“Яссавийхонлик” беллашуви
Беллашув мавзуси: “Яссавийхонлик” беллашуви
Беллашув мақсади: а/ таълимий : ўқувчиларнинг шоир Аҳмад Яссавий, унинг ҳаёти ва ижодига доир билимларини синаб мустаҳкамлаш, улуғ шоиримизнинг ҳикматлари билан янада яқинроқ таништириш;
б/ тарбиявий : ўқувчиларни шеъриятга ошна, қалби гўзал, комил ва аждодларимизни эъзозловчи инсонлар қилиб тарбиялаш ;
в/ ривожлантирувчи : ўқувчиларнинг ифодали ўқиш малакаларини, оғзаки нутқини, хотира ва тафаккурларини, санъаткорлик қобилиятларини ривожлантириш.
Беллашув жиҳози: шоир сурати, шиорлар, гуллар , шарлар.
Беллашувни ўтказиш жойи: мактаб мажлис зали.
Беллашув иштирокчилари: 5-11-синф ўқувчилари.
Беллашув вақти : соат 13 .00.
Беллашувнинг бориши : І. Ташкилий қисм.
1. Саломлашиш.
2. Беллашув иштирокчиларининг тайёргарликларини кузатиш.
Бошқарувчи: Ассалому алайкум, азиз меҳмонлар ва ўқувчилар, тасаввуфнинг машҳур намояндаларидан бири, буюк ҳамюрт шоиримиз Аҳмад Яссавийнинг ҳурматига ўтказилаётган “Яссавийхонлик” беллашувига хуш келибсизлар.
- Бисмиллоҳ деб баён айлай ҳикмат айтиб,
Толибларга дурру гавҳар сочтим мано.
Риёзатни қаттиғ тортиб қонлар ютуб,
Мен дафтари соний сўзин очтим мано,- дея, бисмиллоҳ деб бугунги беллашувимизни бошлаймиз.
Беллашувимиз 4та шарт асосида ўтади:
1. Аҳмад Яссавий ҳикматларини ёддан ифодали ўқиш.
2. Аҳмад Яссавий ҳаёти ва ижоди юзасидан савол-жавоб .
3. Яссавий ҳикматларини қўшиқ қилиб куйлаш.
4. Шоир ҳаётига доир лавҳалар ва ривоятлар асосида саҳна кўриниши тайёрлаш.
- Сўзни айдим ҳар ким бўлса дийдор талаб,
Жонни жонга пайванд қилиб, рагни улаб,
Ғариб, етим, фақирларни кўнглин овлаб,
Кўнгли бутун халойиқдин қочтим мано.
Энди беллашув иштирокчиларини таништираман:
5-синф ўқувчиси..........................................................
6-синф ўқувчиси ..........................................................
7-синф ўқувчиси .........................................................
8-синф ўқувчиси .........................................................
9-синф ўқувчиси ..........................................................
10-синф ўқувчиси .......................................................
11-синф ўқувчиси .......................................................
Энди беллашув натижаларини баҳолаб борадиган ҳакамлар ҳайъатини сайлаб оламиз: Хабибуллаева Д, Омарова Д, Мирзаев Ж.
Мана, мусобақа иштирокчилари билан танишиб, ҳакамлар ҳайъатини ҳам сайлаб олдик. Энди беллашувимизни бошлаб, биринчи шарт бўйича ўқувчиларимизни даврага таклиф этамиз.
Беллашув иштирокчилари Аҳмад Яссавий ҳикматларини ёддан ифодали ўқийдилар. Ҳакамлар ҳайъати ҳар шартдан сўнг беллашув иштирокчиларининг жавобларини баҳолаб борадилар.
Бошқарувчи: Дунё суйган ғофил одам Ҳақни суймас,
Дунё суймак хатоларни боши турур.
Дунё суйган киши бешак билинг инсон эмас,
Дунёпараст ножинслардин бўйин товла.
Энди мусобақамизнинг иккинчи шарти бўйича ўқувчиларимизни тингласак.
Саволлар:
1. Яссавийнинг ота-онасининг исми ким? (Отаси – шайх Иброҳим ота, онаси - Қорасоч она, Ойша она, уни Қорасоч момо деб ҳам аташади. )
2. Яссавийнинг аёли ва болаларининг исмлари қандай? (Аёли – Мусо хожа қизи Ойшаи Хуштожи, ўғли – Иброҳим(лақаби Наврўз ҳожа), қизи – Гавҳари Хуштожи)
3. Яссавий мақбараси қачон қурилди? (Амир Темур томонидан 1394-95 йиллар қурила бошлаган, лекин битмай қолган, Бухоро амири Абдуллахон томонидан 1533-1538 йиллар ниҳоясига етказилди. ( XIX асрда Қўқон хони буйруғига кўра мақбара атрофидаги ерлар пахса девор билан қуршалди.)
4. Яссавий дастлабки илмни кимдан олган? (У дастлабки илмни отасидан олган. Отаси шайх Иброҳим ўғлининг хат-саводини чиқариб, таҳсилни давом эттириш учун мадраса устози Шаҳобиддин Исфинжобий қўлига берган.)
5. Аҳмад Яссавий неча ёшида етим қолган? (7 ёшида)
6. Ёшлай етим қолган Яссавийни ким вояга етказди? ( Уни Арслонбоб вояга етказади. Арслонбобдан зоҳирий ва ботиний илмлар сирини ўрганган Аҳмад Яссавий унга 16 йил хизмат қилади.)
7. Иброҳим шайх фарзандлари нечта ва улар кимлар? (Учта фарзанди бўлган.Улар Шахноз исмли бир қиз ва икки ўғил фарзанд кўришган.Ўғиллари Аҳмад Яссавий ва Садр хожалардир)
8. Юсуф Ҳамадоний ким? У ҳақида нималар биласиз? (Юсуф Ҳамадоний (1048-1140) - Аҳмад Яссавийнинг устози. Эроннинг Ҳамадон шаҳрида дунёга келган бўлиб, диний илмларни ўрганиб, машҳур бўлгач, Марв, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида хонақоҳлар қуриб, шайхлик қилган. Уни Шайх-ул-шайх, Қутб-ул-аср, шоҳ Ҳамадоний деб эъзозлашган. Пиёда 37 марта ҳаж қилган, Қуръони каримни минг марта хатм этган, 700 дан ортиқ шогирдлари валийлик даражасига етган, саккиз юз минг бутпарастни исломга даъват этиб, мусулмон қилган экан. Шогирдлари бениҳоя кўп эди. Бухорода Хожа Абдухолиқ Барқий, Хожа Ҳасан Андоқий, Аҳмад Яссавий ва Хожа Абдухолиқ Ғиждувонийларни тарбиялаган. Булардан Аҳмад Яссавий ва Хожа Абдухолиқ Ғиждувонийлар оламда катта шуҳрат қозонди. )
9. Аҳмад Яссавий қандай шоир ва у қандай тариқатга асос солди? (Аҳмад Яссавий мутасаввуф шоир,у Яссавия тариқатига асос солган)
10. Аҳмат Яссавийнинг халифа шогирдлари кимлар?
(1. Сулаймон Боқирғоний
2. Арслонбоб ўғли Мансур ота
3. Сайид ота Хоразмий
4.Сўфий Муҳаммад Дониш
5.Мансур ота невараси
6.Хожа Абдулмалик ўғли Тошхўжа
7.Тошхўжа ўғли Занги ота Ҳимматий)
11. Гавҳари Хуштожи ким, у ҳақида нималар биласиз? (У Аҳмад Яссавийнинг қизи бўлиб, уни Туркистонда ҳали-ҳануз Гавҳар она деб эъзозлашади. Уни амакисининг ўғли Абдул шайхга турмушга берган. Уларнинг Абдул Вали, Мустафоқули, Ҳасан, Абдуллоҳ исмли ўғиллари бўлган. Мустафоқулини Аҳмад Яссавий эркалаб “сузугим” деганликдан, у халқ ичида бора-бора Сузук ота номи билан машҳур бўлган. )
12. Гавҳари Шахноз ким, у ҳақида нималар биласиз? (У Аҳмад Яссавийнинг опаси, у оилада ёлғиз қиз эди.)
13. Аҳмад Яссавийнинг устозлари кимлар? ( Отаси Иброҳим шайх, Шаҳобиддин Исфинжобий, Шаҳобиддин Суҳравардий, Саъд ибн Абу Ваққос, Арслонбоб, Юсуф Ҳамадоний)
14. Арслонбоб ҳақида қандай ривоятлар бор? (Пайғамбар с.а.в. нинг хурмони омонат қилиб Арслонбобга топширгани ҳақидаги ривоят ва Арслонбоб мақбарасининг қурилиши ҳақидаги ривоят)
Бошқарувчи: Яссавий-маданиятимиз тарихида илк туркий забон мутасаввуф шоир сифатида маълумдир. Унинг тасаввуфни тарғиб этувчи туркийда ёзилган шеърлари тилининг халққа яқинлиги, оҳангдорлиги билан тезда машҳур бўлиб кетди. Алишер Навоий ибораси билан айтганда, ”Туркистон мулкининг улуғ Шайх-ул-машойихи” Ҳазрати Ҳожа Аҳмад Яссавий жуда кўп мутасаввуф донишмандларни тарбиялаб вояга етказган.
Биз ҳам энди ўз “донишманд”ларимизни учинчи шарт бўйича тинглаб кўрайлик.
(Ўқувчилар Яссавий ҳикматлари бўйича қўшиқ куйлайдилар.)
Ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларимизни баҳолаб бўлса, энди беллашувимизнинг тўртинчи шартига кўчсак.
Ўқувчилар тўртинчи шарт асосида Аҳмад Яссавий ҳақидаги ривоятларни саҳналаштирадилар. Ҳакамлар ҳайъати беллашув натижаларини баҳолаб, ғолибларни аниқлайди. Ғолиблар қарсаклар билан олқишланиб, совғалар олади.
Бошқарувчи: Дарҳақиқат, Ҳожа Аҳмад Яссавий Марказий Осиёдаги илк тасаввуфий тариқат “Яссавия”нинг асосчиси, нафақат Хуросон ва Мавороуннаҳр, балки туркийзабон халқларнинг маънавий тарихида кенг маълум бўлган мутасаввуф донишманд, инсонпарвар шоир ҳисобланади. Шундай улуғ шоирга ҳамюрт бўлганимиз - биз учун улкан бахтдир. Унга муносиб авлод бўлишга доим ҳаракат қилмоғимиз лозим.Унинг пурмаъно ҳикматларини тинмай ўқиб – ўрганайлик, ёд олайлик, уларга амал қилайлик! Яссавий бобомизга хос гўзал инсоний фазилатларни тўлиқ ўзлаштириб, комиллик сари интилайлик!
Мана шунинг билан бизнинг бугунги беллашувимиз ҳам ўз ниҳоясига етди. Эътиборларингиз учун катта раҳмат!
© ООО «Знанио»
С вами с 2009 года.