АЖДОДЛАР МЕРОСИДА МУСИҚА ВА РУҲИЯТ ТАЛҚИНИ
Оценка 4.8

АЖДОДЛАР МЕРОСИДА МУСИҚА ВА РУҲИЯТ ТАЛҚИНИ

Оценка 4.8
Научные работы
docx
искусство
22.01.2023
АЖДОДЛАР МЕРОСИДА МУСИҚА ВА РУҲИЯТ ТАЛҚИНИ
АЖДОДЛАР МЕРОСИДА МУСИҚА ВА РУҲИЯТ ТАЛҚИНИ
Иргашева1.docx

АЖДОДЛАР МЕРОСИДА МУСИҚА ВА РУҲИЯТ ТАЛҚИНИ

ИРГАШЕВА МАРХАБО ОДИЛОВНА

Вобкент тумани 8-сон мусиқа ва санъат мактаби академик хонандалик мутахассислиги уқитувчиси

Аннотация: мазкур мақолада Шарқ халқлари таълимотлари ва  мутаффакирлари мероси мазмунида мусиқий тасаввурлар ва ғояларнинг  ифодаланиши ҳамда унинг инсон руҳияти билан уйғунлиги масалалари ўз ифодасини топган.

Калит сўзлар: инсон, мусиқа, руҳият, мерос, санъат, кечинма, адабиёт, сўз, маҳорат, устоз, шогирд, камолот.

 

Мусиқа оллоҳнинг инсониятга берган илоҳий туҳфаси сифатида инсоннинг руҳияти ва дидини юксалтиради, тасаввур оламини кенгайтиради. Миллий ғурур, ақл-заковат англашга ожизлик қиладиган ботиний туйғуларни уйғотади, инсонга ички хотиржамлик бағишлайди. Шу сабабли, асрлар давомида мутафаккирлар ва донишмандлар мусиқанинг инсон камолоти ва руҳиятига таъсири масалаларини ўрганиш ва тадқиқ этиш борасида изланишлар олиб бориб, нодир рисолалар яратганлар.

Мусиқа  ва руҳият психологияси бўйича илк изланишлар куртакларини антик давр файласуфлари асарларида кўришимиз мумкин. Дарҳақиқат, Пифагор (эр. авв. VI аср),  Платон (эр. авв. V аср), Аристотель (эр. авв. IV аср) асарларида  мусиқа тарбиянинг энг муҳим воситаси сифатида  тавсифланиб, мусиқий оҳанглар, куй ва  ритм инсон қалбига муайян таъсир кўрсатиши асосланган. Шунингдек, инсоннинг умидсизлик, руҳий изтироблар, асабийлашиш, ғазаб ва бошқа нохушликларга қарши мусиқий даво усуллари ёритилган.

Мусиқа санъати энг қадимги даврлардан бошлаб Марказий Осиё ҳудудларида яшаб келган халқлар маданиятининг ажралмас қисми ҳисобланган.  Унинг йўналишлари, жанрлари, шакллари ўзбек халқининг аждодлари бўлмиш ҳозирги Ўрта Осиё, Афғонистон, Покистон, Эрон ва Шарқий Туркистон ҳудудида яшаган   қадимги сўғдийлар, хоразмийлар, парфияликлар, бақтрияликлар  ижодий  фаолияти ва тафаккурининг  маҳсули сифатида асрлар давомида шаклланиб тараққий этиб келган. Шунингдек бу санъат турининг ривожланишига Хитойнинг шимолий чегераларидан то шарқий Европагача чўзилган улкан минтақанинг дашт, ўрмон-дашт, тоғлик ўлкаларида яшаган (скиф, савромат-сармат, сак-массагет) халқларнинг таъсири ҳам ниҳоятда катта бўлганлигини исботловчи даллилар етарли.

Инсоннинг ички руҳий кечинмалари,  яшаш, ҳаёт, ўлим билан боғлиқ мушоҳадалари, кундалик мунособатлар доирасидаги воқеа ва ҳодисаларга нисбатан таъсир остидаги мулоҳазаларининг яққол ифодаси  мусиқий оҳанглар  садоси тарзида, жилоланиб  баралла  янграй бошлади. Ўз навбатида мусиқа халқнинг руҳий-эмоционал туйғуларига таъсир этиш ҳадисини олган коҳинлар учун  мафкуравий қурол, яъни  таъсир кўрсатиш воситаси  сифатида  ҳам хизмат қилди.

Шарқ халқларининг бебаҳо маънавий ва маданий ёдгорлиги ҳисобланмиш “Авесто”да ҳам мусиқа, унинг инсон ривожи ва фаолиятига таъсири ёритилганлиги диққатга сазовордир. “Авесто”нинг  қисмлари бўлмиш “Гоҳ”лар ва “Яшт”лар мустақил таълим тарзида ёддан ўрганилиб, қироат асосида талаффузни шакллантириш, оғзаки нутқни такомиллаштиришга алоҳида эътибор берилган. Толиби илмлар  ибодатхоналардаги акустика қоидаларига мос равишда қурилган товушнинг тебраниши, жарангдорлигини таъминлайдиган махсус хоналарда  товуш ва овоз мосламасини тўғри йўлга қўйиш, такомиллаштириш мақсадида қироат ҳамда воизлик санъатини мустақил равишда ўрганганлар.  “Авесто” нинг Яшт китобидаги бўлим ва бандларнинг “гоҳ”лар ва “фаргард”лар деб аталиши айнан қўшиқ маъноларини англатиб, кейинги даврда шаклланган миллий меросимиз Шашмақом қисмларининг яратилишига асос бўлганлиги шубҳасиздир.

Бунда, айниқса, Турон ва Эронда мусиқа ва қўшиқ ижрочилигида беназир буюк ҳофиз сифатида танилган Борбад (585/589-623/638)нинг ҳиссаси беқиёс бўлгани манбаларда эътироф қилинган. У куйлаш сабоғини "Авесто" гоҳ (қўшиқ)лари-ю, Зардушт "Занд" ларини юксак маҳорат билан ижро этиб, эл орасида зандхон сифатида шуҳрат қозонган отасидан ўрганиб олиб, бора-бора ўзи ҳам, Халил ибн Аҳмад ҳамда Қайс Розийлар эътирофича, бадиий ижод ва ижрочилик оламида қўшиқчи-шоир ва бастакор-хонанда сифатида танилди. У отасидан фарқли ўлароқ, "Авесто" гоҳ (қўшиқ)лари ижроси билан чекланиб қолмади, балки уларнинг оҳанги ва вазнида янги-янги туркум қўшиқлар тўқиб, ўртагувчи бир ҳарорат билан куйлаб, элдошлари қалбига ларза солди, бунинг эвазига оташпарастлик эътиқодини тоблантириб, Шашмақомнинг дастлабки пойдеворига асос солган бўлса ажабмас.

Ўлкамизда мусиқий меросимизнинг ажралмас қисми бўлмиш ҳофизлик азалдан муқаддас саналган. Ислом оламида муқаддас китобимиз бўлмиш «Қуръон» оятларини дилга жо қилиб, унинг зери - забарлари билан ёддан ижро этган алломаларни «Ҳофизи Қуръон» деб юритганлар. «Ҳофиз» арабча сўз бўлиб, «ёдда сақламоқ» маъносини англатади. Ҳофиз - Оллоҳнинг 99 исмларидан бири деб ҳам таърифланади. Мумтоз ҳофизларимиз исломий билимлардан ҳамда бадиий шеъриятдан хабардор бўлганлар. Шунинг учун ҳам улар ижро этган қўшиқлар ниҳоят таъсирчан бўлиб, тингловчиларни ўзларига ром эта олган. Мумтоз шоирларимизнинг беқиёс маънога эга бўлган ғазалларини куйга солиб, ижро этган қўшиқлари учун «Ҳофиз» деган номга мушарраф бўлишлари ҳам қандайдир рамзий маъно касб этиши табиийдир. Бу ўринда Мажзуби Намангонийнинг қуйидаги сатрлари ибратлидир:

Дема танбур ноласин қўл ташлаганда тордин

Билки келмиш бу тарона санъати Жаббордин.

Араблар истилоси тугатилиб, марказлашган давлат барпо этилгач, Хуросону Мовароуннаҳрда илм-фан, маданият, адабий ҳаёт, ҳунармандчилик, савдо-сотиқ ривожланади. Айниқса, давлатнинг қудрати Амир Наср II Сомоний (914–943) даврида янада ошади. У шаҳару қишлоқлардан, узоқ-яқиндан аҳли ҳунар, илм-адаб аҳлини пойтахт Бухорога тўплайди ва уларнинг фаолияти учун шароит туғдириб беради, ҳомийлик қилади. Шеърият ва мусиқада шуҳрати ошган Рудакий ҳам саройга олинади ва “Маликуш-шуаро” этиб тайинланади. Натижада шоир бутунлай ижодга шўнғиб кетади: қасидалар, ғазаллар, рубоий, қитъа, достонлар яратади.  Рудакий Сомоний амирларининг энг “яқин надими” (Авфий) сифатида хушхон ҳофиз, моҳир машшоқ, моҳир шоир сифатида беқиёс обрўга эга эди.  Бир гал амир  мулозимлари билан кичик бир лашкар ҳамроҳлигида шикорга чиқади. Ов қилинган жой ёқиб қолиб, ҳукмдор ундан кетмай қолади. Орадан ойлар ўтса ҳам уйга қайтишга хоҳиш билдирмайди. Лашкар ва мулозимлар безовта бўла бошлайдилар, қаровсиз қолган хўжаликларини хотирлаб хавотирликлари оша бошлайди. Шу кез Абу Абдулло Рўдакийга мурожаат этиб, андишаларини баён этадилар. Улуғ шоир ўша кеч бир ғазал ёзиб, тонг чоғи  чанг чолғуси орқали ушбу шеърни қўшиқ қилиб уни ҳукмдорга ўқиб беради. Ғазал матни қўшиқ куйидан  таъсирланган Наср ибн Аҳмад ҳатто этигини ҳам киймай, ҳамроҳларини отлантириб Бухоро томон от суради. “Мўлиённинг хуш ҳиди келгай буён, Эсга тушгай ёди ёри меҳрибон”, деб бошлангувчи маш­ҳур ғазал ана шу тарихий воқеанинг ҳосиласи аслида. Кўриниб турибдики, сўз қудрати ва мусиқанинг жозибадор кучи ҳукмдор руҳиятига таъсир этиб, унинг фикрлари ва ҳолатини қанчалик ўзгартириб юборган.

Мўлиённинг хуш ҳиди келгай буён,
Эсга тушгай ёди ёри меҳрибон.

Ҳам Амунинг қумлари, қумлоқ йўли,
Пойимизга ёйилар бахмалсимон.

От белидан паст тушар Жайҳун суви
Дўст висолини хаёл қилган замон.

Эй Бухоро, шод бўлу мангу яша,
Шоҳ борар бағрингга яйраб шодмон.

Шоҳ агар ойдир, унинг осмони сен,
Ой борар осмон — Бухорога томон.

Шоҳ агар сарвдир, унинг бўстони сен,
Сарв борар бўстон — Бухорога томон.

Мадҳу таърифдан бугун етгай ҳаён,
Гарчи ганжга етса-да ундан зиён
(С.Воҳидов таржимаси).

 Ўрта асрларда Яқин ва Ўрта Шарқда мусиқа психологияси Форобий, Ибн Сино, Жомий, Мароғий, Кавкабий Зайнулобиддин Хусайний, Дарвиш Али Чангий каби буюк мутаффаккирлар ижодида ўз ривожини топди. Масалан, Форобий (873-950) «Мусиқа ҳақида катта китоб»ида мусиқанинг инсон психологияси ва руҳий оламидаги улкан аҳамияти ҳақида ёзган. Мусиқа кишиларни хурсанд қилиши, қувонтириши, тинчлантириши, ўйлантириб қўйиши, хотиржамлик бахш этиши, сергаклантириши ва бир вақтнинг ўзида ухлатиб қўйиши ҳам мумкин.

Ибн Сино (980-1037) мусиқанинг руҳ билан биргаликда танага ҳам шифобахш таъсир кўрсатиши ҳақида айтиб ўтган. У мусиқани ҳам физиологик, ҳам психологик нуқтаи назардан ўрганган.

 Абдураҳмон Жомий (1414-1492) «Рисолаи мусиқа»сида, шунингдек, интервал оралиқларининг ҳис этилиши, уларнинг мелодик ва гармоник тузилишлари консонанс (ёқимли) ва диссонанс (ёқимсиз) бўлишлари ҳақида фикр юритган.

Ҳазрати Жомий мусиқий рисолани шундай бошлайдилар.

"Нафас, тан, жон бердинг Худованд,

 Қилиб жонларни танлар билан пайванд.

Агар айтувчи деса бепарво там-там,

 Куйда ушбу танлар айридир жондан".

Куй ҳам ўша там-тамлардан тузиладию, лекин жонсиз бўлади, қуруқ бўлади.. Жомий бундай танларни олиб бориб кўмиш керак дейди. Тириклар ундан пок бўлса яхши, дейди. Чунки тирикнинг ичида руҳ бор, руҳи шу мусиқа. 

Қаранг жон билан танни бирлаштириб Худо яратдику, руҳ билан танни пайванд қилди, қайси бир жойда у руҳи, қайси бир жойда тани эканлигини ким ажрата олади?

Тарихдан биламизки, кўплаб машҳур мусиқачилар устозлари олдида ўзларини қарздор деб биладилар. Касб тажрибаси тараққий этиб, бойитилиб, муттасил авлоддан-авлодга ўтиб келган. Шарқда кенг тарқалган «устоз-шогирд» мактаби бунинг ёрқин мисолидир. Унга кўра, «шогирд» нафақат ўқитувчининг сабоғини олган, балки унинг уйида яшаб, мусиқа санъати сирларини оилавий-маиший психология билан биргаликда эгаллаган. Кейин эса, ўқувчи маълум бир камолот даражасига етгач, ўзи ҳам шунга ўхшаш «устозлар мактаби»ни ташкил этган. Бу мактаб вакиллари кўпинча катта уюшма сифатида бирлашиб, оммавий-маданий тадбирлар ва бошқа байрамларни ўтказишган.

Шарқ фалсафасида устоз ва шогирд ўртасидаги муносабатлар самимият устига қурилган бўлиб, ҳар иккала томон унинг софлигини сақлашга соме экани ­— илм ва ҳунар ўрганишда самарадорлик омили бўлиб хизмат қилади. Фарзанд наслнинг давомчиси бўлгани каби шогирд устозлар таълимотининг давомчиси сифатида қадрланади. Ноқобил фарзанд қарғишга учраса, отаси билан баб-баробар устозига ҳам лаънат олиб келади. Аксинча, мақтовга лойиқ иш қилса, одамлар “Э отанга раҳмат, таълим берган устозингга салламно!” дейишади. Шунинг учун ҳам таълимни тарбиядан айро олиб бўлмайди. Илм эгаллашнинг биринчи шарти одоб сақлашдан бошланади. Устоз сабоғини таъмага тақаса, мувозанат бузилади. Шунинг учун ҳам Навоий бобомиз устоз муаллим ва шогирд талабага ибрат тариқасида: “Ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила, айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила”, деб ёзганлар. Қолаверса, шогирднинг устоздан ўзиши, улғайиб улуғлик мартабасига эришиши устознинг қадрини заррача камайтирмаслигини, у ҳар қандай вазиятда ҳам ота сингари улуғ ва мўътабар бўлиб қолишини таъкидлаб: “Гарчанд  шогирд шайхулислом ёхуд  қозидир, устод ондин рози-худо розидир!” деганлар.

Кўриниб  турибдики, Шарқ мутафаккирлари меросида мусиқа ва руҳият масаласи алоҳида мавзу сифатида  чуқур таҳлил этилган бўлиб, ёш авлодни ҳар томонлама тарбиялашда улар меросидан фойдаланиш масаласи ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Зеро, мусиқанинг инсон саломатлиги, эмоционал ҳолатига таъсир этиш имконияти, мусиқани тинглаш ва ижро этиш жараёнидаги чуқур мусиқий кечинмаларнинг ижобий таъсири — тиббиётда ҳам, мусиқада ҳам илмий изланишлар олиб бориш учун муҳим асос ҳисобланади.

 

Адабиётлар:

1. А.Жомий. Мусиқа ҳақида рисола. -T.: 1960 yil. 

2. Абу Наср ал-Форобий. «Китабул-мусиқа аль-Кабир». Арабчадан АФ.Назаров таржима қилган. -Т.: Қатартол. Камалак. 1997 йил. 14-15 бетлар. 

3. Охунжон Сафаров “Шашмақом ватани оҳанглари”.Б.2008.

4. М.Имомназаров.Миллий маънавиятимиз асослари.Ўзбекистон файласуфлари миллий жамияти нашриѐти,Т.: 2009


 

АЖДОДЛАР МЕРОСИДА МУСИҚА ВА РУҲИЯТ

АЖДОДЛАР МЕРОСИДА МУСИҚА ВА РУҲИЯТ

Инсоннинг ички руҳий кечинмалари, яшаш, ҳаёт, ўлим билан боғлиқ мушоҳадалари, кундалик мунособатлар доирасидаги воқеа ва ҳодисаларга нисбатан таъсир остидаги мулоҳазаларининг яққол ифодаси мусиқий оҳанглар садоси…

Инсоннинг ички руҳий кечинмалари, яшаш, ҳаёт, ўлим билан боғлиқ мушоҳадалари, кундалик мунособатлар доирасидаги воқеа ва ҳодисаларга нисбатан таъсир остидаги мулоҳазаларининг яққол ифодаси мусиқий оҳанглар садоси…

Мумтоз ҳофизларимиз исломий билимлардан ҳамда бадиий шеъриятдан хабардор бўлганлар

Мумтоз ҳофизларимиз исломий билимлардан ҳамда бадиий шеъриятдан хабардор бўлганлар

Эй Бухоро, шод бўлу мангу яша,

Эй Бухоро, шод бўлу мангу яша,

Бу мактаб вакиллари кўпинча катта уюшма сифатида бирлашиб, оммавий-маданий тадбирлар ва бошқа байрамларни ўтказишган

Бу мактаб вакиллари кўпинча катта уюшма сифатида бирлашиб, оммавий-маданий тадбирлар ва бошқа байрамларни ўтказишган
Материалы на данной страницы взяты из открытых истончиков либо размещены пользователем в соответствии с договором-офертой сайта. Вы можете сообщить о нарушении.
22.01.2023