Режа.
1.Олти ёшли болаларни мактаб таълимига тайёрлигининг психологик омиллари
2. Болаларни мактабга тайёрлашда ижтимоий муносабат ва кўникмаларни шакллантириш
3. Болаларни мактабга тайёрлашда психологик тренинглардан фойдаланиш
Олти ёшли болаларни мактаб таълимига тайёрлигининг психологик омиллари
Олти ёшли боланинг таълим жараёнига психик тайёрлиги ҳақида гапирилганда кўпинча, муайян режа асосида тартибли кўп қиррали мақсадга йўналтирилган, ўзаро мантиқий боғлиқ, изчил бошланғич таълимга замин вазифасини ўтовчи психик ўсиш даражасини назарда тутамиз. Шунингдек, таълим жараёни учун психик ривожланиш даражасидан ташқари бола турмуши ва фаолиятининг тафовутлари, шароитлари ўзига хослиги унинг сиҳат-саломатлиги, услубий жиҳатдан тайёрлиги, оддий кўникмаларни ўзлаштириши каби омилларни ҳисобга олишга мақсадга мувофиқдир.
Боланинг ёшига, индивидуал хусусиятларига адекват бўлган ривожлантирувчи ўйин ва машғулотлар самарали усуллар ҳисобланади. Ривожлантирувчи машғулотларнинг мазмуни шундан иборатки, боланинг психик ривожланишини олдинга силжитиш учун унинг идроки, диққати, хотираси, тафаккури, нутқи, ҳаракат доираси мукаммаллаштирилиб. Боланинг психик ривожланиши ўқув дастурларини мувафаққиятли ўзлаштиришга асос бўлувчи психик функциялари ва шахсий сифатларини олдинга силжишига олиб келади.
Болаларни мактабга тайёрлашда ижтимоий муносабат ва кўникмаларни шакллантириш
Боланинг ижтимоий муносабатларга киришишида унинг дунёқараши ҳам муҳим рол ўйнайди. Дунёқараш-бизни ўраб олган борлиқ нима, у қандай ривожланган, табиатда инсон қандай ўрин тутади, унинг онги қандай пайдо бўлди ва камол топди, жамиятнинг яралиш тарихи қандай, инсоният турмуш даражасини қандай қилиб яхшилаш мумкин ва шу каби масалаларга кишиларнинг турлича қарашлари, муносабатларидир. Бола дунёқарашининг шаклланишида юқоридаги жиҳатларни ўзлаштириш, англаш, хулқ-атвор меъёрларига тўла риоя этиш талаб этилади. Болада шахс сифатларининг шаклланиши унинг тиришқоқлиги ва қийинчиликларни енга олиш, ўзгаларга бўлган ижобий муносабатнинг пайдо бўлиши билан намоён бўлади.
Билим олиш учун-машғулотлар асосий фаолият эканлиги ҳақида болаларда тасаввур ҳосил қилишга эришиш;
Машғулотлар мазмуни қуйидагича
Бу тасаввур асосида боланинг машғулотга бўлган муносабатини ижобий ўзгартириш ва фаоллигини ортишига туртки бериш;
Бола фаолиятида тиришқоқлик, маъсулиятлилик, мустақиллик, ҳаракатчанликни ривожланишига эътибор қаратиш;
Болаларни жамоавий фаолиятга кўниктириш ва тенгдошларига ижобий муносабатларни юзага келтириш (ўзаро ёрдам бериш, тенгдошлари ишини адолатли баҳолаш, уларнинг камчиликларини дўстона тушунтира олиш);
Ўқув фаолияти жараёнида болада ташкилотчилик қобилиятининг шакллантириш.
Болаларни мактабга тайёрлашда психологик тренинглардан фойдаланиш
Мактабга борган боланинг муваффақиятли ўқиши мактабгача таълим муассасасида олиб борилган таълим-тарбияга боғлиқ. Тадқиқотлар натижаси шуни кўрсатадики болани таълим жараёнига тайёргарлиги ёки унга мослашувида психологик тренинглардан фойдаланиш самарали натижаларни беради. Тренинг шахсда мавжуд бўлган ёки вужудга келадиган муаммоларни ҳал қилиш учун зарур бўлган билим, кўникма малакаларни ҳосил қилиш, руҳий мувозанатни баҳс-мунозара, ўйин ва машқлар орқали тиклашга доир машғулотлар йиғиндисидир. Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, тренинг жараёнида муаммоларни ечиш ҳам, бу борадаги билим, кўникма ва малакаларни ҳосил қилиш ҳам тренердан шахс психологияси, шахс индивидуал психологияси билан ишлашни тақозо этади. Мактабгача таълимда болаларнинг билиш фаолиятини ривожлантириш, болани психологик зўриқиш ва асабий тангликдан озод қилиш, атрофидаги кишилар билан ўзаро муносабат, алоқа ўрната олишни шакллантириш учун тренинглардан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.
Тренинг машғулотлари
1-машқ. Танишиш.
Мақсад: болалар ўртасида ижобий психологик муҳитни яратиш, диққат ва хотирани ривожлантириш.
Машқнинг бориши: Болалар доира бўлиб ўтирадилар. Тарбиячи бир болага коптокчани отади. Коптокчани илиб олган бола ўз исмини айтади ва бошқа иштирокчига отади.
2-машқ. Ортиқчасини топ.
Мақсад: болаларда диққат ва мантиқий тафаккурни ривожлантириш.
Машқнинг бориши: Тарбиячи болаларга учтаси умумий ва биттаси улардан фарқ қилувчи (олма, анор, сабзи, нок; дафтар, қалам, соат, ручка) тўртта расм кўрсатади. Болалар қайси ортиқча эканлигини топишлар лозим.
3-машқ. Йўқолган сон.
Мақсад: болаларда диққат ва кузатувчанликни ривожлантириш.
Машқнинг бориши: Тарбиячи 1 сонидан 10 сонигача рақамларни териб қўяди ва тезлик билан рақамлардан бирини олиб қўяди. Болалр қайси сон йўқолганини топишлари керак бўлади. Мактабга тайёрлов гуруҳларида ҳарфлар иштирокида ҳам ўтказиш мумкин.
4-машқ. Аксинча.
Мақсад. Болаларнинг тафаккур тезлиги самарасини ошириш.
Машқнинг бориши: Тарбиячи ва болалар стулларда айлана шаклида ўтирадилар. Тарбиячи сўзини айтади, бир болага тўпни ирғитади. У бола тўпни ушлаб олиши керак, сўнг у ҳам олдинги сўзнинг маъносига қарама-қарши сўзни айтиб, тўпни тарбиячига улоқтириши керак.
Тарбиячи айтади: орқага
Бола жавоб беради: олдинга
Мактабгача таълим муассасаларида олиб бориладиган психологик тренинглар жараёнида болалар теварак-атроф ҳақидаги билимлари кенгаяди, ўз шахсий тажрибалари ва машғулотлардан олган билимларини амалда қўллаш малакаси ҳамда фикрлаш ва ижодий қобилиятлари ривожлантирилади. Бу эса болаларнинг келгусида мактабга мослашишини, бошланғич таълим даври енгилроқ, қизиқарлироқ ўтишини таъминлайди.
Болаларнинг муваффақиятли ривожланиши ва билим олишида икки таълим муҳити – уй ва қисқа муддатли гуруҳларнинг бир-бири билан баҳамжиҳатлиги ғоят муҳимдир.
Педагоглар таълим жараёнини ташкил этишда ва бевосита педагогик жараённинг ўзига ота-оналарни жалб этишни, уларга болалар билан ривожлантирувчи ўзаро алоқалар шаклларини ўргатиш, болаларнинг таълим-тарбиясига доир методик ёрдам беришни назарда тутадиган оилалар билан ижтимоий-педагогик ишларнинг аҳамиятга катта эътибор беришлари лозим.
Хулоса
© ООО «Знанио»
С вами с 2009 года.