СУКУТ – НУТҚИЙ АЛОҚА КОМПОНЕНТИ Юлдашева Дилором Нигматовна,
Бухоро давлат университети ўзбек тилшунослиги кафедраси профессори, педагогика фанлари номзоди
e-mail: diloromxon.68@mail.ru
Инсонга хос исталган фаолият амалий қиймат касб этгандагина аҳамиятли бўлиши шубҳасиз. Нутқ коммуникация билан боғлиқ фаолият бўлганлиги учун унинг натижаси ҳам нутқнинг таъсир кучи, нутқдан кўзланган мақсадга эришганлиги билан ўлчанади. Адресат ва адресант (коммуникант)ларнинг бир-бирига таъсири, маълум мақсадни юзага чиқариш даражаси мулоқот жараёнининг амалий самараси саналади. Ваҳоланки, нутқий мулоқот лисоний имкониятларнинг муайян моддий шаклда шунчаки воқеланишидан фарқланади. У ўзининг серқирралиги, вербал ва новербал, шунингдек, этнографик, миллий, этик, эстетик, психологик, ижтимоий каби таркибий қисмларнинг ўзаро уйғунлашувидан иборат бўлган ситуатив прагматик бутунлик сифатида воқеланади.
Сукут – серқирра табиатли, ўзига хос ситуaтив(оний)лик, адресат ва адресантлaр, зaмoн ва мaкoн, нутқий имконият, шaрт-шaрoит, мaқсaд/сaбaб ва oқибaт билaн узвий бoғлaнгaн бирлик. Мазкур бирликка муайян вақт ичидa сoдир бўлaдигaн прагматик системанинг ўзига хос таркибий қисми сифатида қаралиши муҳим.
Таянч сўзлар: нутқий мулоқот, ситуатив прагматик бутунлик, сукут, новербал восита
Юлдашева Дилором Нигматовна, профессор кафедры узбекского языкознания
Бухарского государственного университета,
кандидат педагогических наук e-mail: diloromxon.68@mail.ru
Несомненно, любая человеческая деятельность важна только тогда, когда она приобретает практическую ценность. Поскольку речь - это деятельность, связанная с общением, ее результат также измеряется силой воздействия речи, достижением намеченной цели речи. Взаимодействие адресата и адресата (коммуниканта), степень реализации той или иной цели - это практический результат коммуникативного процесса. Однако вербальное общение отличается от простой реализации языковых возможностей в определенной материальной форме. Он проявляется как ситуативное прагматическое целое, состоящее из его многогранности, вербальной и невербальной, а также взаимодействия таких компонентов, как этнографический, национальный, этический, эстетический, психологический, социальный.
Молчание – это многогранная ситуационная (мгновенная) единица, которая неразрывно связана с адресатом и адресатами, временем и пространством, возможностью выступления, условием, целью / причиной и следствием. Важно, чтобы это единство рассматривалось как особый компонент прагматической системы, действующей в течение определенного периода времени.
Ключевые слова: речевое общение, ситуативная прагматическая целостность, молчание, невербальные средства
Yuldasheva Dilorom Nigmatovna,
Professor of the Department of Uzbek
Linguistics Bukhara State University, candidate of pedagogical sciences e-mail: diloromxon.68@mail.ru
Undoubtedly, any human activity is important only when it acquires practical value. Since speech is an activity related to communication, its result is also measured by the strength of the impact of speech, the achievement of the intended goal of speech. The interaction of the addressee and the addressee (communicant), the degree of realization of a particular goal is the practical result of the communicative process. However, verbal communication differs from the simple realization of linguistic possibilities in a certain material form. It manifests itself as a situational pragmatic whole, consisting of its versatility, verbal and non-verbal, as well as the interaction of such components as ethnographic, national, ethical, aesthetic, psychological, and social.
Silence is a multifaceted situational (instantaneous) unit that is inextricably linked with the addressee and addressees, time and space, the opportunity to speak, condition, purpose / cause and effect. It is important that this unity is seen as a specific component of a pragmatic system that operates over a period of time.
Key words: verbal communication, situational pragmatic integrity, silence, non-verbal means
Кейинги прагмалингвистик тадқиқотлар лисоний бирликларни қўллаш нафақат нутқ шароити, воситаси, балки бошқа турли ижтимоий ҳодисалар билан, жумладан, муайян халқ, миллат, гуруҳ ёки тоифанинг ўзига хос (одат тусига кирган, табиатига айланган) этник томонлари – анъаналари, расмрусумлари, урф-одатлари, диний, дунёвий қарашлари, аҳлоқий нормалари, ҳатто ирим-сиримлари билан ҳам алоқадор эканлигини кўрсатди. Чунончи, ўзбеклар бирор давра(ўрин, жой, макон)дан кетар эканлар, табиийки, қолаётганлар билан хайрлашадилар. Ўзбекона одоб нуқтаи назаридан ўнг қўлни кўксимизга қўйиб, бошни сал эгиб, таъзимга яқин ҳаракат билан хайрлашамиз. Биргина шу ҳаракатнинг ўзида нутқий вазиятга қараб ўнлаб маънолар (“Берган нон-тузингизга рози бўлинг”, “Яна омон кўришгунча”, “Мендан яхши-ёмон ўтган бўлса, узр”, “Сизларни анча овора қилиб қўйганимдан хижолатдаман”, “Мен сизларни ҳурмат қиламан” ва ҳ.) юзага чиқади. Бу – шарқона лутф, ўзбекона урф-одат. Хайрлашилаётганда этикэтнографик тамойилларга таянувчи нолисоний ҳаракат билан бирга, албатта, “Хайр!”, “Хуш қолинг!” ёки “Саломат бўлинглар!” каби сўз-гап лисоний қолипи ҳосилаларидан бирини ҳам нутқимизда қўллаймиз. Бош кийимни ечиб хайрлашиш, узоқлаша бориб қўлни баланд кўтариб силкаш кўпроқ рус халқига хос, ҳинд халқи эса қўл кафтларини бир-бирига жипслаштирган ҳолда кўксигa қўйиб хайрлашади (Ҳиндларнинг саломлашиш одоби ҳам худди мана шундай.). Ўзбекларнинг хайрлашиш жараёнидаги лисоний ҳамда нолисоний воситалар, нутқий штамплар, ҳаракат ва ҳолатлар бир хил эмас. Мазкур жараён ҳудудий боғланиш, кишиларнинг ёш хусусияти, хайрлашаётган кишилар орасидаги ўзаро муносабат ёки гендер хосликка кўра ҳам фарқланишини кузатиш мумкин. Нутқий мулоқот жараёни учун буларнинг ҳар бирини инобатга олиш мақсадга мувофиқ. Зеро, бугун замонавий амалий (жумладан, антропоцентрик) тилшунослик инсоннинг нутқидан унинг миллий-этник маданиятига, ижтимоий туриш-турмушига, ҳатто онг ости ўзлигига кириб бормоқда[1].
Замонавий амалий тилшунослик тил ва нутқни унинг эгаси(шахс)дан ажралмаган ҳолда тадқиқ этар экан, лисоний бирликларнинг моддийлашган шаклини нутқ бирлиги сифатида ажратади. Миллий, ижтимоий, руҳий, шароит билан боғлиқ, одатий ёки ноодатий омилларнинг мулоқот жараёнида биргаликда мураккаб бир ҳодиса сифатида воқеланиши ва мулоқот жараёнида маълум бир информатив-экспрессив функцияни бажарувчи лисоний ва нолисоний бирликлар мулоқот бирлиги деб юритилмоқда
[4;8;10].
Зеро, ўзбек тилшунослигида ХХ асрнинг 70-йилларига қадар фақат оғзаки ёки ёзма нутқ шаклида воқелана оладиган ҳодисалар, яъни сoф нутқий ҳосилалар (нутқ товуши, қўшимча, сўз, ибора, сўз бирикмаси, гап каби) тилшуносликнинг тадқиқ бирлиги сифатида ажратилган эди.
Нотаниш бир одам Мирзо Улуғбекнинг ҳузурига келиб икки қўлини кўксига қўйиб йиғламсираган оҳангда арз қилди:
–Дунё тургунча туринг, шоҳим! Шу кунларда бошимга оғир савдо тушди... Сиздан нажот истаб келдим...
Мирзо Улуғбек уни диққат билан тинглади.
–Бирор йил сабр қилиб тур. Шу вақт ичида сен йўқотган лаъл топилса, нур устига нур, топилмаса қийматини мендан оларсан, – деди Улуғбек бир оз сукутдан сўнг.
Арз-дод билан келган одам Улуғбеккка икки букилиб таъзим қилди ва унинг ҳузуридан чиқди. [16,100]
Бу ўринда тасвирланган ҳар бир ҳолат мулоқот учун аҳамиятли, жумладан, “икки қўлини кўксига қўйиш”, “йиғламсираган оҳанг”, “диққат билан тинглаш”, “сукут”, “икки букилиб таъзим қилиш” кабиларнинг ҳар бири мулоқот жараёни ва таъсирчанлиги билан боғлиқ. Демак, узоқ йиллар давомида ўзбек тилшунослиги мулоқот жараёнининг мана шундай мураккаб серқирра бирлигидан ўзининг тадқиқ манбаи сифатида фақат талаффуз этиши, ёзиши мумкин бўлганларини ажратиб олди. Зеро, кейинги тадқиқотлардан аён бўлдики, нутқий мулоқотнинг асосий воситаси фақат тил эмас [2;14;15]. Тил ва нутқнинг ўз эгасидан айро ҳолатда ўрганилиши моҳиятга бир томонлама ёндашиш бўлгани каби нутқий мулоқотнинг лисоний воситаларигагина эътибор қаратиш мазкур бутунликни яхлит таҳлилдан ажратишдир.
Шу ўринда нутқий мулоқотнинг биргина элементини таҳлилга тортиб кўрамиз. Билмадим нутқий бирлиги сўзловчининг тингловчи томонидан айтилган қайсидир фикри, саволи ёки мушоҳадасига берган жавобини англатади. Сўзловчи тингловчига бу жавобни бериши учун нутқий мулоқотда ўнлаб усуллардан фойдаланади. Масалан, “Билмадим”, “Хабарим йўқ”, “Бу ҳақда эшитмабман”, “Бу ҳақда қизиқмабман”, “Бу ҳақда ўқимабман” каби жумлалар ва ҳар хил нолисоний воситалар шулар сирасига киради. Бошқача айтганда, “билмадим” жумласи ва унинг ўрнида қўлланиладиган бирликлар тилда маъновий парадигма қаторида (имконият сифатида) мавжуд. Яъни,
“Билмадим” (лисоний воситалар)
Билмадим |
Хабарим йўқ |
Бу ҳақда эшитмабман |
Бу ҳақда қизиқмабман |
Бу ҳақда ўқимабман |
Билмасам... |
Муайян нутқий шароитга мазкур парадигмадаги бирликлардан қайси бири мос келса, биз шунисини бемалол қўллайверамиз. Бу – лисоний имконият билан боғлиқ жиҳат. Аммо масала “Қайси бирликни мана шу шароит ҳамда ҳолатда қўлласак, самараси кўпроқ ва таъсирлироқ бўлади?” муаммосига бориб тақалганда сўзловчи учун ҳам шу лисоний бирликлар билан бирга ёки уларсиз ҳам ишлатиш мумкин бўлган қўшимча имконият пайдо бўлади. Яъни
“Билмадим” (паралингвистик воситалар)
Бошни чап елкага ташлаб чап елкани бироз кўтариш |
Бошни сарак-сарак қилиш |
Кўзни юмиб бошни сарак-сарак қилиш |
Бошни бироз орқага ташлаб икки елкани қисиш |
Шунчаки икки елкани қисиб қўйиш |
Пастки лабни бироз чўччайтириш |
Устки тишлар билан пастки лабни тишлаш |
Қўлни кўкракдан пастроққача кўтариб силкаб қўйиш |
Иккала қўлнинг кафтини юқорига қаратиб очиш |
........ |
Табиийки, бундай самарадорликка фақат “лисоний имкониятлар”дан танлаш асосида эмас, балки танланган лисоний воситани нолисоний омиллар билан боғланишда қўллагандагина эришиш мумкин.
Демак, лисоний тизимда айни бир хил мазмун ва муносабатни ифодалашнинг юзлаб омиллари мавжуд. Зеро, тил – ижтимоий бунёдкор тизим. Худди шунингдек, нутқ ҳам ўз системасида шу қадар ижтимоийлик, бунёдкорлик ва ранг-баранглик касб этаверади. Г.П.Грайс таъбири билан айтганда, тил ва нутқ моҳиятан бир бутунлик бўлган нутқ фаолиятининг икки томонидир [1].
Баъзан лисоний воситалар орқали ифодаланган минг-минглаб мазмун ва муносабатни биргина нолисоний бирлик орқали юзага чиқариш мумкин. Зеро, нутқий мулоқотнинг асосий вазифаси коммуникантларнинг бир-бирига таъсир ўтказишини тақозо этади[2;3;10;13]ки, бунда ижтимоий фаолиятнинг муҳим кўринишларидан бири сифатида нутқий мулоқот ўзига хос ўта қисқа муддатда муваққат бутунликни юзага келтиради ва оний (ситуатив) прагматик тизимни ташкил этади. Айтиш жоизки, мулоқот жараёнида коммуникантларнинг бирор ҳолати, ҳаракати йўқки, улар “гапирмаса”, “нимадир демаса”. Ҳаттоки уларнинг сукут сақлаши ҳам “индамасдан индаш”дир [4;8;14]. Том маънода, оҳанг ва сукут лисоний воситалар орқали ифодаланган минг-минглаб мазмун ва муносабат ўрнида қўлланилувчи муҳим нутқий мулоқот бирликларидир.
Европа тилшунослигида қарийб тўрт асрдан бери, рус тилшунослигида икки ярим асрдан бери, ўзбек тилшунослигида эса кейинги ўн беш-йигирма йиллардан буён ўз тадқиқ методлари билан оммалашган антропосентрик тилшунослик нутқ оҳанги масаласига нутқий шароитнинг соф таркибий қисми сифатида ёндашади [16]. Аммо муайян нутқий шароитда сукут ифодалаган маънолар борасидаги фикрларда тарқоқлик сезилади.
Унутмаслик керакки, барча учун умумий бўлган нутқий фаолиятда бирор таркибий қисм йўқки, у моҳиятан муҳимлик касб этмаса, ана шу муҳим таркибий қисмлар бирикуви, комбинацияси бир киши, бир шахс, индивиднинг фаолият предмети сифатида воқеланади ва хусусий характерга эга бўлади. Нутқий мулоқотда ситуатив прагматик тизимнинг таркибий қисмларини мулоқот натижасига кўрсатадиган таъсирига кўра лисоний вербал воситалар билан баробар қўлланилувчи лисоний новербал ва нолисоний бирликларга бўлиш ўринли.
(Буни чизмада қуйидагича ифодалаш мумкин: 1-чизма)
Фикримизча, оҳанг ва (нутқий мулоқотда, кўпинча, унинг ўрнида қўлланиладиган) сукут нутқий мулоқотда ситуатив прагматик тизимнинг соф таркибий қисмларидан бўлиб, мулоқот жараёнида лисоний вербал воситалар билан баробар фойдаланиладиган лисоний новербал ҳодисадир.
Нолисоний бирликлар сирасига нутқ шароити, воситаси, мулоқот жараёни, сўзловчи ва тингловчининг вазияти, руҳий ҳолати, бир-бирига муносабати, миллий-маданий, ёш, жинс каби хусусиятлар билан боғлиқ омиллар; имо-ишора кабиларни киритишга ҳақлимиз. Нутқий мулоқот тизимида лисоний вербал, лисоний новербал ҳамда нолисоний бирликлар бир прагматик тизимда бирлашади ва бир-бирини тақозо этувчи ҳамда бир-бири билан оппозитивлик ҳосил қилувчи алоҳида прагматик қаторларда туради [4;
15].
Нутқ сўзлашувчиларнинг руҳияти, айни пайтдаги ёши, ҳолати, кайфияти, лавозими, урф-одатлари, тарбияланганлик даражаси каби кўплаб омилларнинг таъсири билан яратилади. Бу жараёнда ҳар иккала зукко суҳбатдош бир-бирларининг нутқ оҳангига ёки сукут сақлашига қараб суҳбат мавзусини ўзгартирадилар, вақтини белгилайдилар, томонлар муносабатини англайдилар, жараённи баҳолай оладилар.
Кўпгина ҳаётий вазиятларда шахснинг тил бирликларидан фойдаланиб айтаётган гаплари муҳим маъно ташимай, коммуникантнинг сукут сақлаши орқали кўплаб маънолар билиниб туради. Жумладан, Сукутнинг афзаллиги манбаларда шундай изоҳланган:
сукут – фикрнинг далили:
Луқмони ҳаким ўғлига насиҳат қилиб айтади:
–Эй ўғил, одамлар сўзга устомонликлари билан мақтансалар, сен сукутинг билан мақтан. Ҳар нарсанинг далили бор. Ақлнинг далили – фикр, фикрнинг далили эса сукутдир.(“Донолар суҳбати”дан) сукут – тинчлик омили:
Жаҳлингиз чиққанда сукут сақланг. (Ҳадис) сукут – сулҳ омили:
Жаҳлда қилинган бир зумлик сукут мингларча дақиқалик пушаймонликнинг олдини олади. (Афоризм) сукут – индамай сўзлаш:
Сукут қилганим ҳеч нарса демадим дегани эмас. (Афоризм) сукут – маънили жавоб:
Маъноли сукут ҳамиша бемаъни сўзлардан кўра яхшироқ. (Афоризм) сукут – олтин:
Ҳеч нарса айтмайдиган сўзлар бор, ҳамма нарсани сўзлайдиган сукутлар бор. (Афоризм) сукут – жавоблар жавоби:
Муносиб жавобинг бўлмаса, сукут олтинга тенглигини унутма.
(Афоризм) сукут – кучли босим:
Сукут қилган хотиржам деб ўйлайсизми? Сукут учун сарфланган куч гапиришга сарфланган кучдан анча кўп бўлади. (Афоризм) сукут – кучли қичқириқ:
Сукут сақлаш – энг жарангдор қичқириқ. У қулоқларни эмас, юраклари тилка-пора қилади. (Афоризм) сукут – билимлилик белгиси:
Қизғин баҳсларда сукут сақлаб турган киши, одатда, жон-жаҳди билан гапираётган кишидан кўра кўпроқ билади. (Афоризм) Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Демак, тилшуносликнинг тадқиқини тил қурилмаси тузилишини ёки соф лисоний ҳодисаларни ўрганишдан иборат деб қараш уни ижтимоий ҳаётдаги асосий вазифасидан чеклаб қўяди. Илм-фаннинг муттасил ривожланиши, жамиятда ижтимоийлашувнинг ошиши оқибатида инсоннинг воқеликни билишга бўлган эҳтиёжи ўсиб бораверади. Агар нутқ лисондан, лисон тилдан, тил тафаккурдан, тафаккур ижтимоий ҳаётдан “заряд” олишини назарда тутсак, борлиқнинг лисоний инъикоси тафаккур, тафаккурнинг моддийлашуви тил, тилнинг юзага чиқиши лисон, лисоннинг воқелиги нутқдир. Демак, санаб ўтганларимизнинг барчаси воқеликда мавжуд ҳодисалардир.
Аслида, лисоний қурилманинг ҳам, нутқий тизимнинг ҳам асосий вазифаси коммуникантлар ўртасида ахборот етказиш ва ахборот қабул қилиш жараёнини ишга туширишдан иборат. (Табиийки, бу В.Гумбольдт,
А.Шлейхер, Ф.де Соссюр, Ф.Фортунатов, В.Виноградов, А.Ғуломов, С.Усмоновлар ўрганган йўналиш эмас.) Бугун тилдан тортиб лисонгача, лисондан нутққача, нутқ таркибидаги оҳанг, сукутдан тортиб нутқ иштирокчисининг тана, қўл, кўз, лаб ҳаракатигача, нутқий мулоқот замонию маконигача – барча-барчаси яхлит тизим бўлиб уларни бир-биридан айри ҳолатда ўрганиш система бутунлигига путур етказади.
Биз нутқий алоқа компоненти сифатида таҳлилга тортган сукут ҳам мана шу яхлит тизимда муҳимлик касб этувчи бирликлардан биридир.
1.Грайс Г.П. Логика и речевое общение // Новое в зарубежной лингвистики. Вып. 16. Лингвистическая прагматика. – Москва: Прогресс, 1985. –С. 217237.
2.Искандарова Ш. Ўзбек нутқ одатининг мулоқот шакллари. Филол.фан. номз..... дисс. автореф.– Самарқанд, 1993. – 26 б.
3.Мўмин Сиддиқ. Сўзлашиш санъати. – Фарғона: Фарғона, 1997. –100 б.
4.Тоирова Г.И. Ўзбек нутқий мулоқотида системавийлик, информативлик: филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертацияси автореферати.– Тошкент, 2017. – 50 б.
5. Юлдашева Дилором Нигматовна. Кадрлар тайёрлаш миллий дастури талаблари асосида таълим мақсадини белгилашнинг дидактик асослари: педагогика фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун ёзилган диссертация.–Тошкент, 2007.–124 б.
6. Yuldasheva Dilorom Nigmatovna. Silence-is a nonverbal unit of speech communication. Impact Factor (SJIF 20 20= 6.156) “American Journal of Research”, 2020, 11-12 issue of the Journal.– Pag.87-95.
https://journalofresearch.us/wp-content/uploads/2020/12/2020_11_12-AJR_11.pdf 7. Dilorom Nematovna Yuldasheva. Problems of national language education at school. Volume 4 Issue 3 BSU 2020 (3) Published by 2030 Uzbekistan Research Online, 2020 https://uzjournals.edu.uz/buxdu/vol4/iss3/15/
8.Дилором Юлдашева. Нутқий мулоқотда сукутнинг ўрни. Образование и инновационные исследования. Том 1 № 1 (2020). http://interscience.uz/index.php/home
9.Дилором Юлдашева Профессиональные фразеология (Professional
Phraseology). International conference on academic studies in philology
(BICOASP) 26-28 September 2019 Bandırma https://d1wqtxts1xzle7.cloudfront.net/60539392/
10.Юлдашева Д. Н. Сукут нутқий мулоқотнинг таркибий қисми сифатида //Сўз санъати халқаро журнали. – 2020. – Т. 3. – №. 3. www.tadqiqot.uz
11.Tueva Zulfiya Nozimovna, Yuldasheva Dilorom Nigmatovna. Statement and about its types. International Scientific Journal ISJ Theoretical & Applied Science Philadelphia, USA issue 01, volume 93 published January 30, 2021. – Pag.72-77. https://elibrary.ru/item.asp?id=44644256
12. Ашурбаева Р. К. Концепция интеграции и ее применение в образовании SOI: 1.1 / TAS DOI: 10.15863/TAS// Теоретические и прикладные науки. 2020. 02 том.
13. Chullieva G.T. Units of speech intonation//International Journal of (IJRD). Research & Development Monthly Peer Reviewed. Volume: 5, Issue:10, October 2020. EPRA 259-263-p.
14. Chullieva, Gulchehra Toshpulot kizi;. Units of speech intonation//Research & Development, Volume: 5, Issue:10,259-263,2020.
15.Yusupova Dildora. Poetess Khalim Khudoyberdieva and his skill in use of the word. International Scientific Journal ISJ Theoretical & Applied Science Philadelphia, USA issue 01, volume 93 published January 30, 2021.
16.Донолар суҳбати (Тўпловчи: Э.Очилов). –Тошкент: Ўзбекистон, 2003.
17. Cho`lliyeva G.T. Ohang situativ pragmatik tizim birligi sifatida. «Сўз санъати» халқаро журнали (ISSN: 2181-9297 DOI: 10.26739/2181-9297 www.tadqiqot.uz) –2021, 1-сон, 4-жилд. –B.:127-134.
[1] Демак, ўзбек тилшунослигининг ХХ асрдан ҳозирги кунгача тараққиёт йўналишини – 1) нутқдан лисонга (АҲВО → УМИС) (1930-1970-йй.), 2) лисондан нутққа (УМИС → АҲВО) (1970-2010-йй.), 3) шахс нутқидан миллий тилга (ШАХС → НУТҚ → МИЛЛИЙ МАДАНИЯТ) (2010-йиллардан ҳозиргача) сифатида кўрсатиш мумкин.
© ООО «Знанио»
С вами с 2009 года.