СОЦИАЛЬНАЯ И КУЛЬТУРНАЯ ЖИЗНЬ НАРОДОВ ЦЕНТРАЛЬНОЙ АЗИИ V-VIII ВЕКОВ
Оценка 4.8

СОЦИАЛЬНАЯ И КУЛЬТУРНАЯ ЖИЗНЬ НАРОДОВ ЦЕНТРАЛЬНОЙ АЗИИ V-VIII ВЕКОВ

Оценка 4.8
docx
20.02.2021
СОЦИАЛЬНАЯ И КУЛЬТУРНАЯ ЖИЗНЬ НАРОДОВ ЦЕНТРАЛЬНОЙ АЗИИ V-VIII ВЕКОВ
СОЦИАЛЬНАЯ И КУЛЬТУРНАЯ ЖИЗНЬ НАРОДОВ ЦЕНТРАЛЬНОЙ АЗИИ V-VIII ВЕКОВ .docx

МАРКАЗИЙ ОСИЁ ХАЛҚЛАРИНИНГ V-VIII АСРЛАРДАГИ ИЖТИМОИЙ, МАДАНИЙ ҲАЁТИ

 

Қадимги Ўрта Осиёнинг ижтимоий ва маданий тарихини ўрганишда асосий мабалар  қуйидагилардир:

1.Ўрхун – Энасой ёдгорликлари:

2.Юнон муаррихларининг асарлари.

3.Қадимги Хитой йилномалари.

Маданий ҳаёт, биринчи навбатда, ижтимоий–сиёсий ҳаёт равнақи белгиси ва айни пайтда узоқ асрлар давомида шаклланадиган жараён бўлгани учун Марказий Осиёнинг ижтимоий - сиёсий тарихига қисқача тўхталамиз ва юқоридаги манбаларга таянамиз. Аммо ҳар бир манбанинг маълум даврдаги маданият тарихини ўрганишда ўз аҳамияти ва мавқеи бор.

Марказий Осиё тарихи милоддан олдинги даврларда Хитой йилномаларига таянган бўлса, Кўк турк хоқонлиги даврида ўз манбаларига эга бўлди. Марказий Осиё халқларининг Кўк турк хоқонлиги давридаги тарихи кўпроқ Тўба–хун хоқонлиги давридан бошланади. Тўба-хун давлатида IV асрда юзага келган сиёсий вазият Марказий Осиё маданияти тарихида ҳам янги саҳифани бошлаб берди. Бу сиёсий вазият асосан Хитой империясининг таназзули ва қайта тикланиши билан боғлиқ.

Европадаги тўкилай деб турган Римни бўйсундирган халқларнинг буюк кўчиши Шарқий Осиёда 100 йил олдин юз берди. Хитой тарихида “Беш ваҳший қабилалар даври” (304–399 йиллар) деб ном олган даврда Хитойни хунлар ва сянбийлар босиб олгани ва оралиқ давлатларга асос солгани айтилади. Бу оралиқ давлатлар готлар, бургундлар ва вандаллар асос солган қиролликларга ўхшаб кетарди. Европада Болқон ярим оролида Шарқий Рим империясида нисбатан маданият юксалган эди. Хитойда эса Янцзи дарёси қирғоқларида барпо бўлган Хан империясининг меросхўри Хитой империяси ҳамон мавқени қўлдан бермасди. Заиф, ношуд Хан императорлари Хуанхэ водийсидаги ўз халқларини “ваҳший қабилалар“га ўлжа қилиб қолдириб кетди. Аммо шунча кулфатларга, ташқи ҳужумларга, ички урушларга қарамай, Хитой халқи миқдор жиҳатдан кўпайиб бораверди. V1 асрга келиб Хитойнинг тикланиши учун шароит юзага келди.

Биз Хитой тарихига шунчаки мурожаат этганимиз йўқ, аслида Марказий Осиё туркий қавмларининг тарихи шу даврдаги Хитой тарихи билан чамбарчас боғлиқдир. Хитой билан Марказий Осиё шарқидаги туркий қавмларнинг ижтимоий–тарихий муносабатлари худди шу даврдан аниқроқ юзага чиқди. Милоддан аввалга V асрда - Чин-хун давридаги тарихий муносабатлар алоҳида тарихий даврни ташкил қилади. Хан сулоласи билан Хун тангриқутлигидаги тарихий, маданий муносабатлар алоҳида тарихий даврни ташкил қилади ва бу алоҳида мавзу бўлгани, бунинг устига, бу даврдаги тарихнинг маълум қоронғу саҳифалари ҳали борлиги учун бу ҳақда фикр юритиш учун кўплаб далилларга мурожааат этишга тўғри келади.

V-VII асрлардан бошлаб Марказий Осиёда ижтимоий - сиёсий воқеалар янгича тус олди. Хусусан, V аср бошларида ташкил топган Тўба - хун давлати Марказий Осиёдаги маданий муҳитга кучли таъсир этди. Бу давлат гарчи Хитойдан кўра баланд мавқе эгаллаган бўлса ҳам, Тўба аҳолиси Хитой маданиятига муте бўлиб қолди. Улар ўз тилларидан воз кечиб, фақат хитойча гапирадиган бўлдилар, эски анъаналаридан воз кечиб, сочларини қирқдилар. Хуллас, Хитой маданияти олдида сажда қилдилар. 

Бу давлатнинг келиб чиқиши тарихи бор. Милодий III асрдан бошлаб узоқ бир тарихий даврда хунлар билан бошқа қабилаларнинг ўзаро чатишиб кетишидан “Тўба-хун” деб ном олган қавм келиб чиқди. Тарихда: “Отаси хун, онаси сянбий”лардан бўлганларни шимолдагилар тўба - хунлар деган ном билан юритганлар.

Тўба - хунларнинг шаҳзодаларидан бири Гирон Бур бур милодий 407 йили Тўба - хун давлатини қурди. Бу давлат Хитой тарихида Шиё давлати деб аталади. Гирон Бур бур ғоят шафқатсиз эди. У Хан сулоласи подшоҳи кучига таяниб, доим душманлари устидан ғалаба қилиб келди. Милодий 410 йили Тўба-хун давлати қудратли давлатга айланди. 

Гирон Бур бур вафот этгандан кейин (425 йили) унинг ўрнига ўғиллари Гирон Жон (425–427), Гирон Тин (427–431)лар подшоҳ бўлди. Уларнинг ҳукмронлиги даврида Тўба - хун давлати билан Шимолий Вэй империяси (386 - 543) орасида узлуксиз урушлар бўлди.

Хуллас, IV аср ўрталарига келганда, Тўба - хун аҳолиси Хитой маданиятига сажда қилиши оқибатида аввалги шон - шуҳратини ва доимо уларни ғалабага олиб келган якдиллигини ҳам йўқотдилар.

Милодий V ва VI асрнинг биринчи ярмидаги ижтимоий ва маданий ҳаёт учун юнон муаррихларининг асарларидан кўра, Хитой йилномаларидаги маълумотлар аҳамиятлироқ экани тўғрисида ХIХ асрдаёқ Европа олимлари ўз фикрларини айтганлар. 

Лекин милоддан аввалги асрлардаги Ўрта Осиё тарихи учун юнон манбаларининг аҳамиятини ҳам таъкидлаш керак. Аммо урушларнинг оқибатлари, қабилалар ва халқларнинг бир - бири билан қоришуви, даврнинг ижтимоий ва сиёсий ҳолати, қолаверса, бошқа бир қатор сабаблар қадимги давлатларни парчалади, аста - секин қабилалар ва тилларнинг, одатлар ва қонунларнинг бирлигини ҳам парчалаб ташлади, натижада ҳозир бизга етиб келган маълумотларнинг моҳияти ҳам ўзгаришга учради. Буларнинг ҳаммаси табиий жараён эди. Бу жараёнларнинг маҳсули сифатида Ўрта Осиёда бошқарувнинг удел системаси такомиллашди, яъни давлат майда ер эгаликларига бўлинди. Айни замонда ўша майда давлатлар гоҳ бирлашиб, гоҳ парчаланиб, қайтадан янги - янги давлатлар ташкил топарди.

Милоддан аввалги даврда Ўрта Осиёда ирқлар. Майда давлатларнинг гоҳ бирлашуви, гоҳ бўлинуви қабилаларнинг қоришувига ҳам таъсир кўрсатди. Марказий Осиёнинг асосий аҳолиси бўлган туркий қавмларнинг қайси ирққа мансублиги кўп мунозараларга сабаб бўлган. 

Марказий Осиё Кўк турк хоқонлиги даврида ҳам тил жиҳатидан, ҳам тарихий нуқтаи назардан туркий қавмлар учун муҳим аҳамиятга моликлиги ҳеч қандай мунозарага сабаб бўлмайди. Бу ўлкани ўрта, Шарқий ва Ғарбий қисмларга бўлган ҳолда ўрганиш мумкин. Ўрта қисм туркий халқлар тарихи нуқтаи назаридан энг диққатга сазовор ҳудуддир. Кўк турк хоқонлиги даврида ўрта қисмда асосан туркий қавмларнинг катта бўлаги қирғизлар (хакаслар) яшаган. Бу ўлка тош даврида Шарқий ва Ғарбий Сибирь ҳамда шимолдаги Тундра маданияти билан яқин муносабатлар ўрнатган. Антропологларнинг тадқиқотлари шуни кўрсатадики, бу ҳудуддаги халқлар Европа ва мўғул ирқларининг бир қисмидан пайдо бўлган экан. Айни пайтда жанубдаги Олтой маданиятидан бу ерларга баъзи таъсирларнинг ҳам бўлгани мумкиндир.

Қадимги турк даврида Гоби саҳроси, бугунги Мўғулистон муҳим ҳудуд бўлгани маълум. Неолит давридаги инсонлар серсув жойларда яшагани маълум бўлди. Ўлканинг неолит даври маданияти Ўрхун дарёси ва Байкал кўли бўйларидаги маданият билан ўхшашлиги археологик топилмалар асосида аниқланди. Умуман олганда, Марказий Осиёнинг шарқий ҳудуди маданиятида ўзаро таъсир аниқроқ кўзга ташланади. Шундай бир маданиятга туркийлар тарихининг сўнгги даврида ҳам дуч келамиз. Бу ҳолат Ўрта Осиё туркий қавмлари тарихига ҳамоҳанг равишда борди. 

Ирқлар тўғрисида сўз кетар экан, милоддан олдинги учинчи минг йилликда Олтой тоғларида ўғуз типидаги қавмнинг яшагани тўғрисида маълумот бор. Бу қавм жанубдаги мамлакатлар билан, масалан, Орол денгизи соҳилларидаги маданият билан, ҳатто Хитой билан алоқада бўлганини кўрсатади. Сибирда ҳам шу сингари ирқлар қадимда яшаганини археологлар кузатганлар1 . Бу давр маданияти туркий халқлар тарихида Олтой маданияти деб ном олган. Милоддан аввалги учинчи минг йилликда ва иккинчи минг йиллик бошларида ҳозирги Ўзбекистон ва Помир ҳудудларида Оқденгиз ирқига ўхшаш долихоцефал  ирққа мансуб одамлар қолдиқлари топилган. Фарғонанинг тош даврига оид маданиятида ва Тошкент яқинидаги Қовунчи маданиятида ҳам бу ирқ кузатилган. Мазкур ирқ тури яна Анов маданиятида, Қуйи Волга бўйларида, Астрахань атрофларида, Ўрта Волга бўйларида Прохоров қўрғонидан ҳам топилган. Бу ҳақда археологлар Г.Серги, В. Гинзбург, Л. Ошанин, Г.А.Трофимова, С. Руденко каби инглиз ва рус олимлари ХХ асрда жиддий кузатувлари натижаларини эълон қилганлар. Ўрта Осиёнинг бракицефал2  ирқи юқорида айтиб ўтилган ўлкаларга кўп таъсир этмаган. Фақат бронза даврида Ўрта Осиё брахицефаллари Амударё бўйларига ва Фарғонанинг ички ҳудудларига қадар таъсир этгани аниқланган. 

Ҳақиқатан, Амударё билан Сирдарё орасидаги халқлар ирқ жиҳатдан Амударё жанубидаги туркман даштларида, Помир ва Афғонистонда яшаган ирқлардан кескин фарқланиб чиққан эди. Бу “туроний” (В.В. Гинзбург) ёки “икки дарё ораси” (И. Свидетский) ирқи деган ном олган бўлиб, брахицефал каллаларга мансуб эди. Шу олимларнинг олиб борган кузатувларига кўра, Олтойдаги брахицефал ирқларга яқин бўлган бу суяклар кейинги даврлардаги сўғдларнинг ҳам ота–боболари бўлгани таҳмин қилинади. 

Милоддан аввалги 1700 йиллардан эътиборан Ўрта Осиёда кўчманчи ва жанговар бир қавм маданиятининг аста–секин ҳукмрон бўлгани кўринади. Бу ирқ “Андроново одами” деб ном олиб, Олтой ва Тангри тоғларига ёйилган. Мазкур ирқ Хун даврида ҳам, Кўк турк хоқонлиги даврида ҳам давом этган. 

Аммо Кўктурк хоқонлиги даврида Ўрта Осиёда мўғул ирқи кўрина бошлади. Бир томондан ўғуз қиёфасига мансуб бўлган туркийлар азалий ирқни давом эттирган бўлса, иккинчи томондан, чинакам ва асло аралашмаган мўғул унсурлари ҳам ғарбга силжий бошлади. Кўк турк даври бошланғичида Олтой ўлкасининг жануби-ғарб ва шимоли-шарқ ҳудудларида яшаган ўғуз қиёфали туркий қавмлар ҳамон ҳукмрон эди. Бу даврга оид Тангри - тоғдан топилган скелетларда йирик кўзли одамлар кузатилади. Бу ҳақда рус олими В. Гинзбург ўтган асрнинг 50–йилларида ўз фикрларини баён қилган эди. Кўк турк давлати барпо бўлмасдан бир оз олдин ва давлат барпо бўлгандан кейинги даврларга оид мўғул қиёфали одамлар скелети топилган. Айни пайтда Тангри тоғдаги қўрғонларда ўғуз қиёфасидаги одамлар скелети ҳам топилгани маълум.

Милодий VI–VIII асрларга оид Ўрта Осиёнинг айрим ҳудудларидаги ирқлар милоддан олдинги брехицефал одамларнинг давоми эканини кўрсатади. Умуман, Ўрта Осиё ирқлари алоҳида ирққа – Туроний ирққа мансуб эди, деган маълумотлар ўзини оқлайди.

Топилмалар.Умуман, турк хоқонлиги давригача Марказий Осиё халқларининг ижтимоий, айниқса этник тарихи маданий ҳаёт учун замин ҳозирлади. Бизгача етиб келган тарихий манбалар - юнон, Рим тарихий асарлари, Хитой йилномаларида Марказий Осиёнинг маданиятига оид далиллар шуни кўрсатадики, Турк хоқонлиги давридаги маданий ҳаёт учун узлуксиз замин ҳозирланган эди. Айниқса, Фарғона водийси милоддан олдинги Ўрта Осиё маданияти тарихида муҳим рол ўйнаган эди. Милоддан аввалги 3–2 асрларга оид Фарғона топилмалари маданий жараённинг узлуксизлигини, айни пайтда шу даврдаги Хитой билан тарихий муносабатларни кўрсатадиган далиллардир. Хитой манбалари Фарғонанинг зотдор, ўша даврда “самовий” деб ном олган отлари тўғрисида маълумот беради. Ана шу тарихий маълумотларни Фарғона атрофларида тошларга чизилган от суратлари тасдиқлайди. 

Милоддан олдинги даврларга оид маданий ёдгорликлар ер остидан топилган бўлса, Кўктурк хоқонлиги даврига оид манбаларнинг кўпи ер устида сақланиб қолган. Булар - йирик тошларга ёки қаттиқ жисмларга ўйилган ёзув ёдгорликлари, ҳайкаллар, қурбонгоҳлардир. 

Кўктурк хоқонлигидан қолган ёдгорликларнинг энг диққатга сазовори битигтошлардир. Йирик ҳажмдаги ёдгорликлар - Кул тигин ва Билга хоқон ёдгорликлари асли қабр тошларидир. Тарихий маълумотларга қараганда, кўктурклар қабрлар устига иншоот қурганлар, иншоот деворларига марҳумларнинг суратларини чизганлар. Кўктурк хоқонлигига Чин хоқонининг саройидаги рассомлар келтирилгани ва улар марҳум Кул тигин ва Билга хоқон учун бир иншоот (барақ) қурганлари, уйнинг ич–тошини суратлар билан безаганлари тўғрисида Кул тигин битигтошида маълумот берилган. Аммо ҳозирга келиб ўша иншоотлар, яъни барақлар бутун қолмаган, фақат балбаллар қолган, холос. Баъзи Европа олимларининг фикрича, хоқонларнинг қабри бошқа ерда, битигтошлар бошқа ерда бўлган бўлиши мумкин. Бу фикрлар асосли. Кул тигин битигтоши топилган жойдан бир ярим километр шимолга томон балбаллар ўрнатилган. Балбаллар тугаган жойда Кул тигиннинг қабри ўрнатилган бўлиши мумкин. 

Кўктуркларда йиғи, яъни аза маросими бўлган диққатга сазовор. Кул тигин битигтошида бир қанча халқлардан дафн маросимига вакиллар келгани айтилади. Аза халқнинг маданий савияси билан мутаносибдир. Бу ҳақда юнон манбалар яхши маълумот бера олади. II асрда юнон файласуфи Лукиан Самосат искиф қавмига мансуб Тўқсар билан юноний Муисип деган одамлар ўртасидаги қуйидаги суҳбатни келтиради:

Муисип: - Сиз, искифлар, Орест билан Пиладнинг жасадларига қурбонлик қиласизлар ва уларни тангри деб ҳисоблайсизлар. Тўқсар, сен бунга нима дейсан?

Тўқсар: - Ҳа, қурбонлик қиламиз, Муисип, қурбонлик қиламиз. Аммо уларни тангри деб эмас, яхши инсонлар деб ҳисоблаймиз.

Муисип: - Демак, яхши инсонлар вафот этгандан кейин, сизлар, тангриларга қилингани каби, қурбонлик қиласизлар. 

Тўқсар: - Фақат шугина эмас, биз уларнинг шарафига байрамлар ва катта йиғинлар ҳам қиламиз. 

Муисип: - Сизлар марҳумлардан нима истайсизлар? Улар марҳумлардир. Шуниси ҳақиқатки, уларга ҳурмат ва илтифот кўрсатиш учун қурбонлик қиласизларми?

Тўқсар: — Марҳумларнинг бизга ҳурмат–эътибори кўриниб турганда эди, улар ҳеч қачон ўлмаган бўлардилар. Фақат биз яхши инсонлар хотираси учун фойдали деб ўйлаймиз. Шу сабабдан марҳумларни ҳурмат қиламиз. Биз шундай тушунамиз: марҳумларни ёдга олсак, кўпларимиз улар сингари ўлмак учун ҳаракат қиламиз3. 

Қадимдаги икки халқ вакилининг суҳбатидан кўриниб турибдики,  Марказий Осиёда марҳумларга атаб ўтказиладиган удумлар ва урф–одатлар фақат шу ҳудудга хос бўлгани учун ҳам юнонийлар бу удумларга изоҳ талаб қилганлар. Мана шу кичик лавҳанинг ўзиёқ кўк турклар давридаги удумлар ва инонч–эътиқодлар милодий II асрда Осиёнинг кўп ерларига маълум бўлганини ва ёйилганини кўрсатади.

Марказий Осиё маданиятининг ўзига хослиги. Марказий Осиёнинг ғарбий ўлкаларидаги туркий қавмларнинг маданий ҳаёти шарқий ҳудуддаги ўлкалар ҳаёт тарзидан баъзи ўзгачаликларга эга эди. Ўрта Осиёдаги этник жараёнларнинг мураккаблиги маданий жараёнга ҳам таъсир этмай қолмади. Шунинг учун бу ҳудуддаги маданий жараёнда бошқа этник гуруҳларнинг маданий жараёни изларини ҳам кўрамиз. Фарғона водийси бу жиҳатдан алоҳида ўлка ҳисобланади.

М.ав. III–II асрларда Тангри тоғидан Фарғонага кўчиш бўлди. Кўчиб келган қавмларнинг катта қисми юэчжилар ва усунлар эди. Юэчжилар икки қисмга бўлинган: катта юэчжилар ва кичик юэчжилар. Ботир тангриқут (Ўғузхон) тор–мор қилган ва Довонга келиб, дахларнинг ерларини босиб олган қавмлар катта юэчжи деб юритилган. Заифлашиб, кичик тўп–тўп бўлиб кетган, жанубий тоғларда ўрнашган қавмларни тангутлар кичик юэчжи деб атаганлар4 .

Усун давлати тўғрисида Хитой йилномаларидаги маълумотлар шуни кўрсатадики, Шарқда уларнинг ерлари хунларнинг ерларига туташ бўлган, шимоли–ғарбда Қангли давлати билан, ғарбда Довон давлати билан чегараланган.

Шунингдек, бошқа қабилалар Ўрта Осиёга кўчиши натижасида турли қавмлар маданиятининг бир–бирига қоришганини кўрамиз. Фарғона водийсидаги Исфара, Ширинчой, Тошкент яқинидаги Қовунчи маданияти шундан далолат беради. Тангри тоғларида илгаридан мавжуд бўлган маданият Фарғонада янги маданиятнинг юзага келишига сабаб бўлди, жумладан, ордамларнинг яшаш тарзида, деҳқончилик маданиятида, ишлаб чиқаришда ва ҳ. ларда ўзига хосликлар кузатилади. Одамларнинг турмуш тарзи, яшаш шароити, ясаган буюмлари шундан далолат беради.

Кўк турк давлати ташкил топиши арафасида Фарғона атрофларида кўплаб отлиқ кўчманчилар яшарди. Бу кўчманчилар аста–секин ўтроқлашиб, деҳқончилик қила бошладилар. Чиғирчиқ, Ғулжадан топилган ашёлар деҳқончилик маданияти тўғрисида тасаввур уйғотади (сурат.)

Кўк турк хоқонлиги давридан бугунгача етиб келган энг энг ноёб маданий ёдгорлик ёзув маданиятидир  Исфара, Андижон, Поп, Бухоро, Қува ва бошқа қатор ҳудудлардан топилган ёзув ёдгорликлари қадим Ўзбекистон халқининг азалдан салоҳиятли   бўлганини кўрсатадиган аломатлардир5 . 

 

Шарқ уйғониш даври маданияти

Уйғониш (фр. Renaissane – Ренессанс) Шарқ ва ғарб халқларининг маданияти тарихида кескин бурилишлари давридир. Уйғониш даври Шарқ ва Ғарбда турлича даврлаштирилади. Уйғониш (яъни Ренессанс) терминини илк бор италиялик ёзувчи Ж. Боккаччо Жотто ижодига нисбатан ишлатиб: “У антик санъатни уйғотди”, деб таърифлаган эди.

Шарқ Уйғониш маданияти ғарб уйғониш маданиятидан олдин юзага келгани аён ҳақиқат. Уйғониш Европада биринчи марта XIV асрда бошланган бўлса, Шарқда хусусан, Ўрта Осиёда унинг илдизлари милоднинг бошларига  қараб келади. 

Агар уйғониш юзага келтирган маҳсулнинг моддий ва маънавий томонларига назар ташласак, Уйғониш-ташқи таъсир ёки ички  маданий, илмий жараёнлар таъсирида халқнинг тафаккури, дунёқараши, янги, илғор маданий ҳодисанинг  юзага  келишидир. Уйғонишни шу жиҳатдан белгиласак ва унинг юзага  келиш омиллари маълум бир даврда инқилобий ўзгариш юзага келтирганини эътиборга олсак, Шарқда, хусусан, бугунги Ўзбекистон ҳудудида  Уйғониш Кушон империяси давридан бошланган, деб айтиш мумкин. Кушон империяси маданий жараённи, ижтимоий муҳитни тубдан ўзгартирди. ҳозирги Ўзбекистоннинг Шарқ билан маданий алоқалари, айниқса, буддавийликнинг катта маданий  ҳодиса сифатида кариб келиши ва бунинг натижасида инсоннинг руҳан покланиш  жараёни айни ша даврда бошлангани Уйғонишнинг илдизларига ишора қилади, яъни янги ҳодиса маданий ҳаётнинг, тафаккурни тубдан ўзгартирди.  

Уйғониш маданияти – хронологик томондан кенг тушунча бўлиб, айни замонда катта ҳудуддаги маданий жараённи  ўз ичига қамраб олади. 

Шарқ уйғониш маданиятининг қадимийлиги тўғрисида сўз кетганда, Хитойнинг Уйғониш маданияти  қадим экани ҳам эътиборга олинади. Хитой Уйғониш маданияти  милодий VII-VIII асрларда пайдо бўлди. Хитойнинг шу  даврдаги  файласуфи  Хан Юй (768-824) инсонпарварликнинг ҳақиқий идеалини  ваъз қилди ва нафақат  илгаридан  мавжуб бўлган  “инсониятга муҳаббат” ғоясини, балки “ҳаммага муҳаббат” ғоясини илгари сурди. Ана шу ғоя  Хитой Уйғониш маданиятини  бошлаб берди. Бу фикрни академик И.Н.Конрад илгари сурган эди.

Ҳамма мамлакатларда - Шарқда ҳам, Ғарбда ҳам Уйғонишни белгилаб берадиган битта омил бор. Яна И.Н. Конраднинг айтишича, бу омил – қишлоқ маданиятидан шаҳар маданиятига ўтишдан иборатдир.

Аммо шуни ҳам ҳисобга олиш керакки, Шарқдаги Уйғонишни Европадаги Уйғониш билан бир, деб қараб бўлмайди. Европада Уйғониш ижтимоий–сиёсий соҳада кескин бурилишни пайдо қилган. XIV асрда Италиядаги, XV– XVI асрларда бошқа мамлакатлардаги ўзгаришлар бунга мисолдир. Ишлаб чиқаришнинг ривож топиши ҳам Европадаги Уйғонишга кучли таъсир кўрсатган. Шарқда эса ижтимоий–сиёсий жараён ўз оқими, йўналиши ва табиий ҳолатича давом этгани учун, Уйғониш биринчи навбатда ўз ўтмиши асосига қурилди. Иккинчидан, илм–фан, маданият қадимий анъана ва Шарқ илм–фанининг таъсири натижасида пайдо бўлди. Айни пайтда Шарқ илм–фани, маданияти ўзаро бир–бирига таъсир этиб, бир–бирини инкор этмасдан, аксинча бойитганини ҳам эътиборга олишимиз керак.

Ўрта Осиёдаги Уйғонишни уч босқичга бўлиш мумкин:

1.IХ–ХIII асрлар Уйғониш даври.

2.ХIV–ХV асрлар Уйғониш даври.

3.ХIХ аср охири – ХХ аср бошлари Уйғониш даври.

Қайд этилган ҳар бир даврда Уйғониш маълум ижтимоий–сиёсий жараён маҳсулидир. Биринчи давр (IХ–ХII асрлар) араб истилосидан кейин юз берди. Бу даврдаги Уйғонишнинг асосий белгилари қуйидагича: 

Дунёвий илмларга интилиш, бу соҳада кескин бурилишлар пайдо бўлиб, илм–фан натижаларини инсон манфаатларига хизмат қилдириш;

Дунё миқёсидаги илмий кашфиётларнинг юзага келиши ва бунинг учун замин яратилиши;

Диний–фалсафий ақидалар билан комил инсонни тарбиялаш масаласини уйғунлаштириш;

Араблар истилосидан олдинги маданий (тил муаммоси), сиёсий (хусусан давлат қурилишига оид) анъана Қорахонийлар сулоласи ҳукмронлиги даврида янгича мазмун касб этди,  бу сулола янгича тафаккур  билан араблар истилосидан олдинги маданиятдан   фойдаланди.

Ўрта асрлардаги Уйғонишнинг мазкур даври дунё маданияти тарихида энг ёрқин  саҳифаларни ташкил этади. Форобийнинг кўп қиррали илмий фаолияти, Берунийнинг табиий ва ижтимоий фанларга оид кашфиётлари, Ибн Синонинг тиббиёт, фалсафа ва мантиққа оид ишлари айни шу даврда юзага келгани билан эмас, балки Ўрта Осиё маданий ҳаётида кескин бурилиш пайдо қилгани билан диққатга сазовор. Бу даврни ана шу буюк олимларнинг кашфиётлари Ўрта Осиё Уйғонишининг дастлабки даври сифатида юзага келтирди. Уйғониш даврининг илмий, маданий ҳаёти, бир томондан, инсон шахсини улуғлаган давр сифатида тарих саҳнасига чиққан бўлса, иккинчи томондан, кейин Уйғониш босқичлари учун замин бўлгани билан аҳамиятлидир.

Иккинчи босқич - ХIV– ХV асрлардаги Уйғониш мўғуллар истилосидан кейинги даврга алоқадор. “Бу босқич айнан Уйғониш даврига хос қандай хусусиятларга эга?  Шунчаки тарихий давр деб номланса бўлмайдими?” деган савол туғилиши мумкин. 

Бу асрлар тарихий жиҳатдан мўғуллар истилоси оқибатлари кўзга ташланиб қолган давр эди. Аммо мўғуллар истилоси фақат салбий оқибатлари билан из қолдирмади, балки Марказий Осиё маданияти тарихида, хусусан, адабий жараёнда кескин бурилишлар, кўтарилишлар даври ҳамдир. Мўғуллар истилоси Олтин Ўрда давлатини юзага келтирди. Шу билан бирга, бу давлатнинг тарихий “паспорти” деб аташ мумкин бўлган такрорланмас Олтин Ўрда маданияти ва адабиётини яратди. Ўзбек адабиёти айни Олтин Ўрда маданий муҳитида илк бор юзага чиқди, десак хато қилмаган бўламиз. Хўш, Олтин Ўрдадаги маданий ва адабий муҳитни қайси белгиларига кўра Уйғониш даврига боғлаймиз? Бунинг учун ғарб Уйғониш маданиятидан қиёси сифатида фойдаланамиз.

Уйғонишнинг ғарбий Европа мамлакатлари маданияти тарихидаги асосий белгиси сифатида ўрта асрлардан янги даврга ўтиш мезон қилиб олинади. Худди шу таърифни мўғуллар асос солган Олтин Ўрда маданияти ва адабиётига ҳам татбиқ қилиш мумкин. Том маънодаги ўзбек (умуман туркий) адабиётини тиклашга, эски ўзбек тилини ривож топтиришга уриниш Олтин Ўрдада бошланди. Форс ва араб тилларидаги адабиётларни ўзбек тилига таржима қилиш ишлари Олтин Ўрдада ривож топди. Олтин Ўрда таркибига Хоразм, шимоли–шарқда Булғор вилояти, шимолда Рус князликлари, жанубда Қрим ва унинг денгиз бўйидаги шаҳарлари, Дарбандгача чўзилиб кетган Кавказ, ҳатто Бокугача чўзилиб кетган жойлар, ғарбда Днестрдан бошланган даштликлар, шарқда — ғарбий Сибирь ва Сирдарё этакларигача бўлган ерлар кирган. Ана шу ҳудудларнинг ҳаммасида ягона анъана амал қилган эди. 

Олтин Ўрда туркий халқлар ҳаётида маданиятнинг марказига айлангандан кейин бунинг ижобий томонларидан бири шу бўлдики, маданий ҳаёт Ўрта Осиёдан Олтин Ўрдага кўчиб ўтди. Албатта бу кўчиш табиий, тарих оқимига ҳамоҳанг табиий жараён эди.

Олтин Ўрда адабий муҳити шуниси билан диққатга сазоворки, мусулмон маданиятини ва ислом динини ёйиш учун пайғамбарлар тарихига оид асарлар ўзбек тилида биринчи марта Олтин Ўрдада яратилди. Носируддин Бурҳониддин Рабғузийнинг “Қисаси Рабғузий” (710|1310 йил), Маҳмуд ибн Али ас-Саройининг “Наҳжул–фародис” (Жаннатларга очиқ йўл) (761|1361 йил) асарлари бунинг ёрқин намунасидир. “Қисаси Рабғузий” сингари “Қисасул–анбиё”ларнинг ўзбек тилидаги кўплаб нусхалари бугунги кунда Туркия музейларида, кутубхоналарида сақланмоқда. Бу асарларнинг бир қисми Олтин Ўрдада ҳукм сурган даврда яратилган. Мазкур “Қисасул–анбиё”ларнинг аксарияти форсчадан қилинган таржималардир.

Албатта, Уйғониш, А.Ф.Лосевнинг айтишича, одамнинг заминда ўзининг мавжудлигини тасдиқлашга уринишидир. Аммо инсоннинг заминда мавжудлигини тирикчилик ўтказиш, кун кечириш, турли эҳтиёжларини қондиришдир, деб тушунмаслик керак. Уйғониш даври маданияти ҳар қандай маиший ҳаётдан устун туради. Уйғониш юқорида биз кўрсатган уч босқичдан қайси бирида бўлмасин, биринчи навбатда тафаккурдаги ўзгаришдир. Тафаккурдаги ўзгариш - инсоннинг маънавий, руҳан, жисмонан, умуман олганда, моддий томондан озод бўлиши демакдир. Уйғониш эстетикаси айни шуни талаб қилади. Уйғониш босқичлари учун ана шу кўрсатиб ўтганларимиз асосий тамойиллардир. 

Шарқ Уйғониш маданияти ўз доирасида қолиб кетмади, балки умуминсониятнинг ютуғига айланди. Тарихий далиллар шуни кўрсатадики, Шарқ ютуқларининг ғарбга ёйилишида Византия маданий олами ҳам катта таъсир кўрсатди.

Ташқи ва ички қулай шароитлар Шарқ маданиятининг ривожини таъминлади. Шу билан бирга, Шарқ Уйғониш маданияти ўз доирасида қолиб кетмади, балки умуминсоният ютуғи бўлди. Алишер Навоий ижоди иккинчи босқичдаги Уйғониш даврини улкан чўққига кўтарди. ХV асрдаги Уйғониш даври унинг “Хамса”си, достонларидаги кўтарилган гуманистик ғоялар, тарихий ва илмий асарлари билан ажралиб туради.  Ўзбек адабиётини  юксак поғонага кўтариш, ўзбек адабий тилини яратиш, фаннинг турли соҳалари -тарих, фалсафа, мусиқа, санъатга ҳомийлик билан  у ХV аср маданий муҳитини тубдан ўзгартирди. ғарбий Европада ҳам мумтоз адабиётнинг халқ тилида яратилгани Уйғониш даврининг энг буюк ютуқларидан бири экани айтилади6 . Алишер Навоий ижоди ва фаолияти билангина ХV аср Уйғониш даври Шарқ Уйғониш тарихида алоҳида мавқе эгаллайди.

Аммо Навоий давридаги Уйғонишни, хусусан, Навоий ижоди ХV аср Уйғониш даврини пайдо қилганини юқорида айтилганлар билан чеклаш кифоя қилмайди. “Хамса” достонлари Уйғонишнинг энг ёрқин маҳсули сифатида юзага келганини таъкидлаш даркор. “Хамса” асари ёзилгани учун эмас, балки Уйғониш романтизмини Навоий достонларига олиб киргани билан белгиланади. Айниқса, Фарҳод образида идеал инсон тасвири ҳам Уйғониш даврининг идеалидир. У бир талай ҳунарларни ўрганади, отаси таклиф қилган тахтда воз кечади, Ширинга бўлган севгиси уни қаҳрамонона ишларга ундайди, Хусрав билан мунозарада маънавий жиҳатдан юксаклигини намойиш этади ва ҳ. Бу фазилатлар Шарқу ғарб адабиётидаги Уйғониш даври қаҳрамонларига хос идеал фазилатлардир.  Шунингдек, Навоий “Фарҳод ва Ширин” достонида антик давр мутафаккирлари номларини келтиради. Антик давр юнон мутафаккирларининг салоҳияти билан шаҳзода Фарҳоднинг истеъдоди солиштирилади, юнон файласуфлари бошқа давр одамлари учун бошқача қиёфада, бошқа замонлар учун, бошқа тафаккур тарзи учун ХV асрга қайтади:

Эрур Искандари Румий нигори,

Жаҳон аҳлиға онинг ёдгори

Ки айлаб тўрт юз доно билан жаҳд,

Алардин ҳар бир Афлотунға ҳамаҳд...

Эрур ғор ичра Суқроти ягона,

Дема Суқрот, Буқроти замона...

(“Фарҳод ва Ширин”дан)

Уйғониш даври Шарқ ва Ғарбда ўзига хос жузъий қонуниятларга эга. Шу боис Европа ўрта аср достонларининг фарқини тушунишимизга ҳам Навоий достонлари ёрдам беради. Масалан, ўрта аср Германиясида “Ошиқ Роланд”, “Роланд ҳақида қўшиқ” достонлари бор. Бу достонлар қаҳрамонлари ўрта асрдаги рицарлик ҳаётини айнан акс эттиради, яъни чинакам рицарь қиёфаси қандай бўлса, шундайича тасвирланган, ўша давр нуқтаи назари бўйича рицарнинг реалистик қиёфаси чизиб берилган. Уйғониш даври достонлари қаҳрамонлари романтик қиёфада тасвирланган. Бу ўз–ўзидан тушунарли: Уйғониш асрида рицарлар йўқ эди. Агар уларни қандайдир қиёфада тасвирлаш керак бўлса, тасаввурлар хаёлотни сафарбар қилиши керак бўлган7 .

Худди шу сингари, милоддан олдинги IV–II асрлардаги юнон файласуфларини ХV асрда тасвирлаш учун албатта романтик тасвир  шарт эди. Уйғониш даврининг тафаккур тарзи айни шуни талаб қиларди.


 

МАРКАЗИЙ ОСИЁ ХАЛҚЛАРИНИНГ V-VIII

МАРКАЗИЙ ОСИЁ ХАЛҚЛАРИНИНГ V-VIII

У Хан сулоласи подшоҳи кучига таяниб, доим душманлари устидан ғалаба қилиб келди

У Хан сулоласи подшоҳи кучига таяниб, доим душманлари устидан ғалаба қилиб келди

Анов маданиятида, Қуйи Волга бўйларида,

Анов маданиятида, Қуйи Волга бўйларида,

Билга хоқон учун бир иншоот (барақ) қурганлари, уйнинг ич–тошини суратлар билан безаганлари тўғрисида

Билга хоқон учун бир иншоот (барақ) қурганлари, уйнинг ич–тошини суратлар билан безаганлари тўғрисида

Одамларнинг турмуш тарзи, яшаш шароити, ясаган буюмлари шундан далолат беради

Одамларнинг турмуш тарзи, яшаш шароити, ясаган буюмлари шундан далолат беради

Осиёдаги Уйғонишни уч босқичга бўлиш мумкин: 1

Осиёдаги Уйғонишни уч босқичга бўлиш мумкин: 1

Олтин Ўрда туркий халқлар ҳаётида маданиятнинг марказига айлангандан кейин бунинг ижобий томонларидан бири шу бўлдики, маданий ҳаёт Ўрта

Олтин Ўрда туркий халқлар ҳаётида маданиятнинг марказига айлангандан кейин бунинг ижобий томонларидан бири шу бўлдики, маданий ҳаёт Ўрта

Ки айлаб тўрт юз доно билан жаҳд,

Ки айлаб тўрт юз доно билан жаҳд,
Материалы на данной страницы взяты из открытых истончиков либо размещены пользователем в соответствии с договором-офертой сайта. Вы можете сообщить о нарушении.
20.02.2021