УДК 911.3(575.1)(09)
Қодиров А.А.
БухДУ, “Экология ва география” кафедраси катта ўқитувчиси
Ўзбекистон, Бухоро
Аннотация. Мақолада иқтисодий ва ижтимоий география фанининг Ўзбекистонда шаклланишидаги илк тадқиқотлар ва уларнинг йўналишлари ҳамда мазкур фан соҳасида қўлга киритилган ютуқлар ва уларнинг натижалари таҳлил этилган. Шунингдек илмий асосланган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилган.
Калит сўзлар. Иқтисодий ва ижтимоий география, иқтисодий географик қарашлар, иқтисодий географик районлаштириш, иқтисодий география илмий мактаби.
Kodirov A.A.
Senior Lecturer, Department of Ecology and Geography at BukhSU
Uzbekistan, Bukhara
Annotation. The article analyzes the first studies on economic and social geography in Uzbekistan and their directions, as well as achievements and their results in this field of science. Scientifically based proposals and recommendations have also been developed.
Keywords. Economic and social geography, economic and geographical views, economic and geographical zoning, scientific school of economic geography.
Маълумки у ёки бу фаннинг вужудга келиши учун ижтимоий талаб, эҳтиёж ёки буюртма бўлиши керак. Бундан олдин эса шу фанга тегишли турли ахборий маълумотлар, объектив борлиқдан олинган, тўпланган дастлабки билимлар ва тахминлар шаклланади, сўнгра турли воқеликлар орасидаги сабаб-оқибат муносабатлари ҳамда маълум шароитда такрорланиб турадиган қонуният алоқадорликларни асослаш имконияти туғилади. Демак, объектив борлиқни кузатиш, мушоҳада қилиш тез-тез учрайдиган воқеаларни таҳлил қилиш негизида муайан фанга доир билимлар мажмуаси вужудга келади, улар аста-секин илмга ва фанга айланади.
Ҳар қандай фан ҳақиқий фан мақомига эга бўлиши, шаклланиши учун ўзининг объекти, предмети, методи ва методологияси (усули ва услубиёти), асосий тушунча, категория ва қонуниятлари, мактаб, марказ ва йўналишларига салмоқли илмий асарлар, тадқиқиотларга эга бўлиши ва унинг бошқа фан вакиллари томонидан тан олиниши талаб этилади. Шунингдек, мазкур фаннинг ўқув предмети сифатида ўқитилиши, махсус факультет, кафедра ёки лабораторияларнинг ташкил этилиши ҳам катта аҳамиятга эга. Иқтисодий - ижтимоий география фани ҳам юқоридаги шарт-шароитлар, объектив заруриятлар асосида вужудга келган ва ривожланиб борган.
Республикамиз ҳудудида иқтисодий географик қарашларнинг шаклланиши узоқ тарихий даврларга бориб тақалади. Аммо буни иқтисодий географиянинг фан сифатида шаклланишидан фарқлаш лозим. Чунки ҳар қандай фан шу соҳадаги энг мукаммал қарашларнинг йиғиндисидан, мажмуидан иборатдир. Буюк ватандошларимиз Хоразмий, Фаробий, Фарғоний, Беруний, Ибн Сино, Улуғбек, Бобур кабиларнинг асарларида юртимиз ва дунёнинг бир қанча мамлакат ҳамда ҳудудлари табиати, аҳолиси ва хўжалиги тўғрисидаги иқтисодий географик аҳамият касб этувчи маълумотларни учратиш мумкин. Аммо бу ва бошқа олимлар географик меросларининг иқтисодий географик жиҳатлари яхши ўрганилмаган. Шу билан бирга кўпгина иқтисодий географик маълумотлар Хитой ва Араб сайёҳларининг китобларида ҳам мавжуд. Улар асосан юртимиздаги савдо, ҳунармандчилик ва айниқса бозорлар ва шаҳарларга катта эътибор беришган. Айтиш лозимки, айнан ана шу шаҳар ва бозорлар тафсилоти орқали ўлкамизнинг ўша даврдаги иқтисодий тарихий географиясини билиб олишимиз мумкин.
Ўрта Осиё ва унинг ажралмас қисми ҳисобланган республикамиз ҳудуди XIX асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб Чор Россиясининг
манфаатлари нуқтаи назардан ҳудудий жиҳатдан кенг қамровли тадқиқ этила бошланди. Бу давр тадқиқотлари умумгеографик хусусиятлари билан ажралиб турар эди. Айниқса геологик, геоморфологик, метеорологик, гляциологик, геоботаник ва зоогеографик жиҳатдан олиб борилган тадқиқотлар натижасида улкан илмий ҳамда амалий аҳамиятга молик маълумотлар тўпланган. Ушбу тадқиоқтлардан кўзланган мақсад ўлка ҳудудининг табиий географик шароити ҳамда ресурсларидан хўжаликни ҳудудий ташкил этишда фойдаланиш эканлигини назарда тутадиган бўлсак, иқтисодий географик тадқиқотлар бўйича илк қадамларнинг қўйилиши айнан шу даврга бориб тақалади.
ХХ аср бошларига келиб мамлакатимиз ҳудудининг ер-сув, иқлим ва ўсимлик ресурсларини ўрганишга катта эътибор берилди. Бундан кўзланган мақсад Чор Россиясининг чекка ўлкаси бўлган Ўрта Осиё ва республикамизнинг асосий хўжалик тармоғи бўлмиш пахтачиликни ривожлантириш ҳамда қишлоқ хўжалигининг хомашё етказиб барувчи бошқа тармоқларини шакллантиришдан иборат эди. Ана шу эҳтиёж туфайли географик тадқиқотларнинг мазмун-моҳияти ва ундан кўзланган мақсад ҳам ўзгариб борган. Натижада махсус ихтисослашган илмий дастур асосида анча мукаммал ва тизимли тадқиқотлар олиб борила бошланган. Айрим географик районларни чуқур миқдорий таҳлил қилиш, уларни карталаштириш, ҳамда иқтисодий салоҳиятини аниқлаш бош масалага айланган. Ҳудудларнинг қишлоқ хўжалиги нуқтаи –назардан
имкониятларини аниқлаш ва баҳолашга катта эътибор қаратилган. Бу борада қишлоқ хўжалиги тажриба станциялари (Тошкент, Мирзачўл, Андижон, Зарафшон, Фарғона), Россия ер тузиш ва деҳқончилик бошқармаси қошидаги “Ерлар ҳолатини яхшилаш бўлими“, Гидрометрик бўлинма, Туркистон Ҳарбий топография бўлими, Россия География жамиятининг Туркистон бўлими олимлари томонидан олиб борилган тадқиқотлар натижаларини кўрсатиб ўтиш мумкин.
Ушбу муассасаларда фаолият олиб борган олимларнинг илмий фаолияти халқ хўжалигининг долзарб вазифалари – ер тузиш, обикор деҳқончилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш, ер ости бойликларини излаб топиш, ер-сув ресурсларини баҳолаш ҳамда карталаштириш каби масалалар билан боғлиқ бўлган. 1906-1918-йилларда нашр қилинган “Туркистон қишлоқ хўжалиги“ журналида қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилган тадқиқот натижалари ёритиб борилган. Бундай маълумотлар ўз навбатида республикамиз ҳудудиди XX асрнинг 20-йилларидан бошлаб олиб борилган иқтисодий географик тадқиқотлар учун манба вазифасини ўтаган.
Бундан ташқари XX бошларида Ўрта Осиёда вужудга келган
жадидлик ҳаракати намояндалари ўзларининг "Янги усул" мактаблари учун нашр эттирган географик адабиётларида иқтисодий география ва унинг айрим тормоқлари тўғрисида фикр юритган бўлсаларда бу маълумотлар умумийлиги ҳамда ўша давр Ўрта Осиёси аҳолисининг билим савияси нуқтаи-назаридан ёзилганлиги билан фарқланади. Бу борада Маҳмудхўжа Бехбудий, Абдулла Авлоний, Мунавварқори Абдурашидхонов, Фотих Каримий кабиларнинг фаолияти алоҳида диққатга сазовордир. Хусусан Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг "Янги усул" мактаблари учун нашр эттирган
"Туркистон харитаси", "Мунтахаби жуғрофияи имроний" (Аҳоли географиясига кириш"), "Мухтасари жуғрофияи Русий" ("Русиянинг қисқача географияси"), "Жуғрофияи риёзий" ("Математик география"), "Жуғрофияи тарихий" ("Тарихий география") "Жуғрофияи сиёсий" ("Сиёсий география") каби асарлари ўша даврдаги географик қарашларни ўзида акс эттирганлиги билан ажралиб туради.
Ўзбекистонда иқтисодий география фанининг тарихий шаклланиш ва ривожланиш жараёнига баҳо беришда собиқ иттифоқ даврини ҳам эътиборга олмоқ зарур. Бу даврда мазкур фан, асосан немис мактаблари таъсирида, аввал Россияда аниқроғи Петербургда ривожланиб борган. Унда соф иқтисодий ва хусусан тармоқ ҳамда статистик рақамларга кўп аҳамият берилганлиги сабабли иқтисодий географияда “тармоқ-статистика” йўналиши устувор бўлган. Шунинг учун бўлса керак ХХ асрнинг 20- йилларида иқтисодий география иқтисодиёт фанлари тизимига киритилган.
Албатта, фанни фақат рақамлар билан тўлдириш ва географияни фақат тармоқлар таҳлили билан тушунтириш мақсадга мувофиқ эмас. Бинобарин, асосий ихтисослиги иқтисодчи бўлган олимлар Бернштейн- Коган ва Н.Н.Баранскийлар иқтисодий географияда ҳудудий жиҳатларга кўпроқ аҳамият беришнинг тарафдорлари бўлиб чиқишган ва натижада улар иқтисодий географияни районлар йўналишини кучайтиришган. Демак, иқтисодий географияда районлар таърифи ва тавсифига катта урғу берилган. Эҳтимол бу ҳолат кейинчалик иқтисодий географияни иқтисодиёт фанлари тизимидан география фанлар блокига киритилишига сабаб бўлган.
Ўзбекистонда мажмуали иқтисодий географик тадқиқотлар олиб бориш XX асрнинг 20-йилларидан бошланди. Бу давр бир қанча ўзига хос хусусиятлари билан ўтган даврлардан айниқса XX асрнинг дастлабки 20 йилидан фарқланади. Ўрта Осиёда мавжуд бўлган икки феодал давлат (Хива хонлиги ва Бухоро амирлиги) ҳамда чоризм ҳокимиятининг ағдариб ташланиши, унинг ўрнида шўро ҳокимиятининг вужудга келиши, дастлаб Туркистон мухтор жумҳурияти ва Бухоро ҳамда Хоразм халқ республикалари, сўнгроқ ҳозирда мавжуд республикаларнинг вужудга келишига "асос бўлувчи" миллий давлат чегараланишининг ўтказилиши кабилар шулар жумласидандир. Бу даврнинг яна бир ўзига хос хусусияти шундаки, нафақат Ўзбекистон, балки бутун Ўрта Осиё фани тараққиётида пойдевор вазифасини ўтаган Ўрта Осиё давлат университети (САГУ) га асос солинди (1918). Ана шу илм даргоҳида фаолият олиб борган олимларнинг ишларида Ўзбекистон ва бутун Ўрта Осиёнинг иқтисодиётига оид тадқиқот натижаларини кўриш мумкин. Бу даврдаги иқтисодий географик тадқиқотлар кўпроқ Ўзбекистон ва Ўрта Осиёнинг умумий таърифига бағишланганлиги билан ажралиб туради. Бу йўналишдаги тадқиқотларда энг аввало Г.Н. Черданцев ва В.М. Четиркинларнинг хизмати катта бўлганини эътироф этиш лозим. Чунончи, Г.Н. Черданцевнинг 1922 йилда ёзган Ўрта Осиё ҳақидаги монографиясида, 1928 йилда нашр этган Ўрта Осиё республикаларига бағишланган китобида, В.М. Четиркин ва Ю.И. Пословскийларнинг 1926 йилда ёзган Ўзбекистон халқ хўжалигининг аҳволи ва ривожланиши борасидаги асарида Ўрта Осиё ва Ўзбекистон иқтисодий географияси ҳамда иқтисодий географик районлаштирилишига оид маълумотлар келтирилган. 1944-1948 йилларда иқтисодий география кафедрасининг мудири сифатида фаолият олиб борган В.М.Четиркин турли вилоятлар табиати табиий шароити ҳамда табиий ресурсларини хўжалик нуқтаи-назаридан ўрганишга ва ёш географ олимларни тайёрлашга катта эътибор берган.
Маълумки, Ўрта Осиё собиқ Иттифоқнинг йирик қишлоқ хўжалик райони эди. Шунинг учун ҳам иқтисодий географик тадқиқотларнинг диққат марказида қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришини оқилона жойлаштириш ёки ҳудудий ташкил этиш ва иқтисодий географик районлаштириш масалалари ётарди. Қишлоқ хўжалигини иқтисодий географик районлаштиришда мажмуалилик ҳамда табиий шароит нуқтаи- назаридан таърифлаш муҳим ўрин тутар эди. Шунингдек бу тадқиқотлар аниқ амалий мақсадларга қаратилганлиги ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини жойлаштиришнинг илмий асоси сифатида ишлаб чиқилганлиги билан муҳим аҳамият касб этар эди.
ХХ аср 30 йилларида олиб борилган иқтисодий географик тадқиқотлар асосан мамлакат ҳудудидаги табиий бойликларни ўрганиш ҳамда ишлаб-чиқариш кучларини жойлаштириш масалаларига бағишланган. Шу даврда яъни 1933 йилда ишлаб чиқариш кучларини жойлаштириш мавзуида республикамизда дастлабки илмий амалий анжуман ўтказилди.
Республикамизда иқтисодий географиянинг шаклланишидаги кейинги босқич 1940 йилда Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги ЎзМу)да иқтисодий география кафедрасининг очилиши ҳамда 1943 йилда ушбу йўналиш бўйича аспирантуранинг очилиши билан бошланди. Шу тариқа республикамизнинг тўнғич олий таълим даргоҳида дастлабки иқтисодий география илмий мактаби шаклланна бошлади.
Иқтисодий география иккинчи жаҳон уруши ва урушдан кейинги йилларда мамлакат хўжалигини қайта тиклаш ишларида катта илмий ва амалий аҳамиятга эга бўлган. Бу борада ХХ - асрнинг 20-нчи йилларида собиқ иттифоқда ташкил этилган КЕПС (Комитет по использованию природных ресурсов) ва унинг асосида ташкил этилган СОПС (Совет по изучению производительных сил) нинг вужудга келиши ниҳоятда муҳим бўлган. Ушбу илмий-тадқиқот ташкилотлари мамлакатнинг турли ҳудудларида табиий ресурслардан фойдаланиш, ишлаб чиқариш кучларини жойлаштириш бўйича концепция ва схемаларни яратганки, моҳиятан бу ишлар иқтисодий география фани доирасида олиб борилган.
50-йилларда олиб борилган тадқиқотлар сирасига Фарғона, Қашқадарё, Сурхон-Шеробод ва Зарафшон водийси ҳудудларига уюштирилган экспедицияларни киритиш мумкин. Бу даврда Ўзбекистонда ижтимоий ва иқтисодий география фани тараққиётига катта ҳисса қўшган олимлар Р.С.Лобач, З.М.Акромов, Р.А.Ходиев, Т.Тожимов, Т.Раимов, Э.Тошбеков каби олимлар етишиб чиқдилар. Улар ичида З.М.Акрамовнинг чўл, тоғ ва тоғолди районларни ўзлаштириш, иқтисодий районлаштириш каби муаммолар устида олиб борган изланишлари алоҳида диққатга сазовордир.
Ўзбекистон Фанлар академияси ҳузуридаги СОПС ҳамда бошқа илмий-тадқиқот институтлари ва 1940 йилда Тошкент Давлат университети - ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетида очилган иқтисодий география кафедраси олимлари билан ҳамкорликда йирик ҳудудий-иқтисодий тадқиқиотларни бажарган. Масалан, Фарғона водийсининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, Ангрен - Олмалиқ, Бухоро - Навоий, Қашқадарё, Мирзачўл, Қуйи Амударё ҳудудий ишлаб чиқариш мажмуалари тўғрисидаги ишлар шулар жумласидандир. Мазкур тадқиқиотларни амалга оширишда С.К.Зиёдуллаев, В.И.Четиркин,
Г.Н.Черданцев, К.Н.Бедринцев, К.И. Лапкин, В.И.Попов, З.М.Акромов, Ш.Н.Зокиров, И.И.Искандеров каби иқтисодчи ва географ олимларнинг хизматлари катта бўлган.
ХХ - асрнинг етмишинчи йилларида иқтисодий география собиқ иттифоқда расман иқтисодий ва социал география номини олди. Табиийки, унинг илгариги таърифи, ишлаб чиқариш географияси эканлиги шароитига тўғри келмай қолди. Шунинг учун анъанавий иқтисодий географиянинг таърифи ижтимоий, ноишлаб чиқариш соҳалари, аҳолининг турмуш шароити ва тарзининг ҳудудий жиҳатлари билан бойитилди.
Ана шу даврда кейинчалик республикамизда иқтисодий ва ижтимоий географиянинг ривожланишига катта ва самарали ҳисса қўшган Т.Раимов, Г.Асанов, Т.Эгамбердиев, С.Саидкаримов, О.Б.Отамирзаев, А.С.Солиев, А.Н.Рўзиев, Х.С.Салимов, А.А.Қаюмов О.Абдуллаев, М.Янгибоев, Т.
Маллабоев, Т. Жданов, Е.Умаров, И.Сафаров, М.Бўриева, М.Юсупов, Р.Тиллаев, Ш.Имомов, Н.Султонов, А.Содиқов кабилар етишиб чиқдилар.
Юқоридаги таҳлилларга таяниб республикамизда иқтисодий ва ижтимоий географиянинг дастлабки даврлардаги ривожланиши хусусида қуйидаги хулосаларга келиш мумкин:
1. ХХ асрда географик билимларни мустаҳкамлашда муҳим
муваффақиятлар билан бир қаторда географик объект ва ҳодисаларни батафсил ўрганишга қаратилган географик тадқиқотларни фарқлаш тез суръатлар билан давом этди. Айрим муаллифлар, айниқса, ўқитиш муҳитидан келиб чиқиб, хариталаш мумкин бўлган фазовий параметрларга эга бўлган ҳар қандай ҳодиса ва объектлар географияга тегишли деган фикрга амал қилдилар. Географик тадқиқот объектларини бундай тушуниш география предметининг ўз чегараларидан чиқиб тарқалиб кетишига олиб келади. Натижада, географик синтез янада мураккаб ва муаммоли бўлади.
2. ХХ асрнинг биринчи ярми фанда кўплаб назарий янгиликлар яратилганлиги билан ажралиб туради. Бу даврда географик тадқиқотларнинг асосий вазифаси табиатни ўзгартирувчи парадигмани амалга ошириш билан боғлиқ эди. Асрнинг иккинчи ярмида эса тескари таъсир яъни табиатга таъсирнинг вайронкор хатти-ҳаракат сифатидаги хавфи тобора тан олинмоқда. Бу фанда экологик ва геоэкологик тушунчалар ривожланиши учун кучли туртки бўлди ва табиат – жамият тизимининг барқарор ривожланиш йўллари минтақавий ва жаҳон миқёсида изланмоқда.
3. География фанининг келажакдаги тараққиёти учун унинг
шаклланиш ва ривожланиши тарихий тажрибасини диққат билан ўрганиш муҳимдир. Локал (ҳудудий), регионал (минтақавий) ва глобал (дунёвий) даражадаги мураккаб муаммоларни ўрганишда, табиий ва ижтимоий- иқтисодий тизимларни ўрганиш ва уларни бошқаришда классик ёндашувлар ва энг янги тадқиқот воситаларидан фойдаланишга асосланган география фани ва географик таълимни фундаменталлаштириш лозим.
География фани сайёрамиздаги аҳолининг хулқ-атвор қоидаларини ишлаб чиқишда етакчи мавқега эга бўлиши керак.
1. Агирречу А.А. Экономико-географические диссертации об Узбекистане в советский период: ретроспективный обзор. // Известия Географического общества Узбекистана. – Специальный том. – Ташкент, 2018. – Б. 116-122
2. Акрамов З.М. География фани XXI аср бўсағасида: муаммолар, ечимлар ва йўналишлар. // Ўзбекистон география жамияти ахбороти. 21-жилд. – Тошкент, 2000. – Б. 10-12.
3. Акрамов З.М., Глазырин Г.Е., Xисамов А.В. Актуальные задачи географических наук в Узбекистане // Известия Географического общества Узбекистана. –Ташкент, 1988. №14 - С.7-11.
4. Бабушкин Л.Н., Акрамов З.М. География в Узбекистане // Известия
Географического общества Узбекистана. –Ташкент, 1970. №12 - С.3-14
5. Ғуломов П.Н., Абдуназаров Ў., Шожалилов Ш., Миракмалов М.
Ўзбекистонда география таълими методикасининг ривожланиши ва истиқболлари. // Ўзбекистон география жамияти ахбороти. 18-2-жилд. – Тошкент, 1997. – Б.167-172.
6. Махамадалиев Р.Ю., Назаров М.И., Қодиров А.А. Ўзбекистон иқтисодий ва ижтимоий географияси илмий мактаби. // Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг илмий мактаблари. - Тошкент, 2008. -Б 243-249.
7. Отамирзаев О.Б., Райимжонов З., Кононенко С.Н. Ўзбекистон аҳолишунослигининг шаклланиши, ривожланиши ва истиқболлари. // Ўзбекистон география жамияти ахбороти. 18-2-жилд. –Тошкент, 1997. – Б. 115-118.
8. Рахимбеков Р.У. Донцова З.Н. Ўрта Осиё табиатини географик ўрганиш
тарихи. Т. «Ўқитувчи», 1982. 200 б.
9. Солиев А.С. Иқтисодий ва ижтимоий география фани шаклланишининг уч асосий манбаи, уч таркибий қисми ва унинг предметига уч хил ёндашув. // Ўзбекистон география жамияти ахбороти. 40-жилд. – Тошкент, 2012 – Б. 73-77.
10.Солиев А.С., Махамадалиев Р.Й., Назаров М.И., Қодиров А.А.
Ўзбекистон аҳолиси ва социал-иқтисодий картография. // Ўзбекистон миллий атласини яратишнинг илмий-услубий асослари. Республика илмий-амалий конференцияси материаллари. – Тошкент, 2009. -Б 20-23.
11.Ташов Х.Р., Мавлянов А.М., Кадыров А.А., Кадырова М.М.
В.П.Максаковский и развитие географической науки В Узбекистане. // Социально-экономическая география: теория, методология и практика преподавания (к 90-летию со дня рождения В.П.Максаковского). Материалы международной научно-практической конференции. –
Москва, 2014. - С.40-42.
12.Қодиров А.А. Аҳмад Донишнинг географияга оид қарашлари. // “Аҳмад Дониш - XIX асрнинг буюк мутафаккири ва тараққийпарвари”. Республика илмий-назарий конференцияси материаллари. I-китоб – Бухоро, 2007. - Б. 140-141.
13.Қодиров А.А. В.М.Четиркиннинг Ўзбекистонда иқтисодий география тараққиётига қўшган ҳиссаси. // «География фанининг назарий амалий муаммолари». Республика илмий-назарий-амалий конференцияси материаллари. – Бухоро. 2006. - Б. 152-155.
14.Қодиров А.А. Г.Н.Черданцевнинг Ўзбекистонда иқтисодий география тараққиётига қўшган ҳиссаси. // Ўзбекистон География жамияти VII съезди материаллари. – Тошкент, 2006. - Б. 177-178.
15.Қодиров А.А. Мавлонов А.М. Ўзбекистонда шаҳарларнинг иқтисодий географик ўрганилиши. // Ўзбекистон география жамияти ахбороти. 29- жилд. – Тошкент, 2007. - Б. 103-105. (11.00.00; №6).
16.Қодиров А.А. Ўзбекистон чўл ҳудудларининг иқтисодий географик ўрганилиши. // “Чўл зонаси ландшафтлари ресурсларидан самарали фойдаланишнинг географик асослари”. Республика илмий- назарий, амалий конференцияси материаллари – Бухоро, 2010. -Б. 116-122.
17.Қодиров А.А. Ўзбекистонда иқтисодий географиянинг шаклланиши. //
Иқтидорли талабалар ва ёш олимларнинг республика илмий-амалий конференцияси материаллари. – Тошкент - 2007. - Б. 50-5

Материалы на данной страницы взяты из открытых источников либо размещены пользователем в соответствии с договором-офертой сайта. Вы можете сообщить о нарушении.