ХХI АСРНИНГ КИТОБХОН БОЛАЛАРИ
Оценка 5

ХХI АСРНИНГ КИТОБХОН БОЛАЛАРИ

Оценка 5
Научные работы
docx
преподавание
5 кл—11 кл +1
11.03.2022
ХХI АСРНИНГ КИТОБХОН БОЛАЛАРИ
Мазкур масала оғриқли муаммо сифатида тез-тез кун тартибига қўйилмоқда, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар, давра суҳбатлари қилинмоқда. Ўрта махсус ҳамда олий таълимда ўқитиладиган фан соатларининг сезиларли қисми мустақил таълимга ўтказилиши ҳам қайсидир жиҳатдан шу муаммо ечими билан боғлиқ.
Бухоро- БухДУ Йулдошева Д.Н..docx

ХХI АСРНИНГ КИТОБХОН БОЛАЛАРИ

                                                        Юлдашева Дилором Нигматовна

                                                             БухДУ профессори, педагогика фанлари номзоди

                                                  e-mail: diloromxon.68@mail.ru

                                               тел.: +998 (91) 417-61-67

Мазкур масала оғриқли муаммо сифатида тез-тез кун тартибига қўйилмоқда, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар, давра суҳбатлари қилинмоқда. Ўрта махсус ҳамда олий таълимда ўқитиладиган фан соатларининг сезиларли қисми мустақил таълимга ўтказилиши ҳам қайсидир жиҳатдан шу муаммо ечими билан боғлиқ.

«Мен ўзимдаги барча яхши фазилатлар учун китобдан миннатдорман», деган эди ХХ асрда яшаб ўтган улуғлардан бири. Ахир китоб–инсоният ижодиётининг чинакам ҳайратланарли ва эътиборга лойиқ белгиси, инсоният яратмишлари ичра такрорланмас мўжиза-ку?! Китоблар қатида кечмиш замонларнинг ақл-идроки, тафаккури, шуури яшайди, хоки тупроқлари туш мисол қачонлардир тўзғиб кетган одамларнинг овози аниқ-тиниқ янграб туради. Инсоният томонидан яратилган турфа нарса-буюмларнинг, тафаккурда қайта-қайта ўйлаб кўрилган фикрларнинг  ва у эришган жамики юксакликларнинг, ҳаттоки, инсоният оламининг маънавий етуклигию таназзули ҳам, табиат берган неъматлардан баҳрамандлиги шукронасию  ношукурчилик исрофгарчилиги ҳам – барча-барчаси инсоният хотираси сифатида китоблар саҳифасида сақланиб қолган.

Одамзод яратган бу мўжиза дунё билимларини, халқлар тарихи ва жаҳон ақлий камолотининг бутун борлиғини ўзида жамлаганки, у барча макон ва замонларда ҳам инсоният маънавиятини тозалаш, ақлий салоҳиятини юксалтириш, ижтимоий турмушда тўғри ва оқилона яшаш сирларини ўргатувчи манбадир. Зеро, китоб–устоз, китоб–йўлбошчи, китоб–сирдош, китоб–надима, ҳамдам. У дунёда табиат ва инсон, тафаккур ва одамзод, жамият ва фуқаро, сабаб ва оқибат, моҳият ва ҳодиса, имконият ва воқелик мувозанатини меъёрга солиб турувчи энг қудратли қуролдир.

Қизиқ, китобдай улуғ неъматдан болаларимизнинг барчаси тенг баробар баҳраманд бўлишини нега таъминлай олмаяпмиз? 

Аслида ўзини, ўзлигини билган киши учун энг севимли маскан–эзгуликка чорлайдиган китоблар бор жой – кутубхона. Бунда китоблар сизнинг ҳамма саволларингизга жон деб жавоб қайтаради, сизнинг тафаккур оламингиз уларнинг ўгитларидан юксалади. Ҳақиқий китобнинг яхши-ёмони бўлмайди. Китоблар фақатгина ўқувчининг маънавияти, диди, дунёқарашига кўра танланади, холос. Демак, китоб энг олис ва зимистон умр йўлларида инсонга нур бағишлаб турувчи сеҳрли маёқдир.

Статистик маълумотларга кўра, давримизнинг 90 фоиз кишилари китоб мутолааси билан шуғулланишмас экан. Социологлар сўровнома ўтказишганда, аксарият «китоб ўқимаслар» «Охирги марта қайси китобни ўқидингизу, қачон кутубхонага йўлингиз тушди?» деган саволга буни эслашдан кўра китоб ўқишга, кутубхонага боришга нега вақтлари йўқлиги важини айтишни маъқул кўришган. (…бола-чақали одам турмуш ташвишларига ботиб кетаркан, шу қадар иш кўпки, баъзан тузукроқ дам олгани ҳам фурсат йўқ. Тезкор замонда ота бўлиб, она бўлиб китобларга термулиб ўтирсак, рўзғорнинг ҳоли не кечади?! Қайсидир маънода ўзларини оқлаб, маслаҳат ҳам беришган: ёшликда ётиб олиб китоб ўқиганмизки, шу даражага етганмиз-да. Энди ёшлар китоб ўқисин, ҳа, ўқиш уларга кўпроқ ярашади.) Яхши фикр, яхши маслаҳат. Фақат шу ўринда бир ҳақиқатни унутиб қўйяпмиз: «Қуш уясида кўрганини қилади-ку?!» Кўп кузатганмиз: тирноқ бўяш севимли машғулоти бўлган аёлнинг қизи, албатта, тирноқларига зеб беришни исталган юмушдан афзал билади ёки отаси сигарета чекадиган йигитча отасига аввал яширинча, кейин эса очиқча тақлид қилади. Бу ҳаётий, аммо аччиқ ҳақиқат!

Китобдай улуғ неъматдан болаларимизнинг барчаси тенг баробар баҳраманд бўлишини нега таъминлай олмаяпмиз? Мазкур жумбоқнинг ечими ҳам юқорида таъкидланган аччиқ ҳақиқат билан боғланади. Ўзимиз, яъни биз катталар, мутолаага вақт ажратяпмизми? Зерикишларимизни бадиий асар ўқиш орқали ёйяпмизми? Бу саволларга жуда кўп маҳалда ижобий жавоб бериб бўлмайди. Шундай эмасми?!  Ахир қовоғи уйилган (бирор нарсадан таъби хира бўлган) ота улфатлари билан «гаштак»да ёки қимматбаҳо телефонидаги ўйинларга термулган ёки ИНТЕРНЕТда сузаётган ёки телевизордаги элликдан ортиқ телеканалдан «ҳеч нарса тополмай» телебошқаргични асабий босаётган (агар булардан ҳам нарига ўтиб кетмаса) ҳолатларни кузатиш кўпчилигимиз учун таниш манзара.

ХХI аср «асаби бузилган» баъзи аёлларга яхши овунчоқ тақдим этди: телефон. Уйда, кўчада, айниқса, оммавий транспорт воситаларида кечани кеча, кундузни кундуз демай соатлаб «яқинлари» билан «дардлашишади». Камига «гап», телесериаллар  ҳам қўшилади… Улар  ҳеч нарса ўқишмайди, десак, тўғри бўлмас. Уларнинг кўпчилиги «Даракчи» газетасини ўқишади. (Статистик маълумотларга кўра, «Бекажон» газетасидан кўра «Даракчи» газетаси кўпроқ «оммалашган».) Аёллар давраларида «Даракчи» газетаси шинавандалари «суҳбатга мавзу топиб беришади»: қўшиқчи Лола «ажрашибди», Райҳон ҳам ажрашмоқчи экан; Ҳулкар бечорани бир бойвачча қамаб қўйиб тўйларда пул ишлашга «мажбур қилган экан»; Озоданинг ўрнига синглиси чиқибди… Эҳҳе, бу маълумотларнинг давоми «қўлбола миш-мишлар»га уланиб кетади. 

ХХ аср бошларида жадид ижодкори Маҳмудхўжа Беҳбудий: «Туркистонда ягона она тилини таълим тизимига жорий этишдан олдин, оналаримизнинг ўзлари бир неча авлод давомида меъёрлаштирилган адабий тилда ўқитилган бўлмоғи лозим»лигини айтган эди «Икки эмас, тўрт тил лозим» мақоласида.[2] (Бу фикр шу кеча-кундуз учун ҳам ўта долзарбдир.) Бу фикрга таҳлил этаётган масаламиз нуқтаи назаридан ёндашсак, демак, фарзандларимизни китобхонликка одатлантиришимиз учун аввало китобхонликни уларнинг оналари табиатига айлантиришимиз лозимлигини сезамиз. (Табиатга ҳар неким одат эрур, Чу эскирди одат табиат эрур) (А.Навоий) [1]

Яхши орзу, яхши маслаҳат. Хўш, унинг ижроси қандай бўлади? Айниқса, китоб ўқишга қизиқмайдиган уй бекасини қандай қилиб китобхонга айлантира оламиз? Бу муаммо ечимининг ўзаги ҳам, бизнингча, маҳаллалар ва уларнинг фаолияти билан боғланади. Маҳалла фаоллари рўйхатига турли тоифадаги (масалан, зиёли, хизматчи ва ҳ.) китобхон аёлларни киритиш, улар кўмагида ҳар ойда ҳеч бўлмаса, иккита насрий ёки назмий китобнинг тақдимотини ўтказиш асносида давра суҳбатлари ташкил этиш, уларга мумкин қадар барча маҳалладошларни жалб этишга эришиш лозим. Ҳар бир хонадонда шахсий кутубхона бўлишини тарғиб этиш, шундай хонадонларни ибрат қилиб кўрсатиш ҳам муҳимдир. (Баъзи маҳалла фуқаролар йиғинлари фақат коммунал тўловларни йиғиш билангина чегараланиб қолаётганликлари ачинарли ҳол.)

Китобга муҳаббат, ҳақиқатан, мақтовга лойиқки, китобга муҳаббат боғлаганларга барча замонларда ҳам ақлли одамлар ҳавас билан қараганлари бежиз эмас. Назаримизда, на кино олами, на ажойиб томоша, умуман, санъатнинг бирор тури; на компьютер, на ИНТЕРНЕТ сайтлари инсонни китоб даражасида юксалтира  олмайди. Ваҳоланки, китоб мутолааси ўқувчи истайдими, йўқми, юксак бадиий асар уни маълум воқеаларга баҳо беришгагина эмас, балки ўша баҳо бериш йўли ҳақида, ҳаётнинг асосий масалалари, унинг мақсади, маъноси, ундаги адолат, ноҳақлик ва ҳоказолар ҳақида мулоҳаза юритишга мажбур этади.

Демакки, тафаккур юксалади, маънавият ошади, инсон борлиқни англаб боради. Китобга меҳр қўймаган, китоб ўқишни ўзининг севимли машғулотига айлантира олмаган кишилар ҳеч қачон ўзини, ўзлигини англай олмайди.

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Навоий А. Лисонут тайр. – Т.: Ғ.Ғулом номидаги нашриёт матбаа бирлашмаси, 1991.

2. www.ziyouz.com Маҳмудхўжа Беҳбудий. Икки эмас, тўрт тил лозим.


 

Скачано с www.znanio.ru

ХХ I АСРНИНГ КИТОБХОН БОЛАЛАРИ

ХХ I АСРНИНГ КИТОБХОН БОЛАЛАРИ

Статистик маълумотларга кўра, давримизнинг 90 фоиз кишилари китоб мутолааси билан шуғулланишмас экан

Статистик маълумотларга кўра, давримизнинг 90 фоиз кишилари китоб мутолааси билан шуғулланишмас экан

Эҳҳе, бу маълумотларнинг давоми «қўлбола миш-мишлар»га уланиб кетади

Эҳҳе, бу маълумотларнинг давоми «қўлбола миш-мишлар»га уланиб кетади
Материалы на данной страницы взяты из открытых истончиков либо размещены пользователем в соответствии с договором-офертой сайта. Вы можете сообщить о нарушении.
11.03.2022