Навоий ғазалларида тасвирнинг бадиий мукаммаллиги.
Аннотация: Мақолада Алишер Навоий лирикасидаги тасвирлар бадиийлик нуқтаи назаридан ҳар томонлама ажралиб туриши, бадиийлик ва унинг муҳим шартлари ва аломатларига оид илмий-назарий қарашлар ўз ифодасини топган.
Калит сўз: бадиийлик, образ, бадиий таъсир, самимийлик, бадиийлик критерияси.
Аннотация: В статье отражены научно-теоретические взгляды на искусство и его важные условия и особенности, то обстоятельство, что образы в лирике Алишера Навои различаются с художественной точки зрения.
Ключевые слова: искусство, образ, художественное влияние, искренность, художественные критерии.
Annotation: The article reflects the scientific-theoretical views on the art and its important conditions and features, the fact that the images in the lyrics of Alisher Navoi differ from the artistic point of view.
Keywords: art, image, artistic influence, sincerity, artistic criteria.
Бадиийлик, яъни бадиий жиҳатдан мукаммаллик шеърият умуман бадиий адабиётнинг таъсирчанлигини оширувчи энг муҳим омиллардан биридир. Бадиийлик бўлмаса, ҳеч бир асар китобхон муҳаббатига сазовор бўлмайди, уни ўзига ром эта олмайди, яъни адабий танқидда таъкидланганидек, “бадиий таъсир”, “эстетик завқ”, “бадиий эффект”га эга бўлмайди. Адабиётшунослик илмида бадиийликка қуйидагича талаблар қўйилган:
Биринчидан, “Бадиийликнинг энг муҳим аломати ҳаққонийликдир. Фақат ҳаётни ростгўйлик билан ҳаққоний тасвирлай олган асаргина бадиийдир”.
Биз Навоий ғазалларини таҳлил қилар эканмиз, унда бу талабнинг тўлақонли ифодасига дуч келамиз. Навоий ҳатто муболағали тасвирларда ҳам ҳаққонийликка амал қилади. Инсон кечинмаларининг, маъшуқа портретининг унга хос хусусиятларининг ҳаққоний манзарасини ярата олади:
Сўзи ҳажринг ичра ҳар дам заъфлиғ жисмим ёниб,
Ўтга тушган қил масаллик ўртанурмен тўлғаниб.
Мазкур байтдаги тасвирга назар ташлайлик. Ҳижрон азобида ўзини қўярга жой топа олмай, тўлғонаётган ошиқ ҳолати ўтга тушиб жизғинак бўлаётган қилнинг ҳолатига ўхшатилган. Албатта, бу ўринда ошиқ ҳолатининг муболағали тасвири кучлироқ. Лекин муболаға ҳаққонийликка путур етказмаган, яъни ҳар қандай бемор дард хуруж қилганда ўзини қўярга жой топа олмай қолади, ошиқ эса ҳақиқий дардга мубтало бўлганлардандир. Унинг дарди ҳеч қандай табиб даволай олмайдиган дарди бедаводир. Албатта, бундай кишининг ўтга тушган қилдек тўлғонишида муболаға бор бўлса-да, бу ҳол ҳақиқатдан ҳам йироқ эмас. Навоий ғазалиётига хос бу ҳолатни қуйидаги байтлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин.
Қошинг ичра риштаи жонимга чирмонғон кўнгил,
Анкабутидурки, айлабдур ватан меҳроб аро.
Чиқти зулфин солғоч ул чоҳи занаҳдин, эй кўнгил,
Анкабут ул навъким торига чиққай ёрмашиб.
Биринчи байтда шоир ёр қошининг тасвирини берар экан, унинг толаларини кўнгилни чирмаган жон ришталарига ўхшатади ва шу ўринда унга мос келадиган ҳаётий бир мисолни – торларини тортиб меҳробга ўрнашиб олган анкабут (ўргимчак)ни келтиради. Бу тасвирдаги ҳаққонийик ёрнинг пайваста қошларидан кўз узолмай унга бутун борлиғи билан боғланиб қолган ошиқ ҳолатидир. Иккинчи байтдаги тасвир ҳам ўргимчак билан боғлиқ. Фақат бу байтда кўнгил – анкабутнинг макони “чоҳи занахдон” (бақбақа чуқурчаси) бўлиб, ёр зулфини (сочларини) юзга солганда, унинг торларига осилиб чуқурдан чиқиб олмоқда. Яна бир қарашда гўёки ҳаётдан йироқ бўлган бир тасвир берилгандек туюлади, аммо яхшироқ эътибор берсак, шоир ҳақиқий ошиқларга хос бўлган бир ҳолатни тасвирлаётганининг гувоҳи бўламиз. Бу ҳолат ёрнинг бақбақасидаги чиройли чуқурчага маҳлиё бўлиб турганда, бирдан уни ёпган соч толаларига кўзи тушиши ва ёр зулфининг бетакрор латофатидан кўнгли тўлқинланиб кетиб, ҳайратининг янада ошишидир.
Иккинчидан, “бадиийликнинг муҳим шартларидан бири – ёзувчининг самимийлигидир. А. Қодирийнинг фикрича, ҳар бир ҳақиқий асар ёзувчидаги “махфий самимият тўлқини” натижасидир”.
Навоий ғазалларидаги ижодкорга хос самимият ҳақида гап кетганда адабиётшунос олим Иззат Султон таъкидлаганидек, “самимийлик муаллифнинг ўзи тасвирлаётган нарсага қўйган меҳри, яъни эътиқодидир. Бу эътиқод қанчалик чуқур бўлса, табиийки, асарнинг ўқувчига таъсири ҳам шунчалик кучли бўлади”.
Юқоридаги фикр-мулоҳазаларга таяниб иш тутадиган бўлсак, Навоий ғазалларида самимийликнинг энг юқори нуқтасини кўришимиз мумкин. Чунки Навоийнинг ҳар бир ғазалида ўзи тасвирлаётган нарсасига бўлган оташин меҳри, эътиқоди баралла кўзга ташланиб туради:
Очқил ўтлуғ оразинг, эй шамъким, парвонадек,
Ўртанай бошинг уза бир неча қатла айланиб.
Байтда тасвирланган лирик қаҳрамоннинг манзурга бўлган муҳаббати шу қадар самимий ва меҳру эътиқоди шу қадар кучлики, у ишқ оташида ёниб кул бўлишдан ҳам қайтмайди. Аксинча, ўзининг ишқ оловидан бебаҳра қолишидан чўчийди ва манзурга “ўтлуғ орази”ни очишни сўраб ёлворади. У ўзини ёрнинг юзидан айро кўришни истамайди, шам алангасидан ўзини ажрата олмай унинг атрофида гирдикапалак бўлиб, охир-оқибат куйиб кулга айланган парвонадек бўлишни истайди. Кўриниб турибдики, мазкур байт ҳақиқий ошиқона самимият, меҳру эътиқод намунасидир.
Учинчидан, бадиийликнинг муҳим шартларидан бири адабий асарда мазмун ва шаклнинг бир-бирига мослигидир. Г.Н.Чернишевскийнинг қуйидаги таърифи ҳақли равишда ҳамма адабиётшуносликда классик таъриф сифатида келтирилиши бежиз эмас: “Фақат ҳақиқий идеяни мужассамлаштирган асаргина, агар шакли идеясига мутлақо мос келса, бадиий бўлади... Бунга яна асардаги зарур ҳар бир саҳна, характер, эпизод ва деталнинг аниқ, ёрқин тасвирланиши лозимлигини ҳам илова қилиш керак”.
Шу ўринда шакл ва мазмун мутаносиблиги ҳақида Алишер Навоийнинг ўзи айтиб кетган яна бир жуда ихчам ва тўлиқ таърифини келтириш мақсадга мувофиқ бўлади. Бу борада Алишер Навоий ёзади:
Назмки маъни анга марғуб эмас,
Аҳли маоний қошида хуб эмас.
Алишер Навоий таъкидлашича, хуш суратга ўралган дилкаш маъни яъни шаклан гўзал, мазмунан чуқур бўлган назм – шеъргина “аҳли маоний қошида хуб”дир. Навоий ўзининг барча асарларида, жумладан, ғазалларида ҳам бу ижодий тамойилга тўлиқ амал қилган даҳо санъаткордир. Шоирнинг барча ғазаллари истисносиз шаклан мукаммал ва мазмунан гўзал асарлардир. Уларда “асар мазмуни ва шаклининг тиниқлиги, муаллиф ғоясининг бадиий воситалар орқали аниқ ва равшан ифода этилиши” яққол кўзга ташланиб туради.
Навоий тасвирда бадиий мукаммалликка эришиш учун зарур тасвир воситаларидан жуда унумли фойдалана олган. Шоирнинг ҳар бир ҳодисага, нарсага, белгига бефарқ қарамаслиги, унинг ўзига хос қирраларини топа олиши ғазалларида бадиий мукаммалликка эришишнинг энг муҳим омили бўлиб қолган. Навоий ғазалларини мутолаа қилиш жараёнида ҳар бир нозик дидли ўқувчи шоир бадиийликнинг барча критериялари: ҳаққонийлик, самимийлик, мазмун ва шакл бирлиги, бадиий тилнинг аниқ ва равшанлиги, тушунарли бўлишига тўлиқ амал қилганлигининг гувоҳи бўлади. Шоир қўллаган бадиий мукаммаллик унинг ғазаллари таъсирчанлигини янада ошириш билан бир қаторда уларни сўз санъатининг энг юксак намуналари қаторига олиб чиққан.
Фойжаланган адабиётлар рўйҳати:
1. Иззат Султон. Адабиёт назарияси. Тошкент. “Ўқитувчи” нашр.1980.
2. Алишер Навоий. Топмадим. (“Адабиёт бўстони” туркумидан). Тошкент. Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашр. 1988.
3. Алишер Навоий. Сабъаи сайёр. Тошкент. Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашр. 1989.
4.
Материалы на данной страницы взяты из открытых источников либо размещены пользователем в соответствии с договором-офертой сайта. Вы можете сообщить о нарушении.