XVI -XIX АСР БИРИНЧИ ЯРМИДА ЎЗБЕК МАДАНИЯТИНИНГ ҲОЛАТИ
XV аср охирида Мовароуннаҳр тахти учун темурий шаҳзодалар ўртасидаги тинимсиз курашлар оқибатида салтанат таназзулга юз тутди. Натижада Мовароуннаҳрни эгаллашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган Муҳаммад Шайбонийхон учун қулай фурсат вужудга келган. Унинг темурийларга қарши 1500-1509 йилларда олиб борган шиддатли курашлари оқибатида Мовароуннаҳр, Хоразм ва Хуросонни ўз ичига олган Шайбонийлар давлати вужудга келди ва ўзбек давлатчилиги тарихида шайбонийлар сулоласи ҳукмронлиги даври бошланди. Самарқанд пойтахт шаҳар деб белгиланди. Бироқ 1510 й. Муҳаммад Шайбонийхон Эрон сафавийлари шоҳи Исмоилдан мағлуб бўлиб, қатл этилгач, Хуросон қўлдан кетган. Шайбонийлар орасида юз берган маънавий парокандаликдан фойдаланиб Исмоил Сафавий Мовароуннаҳр ҳудудини эгаллаб олмоқчи бўлган. Аммо Убайдулла Султон бошчилигидаги шайбоний султонлар бу тазйиқни бартараф этиб, мамлакат ҳудудини сақлаб қолишга эришганлар.
Шайбонийлар даврида, айниқса улардан Убайдуллахон (1533-1539) ва Абдуллахон II (1583-1598) ҳукмронлик қилган йилларда мамлакат иқтисодий ва маданий ҳаётида бирмунча ўзгаришлар рўй берди. Убайдуллахон даврида мамлакат пойтахти Бухорога кўчирилгач, шайбонийлар давлати Бухоро хонлиги деб аталадиган бўлди.
Бухоро хонлигидаги маданий ҳаёт. Ислом. Ўрта Осиё ҳудудида X-XII асрларда вужудга келган сўфийлик тариқатлари бу даврга келиб нафақат диний соҳада, балки сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаётда ҳам муҳим роль ўйнай бошладилар. Айниқса нақшбандийлик тариқати кенг қулоч ёзган. Сиёсий ҳокимият шайбонийлар сулоласи қўлига ўтиши билан темурийлар давридаги диний арбоблар ўрнини янгилари эгаллай бошлади. Хусусан, XVI асрнинг иккинчи ярмидан Жўйбор хожалари (шайхлари) нуфузи кучайди. Машҳур Махдуми Аъзам Косоний (1549 йил вафот этган)нинг шогирди бўлган Жўйбор хонларидан Хожа Муҳаммад Ислом ва унинг ўғли Хожа Саъдлар мамлакат маънавий, сиёсий – иқтисодий ҳаётида етакчи рол ўйнайдилар. Улар XVI асрнинг иккинчи ярмида Бухоронинг шайхулисломлари, шайбонийлар ҳукмдорларининг пирлари бўлишган. Уларнинг Жўйбор хожалари номини олиши Хожа Муҳаммад Исломнинг бобоси Хожа Муҳаммад Яҳё Бухородаги Жўйбор деган мавзега кўчиб келиши билан боғлиқдир. Жўйбор хожалари ўзларини ислом динини тарғиб қилиш учун Маккадан Нишопурга, ундан Бухорога келган Имом Али Муртазо авлоди деб ҳисоблаганлар.
Хожа Муҳаммад Ислом шайбонийлар давлатидаги тож-тахт учун бўлган курашларга аралашиб, ўз муриди Абдуллахон II нинг тахтга чиқишига ёрдам берган. Шу туфайли унга Бухоро яқинидаги Сумитон қишлоғи инъом этилади. Жўйбор хожаларнинг ота-боболари Бухоро яқинидаги Чор бакр мозорига қўйилгани учун XVI асрдан бошлаб бу ер зиёратгоҳга айлантирилган.
XVI асрдан эътиборан Ўрта Осиёда ижтимоий-фалсафий тафаккур икки босқич (XVI-XVII асрлар ва XVIII - XIX асрнинг биринчи ярми)да ривожланган. Биринчи босқичга Мирзажон Шерозий, Юсуф Қорабоғий, Муҳаммад Шариф Бухорий, Иноятулло Бухорий каби ўз даврининг етук файласуфларини киритиш мумкин. Улар фалсафа, тарих, тилшунослик бўйича кўплаб асарлар муаллифлари бўлишлари билан бирга фалсафий характердаги кўплаб шарҳлар ва изоҳлар ҳам ёзишган. Масалан, Юсуф Қорабоғий (1563-1647) ўтмишдаги буюк файласуфларнинг анъаналарини давом эттириб, XVI-XVII асрларда фалсафанинг Ўрта Осиёдаги тараққиётига катта ҳисса қўшган. Унинг “Рисолаи ботиниййа” (бу асар “Етти жаннат” номи билан машҳур), “Фи таърифи илм” (“Илм таърифида”), “Мафотиҳ” (“Калитлар”) ва бошқа асарлари маълум. Олим, шунингдек, араб тили, мантиқ, риёзиёт, луғатшунослик ва фиқҳ масалаларига оид қатор рисолалар, шеърлар ҳам ёзган.
Ўрта Осиё фалсафий тафаккури Ҳиндистондаги Бобурийлар давлатига ҳам ёйилиб, ҳинд фалсафаси билан маълум даражада уйғунлашган. Бунда Бедил фалсафаси кенг тарқалган. Бедил инсон эркинлиги, тафаккури ҳақида фалсафий фикрлар баён этган. Унинг йирик асари “Чор унсур” (“Тўрт унсур”, 1703)да тўрт унсур - ҳаво, сув, ер, олов тўғрисида; ўсимликлар, ҳайвонлар ва одамнинг пайдо бўлиши ҳақида сўз юритилади. Бедил “Ирфон” (“Билим”, 1711-12; “Комде ва Мудан”, “Нукот” асарлари ҳам шунинг таркибида) достонида фалсафа, тарих, табиёт, адабиёт ва илоҳиётнинг хилма-хил масалаларига тўхталган. Бедилнинг ижтимоий масалаларга оид қарашларида маърифатпарварлик, мурувват ва одамийлик асосий ўринни эгаллайди. Унинг асарлари айниқса XIX асрдан Ўрта Осиёда кенг тарқалган. Иккинчи босқичда айрим шарҳлар, фалсафий рисолалар ёзилган. Фалсафий тафаккур соҳасидаги йирик муаллимлари бу даврда учрамайди, тасаввуф таъсири кучайган, ижтимоий-сиёсий характердаги шеърлар битган шоирлар ижод қилган.
Табиий фанлар. XVI-XIX асрларда ўтган даврга нисбатан Ўрта Осиё табиий фанлар ривожида бирмунча турғунлик ҳолати вужудга келди. Бу жамият маданий ҳаётида ва мусулмон руҳонийларининг мутаассиб қатламини нуфузи кучайиб кетиши билан боғлиқ эди. Шунга қарамай Ўрта Осиёлик олимлар ўтмишдаги буюк аждодлари Хоразмий, Форобий, Беруний, Ибн Сино, Улуғбек, Жамшид Коший, Қозизода Румий, Али Қушчи каби алломаларнинг асарларига шарҳлар ёздилар, янги ғояларни ўртага ташладилар. Бу давр математик олимлари қаторида Муҳаммад ал -Ходи Тож ал-Сайидий, Латиф Муҳаммад ибн Бобо Самарқандий (Бобокалон Муфтий номи билан шуҳрат қозонган), Муҳаммад Амин ал-Мўминободий, Абдусамад ибн Қози Муҳаммад Акбархон (Хон Улум лақаби билан машҳур), Турсун аз-Зоминий ал-Фархизий, Соқи Муҳаммад ибн Муҳаммад Амин ас-Сон Чаҳорёқий, Мирза Бадеъ девонларни кўрсатиш мумкин.
Бу олимлардан Латиф Муҳаммад ибн бобо Самарқандий (XVI аср)нинг Ўрта Осиёдаги мадрасаларда XVII – XIX асрларда дарслик сифатида ўқитилган. “Рисола дар илми ҳисоб” (“Ҳисоб илми рисоласи”), “Васийат бар чаҳор қисм” (“Тўрт хил васият”) ва бошқа асарлари диққатга сазовор.
Қозизода Румийнинг набираси Маҳмуд Муҳаммад Мирам Чалабий астрономия ва математикага оид бир қанча асарлар ёзган.
Аштархонийлардан бўлган Бухоро хони Субхонқулихон илми нужум (астрономия)га доир “Лубб ул-лавийиҳ ул-қамар фил-ихтиёрот” (“Бахтли соатни аниқлашда ой манзилларининг моҳияти”) рисоласи муаллифи ҳисобланади. Астрономия илми ривожига, шунингдек Аҳмад Дониш (1827-1897) ҳам муносиб хисса (“Манозир ул-кавокиб”), (“Сайёраларнинг жойлашишлари” асари) қўшган. XVI-XIX асрларда география фани ҳам бирмунча ривожланди. Гоеграфияга доир махсус асарлардан ташқари мемуар характердаги рисолалар, саёҳатномалар пайдо бўлди. Низомиддин Абдували ал-Биржандий, Бобур, Султон Муҳаммад ал-Балхий, Ҳофиз Таниш ал-Бухорий, Маҳмуд ибн Вали, Сайид Муҳаммад Тоҳир ибн Абдулқосим, Абулғози Баҳодирхон, Абдулкарим Бухорий, Худойберди ибн Қушмуҳаммад, Абу Тохирхожа Самарқандий кабилар бу соҳага муносиб ҳисса қўшганлар. Жумладан, Биржандий (тахминан 1525 йил вафот этган) “Ажойиб ул-булдон” (“Мамлакатлар ажойиботлари”) асарида Ўрта Осиёда кенг тарқалган бўлиб, унда етти иқлимдаги денгизлар, тоғлар, дарёлар, шунингдек йирик шаҳарлар – Самарқанд, Бухоро ва Хоразм ҳақида қизиқарли маълумотлар келтирилган.
Бобурнинг “Бобурномаси”да Фарғона водийси, Бухоро, Тошкент, Ҳисор, Хирот, ва Қобулнинг табиий шароитлари келтирилган ҳамда бошқа мамлакатлар ҳақидаги географик маълумотлар, ўсимлик ва хайвонот дунёси, аҳолиси ҳақида қизиқарли фактлар келтирилган.
Ўрта Осиё халқлари ўртасида тиббиётга доир асарлар кенг тарқалган. Уларнинг орасида Шарқ олимларининг тиббиётга оид мумтоз асарларининг таржима қилинган нусхалари, шунингдек маҳаллий олимларнинг рисолалари ҳам бўлган. Юсуф ибн Муҳаммад ибн Юсуф ал-Ҳиравийнинг форс тилида ёзилган “Жомеъ ал-фавоид” (“Фойдали маълумотлар тўплами”) асари (1511й) кўплаб касалликларни даволашда қўлланма бўлган. У 1882 йил Мулла Муҳаммад Зоҳир ал-Хоразмий томонидан ўзбек тилига таржима қилинган. Шунингдек Нуруллоҳ Аъло ал-Ҳаким, Мулла Муҳаммад Юсуф Қаҳҳол, Убайдуллоҳ ибн Юсуф Али, Муҳаммад Козим, Солиҳ ибн Муҳаммад Солиҳ Қандаҳорий, Жаъфархўжа ибн Насриддинхўжа, Жунайдулло ибн Шайх ал- Ислом, Муҳаммад Шариф Бухорий ва бошқалар тиббиёт соҳасига оид кўплаб асарлар ёзди. Субҳонқулихоннинг “Иҳйо ат-тибб Субҳоний” асари турли касалликларни даволашга бағишлаган.
Адабий ҳаёт. XVI асрда Самарқанд ва Бухоро мамлакатнинг маданий ва адабий марказлари ҳисобланган. Тарих ва тилшунослик, адабиётшунослик ва суфийликка доир XVI асрда ёзилган ва бизгача етиб келган асарлар ўша даврдаги адабий, фалсафий ва ижтимоий қарашларни ўрганишда катта аҳамиятга эга. Бундай асарлар сирасига Масъуд ибн Усмон Кўҳистонийнинг “Тарихи Абулхайрхоний”, номаълум муаллифнинг “Тарихи гузида нусратнома”, Абдуллоҳ Насруллоҳийнинг “Зубдат ал-осор”, Камолиддин Биноий ва Муҳаммад Солҳининг “Шайбонийнома”, Фазлуллох ибн Рўзбехоннинг “Меҳмонномайи Бухоро”, Ҳофиз Таниш ал-Бухорийнинг “Абдулланома” Гулбаданбегимнинг “Ҳумоюннома”, Муҳаммад Хайдарнинг “Тарихи Рашидий”, Бобурнинг “Бобурнома”, Зайниддин Восифийнинг “Бадои ал-вақое”, Али Сафий ибн Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Рашаҳат айн ул ҳаёт” кабиларни киритиш мумкин.
Ҳофиз Кўҳакий (1490-1584) Улуғбекнинг шогирди Али Қушчининг авлодидан бўлиб, шайбонийлар даврининг етук тарихчиси, мантиқ, фиқҳ, калом илмидаги олими бўлган. Унинг “Тарихи али Чингиз” (“Чингизхон ва унинг авлодлари тарихи”), “Шарҳи одобул ал-мунозара” (“Одоб ва аҳлоқ тўғрисида мунозара” китобига шарҳ), “Фавоид зиёия” (“Мунаввар фойдалар”) каби асарлари маълум.
XVI асрнинг иккинчи ярмида Бухорода кўплаб адиблар, шоирлар бўлиб, улар орасида форсигўй шоир Абдураҳмон Мушфиқий ажралиб туради. Ҳажвий шоир сифатида шуҳрат қозонган. Мушфиқий Абдуллахоннинг сарой шоири бўлгани учун унга аталган кўплаб мадҳиялари сақланиб қолган. Шайбоний ҳукмдорлар, шаҳзодаларнинг кўплари ҳам шоир бўлишган. Шайбоний, Убайдий, Хоний ва бошқаларнинг шеърлари бизгача етиб келган. Шу даврда ижод этган шоирлардан Мажлисийни қайд этиб ўтиш жоиз. Унинг “Қиссаи Сайфулмулук” достони халқ меҳрини қозонган. Асарда адолат, яхшилик ва эзгулик мадҳ этилган, подшоҳлар адолатга чақирилган, хотин-қизлар хуқуқларини ҳимоя қилиш ғоялари илгари сурилган. Шоир Ибодулла Сайид Подшохожа ибн Абдулваҳҳобхожа ҳам машҳур бўлиб, у Хожа тахаллусида ҳам наср, ҳам назмда ижод қилган.
Бухорода бу даврдаги адабий ҳаёт тўртта асосий тазкира-Мутрибийнинг “Тазкират аш-шуаро”, Малеҳо Самарқандийнинг “Музаккир ал-асҳоб”, Мулла Содиқ Самарқандийнинг “Риёз аш-шуаро” ва Нурмуҳаммад Насафийнинг “Мазҳар ал-мусаннифин”ларни яратилиши билан эътиборга молик.
Турди Фарғоний, Мулла Мастий Охундий ва бошқалар шу давр адабиётида прогрессив роль ўйнадилар. Уларнинг ғазалларида ижтимоий-иқтисодий ҳаётдаги адолатсизликлар қораланди. Шунингдек, Сайид Насафий ижоди алоҳида ажралиб туради. Унинг “Хайвонотнома”асари машҳур. Шоир ҳайвонлар тимсоли орқали адолатсизлик, порахўрлик, амалдорларнинг кирдикорларини фош этади.
Шоир Мужрим Обид ўзбек ва тожик тилларида ёзилган шеърларидан махсус девон тузган. Булардан ташқари Вола, Шавқий Каттақурғоний Хиромий каби шоирлар ҳам ижод қилишган.
Хива хонлигидаги адабий ҳаёт. Хива хонлигининг сиёсий ва иқтисодий ҳаётидаги воқеалар маданий ҳаётга ҳам таъсир этмай қолмади. Ижтимоий тафаккурнинг барча соҳаларида реакцион ва прогрессив дунёқараш ўртасида кураш олиб борилди. Буни биз ўша даврда яратилган тарихшуносликка оид асарларда ва шеърий тўпламлардан кузатишимиз мумкин. Абулғози Баҳодирхоннинг икки тарихий асари алоҳида эътиборга сазовор.
Абулғози (1603-1664) нафақат Хива хони, балки туркий ва форсийда ижод этган йирик тарихчи олим ҳамдир. Унинг “Шажарайи тарокима” ва “Шажарайи турк” асарлари Ўрта Осий халқлари тарихи бўйича қимматли манба ҳисобланади. Абулғози тиб илмига оид “Манофиъул инсон” (“Инсонга фойдали нарсалар”) асарини ҳам ёзган. Хива хонлигида ижод этган адиблардан Андалиб, Паҳлавон Равнақ, Раҳим, Нишотий, Муҳаммад Ҳокисорларни санаб ўтиш мумкин.
XVII – XVIII асрларда “Гўрўғли” достонлари туркуми ва “Тоҳир ва Зуҳра”, “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам”, “Сайёдхон ва Ҳамро”, “Санобар”, “Юсуфбек ва Аҳмадбек”, “Баҳром ва Дилором” каби халқ-фольклор достонлари халқ орасида кенг тарқалди. Бу даврда Муҳаммад Юсуф Рожий, Бобожон Саноий, Худойберган Муҳркан, Муҳаммад Ёқуб Девон Хоразмий, Муҳаммад Ризо Охунд ва бошқа хаттотлар ижод этди.
Мунис ва Огаҳийларнинг тарихий асарлари “Фирдавс ул иқбол”, “Риёз ад-давла”, “Зубдат ат-таворих”, “Гулшани давлат” ва бошқалар Хива хонлиги тарихини ўрганишда беқиёс қимматга эга. Муниснинг “Саводи таълим” асари ёшларни хаттотлик санъатини ўрганишларига бағишланган.
Бу даврда Хоразимда кўплаб тарихий, илмий ва бадиий асарлар ўзбек, тилига таржима қилинган. Хонликда ўзига хос таржима мактаби шаклланган. Огаҳий, Комил, Саноий, Диловар хожа, Муҳаммад Ёқубхўжа ва бошқалар кўплаб асарларни таржима қилишган.
Комил Хоразмий (1825-1899) шоир, бастакор, хаттот ва рассом бўлган. У мусиқага оид “Хоразм нотаси”ни ёзган.
Қўқон хонлигидаги адабий ҳаёт. Қўқонлик шоир Абдулкарим Фазлий Намангоний томонидан 1821 йилда ёзилган “Мажмуа уш шуаро” асари XVIII-XIX аср бошларида Қўқон хонлигидаги адабий ҳаёт ҳақида батафсил маълумот берувчи муҳим манбадир. Возеҳнинг “Туҳрат ул-аҳбоб фи тазкират ул-асҳоб” тазкирасида 200 га яқин шоир ва олим ҳақида маълумот тўпланган. XVII асрнинг иккинчи ярми - XVIII асрнинг биринчи чорагида Фарғона водийсида яшаган иқтидорли шоир ва мутафаккирлардан бири Бобораҳим Машраб эди. У адабиётда прогрессив йўналиш тараққиётида катта роль ўйнади. Машраб асарларининг аксарияти чуқур ижтимоий йўналишга эга бўлиб, ўша давр ҳаёти, жамиятдаги воқеа-ҳодисалар билан чамбарчас боғлиқ. Хусусан, у баъзи руҳонийларнинг кирдикорлари ва хийлакорликларини фош этади, текинхўрлар, мулкдорлар ва жоҳил амалдорларнинг зўравонликларини танқид қилади. Машрабнинг бу тур асарлари қўлдан қўлга, оғиздан оғига ўтиб, тез тарқалган.
XVIII аср ўзбек адабиётининг яна бир йирик намоёндаларидан бири Хувайдо эди. Унинг “Девони Хувайдо” куллиётидаги шеърларда инсонпарварлик ғоялари, севги, садоқат, аҳлоқий поклик тараннум этилган.
Қўқон хони Умархон ва унинг хотини, машҳур ўзбек шоираси Нодирабегим ўзлари ижодкор бўлганлари туфайли шоир, тарихчи, адабиётшуносларга ҳомийлик қилишган. Улар атрофида Қўқон адабий муҳити вужудга келган. Бу муҳит намоёндаларидан Акмал (Маҳмурнинг отаси), Амирий (амир Умархон), Боқихон тўра, Гулханий, Ёрий, Завқий, Зорий, Маъдан, Маҳжуб, Махмур, Мушриф, Низомий, Нодир, Нозил, Ғозийларни санаб ўтиш мумкин. Қўқон адабий муҳити шоирлари ўзбек ва тожик тилларида ижод этишган.
Гулханий “Зарбулмасал” асари билан ўзбек адабиёти тарихига масал жанрини бойитган шоир сифатида кирди. Махмур “Ҳапалак” ҳажвий шеърида Қўқон хонлигидаги халқ турмуш тарзини акс эттирган. Ўзбек мумтоз адабиёти намоёндаларидан бири бўлган Махмур ижоди меросида ҳажв санъатининг мураккаб, айни замонда, маҳсулдор ва ёрқин усулларидан бири – ўз-ўзини фош этиш усулида яратилган асарлар алоҳида ўрин тутади.
Қўқон адабий муҳитини Жаҳон отин - Увайсий ва Моҳларойим-Нодирабегимларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Увайсий шеъриятида эл-юрт дарди, халқ қисмати, ҳасрати бош мезон бўлган. Нодирабегим шеърияти асосини лирик шеърлар ташкил қилган, уларда муҳаббат, садоқат, меҳр-вафо, айни пайтда шарқ аёлларининг дард-аламлари куйланади. Нодирабегим нафақат ажойиб шоира, маърифатпарвар, балки етук давлат арбоби ҳам бўлган. У мамлакатда бунёдкорлик ишларига ҳам катта эътибор берган. Хусусан, бозор ва расталар, масжид ва мадрасалар, карвонсаройлар қурилишига бошчилик қилган. Нодирабегимнинг адабий мероси ўз ғоявий-бадиий аҳамияти нуқтаи назаридан мумтоз шеъриятининг гўзал намуналаридир.
Бадиий маданият. XVI асрдан бошлаб Ўрта Осиё худудида Бухоро, Хива ва кейинчалик Қўқон хонликларини барпо этилиши хонликдаги халқлар санъатининг кейинги тараққиётига ўз таъсирини кўрсатди. Бунда ҳар бир хонликда санъат маҳаллий ижтимоий, этник хусусиятлар, географик муҳит, маҳаллий мактаб йўналишида, анъаналарга кўра ривожланди. XVIII аср охири – XIX аср биринчи ярмида бадиий маданият марказлари Мовароуннаҳрда (Бухоро, Самарқанд), Хоразмда (Хива) ва Фарғона водийсида (Қўқон, Андижон, Наманган) қарор топди.
Меъморчилик. Меъморчилик тараққиётида тўртта давр кўзга ташланади. Биринчиси – XVI асрнинг бошидан 60-йилларигача бўлган давр. Унинг хусусияти шундан иборатки, темурийлар даври анъанасини давом эттиришга ҳаракат қилинди. Хусусан, пойтахт Бухорога кўчирилиши муносабати билан унинг бош майдонида Калон масжиди (1514), унинг қаршисида эса Мири Араб мадрасаси бунёд этилди. (1535/36). Маҳалла гузарлари қўйнида Хожа Зайниддин хонақоҳи ва баланд масжид қурилган. Иккинчи давр – XVI асрнинг 60-йилларидан шу асрнинг охиригача бўлган давр. Унда Абдуллахон ҳукмдорлиги вақтида давлат ҳокимияти мустаҳкамланиши муносабати билан қурилиш ва меъморчилик юксалган. Айниқса, Бухоро ва унинг атрофида кенг қурилиш ишлари олиб борилган. Бухорода ўз таркибига Модарихон мадрасаси (1566) ва Абдуллахон мадрасалари (1588-90)ни бирлаштирган Қўш мадраса мажмуаси, Говкушон мадрасаси (1570) олдида майдон ва Хожа масжиди (1598) қурилди. Шаҳарнинг бош савдо йўли четларида расталар, марказий бозор бунёд этилди. Рабоднинг шарқий қисмида йирик Кўкалдош мадрасаси (1568-1569), шаҳар четидаги Намозгоҳ масжиди қайта қурилди. Шунингдек, Абдуллахони даврида мамлакатда 1000 дан ортиқ работ ва сардоба, кўплаб масжид, мадраса, кўприк, сув омборлари қурилган. Хусусан, шундай сув омбори қолдиқларидан бири Нурота тумани марказидан 65 км шарқда, эски Оқчоб қишлоғи яқинидаги Бекларсой дарасида ҳозиргача сақланиб қолган. XVI асарда ушбу тўғон ёрдамида 1,2 минг гектар ер майдони суғорилган. Абдуллахон даврида қурилиш ишлари нафақат Бухоро воҳаси, балки Самарқанд, Тошкент, Балҳ ва бошқа шаҳарларда ҳам кенг кўламда олиб борилган.
Учинчи давр – XVII асрда йирик меъморий мажмуалар қурилиши давом эттирилди. Бухорода Лабиҳовуз (1619-1622) Нодир девонбеги мадраса ва хонақоҳи қурилиши якунланди. Айниқса, Самарқанд ҳокими Ялангтўшбий баҳодирнинг ободончилик, қурилиш ишлари соҳасидаги фаолияти эътиборга сазовор. У ўз маблағлари ҳисобига Регистон майдонида Шердор мадраса (1619-36), Улуғбек даврида бунёд этилган. Мирзойи карвонсаройи ўрнида Тиллакори мадрасасини қурдирган (1641-46). Тиллакори мадрасасидан жоме масжиди ва мадраса сифатида фойдаланилган. Масжид безагида бошқа бир обида қурилишига етадиган миқдорда олтин сарфлангани учун “тиллакори” (тилладан ишлов берилган) деб аталган.
Тўртинчи давр – XVIII аср охири - XIX асрлар меъморчилиги. Бу давр меъморий обидалари Ўзбекистоннинг бутун ҳудудида сақланиб қолган. Бу давр ўзидан ажойиб шаҳарсозлик ансамбли – Хивани қолдирди. Унинг обидалари айнан шу вақтда бунёд этилган. Муҳаммад Амин иноқ (1805), Қутлимурод иноқ (1809), Сайидбой (1842) мадрасалари, Солиҳбий масжиди (1842) ва бошқалар жумласидандир. Оллоқулихон томонидан қурилган Хивадаги Тошҳовли қасри (1832-1841) Хоразм меъморчилигининг ўзига хос услубини ўзида акс эттирган
Амалий безак санъати. XVI-XIX асрлар амалий безак санъатида икки асосий йўналиш-расмий ва халқ санъати мавжуд бўлган. Халқ санъати изчил, бирмунча эркин, ҳаётга яқинроқ бўлган. Халқ санъати кўп турли анъаналарни сақлаб қолган, бироқ XVII аср охиридан эътиборан унинг ривожланишида турғунлик ҳолатлари кузатила бошланди, буюмлар тури, шакли ва безаги соддалашиб борган.
XVI аср охири – XVII асрда амалий безак санъати секин ривожланди, бу мужассамот тузилишидаги бир хилликда, безакнинг мураккаблашуви ва вазминлашувида, гулларнинг майдалашуви ва такомиллашувида, ташқи безакнинг кучайишида ўз ифодасини топди.
XVIII асрдаги мураккаб тарихий шароитларда амалий безак санъати гарчи секин ривожлансада, бироқ у ўзининг асосий ҳаётийлик мазмунини ва ип матолар ишлаб чиқариш, ипакчилик, гиламчилик, палос тўқиш, заргарлик, кулолчилик, чарм, тош, ёғоч, металга бадиий ишлов бериш каби барча турларини сақлаб қолди. XVIII асрнинг охирида амалий безак санъати тараққиётида юксалиш кўзга ташланиб, у XIX асрнинг сўнгги чорагига қадар давом этган. XIX асрнинг биринчи ярмида қатъий шакл мужассамотини тузишга интилиш кузатилади. Бу хусусиятлар, айниқса, бадиий ҳунармандчилик (абрли матолар гули, зардўзлик, кандакорлик)да аниқ кўзга ташланади. Нақш мужассамоти ва мавзу шаклига кўра бир оз қатъий, сипо ва ташқи кўриниши такомиллашган. Хонадонларда яратилган кашталарда XVIII аср санъати хусусиятлари (соддалик ва гўзаллик) узоқроқ сақланган. Бу давр амалий безак санъатининг барча соҳалари шакл, расм ва ўзига хослигини сақлаган.
Миниатюра. Мовароуннаҳрда миниатюра санъати XVI-XVII асрнинг биринчи ярмида равнақ топди. Ўрта Осиё халқлари орасида миниатюра санъати “нақши нигор” номи билан маълум бўлган. Бугунги кунларимизда жаҳон музейлари тўпламларида Ўрта Осиё мусаввирлари томонидан безатилган 60 дан ортиқ нодир қўлёзмалар сақланади. Маҳаллий ва Ҳиротлик усталарнинг ўзаро ижодий ҳамкорлиги туфайли Самарқанд ва Бухорода миниатюра мактаблари гуллаб яшнади. Беҳзод анъаналари билан боғлиқ биринчи йўналиш қаламтасвирининг ўта нозиклиги, манзара ва меъморий тасвирларга бойлиги, жарангдор, тиниқ рангларнинг уйғунлиги, мураккаб мужассамоти билан диққатга сазовор. Маҳмуд Мусаҳҳиб ва Чағри Мухассин (Низомий асарларига ишланган расмлар, 1537-38 йиллар), “Ашъор”ни безаган номаълум мусаввир (1529 й.) ва бошқалар машҳур бўлган. Иккинчи йўналиш қаҳрамонлар сонининг чекланганлиги, тасвирий воситанинг лўндалиги, ихчам мужассамоти, кескин рангларга бойлиги билан фарқланади. Жумладан, Шайбонийлар даврида ҳукмдорлар учун шажаравий, тарихий асарлар кўплаб яратилиб, улар миниатюралар билан безатилди. Хусусан, Муҳаммад Шодининг “Фатҳнома” (1502-1507), Маъсуд ибн Усмон Қўҳистонийнинг “Тарихи Абдулхайрхоний” ва бошқалар шулар жумласидандир. Миниатюраларда ҳукмдорлар ва уларнинг турли ҳаётий жараёнлардаги тасвирларидан ташқари, тасаввуф ғоялари, фольклор, меҳнат ва ижод, табиат, ҳайвонот дунёси каби мавзулар акс эттирилди.
XVIII асрда маданий ҳаётнинг кескин пасайиши кузатилади. Аммо шундай бўлсада китобат санъатининг ривожланиши мусаввирларнинг фаоллашувига олиб келди. XIX аср бошларида яратилган қўлёзмалардаги суратларда аввалги бадиий нафосат кўринмайди. Ҳиндистон, Қашғор ва Эрон миниатюра мактабларига тақлид ортди. Хусусан, Навоийнинг “Хамса”сига ишланган миниатюралар (1824, Фарғона қўлёзмаси) мавзуи бадиий талқини ўта содда, ранглар мажмуи тор, оҳанги сўниқ ва ясамалиги билан ажралиб туради.
Мусиқа. XVI-XIX асрнинг биринчи ярмида мусиқий ҳаёт асосан пойтахт ва йирик шаҳарларда жонланди. Моҳир мусиқачилар худди аввалги даврлардаги каби ҳукмдорлар саройида тўпланган. Ўтмиш анъаналарига садоқат, ворисийлик, моҳирона ижрочилик санъати туфайли Бухоро ва Самарқанд Ўрта Шарқнинг мусиқа марказларига айланди.
XVI аср бошида Хуросоннинг, Ҳирот ва бошқа шаҳарларидан Мовароуннаҳрга кўплаб мусиқачилар келди. Бухорога Ҳусайн Удий, Ғулом Шоди ва бошқа атоқли қўшиқчилар, созандалар, мусиқа назариётчилари кўчиб келди. Бу маълум даражада маҳаллий мусиқа-ижрочилик ва мусиқий-назарий фаолиятнинг жонланишига олиб келади. XVI-XVIII асрда мақом жанри тараққий этди. XVIII аср ўртасида Бухоро (тожикча-ўзбекча) Шашмақоми шаклланди.
Мовароуннаҳр мусиқачилари Ҳиндистон, Туркия, Эрон, Афғонистон, Хитой, Русия давлати билан мусиқий алоқалар ўрнатганлар. Ушбу мамлакатларнинг мусиқачилари ва шоирлари ижоди Ўрта Осиё шаҳарларининг мусиқий ҳаётини қандайдир маънода бойитишга хизмат қилди.
Бу даврнинг мусиқий ҳаётида Нажмиддин Кавкабий, Жаъфар Қонуний, Али Дўст Найи, Ҳофиз Маҳмуд, Ҳофиз Мираклар машҳур бўлишган. Хусусан, Нажмиддин Кавкабий мусиқашунос, шоир, бастакор бўлиб, мусиқа илми ва амалиётининг турли масалаларига доир илмий қисмлар ёзган. “Рисолаи мусиқий” асарида илми мусиқий, ўн икки мақом тизимига оид назарий тушунчалар бериб, турли зарб-усулларининг номини келтириб таърифлаган, куйнинг амалиётидаги хиллари ҳақида маълумот берган. Кавкабий мақомларни кеча-кундузнинг қайси соатларида ижро этилиши ва ҳар хил руҳий ҳаловатдаги кишиларга таъсири масалаларини баён этган. Айниқса Дарвиш Али Чангий шуҳрат қозонган. Унинг “Рисолайи мусиқий” асарларида XV аср охири – XVII аср бошида Мовароуннаҳрда яшаган, ижод этган ижрочилар, бастакорлар ҳақида батафсил маълумот тўпланган.
Шундай қилиб XVI-XIX аср биринчи ярмида ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг ривожланиши бир мунча сусайган бўлсада, Мовароуннаҳр аҳолисининг маданий даражаси нисбатан юқорилигича қолган.
Театр. XVI-XVIII асрларда масхарабозлик театри нафақат пойтахт шаҳарлар – Бухоро, Хива, Қўқонда, балки бошқа шаҳарларда ҳам фаолият олиб борган. Турли хонликлардаги театр гуруҳлари бир-биридан ижро усули, маҳорати, репертуари ва тақдим этиш шакллари билан фарқ қилишган.
Бухоро воҳасида XVIII-XIX асрларда Сайфулла масхара, Зокир масхара, Эргаш масхара ва бошқалар ўз спектакллари билан томоша кўрсатганлар.
Қўқон хонлигида XVIII аср бошида қизиқчилик театри фаолият юритган. Муҳаммад Солиҳ Бидиёршум кўплаб оғзаки пьесалар ижро этган. Бидиёршум труппасида 30 дан ортиқ актёрлар, қизиқчилар (Баҳром қизиқ, Мўмин қизиқ, Давлатёр қизиқ ва бошқалар) бўлган. Улар шахарнинг Чорсу майдонида, баъзан хон саройида қизиқчилик қилганлар.
XVI-XIX асрнинг биринчи ярмида Ўрта Осиёда қўғирчоқ театри кенг тарқалган. Унинг “Қўл қўғирчоғи”, “Чодир хаёл” каби турлари бўлган. Уларнинг ҳар иккисида биттадан асосий пьеса – Полвон качал (“Қўл қўғирчоқ”) ва “Саркардалар” – “Амалдорлар” (“Чодир хаёл”) бўлган. XIX асрда Ўзбекистон ҳудудида Шосолиҳ, Ғафур, Халфаранг (Қўқон), Орифжон қўғирчоқбоз, Азим бурун, Дониёр (Тошкент), Жўра Қайроқ, Ҳамро қўғирчоқ боз (Самарқанд), Шариф Сайёҳ, Қори хожи (Бухоро) ва бошқа уста-қўғирчоқбозлар ўз мактабларини яратганлар.
Бу даврда рақс санъати ҳам юксак ривожланган. Халқ-рақс санъатининг Фарғона мактаби ўз таркибига қуйидаги рақс турлари ва гуруҳларини олган: “Катта ўйин”, “Хонаки ўйин”, “Ялла” ва бошқалар. Шулардан “Катта ўйин” мураккаб рақс композициясига эга бўлиб, 60 усулдан ташкил топган.
Хоразмда “Мақом ўйин”, “Лазги”, “Қайроқ ўйин”, “Ялла” ва бошқа рақс турлари тарқалган.
Бухорода рақс мактаби еттита катта ва кичик шакллардан ташкил топган: “Мақом ўйин”, “Қайроқ ўйин”, “Хонаки ўйин”, “Занг бози”, “Ялла” ва бошқалар.
XVI-XIX асрнинг биринчи ярмида сайёр цирк артистлари – дорбозлар, акробатлар, кўзбойлағичлар, жонглёрлар, ҳайвон ўргатувчилар ва бошқалар шаҳар ва қишлоқлар майдонларида томоша кўрсатиб ўзларининг маҳоратларини намойиш этишган.
XVIII аср охири - XIX аср бошида Ўрта Осиё хонликларида анъанавий театр фаолиятида ўзига хос услубий кўринишлар пайдо бўлди. Бухоро амирлигида, масалан, масхарабоз, қўғирчоқбоз, раққос ва бошқаларнинг уюшмалари вужудга келди, бу ўз навбатида уларнинг репертурарлари бойишга ва ижрочилик маҳоратининг ошишига олиб борди. Хоразм анъанавий театрида 2 туркум томошалар - “Тўқма” ва “Хатарли” ўйин яхши шаклланди. Фарғона ва Тошкентда қизиқчилик ва аския тараққий этиб, сўз санъатига алоҳида эътибор берилди.
Шундай қилиб XVI-XIX асрнинг биринчи ярмида Ўрта Осиё хонликлари тарихи фақат ўзаро урушлар, ички низолардан иборат бўлиб қолмаган. Хатто шундай оғир кезларда ҳам мамлакатда маданий ҳаёт ўз ривожланишида давом этган. Гарчи XIV-XV асрлардаги каби юксак даражага эришилмаган бўлсада, унинг ютуқларини сақлаб қолишга, уни янги ғоялар билан бойитишга ҳаракат қилинган.
Шундай қилиб, XVI-XIX асрнинг биринчи ярмида Ўрта Осиё жамияти ҳаёти нотекис ривожланган; айрим ўн йилликларда эришилган ютуқлар, кўпинча ўзаро низолар туфайли юзага келган навбатдаги таназул даври билан алмашган. Бироқ ана шундай оғир дамларда ҳам ўзбек халқининг ижодкорлик фаолияти тўхтамаганидан фақат фахрланишимиз мумкин. Қишлоқ, шаҳарлар қайта қад кўтарган. Ҳунармандчилик турлари ривожланган. Халқ усталари томонидан бунёд этилган маҳобатли меъморий обидалар бутун дунёга машҳур бўлган. Ҳар қандай оғир, ноқулай шароитларда ҳам халқимизнинг ижодий тафаккури ривожланишда давом этган. Улар орасидан кўплаб иқтидорли олимлар, мутафаккирлар, қўшиқчилар, мусиқачилар, рассомлар, меъморлар ва қурувчилар етишиб чиқди.
Ўзбекистон маданиятининг бир қатор арбобларининг исмлари инсоният ҳаёти солномасига абадий ёзиб қўйилган.
© ООО «Знанио»
С вами с 2009 года.