ШАРҚ МУТАФАККИРЛАРИНИНГ ОТА-ОНА ВА ФАРЗАНДЛАР ЎЗАРО МУНОСАБАТЛАРИГА ОИД ҚАРАШЛАРИ
Хонзафаров Оғабек Отабек ўғли
Бухоро давлат университети 4-босқич талабаси
Илмий раҳбар: Б.Т.Жураев, БухДУ доценти
Инсон боласи ўзи туғилиб ўсган оиласида илк бор ижтимоий муносабатларга киришади. Унинг ижтимоийлашуви аввало ўз оиласидаги шахслараро муносабатлар тизимида амалга ошади. У билан дастлабки ижтимоий муносабатларга киришувчи одамлар: унинг ота-онаси, ака-опаси ва оиласидаги бошқа аъзолардир. Боланинг келажакда шахс сифатида шаклланиб, етук инсон бўлиб етишувида, ҳаётда ўз ўрнини топиб кетишида унинг қандай оилада тарбияланганлиги, оилада қандай психологик иқлим ҳукм сурганлиги, ўз ота-онаси билан бўлган ўзаро муносабатларининг қандай тарзда кечганлиги муҳим аҳамиятга эгадир. Шунинг учун ҳам инсоният маданияти тарихининг илк даврлариданоқ шахслараро муносабатларнинг айнан шу турига, яьни оиладаги шахслараро муносабатларга, айниқса, ота-она ва фарзандлар муносабатларига, оилада болаларнинг ўзаро муносабатларига алоҳида эьтибор бериб келинган. Бу мавзунинг узоқ ўтмишга эга эканлигини биз деярли барча миллатлар халқ оғзаки ижодиёти намуналари мисолида кўришимиз мумкин.
Масалан, халқимизнинг минг йиллик тарихга эга бўлган буюк достони «Алпомиш», «Гўрўғли», шунингдек, Шарқ мамлакатлари халқлари учун катта маьнавий манба бўлмиш ҳинд халқ достонлари «Махобҳорат», «Рамаяна» кабиларда мазкур муносабатлар тизими ёрқин тасвирланган. Улар минг йиллар давомида халқ оғзаки ижодиёти намуналари тарзида авлоддан-авлодга узатилиб, келажак авлодлар маьнавий дунёси, руҳий олами, миллий қадриятларининг шаклланишида муносиб ўрин эгаллаб келмоқда.
Халқимизнинг шундай маьнавий меросларидан бири бўлмиш «Ширин билан Шакар» достонида ҳам оила, оилада бола тарбияси, бунда ота-она маъсулияти ва бурчи, фарзандга нисбатан ҳалоллик ва муҳаббат, фарзанднинг ота-онага ҳурмати, ота-она қадрини юқори тутиши каби масалаларга алоҳида эoтибор берилган. Достон қаҳрамонлари ака-ука Ширин билан Шакар образи орқали фарзандларнинг ота-онага муҳаббати, ака-уканинг бир-бирига қон-қариндошлик муносабати тасвирланган. Шунингдек, достонда оилавий бир жанжал асосида ота-бола можароси майдонга чиқади. Шоҳ Қосимхон хотини Кенжаойнинг туҳматига ишониб, Ширин билан Шакарни ўлимга ҳукм қилади. Отасидан жабр кўрган Ширин ва Шакар ундан юз ўгирадилар. Бироқ улар оналарини садоқат билан севадилар, унинг фарзандлари учун чекаётган изтироблари, кўз ёшларига ачинадилар, она дийдорини қўмсайдилар. Достон хотимаси шарқона анъана ва тарбия қоидалари билан якунланади. Бегуноҳ фарзандларини ҳеч ўйламай-нетмай ўлимга ҳукм қилган ота жазога лойиқ, албатта. Бироқ қадимий шарқона тарбия меoзонлари бунга йўл қўймайди. Чунки бу мезонлар мазмунида имон-эьтиқод, ҳурмат, мурувват каби тушунчалар мавжуд бўлиб, одамларни кечиримли бўлишга ундайди. Бундай шарқона тарбия талабларига кўра, ота-пири бузруквор, қиблагоҳ, дуогўй, мўoтабар зот ҳисобланади. Фарзанд отага эьтиқодли, мурувватли, самимий итоатгўй бўлиши лозим. Отанинг дуоибади, қарғиши ёмон. Бунга «Ота рози – худо рози» қабилидаги мақолларнинг кўплаб тилга олиниши ҳам мисол бўлади.
Барча асарларда ота-онани ҳурмат қилиш, одоб билан уларнинг хизматларини бажариш фарзанднинг вазифаси эканлиги уқтирилади. Масалан, ривоятларнинг бирида, ота-оналарнинг фарзандларига инсонларни ранжитувчи сўзлар айтишдан, ёмон ишлардан сақланиш лозимлиги таъкидланган ҳолда фарзандларнинг ота-онага қандай хизмат қилиши кераклигини қуйидаги тарзда баён этилади: «Бир киши кечаси уйқудан уйғониб ўғлидан «сув бер» деб сўради. Ўғли сув келтиргунча, отаси яна ухлаб қолган эди. Ўғли «отам балки яна сув сўрар», деб ухламасдан отасиниг уйғонишини кутиб тонг отгунча ўтирди». Бу каби ривоятларнинг деярли барчасида фарзанд ўз ота-онасини ҳурмат қилишга, унинг олқишларини олишга даьват этилади. Инсоний ғоялар руҳида тарбияланган фарзанд ота-онаси қилган насиҳатларига амал қилган, ота-онаси ҳурматини жойига қўйган.
Ота-онанинг фарзандларига ва фарзандларнинг ота-онасига меҳр-оқибатли бўлишлари, уларнинг ота-оналик ва фарзандлик бурчи, масьулиятини ҳис қилиш масалалари халқимиз миллий қадриятларининг шаклланишида муҳим маьнавий манба бўлиб хизмат қилганлиги шубҳасиз. Шариат қонунларида, ислом таьлимотида, Қурoони карим ва Ҳадиси шарифларда оилавий муносабат қоидалари асосий ўрин эгаллайди. Зотан, ота-она фарзандни дунёга келтирувчи, тарбияловчи, ҳамфикр, дўст, ҳаётда йўлбошловчи, оиланинг моддий ва маoнавий таьминотчиси тарзида улуғланади. Шунинг учун ҳам Қурoон таьлимотига кўра оилада ота-она энг муқаддас зот.
Қурoонда: «Парвардигорингиз, ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди. Агар уларнинг бирови ёки ҳар иккиси сенинг қўл остингда кексалик ёшига етсалар, уларга қараб «уф» тортма ва уларнинг (сўзларини) қайтарма! Уларга (доимо) яхши сўз айт! Улар учун, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут – ҳокисор бўл ва: «Парвардигорим, мени (улар) гўдаклик чоғимдан тарбиялаб ўстирганларидек, Сен ҳам уларга раҳм-шафқат қилгин, деб (ҳақларига дуо қил!)» (Исро сураси, 22-24-оятлар), дея таькидлайди. Бу оят мазмунига кўра: Аллоҳ таоло ота-онага яхшилик қилишни бевосита ўзига ибодат қилиш билан тенг қўйган, ота-оналар кексайиб, заифлашиб қолган ҳолларда уларга қандай муомала қилиш кераклигини уқтирувчи қуйидаги жиҳатларга урғу берилган:
1. Ҳеч қачон уларга «уф» демаслик.
2. Беадаблик билан сўзини қайтармаслик.
3. Уларга эҳтиром билан хушмуомалада бўлиш, яхши гапириш.
4. Ота-она олдида меҳрибонлик билан ҳокисор бўлиш.
5. Миннатдорчилик юзасидан Аллоҳдан уларга раҳму-шафқат сўраш.
Оилавий муносабатлар, ота-она ва фарзандлар ҳамда қон-қариндошлик алоқалари каби масалалар нафақат диний, балки бошқа ижтимоий муносабатлар доирасида ҳам муҳим ўрин тутган. Шунингдек, ҳадисларда оила ва оила аъзолари, ота ва она, ота-она ва фарзандлар, оиланинг бошқа аьзолари, аёллар ва эркаклар, шахс ва жамият ўртасидаги амалий муомала тизими имон талаблари асосида баён этилади. Ҳадисларда ота-онага ҳурмат, меҳр-муҳаббат, эьзоз, моддий ва маънавий ёрдам, уларнинг амрига бўйсуниш, ота-она дунёдан кўз юмгач, уларнинг қариндош-уруғлари, дўсту-биродарлари билан муносабатларининг илтифотини давом эттириш, васиятларига амал қилиш ёшлар онгига сингдирилиб келинган. Сўнгги йилларда бу борада кўплаб асарлар чоп этилиб, кенг китобхонлар оммасига, ёшлар эьтиборига ҳавола этилмоқда.
Халқ оғзаки ижодиёти намуналари ва диний манбаларда оиланинг муқаддас эканлиги, ота-онанинг фарзандлари олдидаги, бола ва фарзанднинг ўз ота-онаси олдидаги бурчлари каби масалалар ҳамда болалар (қиз ва ўғил болалар) тарбиясида шариат кўрсатмаларининг акс этиши минг йиллар давомида оила институти шаклланишида ижобий таьсир кўрсатиб келган.
Шарқнинг буюк алломалари бўлмиш Ал-Бухорий, Ат-Термизий, Бурҳониддин Марғиноний, Аҳмад Яссавий, Маҳмуд Қошғарий, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Юсуф Хос Ҳожиб, Кайковус, Абулқосим Фирдавсий, Амир Темур, Саьди Шерозий, Алишер Навоий, Бобур, Аҳмад Дониш, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат, Абдулла Авлоний каби кўплаб мутафаккирларимиз бу борада ўзларининг тегишли фикр-мулоҳазаларини келажак авлодга мерос қилиб қолдирган. Уларнинг бу мавзуга оид илмий мероси бугунги кунда ҳам катта ижтимоий ва мафкуравий аҳамиятга эгадир. Уларнинг асарларида оила ва оилавий муносабатларга, ота-она ва фарзандлар ўртасидаги ўзаро муносабатларга, оилада болаларнинг шахслараро муносабатларига оид қарашлари таьсирчан образларда ифодаланган ҳамда улар халқ руҳиятига, миллий психологиясига чуқур сингиб кетган.
Шарқ мутафаккирлари таьлимотларини ғоявий жиҳатдан бирлаштирган ягона асос шуки, улар ўз асарларида шахс тарбияси ва шаклланишида оиланинг ўрнига, ота-она ҳамда яқин кишиларнинг етакчи ва тарбиявий функциясига алоҳида эьтибор берганлар. Одамларнинг ўзаро муносабатларида намоён бўладиган юксак фазилатлар (ҳалоллик, поклик, мардлик, меҳрибонлик ва ҳ.) аввало оилада ташкил топади, ривожланади ва авлоддан-авлодга узатилади. Умуман, оиланинг ва оиладаги ўзаро муносабатларнинг жамият тараққиётига ижобий таьсири масаласига оид қимматли фикрлар ҳамда бу борадаги амалий кўрсатмалар Шарқ мутафаккирларининг фалсафий-этник ва ижтимоий психологик қарашларида ўзининг муносиб аксини топган.
Абу Наср Форобий (870-950) ва Абу Райҳон Беруний(973-1048)ларнинг оилавий муносабатлар юзасидан қарашлари алоҳида эoтиборга лойиқ.
Форобийнинг инсон камолоти, бахти, таьлим ва тарбияси, ахлоқи ва динга муносабати ҳақидаги қарашлари умумфалсафий қарашлар ва тушунтиришлардан иборат ўгит бўлса Берунийнинг "Минералогия", "Ҳиндистон", "Ўтган авлодлар обидалари" каби асарларида инсон шахси, унинг камолоти, ақл-идроки кабиларга таьриф берилади. Масалан, Беруний ўзининг "Минералогия" асарида бўлажак ота-онанинг фарзанд олдидаги масьулияти ҳақида, онанинг ҳомиладорлик пайтидан ҳомиласига эьтиборни кучайтириш, унга юмшоқ муносабатда бўлиш ва шу пайтдан эьтиборан уни тарбиялаб боришни уқтириб ўтади. Болани тарбиялашда ота-она бир хил талаб ва мақсад қўймоғи лозимлигини таькидлайди.
Шунингдек, Беруний бола табиат инoом этадиган чиройга эга бўлиши ва соғлом, бақувват туғилиши учун она қорнидаёқ замин тайёрланиши лозимлиги ҳақида тўхталиб ўтади. Бола қиёфаси, яьни унинг ташқи тузилиши гўзал бўлиши учун онани эьзозлаб, ранжитмай парвариш қилиш зарурлиги, боланинг ички маьнавий гўзаллигига эса у туғилгандан сўнг тарбия орқали эришилиши ҳамда унда хулқ-одобни тарбиялаш учун зарур муҳит ва тегишли шароит яратиш лозимлигини айтади. Беруний: «Бола хулқини мўьтадилликда сақлашга алоҳида эьтибор бериш керак, бунга эса болани қаттиқ ғазабланиш, қўрқиш, хафалик ва уйқусизликдан сақлаш орқали эришилади», - деган фикрни билдиради. Болаларнинг ёқтирган нарсасини топиб беришга ва севмаган нарсасини кўзидан узоқлаштиришга доимо тайёр бўлиб туриш керак. Бу ишнинг икки томонлама фойдасини, бир томондан – боланинг руҳиятига фойда қилиши ва бора-бора унга хушхулқлик одат бўлиб қолишини кўрсатади. Акс ҳолда ёмон хулқ турли мижоз бузилишини келтириб чиқаришини айтиб ўтади. Масалан, ғазаб кучли қиздиради, қайғу кучли оздиради, хафсаласизлик нафсоний қувватни бўшаштириб мижозни балғамликка мойил қилади. Иккинчидан, хулқнинг мўьтадиллиги натижасида ҳам нафас, ҳам бадан соғлом бўлади. Демак, хулқ мўътадиллиги билан одоб-ахлоқ тарбиясини амалга ошириш ва болаларда яхши хулқни тарбиялаш мумкинлиги, бу билан уларда меҳр-муҳаббат ҳислари ҳам шаклланиб боришини таькидлаб ўтади. Шу билан бирга оилада ота-она ва фарзандлар ўзаро муносабатининг шаклланиши учун ҳам ота-она ўз хулқ-атвори билан болаларига намуна бўлиб, уларнинг бир-бирини ҳурмат қилишини, бир-бирининг энг яқин ёрдамчилари бўлиб, фарзандлари олдида обрў қозониши кераклигини таькидлайди.
Беруний қариндош-уруғчилик муносабатлари тўғрисида шундай деб ёзади: "Инсон жамиятда ўз қариндош-уруғлари билан биргаликда яшашга мажбурдир, бундан мақсад бир-бирини қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳар бир кишининг ҳам ўзини, ҳам бошқаларини таьминлаш учун зарур ишларни бажаришдир.
Оилавий муносабатлар масалаларига оид ўзининг диққатга сазовор қарашлари билан фарқланиб турувчи Шарқ мутафаккирларидан яна бири Абу Али ибн Синодир (980-1037). Ибн Синонинг педагогик ва психологик қарашлари ижтимоий асосда қурилган бўлиб, у бола тарбиясида умуминсоний тамойилларнинг қўлланишини ёқлаб чиқиб, ота-оналар болани қаттиқ тана жазосидан кўра, шахсий ибрати орқали тарбиялаши самаралироқ эканлигини уқтиради [73].
Ибн Сино "Қонун-фит-Тибб" асарида ёш болаларни туғилганидан бошлаб тарбиялаш масаласига алоҳида эътибор беради. Бола туғилганидан бошлаб оёққа тургунча маълум тартибда тарбияланиб бориши лозим. Бу – ўз вақтида овқатлантириш, чўмилтириш, йўргаклаш кабилардан иборат. Буларни ҳам маьлум қоидалар асосида амалга ошириш даркор. Бола табиатини мустаҳкамлашдаги муҳим воситалар – аста-секин тебратиш, мусиқа эшиттириш, ашула айтишдан иборат бўлиб, улар тартиб билан амалга оширилса, бола яхши ухлайди. Тебратиш унинг танасига, мусиқа унинг руҳиятига ором бахш этади. Ибн Сино ёш бола тарбиясини турли шароитда маьлум изчиллик ва тартиб билан олиб бориш ҳақида оналарга маслаҳатлар беради.
Шунингдек, бу асарда оталарнинг ҳам бурч ва вазифалари белгилаб берилади. Бола балоғатга етгунча ота ўз вазифасини бажариб бориши керак. Авваламбор, отанинг мажбурий вазифаларидан бири ўз фарзандига яхши ном беришдир. Болани эмизиш даври тугаб, мустақил овқатланиш даври бошланиши билан ота унинг ахлоқий тарбиясига киришуви зарур. Мақсадга эришиш учун тарбияда ўрни билан болани мақташ, жазолаш ҳам кераклигини кўрсатиб ўтади.
Ибн Сино ўзаро муносабатларда ахлоқий тарбиянинг роли катта аҳамиятга эга эканлигини кўрсатиб ўтади. Унга кўра боланинг ахлоқий тарбияси ёшликдан, болаликдан бошланиши керак. Ахлоқий тарбияда энг муҳим воситалар бола билан унинг нафсониятига, ғурурига тегмаган ҳолда яккама-якка суҳбатда бўлиш, унга насиҳат қилишдир. Насиҳат қилишда суҳбатдошига ниҳоятда ҳурмат билан ёндашиш, уни камситмаслик керак. Ортиқча сўз айтиб, уни зериктирмаслик зарур. Бир хил насиҳатларни қайтара беришлик унинг таьсир кучини йўқотади. Ибн Сино шундай ёзади: "Сенинг фикрларинг (боланинг) юрагига етиб бориб, унга ўйлаб, фикр юритиб кўришга имкон берсин... Агарда сенинг суҳбатдошинг сўзларингга ва насиҳатингга эътибор бермаётганини сезсанг, суҳбатни бошқа вақтга кўчир.
Шунингдек, Ибн Синонинг "Донишнома", "Рисолаи ишқ", "Уй хўжалиги" каби қатор асарларида ҳам ота-она ва фарзандлар муносабатлари психологияси ва табобат масалаларига оид қимматли мулоҳазалар келтириб ўтилган. Ибн Сино оилавий муносабатларнинг турли томонларини ёритар экан, авваламбор, оила аьзолари олдига қатор талабларни қўяди. "Ота-она, - деб ёзади у,- ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан оилада тарбия масалаларини мукаммал ўзлаштирмоғи лозим. Агар улар тажрибасиз бўлса, ўз оила аьзоларини яхши тарбиялай олмайди, охир-оқибат у яхши ижобий натижаларга эриша олмайди. Ёмон тарбия кўрган бола нафақат ушбу оила, балки қўшниларга, маҳалла-кўйга ҳам ёмон зарар келтириши мумкин". Шу сабабли ҳам у оиладаги бола тарбияси ота-онанинг жамиятда тутган мавқеидан қатьий назар, уларнинг бирламчи вазифасидир, деб ҳисоблайди. Ота-она давлат бошлиғими, ёки оддий фуқароми, барибир, у бола тарбияси борасида масъулдир. Ибн Синонинг ушбу фикрлари ўша даврда қанчалик илғор ва долзарб бўлса, бугунги кунимизда ҳам у ўз кучини йўқотгани йўқ.
ХI асрнинг буюк мутафаккири Юсуф Хос Ҳожиб ўзининг "Қутадғу билиг" – "Саодатга бошловчи билим" – китобида ўзининг оила ва оилавий муносабатларга оид қарашларини баён этади. Унинг фикрича, фарзанд кўриш ва унга тарбия бериш ҳар бир инсон учун буюк бахтдир, уларсиз ҳаётнинг маьньси йўқ. Лекин бу нарса ота-онага жуда катта масьулият юклайди, унинг уддасидан чиқмоқ, ҳар бир ота-она учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Шунинг учун ҳам оилавий тарбияни Юсуф Хос Ҳожиб бола ахлоқий тараққиётининг асоси, деб ҳисоблаган: "Агар боланинг хулқи ёмон бўлса, бунда боланинг айби йўқ, ҳамма айб – отасида". Шунинг учун ҳам ота-она, айниқса, ота бунга катта эътибор бермоғи лозим.
Кайковус Унсурулмаоний (1021 й.) Ўрта Осиё ва умуман, Шарқ донишмандлигига муносиб ҳисса қўшган олимдир. У "Қобуснома"ни ёзиб, унда ўзининг бола тарбияси, оилавий ҳаёт, шахс камолоти масалаларига оид фикр-мулоҳазаларини баён этган. Китобдаги асосий ғоя – ёшларни ота-онани ҳурмат қилишга, эъзозлашга чақиришдир. Унинг бу борадаги фикрлари пандноманинг "Ота-она ҳаққини билмоқ зикрида" номли бобда баён этилган. Олим ва аллома Кайковус ота-она ўз фарзанди учун ҳатто "ўлимга ҳам тайёр" эканлигини таькидлаб, ўз навбатида, уларни асло ранжитмасликлари, аксинча, ширинсуханлик билан муносабатда бўлиш лозимлигини уқтириб: "Ҳар бир фарзандки, оқил ва доно бўлса, ота-она меҳр-муҳаббатини адо этмакдин бош тортмагай", - дейди ҳамда бу фазилат ақлли ва доно фарзандга хос нарса эканлигини қайд этади. "Қобуснома"да бола дунёга келгандан кейин биринчи вазифа унга энг яхши ном қўйиш деб кўрсатилади. Бола ўқиш ёшига етгач мактабга берилади.
Шунингдек, "Қобуснома"да ота-оналарнинг бошқа бурч ва вазифалари ҳам белгилаб берилган. "Агар сен, - дейди Кайковус, - ўғлингни тарбияламасанг замон, шароит тарбиялайди." Бу ерда Кайковус кимни ота-онаси тарбияламаса, уни кечалар, кунлар тарбиялайди, деган ҳикматли сўзни келтиради. Ҳар бир ота-она ўз фарзандига билим, таьлим-тарбия ва ҳунарни мерос этиб қолдириши керак, чунки тарбиядан кўра яхшироқ мерос йўқдир. "Нима эксанг шуни ўрасан"- деган ўзбек ва тожик халқларида кенг тарқалган мақолни ишлатиб, у оилада бола тарбиясининг қўйилиши ана шу муҳим мақол асосида қаралса, мақсадга мувофиқ бўлишини таькидлайди.
"Қобуснома"да илгари сурилган фикрлар машҳур ҳинд масали "Калила ва Димна", Низомул Мулкнинг "Сиёсатнома", Носир Хисравнинг "Саодатнома", Аҳмад Югнакийнинг "Хибатул хақойиқ", Алишер Навоийнинг "Маҳбуб-ул-қулуб", "Вақфия"си каби асарлар қаторида ҳозирги кунда ҳам ота-оналар учун, айниқса, ўсмир ва ўспиринлик ёшидаги йигитларни тарбиялашда муҳим қўлланма вазифасини ўтай олади.
ХIII асрда Эронда яшаб ижод этган Шайх Саьди Шерозий ўзининг "Гулистон" ва "Бўстон" асарларида бола тарбияси, ота-она ва фарзандларнинг ўзаро муносабатлари масалаларига алоҳида аҳамият қаратган. "Бола мевадир, умрнинг лаззати" – дейди. Ҳар бир ота-она ўз фарзандига кичик ёшдан бошлаб таьлим-тарбия бериши ва илм-ҳунар ўргатиши зарур.
"Кимда ким ёшликдан тарбия олмаса, катта бўлгач, бахтли бўла олмайди. Ҳўл новдани истаганча букиш мумкин, қуруқ новдани эса фақат олов билан тўғрилаш мумкин" – деб таькидлайди у. Бу билан Саьди болалар кичик ёшидагина тарбия таьсирига берилувчан бўлишларини, шунинг учун уларни кичикликдан бошлаб тарбиялаш кераклигини катта бўлгач, тарбиялаш ғоят қийин бўлишлигини қайд этади.
Алишер Навоийнинг (1441-1501) асарлари бу мавзуга оид фикрларга бойдир.
Ҳар бир оила фарзанд кўрмоғи ва уни тарбиялаб вояга етказмоғи керак. Фарзанд ота-онанинг ўринбосари. Фарзанд кўрмоқ, уни тарбиялаб ўстирмоқ ҳар бир ота ва онанинг бурчидир. Шунингдек, инсон учун келажак авлодни яратишдан, уни тарбиялаб етук инсон қилиб етиштиришдан кўра хайрли ва лаззатли нарса йўқдир. Унингча фарзанд "меҳри анвор" (ёруғ қуёш)дир. Уйни ёруғлантирган ва обод қилган болани Навоий – "чу фарзанд эрур жонга пайванд эрур" – дейди. Шунинг учун фарзанд кўрган ҳар бир киши уни севиши керак.
Навоий боланинг ривожланишида унга бериладиган тўғри тарбиянинг аҳамиятига алоҳида эьтибор қаратади. Тарбия билан боланинг келажакда фойдали ва мукаммал киши бўлиб етишишига ишонади.
Навоий ота-оналарни улуғлаб, айниқса, оналарни муқаддас инсон сифатида қуйидагича таoрифлайди:
Оналарнинг оёғи остидадур
Равзаи жаннату жинон боғи
Равза боғин висолин истар эсанг,
Бўл онангнинг оёғин туфроғи.
Улуғ шоирнинг "Садди Искандарий" достонидаги шох Искандар онаси босиб ўтган остонанинг тупроғи бўлмаганидан афсусланади. Жони ажал исканжасида зўрға қалқиб турганда ўкинчларини ифодалаб онасига йўллаган мактубида шундай дейди: "...Эсимни таниган, ақл миямга борган кундан бошлаб сенга ўғиллик қилсам, яьни сенга худди қулдек хизмат қилсам бўлар экан, аслида сенинг оёғинг тупроғига айлансаму, унинг отини мен шохлик деб билсам бўлур экан...".
Заҳириддин Муҳаммад Бобур (1483-1539) асарлари этнопсихология ва оилавий муносабатлар психологияси таьлимотларини ривожлантирди. "Бобурнома"да келтирган тарихий воқеаларнинг манзараси, тарихий шахсларнинг портрети ва характери, табиат лавҳаларини чизиб бериш билан бирга шоҳ ва амир-амалдорлар турмушидаги ота ва фарзандларнинг, ака ва укаларнинг ўзаро муносабатларини рўйи-рост ифодалайди. Масалан, ота ва ўғилларнинг, ака ва укаларнинг салтанат, тожу-тахт учун талашишларини Султон Ҳусайн Бойқаронинг ўз ўғли Бадиуззамон билан уруши Абдуллатиф Мирзонинг отаси Улуғбек Мирзони шаҳид қилиши] ва бошқа бир қанча мисолларда кўриш мумкин. Буларнинг барчаси бу тарихий манбадан танқидий фойдаланиш зарурлигини тақозо этади. Бобур Улуғбекни буюк донишманд сифатида таьрифлаб, унинг падаркуш ўғли Абдуллатифни лаьнатлайди ва "... бу беш кунлик ўтар дунё учун андоқ донишманд ва қари отасини шаҳид қилди. Бу падаркуш подшоликка муносиб эмас, агар подшо бўлиб қолса ҳам, 5-6 ойдан нарига ўтмайди", – дейди.
Бобурнинг фарзандларига оталик меҳри ва муҳаббати ҳақидаги маьлумотлар унинг қизи Гулбаданбегимнинг "Ҳумоюннома"сида батафсил баён этилган. Унда Бобурнинг меҳрибон ва ғамхўр падар эканлиги, фарзандларининг ҳар бирини жонидан ҳам азиз кўриши; айниқса ўғли Ҳумоюн бетоб бўлиб қолганида, Бобур "...Худоё, агар жон ўрнига жон бериш мумкин бўлса, менки Бобурман, умри-жонимни Ҳумоюнга бағишлайман", – деб нола қилганлиги, ўзи ўлим тўшагида ётганида эса, лаҳза ўтмай ўғли Ҳиндолни сўраб, унинг келишига интизор бўлганлиги тўғрисида гапирилади. Бобур ўғилларини ҳамжиҳат бўлишга, бир-бирига меҳрибон ва садоқатли бўлишга ундайди.
ХVI-ХVIII асрларда яшаб ижод қилган Шарқ мутафаккирларининг ижодини илмий таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, улар фан тараққиётига, жумладан, ижтимоий фанлар тараққиётига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб, ахлоқ-одоб, оила масалалари бўйича қатор илғор фикрларни баён этганлар. Уларнинг барчасида ўзига хос миллийлик, шарқона дунёқараш кўзга ташланади, уларда оилавий муносабатлар борасидаги уйғунлик тарғиб қилинган.
Фан ва илму-маьрифат тараққиётида муҳим ўрин тутган ХIХ асрнинг иккинчи ярми ва ХХ аср бошларида яшаб ижод қилган олимлар ва маьрифатпарварлар – Аҳмад Дониш, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат ва Абдулла Авлоний кабилар ҳам ўтмиш мутафаккирлари қолдирган маьнавий меросга асосланган ҳолда оилавий муносабатлар психологиясига оид қатор асарлар яратдилар. Уларнинг асарларида ҳам халқ ҳаёти, турмуш тарзи, оилавий ҳаёт, айниқса, ота-она ва фарзандлар муносабати масалаларига алоҳида аҳамият берилган.
Ўрта Осиё халқлари ижтимоий-маданий ҳаётида чуқур из қолдирган маьрифатпарвар Аҳмад Дониш "Наводирул-вақое", "Рисола ё мухтасаре ва тарихи салтанати хонадони манития", "Мунтақабул-аҳком" каби асарларида оила ва оилавий муносабатлар тўғрисида фалсафий – ахлоқий ва маьрифий қарашларини ифода этади.
Аҳмад Дониш ота-оналар ҳуқуқини белгилаш ҳақида гапирар экан, улар билан болалари ўртасидаги ўзаро алоқалар ҳақида тўхталиб, ўз ҳуқуқларини сувистемол қиладиганларнинг чегарасиз ҳуқуққа эга эканлигини айтиб, уларнинг ҳуқуқларини чегаралашни таклиф этади. Унинг фикрича, шундай қилган тақдирдагина улар ҳурматга сазовор бўладилар ва агарда болаларини тўғри йўлга йўналтира олмасалар, болалар уларнинг топшириқларини бажармасликка ҳақлидирлар. Шунингдек, Аҳмад Дониш барча оилавий келишмовчиликларни ота-она ҳуқуқи билан болалар ҳуқуқининг чегараси аниқ бўлмаганлигидан, болаларнинг ўз ота-онасига қачон ва қандай вақтда, қандай масалада итоат қилиши кераклиги, оилада ички ҳаёт қоидалари тўғри белгиланмаслигидан келиб чиқади, - деган фикрни билдиради.
Юқорида келтирилган барча мутафаккирлар сингари Маҳмудхўжа Беҳбудийни ҳам ота-она ва фарзандлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар, оилада бола тарбияси, таьлим-тарбия соҳасида ота-онанинг роли каби муаммолар қизиқтириб келган. Беҳбудий яшаётган даврдаги оилавий муҳит ва ота-ўғил муносабатлари "Падаркуш" асарининг яратилишига асос бўлди. Асардаги воқеа Бой билан унинг ўғли Тошмурод (ота-бола) ўртасидаги оддий бир муомаладан бошланади. Асарда бой ўзи саводсиз бўла туриб, ўғли Тошмуродни ҳам ўқитмаганлиги, унинг тарбиясига бефарқлиги, натижада бола одобсиз, мақтанчоқ, ўжар, мол-дунёга ўч бўлиб вояга етаётганлиги тасвирланади. Асарнинг ичига чуқурроқ кира борган сари боланинг отага, отанинг болага ўзаро жуда мос, бир-бирига жуда муносиб, бир олманинг икки палласидай ўхшаш эканини идрок этамиз. Асар Тошмуроднинг ичкиликбозликка ва маиший бузуқчиликка берилиб кетиши, Бойнинг ўз ўғли қўлида ўлдирилиши билан якунланади. Беҳбудий асардаги бу воқеани тасвирлаш билан бола шахсининг шаклланишида асосан оила, ота-она масьул эканлигини кўрсатиб ўтади.
Юқоридаги таҳлилларимиз шуни кўрсатадики, мусулмон олами, Шарқ мутафаккирлари орасида оила муаммолари билан қизиққан ва шу хусусда ўзларининг қимматли фикрларини келгуси авлодлар учун қолдирган олимлар жуда кўп бўлган. Биз уларнинг айримларига тўхталдик, холос. Улар Шарқнинг бой маданияти, маьнавий қадриятлари борлигидан, ҳар бир миллатда инсоннинг руҳий қиёфаси такрорланмаслигидан дарак беради. Бу фикрлар ва қарашларни замон талаблари асосида ўрганиб чиқиш катта психологик ва педагогик аҳамиятга эгадир.
© ООО «Знанио»
С вами с 2009 года.