқув фаолияти асосий ўринга чиқади. Ўқув фаолияти жараёнида, таълим муассасасида мутахассис профессорлар томонидан берилаётган билимларни чуқур ўзлаштириш учун ҳам улардаги характер сифатлар ва айнан масъулият ҳисси шаклланган бўлиши шарт.
Талаба бўлажак мутахассис бўлганлиги сабаб, унда масъулият юқори даражада шаклланган бўлиши мақсадга мувофиқ. Талабалик даврида масъулият бошқалар учун аҳамиятли бўлган топшириқларни бажариш; хатти-ҳаракатларнинг топшириқларни муваффақиятли бажаришга йўналганлиги (қийинчиликларни енгиб ўтишга интилиш, бошлаган ишини охиригача етказиш); топшириқни, унинг характери ва натижасини ҳиссий кечириш (жиддий иш топширилганидан хурсанд бўлиш, муваффақияти учун қайғуриш); топширилган вазифани бажариш учун жавоб бериш кераклигини англаб етиш каби кўрсаткичлар намоён бўлади.
Фойдаланилган адабиётлар:
1. Абульханова-Славская К.А. Стратегия жизни. М., 1991.
2. Купченко В. Е. Особенности характеристик жизненного пути у лиц с различным типом ответственности: Автореф. дис. ... канд. психол. наук. Омск, 2004.
3. Муздибаев К. Психология ответственности. Ленинград, 1983.
4. Рубинштейн С.Л. Основы общей психологии: - СПб.: Питер, 1999.
5. Сафаев Н.С., Одилова Н., Мираширова Н., Сагиндикова Н., Рахимова И. Шахс психологик етуклигининг илмий-назарий асослари. Т., 2017.
Скачано с www.znanio.ru
[1] Абульханова-Славская К.А. Стратегия жизни. - М.: Мысль, 199.1. -111б.
© ООО «Знанио»
С вами с 2009 года.